Россия Европада АҚШ аскарлари жойлаштирилишини қоралади Video Rossiya Ukraina Dunyo Yangiliklar

Танк устидаги Украина ҳарбийлари

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Россия АҚШнинг Европага қўшимча ҳарбий кучлар юбориш қарорини қоралади.

Кремлга кўра, ушбу қадам ўртада юзага келган тарангликни янада орттирадиган "зиёнли қадам" ва муаммони сиёсий йўлда ҳал этиш имкониятларини камайтиради.

АҚШ Мудофаа вазирлиги Европага 3000 аскар жойлаштиришга қарор қилган.

Хабар қилинишича, Польша ва Германияга 2000 ҳарбий юборилади, ҳозирнинг ўзида Германияда жойлашган 1000 Америка аскари Руминияга жойлаштирилади.

Россия: Путин урушмоқчими ёки тил топмоқчи?

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Таҳлил:

Алоқадор мавзулар:

Бундан олдин АҚШ 8500 ҳарбийни НАТОдаги иттифоқчиларини қўллаб-қувватлаш учун юборишга тайёрлигини билдирган.

"Вашингтон Украинадаги уруш бу мамлакат сарҳадларидан ҳам четга ёйилишидан ташвишланаётган Шарқий Европадаги иттифоқчиларини хотиржам қилмоқчи. Бу Президент Путинга сигнал ҳам", дейди Би-би-си мухбири.

"У(Путин) ўзини тажовузкорона тутаётган экан, НАТОдаги ва Шарқий Европадаги иттифоқчиларимизни НАТО уставининг 5-моддасини бажариш биз учун муқаддас бурч эканига ишонтирмоқчимиз", деб айтган АҚШ Президенти Жо Байден.

НАТО низомининг 5-банди агар иттифоққа аъзо мамлакатлардан бири тажовузга учраса, бутун иттифоқ бу мамлакат ҳимоясига отланиши зарурлигини назарда тутади.

Қўшинларни Россияга бевосита қўшни Болтиқбўйи давлатларига юбормасликка қарор қилинган, бундан кўзланган муддао дипломатик жараёнга халақит қилмасликдир, дейди Би-би-си таҳлилчиси Барбара Плет.

Украина чегарасида Россия 100000 атрофида қўшинни тўплаган.

Би-би-сига интервью берган НАТО Бош Котиби Йенс Столтенберг айтишича, охирги бир неча кун ичида Беларусга Россиянинг 30000 аскари киритилган, бу Совуқ Уруш тугаганидан кейин бунчалик кўп сондаги ҳарбийнинг илк бор жойлаштирилишидир.

Россия Украинага бостириб кириш режаси йўқлигини айтиб келади, Беларусга эса Россия-Беларусь қўшма ҳарбий машқларини ўтказиш учун қўшин киритганини айтади.

2 февраль куни Британия Бош вазири Борис Жонсон Россия Президенти Владимир Путин билан телефонда сўзлашганлар.

Расман хабари қилинишича, жаноб Жонсон Украина чегарасидаги Россиянинг душманона ҳаракатларидан чуқур хавотирини изҳор этган, Украинанинг ҳудудий яхлитлигини, унинг ўзини мудофаа қилиш ҳуқуқини ҳурмат қиладиган йўлни топиш муҳимлигини урғулаган.

Британия расмийларига кўра, телефон мулоқоти чоғида икки давлат раҳбари вазият ёмонлашишидан ҳеч қайси тараф манфаатдор эмаслигига келишганлар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek