Рамазон. Савол ва жавоб: Тишни ювиш рўзани бузадими, рўзадор тупугини ютса нима бўлади? Нима бўлса ҳам рўза тутиш керакми? O‘zbekiston, dunyo va Ramazon

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Ҳанна Юсуф
- Role, BBC News
Мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойи бошланди ва бу вақтда бутун дунёда Ислом динига амал қиладиганлар тонг отгандан кун ботгунга қадар егулик ва ичимликдан ўзини тияди.
Мақсад - кўпроқ ибодатлар ва нафсни тийиш орқали руҳий озуқа ва диний амалларни ошириш, чунки Рамазон кишининг руҳий оламини бойитиш имконияти сифатида кўрилади.
Бир қарашда ҳамма нарса содда ва тушунарли бўлиб кўринса-да, йиллар давомида қарама-қарши қарашларга йўл очган бир нечта афсона ва хато тушунчалар мавжуд.
Қуйида улардан олтитаси ҳақида ҳофизи Қуръон, диний илмлар бўйича илғор Шобир Ҳасаннинг таҳлили келтирилган.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, кўп ҳолларда бу фикрлар мазҳабга кўра фарқланиши ва айримлари талқинларга очиқ бўлиши мумкин.
Алоқадор мавзулар:
"Тишларингизни ювиш рўзангизни бузади"

Сурат манбаси, Getty Images
Диний уламолар фикрича, тиш ювиш рўзани бузмайди.
Жаноб Ҳасаннинг айтишича, баъзида рўзадорлар тиш пастасидаги озгина ялпиз таъми рўзани очиш учун етарли, деб адашади.
Кўпгина олимлар тишларини чўткалашнинг маъқул эканлигини тасдиқласа ҳам, жаноб Ҳасан жуда эҳтиёткор бўлганлар учун баъзи маслаҳатлар беради.
"Энг яхши маслаҳат - тиш пастасини минимал миқдорда ишлатиш - унчалик кучли бўлмаган, ўткир ялпиз ҳидли бўлмаган нарсадан фойдаланинг."
У, шунингдек, мисвокдан - тиш тозалагич новдадан фойдаланишни тавсия қилади, чунки у жуда юмшоқ ва табиий таъмга эга.
Мисвок Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти томонидан оғиз гигиенасида фойдаланиш учун тавсия этилган Salvadora persica дарахтидан олинади.
"Ўз тупугингизни юта олмайсиз"

Сурат манбаси, Getty Images
Ўз тупугини ютиш мутлақо мақбул ва ҳатто рағбатлантирилади.
"Бу хато тушунчанинг ҳеч қандай асоси йўқ, - дейди жаноб Ҳасан, - тупукни ютиш табиийдир. Бу, албатта, рўзани бузмайди".
Рўзани бузадиган нарса эса бошқа одам билан танадаги суюқлик алмашинувидир.
"Бировнинг тупугини ютиш - бу рўза тутиш вақтида олдини олиш керак бўлган бошқа нарса", дейди жаноб Ҳасан.
"Сиз шеригингиз ёки турмуш ўртоғингиз билан ўпиша олмайсиз ёки улар билан яқинлаша олмайсиз. Рўзанинг маъноси овқат, ичимлик ва яқинлик доҳил нафсларингизни тийишдир".
"Бари овқат ва ичимлик ҳақида"

Сурат манбаси, Getty Images
Рўза еб-ичиш билангина бузиладиган амал эмас.
Рўзани бузадиган бошқа нарсалар орасида "тил билан боғлиқ гуноҳлар" ҳам бор, дейди жаноб Ҳасан.
"Агар сиз одамларни ғийбат қилсангиз, бўҳтон қилсангиз ёки сўксангиз, рўзанинг савоби кам бўлади", дейди у.
"Беихтиёр еб ёки ичиб қўйиш рўзангизни бузади"

Сурат манбаси, Getty Images
Агар сиз рўза тутганингизни бутунлай унутиб, бирор нарса есангиз, буни англаганингиздан кейин дарҳол тўхтасангиз, рўзангиз солим бўлаверади.
Аммо, агар сиз беихтиёр, лекин олдини олиш мумкин бўлган нарсаларни истеъмол қилсангиз, масалан, намоздан олдин таҳорат олаётганингизда, рўзангиз бузилади.
Таҳоратнинг саккиз босқичидан бири оғизни чайишдан иборат бўлиб, бу босқичда тасодифан сувни ютвориш рўзангизни бузади.
Жаноб Ҳасан тушунтиради: "Рўзада таҳорат олсангиз, томоқда ғарғара қилишдан сақланишингиз тавсия қилинади. Шунчаки оғзингизни чайқаб, дарҳол тупуришингиз керак".
"Дори ичолмайсиз"

Сурат манбаси, Getty Images
Буюк Британия мусулмонлари кенгаши (БМК) Халқаро глаукома ассоциацияси билан биргаликда огоҳлантириб, одамларни кўз томчилари каби баъзи дори воситаларидан фойдаланишни давом эттиришга чақирди.
БМК, шунингдек, касалхоналарда фойдаланиш учун мўлжалланган Рамазон соғлиғи маълумот варағини эълон қилди, унда кўз томчилари, қулоқ томчилари, уколлар ва сийдик йўллари инфузиялари рўзани бузмайдиган дорилар қаторига киради.
Аммо дорини ютиш рўзани бузади ва уни саҳарликдан олдин ёки ифторликдан кейин қабул қилиш керак.
Жаноб Ҳасан айтади: "Биринчидан, агар сизда бирор касаллик бўлса, аввало, рўза тутишим керакми, деб ўзингиздан сўранг.
"Қуръонда аниқ айтилган нарса шундаки, сиз доимо шифокор маслаҳатига амал қилишингиз керак".
"Нима бўлса ҳам рўза тутиш керак"

Исломда рўза фақат соғлиғи кўтарадиган ва балоғатга етган, яъни одатда 15 ёшга тўлган кишиларга фарз ҳисобланади.
БМТ маълумотига кўра, ёш болалар, касал (жисмоний ёки руҳий), ногиронлар, мусофирлар, ҳомиладор ёки эмизикли боласи бор аёллар мустасно қилинади.
Рўза тутолмайдиган катталар учун ўзини хавф остига қўймасдан савоб қозониш йўллари бор.
"Агар бу қисқа муддатли касаллик бўлса, улар тузалиб кетишини билсалар, бошқа кунларда рўза тутишлари мумкин", дейди жаноб Ҳасан.
"Агар бу узоқ муддатли бўлса ва улар рўзани тутолмасалар, фидя қилишлари мумкин, бу сиз ҳар куни тўлайдиган кичик эҳсон бўлиб, камбағал оилани боқиш учун ажратасиз. Буюк Британия учун бу миқдор 4 дан 5 фунтгача.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














