Аёл секс пайти нима истайди – бу азалий жумбоқ жавоби топилдими?

Сурат манбаси, Thinkstock
- Author, Рейчел Нувер
- Role, BBC Future
- Ўқилиш вақти: 9 дақ
BBC Future шарҳловчиси олимлар нега ҳануз аёлларнинг сексуал истаклари сирларини тўлиқ тушуна олмаётганини аниқлашга уриниб кўрди.
Аёл нимани истайди? Бу саволга Зигмунд Фрейддан тортиб, Мэл Гибсонгача кўплаб зукко инсонлар жавоб топишга ҳаракат қилган, бироқ бунга эриша олмаган. Бу мавзу сон-саноқсиз китоблар, мақолалар ва блогларга илҳом берган, эркаклар ҳам, аёллар ҳам кўп бора жиддий фикр юритган.
Аммо ўнлаб йиллик тадқиқотларга қарамай, олимлар ҳануз аёллар жинсий майлини аниқ ва умумий бир таъриф билан ифодалай олишмаган. Унинг қандай ишлаши, қандай механизмларга асосланиши эса ҳали ҳамон номаълум.
Тўғри, бугун биз аёлларни гоҳ тўймас, шаҳвоний нимфоманкалар, гоҳ эса сексуал истакдан буткул маҳрум мавжудотлар сифатида тасвирлаган ўтмишдаги стереотиплардан анча йироқмиз.
Замонавий олимларнинг тобора кўпроқ қисми аёл жинсий майлини оддий, ягона атамалар билан таърифлаб бўлмаслигини тан олмоқда. У ҳар бир аёлда, ҳаттоки бир аёлнинг ўзида ҳам, турлича кўринишда намоён бўлади. Бу майл ғоят хилма-хилдир.
Ратгерс университети профессори Беверли Уиппл бу ҳақда шундай дейди: "Ҳар бир аёл бошқача нарса истайди."
Шунингдек, тадқиқотчилар аста-секин эркаклар ва аёллар жинсий майлининг ишлаш механизмлари илгари ўйлаганимиздан кўра камроқ фарқ қилиши мумкинлигини англаб бормоқдалар.

Сурат манбаси, Thinkstock
Узоқ йиллар давомида олимлар эркаклар аёлларга қараганда жинсий алоқага кўпроқ эҳтиёж сезади, деган кенг тарқалган қарашга таянишди. Бу фикр кўплаб тадқиқотлар орқали тасдиқланиб келган.
Бироқ сўнгги маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, бу фарқлар унчалик катта эмас ёки умуман мавжуд бўлмаслиги ҳам мумкин. Бу эса жинсий майлни қандай аниқлашимиз ва уни қандай ўлчашимизга боғлиқ.
Қатор тадқиқотлар шуни кўрсатдики, жуфтликлар орасида сексга камроқ эҳтиёж сезадиган томон эркак ҳам, аёл ҳам бўлиши мумкин.
Аввалги тадқиқотларда иштирокчиларга "Сўнгги бир ой ичида жинсий истакни қанчалик тез-тез ҳис қилдингиз?" деб савол берилган. Бундай форматда, одатда, эркакларнинг жавоблари юқорироқ бўлган.
Аммо кейинчалик олимлар респондентлардан айнан маълум бир вақтда – жинсий алоқа чоғида – ўзларининг ҳис-туйғуларини баҳолашни сўраганларида, эркаклар ва аёллар ўртасида деярли фарқ аниқланмаган.

Сурат манбаси, Thinkstock
"Бу натижа аёллар пассив ва сексга қизиқмайди деган эскича гендер стереотипларга шубҳа уйғотади, – дейди Британия Колумбияси университетининг акушерлик ва гинекология профессори, психотерапевт Лори Бротто. – Айнан шу ондаги жинсий майлга таъсир қилувчи омиллар аёллар учун ҳам, эркаклар учун бўлгани каби, кучли бўлиши мумкинлигига асослар бор."
Бошқа тадқиқотлар эса аёлларда жинсий майл кучи ҳайз циклининг турли босқичларига қараб ўзгариб боришини аниқлаган.
"Овуляция даврида, яъни аёлларнинг жинсий фаоллиги энг юқори нуқтага етганида, улар эркаклар каби жинсий алоқага қизиқишади, – дейди Юта университетининг психология ва гендер фанлари профессори Лайза Даймонд. – Аёлларнинг сексуаллиги эркакларникидан асло кам эмас, у шунчаки кўпроқ ўзгарувчан."
Агар жинсий алоқанинг энг асосий мақсади насл қолдириш бўлса, бу мантиқан ҳам тўғри кўринади.
"Биологик нуқтаи назардан жинсий ҳаётимиз кўпайиш омилининг ажралмас қисмдир, – дейди Виржиния университетининг психиатрия ва нейрохулқ-атвор кафедраси мудири Анита Клейтон. – Жинсий алоқа ва кўпайиш ўртасида бевосита боғлиқлик йўқлиги эса замонавий тушунча."
Илгари шифокорлар аёллардаги жинсий майл уларнинг қонидаги эркак гормони – тестостерон даражасига боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилишган эди.
Аммо тадқиқотлар тестостерон бу борада ҳал қилувчи роль ўйнамаслигини кўрсатди: жинсий мойиллиги юқори ва паст аёллар орасида тестостерон миқдори деярли фарқ қилмайди.
Шунга қарамай, аёллар тестостеронни жинсий истакнинг пасайишини даволашда энг самарали восита деб ҳисоблашда давом этмоқда. Шифокорлар ҳам уни тавсия қилишади. Кўпинча улар эркаклар учун белгиланган норматив кўрсаткичларга таянишади, бироқ бу аёллар учун тўғри келмайди.
Яна бир тадқиқот тестостерон даражаси билан жинсий майл ўртасидаги боғлиқлик ниҳоятда заиф эканини кўрсатди. Аксинча, жинсий фаоллик гормонлар даражасига кўпроқ таъсир кўрсатади; гормонал фон эса инсоннинг жинсий алоқага бўлган ҳақиқий эҳтиёжига унчалик таъсир этмайди. Аёлларда жинсий алоқа ҳақидаги ўйлар ёки жинсий рақобат ҳисси тестостерон даражаси ошишига олиб келиши мумкин.

Сурат манбаси, Olivia Howitt
"Жинсий майл тестостерон даражасига боғлиқ деган қараш мутлақо асоссиз", дейди Мичиган университетининг Анн-Арбор кампусидаги психология ва аёллар тадқиқотлари бўйича доценти, шунингдек, ушбу тадқиқот лабораторияси раҳбари Сари ван Андерс. "Гормонларнинг либидога таъсири жуда кам ёки умуман йўқ."
Аёллар жинсий алоқа пайтида бошдан кечирадиган турли ҳолатлар ҳам илгари етарлича ўрганилмаган эди: аёлларда қўзғалиш, плато, оргазм ва бўшашиш босқичлари эркакларникидек кетма-кетликда содир бўлиши шарт эмас. Бу босқичлар кўпинча бутунлай бошқа тартибда кечади.
Секс ўзи жинсий майл ва қўзғалишни уйғотиши мумкин, биринчи оргазм эса кейинги истакнинг бошланиши бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Даймонднинг таъкидлашича, "аёлларда жинсий ва жисмоний қўзғалиш кўпинча руҳий интилишдан олдин юзага келади; эркакларда эса аввал истак пайдо бўлади, кейин эса қўзғалиш."

Сурат манбаси, .
Шу билан бирга, жинсий майл ҳар доим бошқа одам билан алоқа қилиш истаги билан бирга келавермайди. Ҳар хил аёлларда – худди эркакларда бўлгани каби – турли қизиқишлар бўлади ва улар вақт ўтиши билан ўзгариши мумкин.
Аёллар кўпинча ёлғизликда мастурбация қилишни хоҳлашади (баъзилар учун бу бўшашишнинг ягона усули). Айримлари эса жисмоний алоқа бўлмасдан, фақат тасаввурлар орқали оргазмга эришишга қодир. Кимдир эса жуфти билан яқинликка эҳтиёж сезади, аммо бу доим ҳам секс ёки оргазм истагини англатмайди.
"Одамлар жуфтликка эҳтиёж сезаётганини айтганида, аслида улар яқинликка, зерикишни енгишга, янги тажриба орттиришга ёки оргазмни бошдан кечиришга интилаётган бўлиши мумкин, – дейди ван Андерс. – Менимча, жинсий майл асосан вазиятга, шахсга, унинг ёшига, муносабатларнинг табиати ва муайян жуфтнинг фазилатларига боғлиқ."

Сурат манбаси, Thinkstock
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, аёлларда эротик қўзғатувчилар ҳам ниҳоятда ранг-баранг. Баъзилар жуфти G нуқтасини қўзғатишини ёки оёқ бармоқларини ялашини ёқтирса, бошқаларни ҳукмронлик ёки оддий қучоқлаш уйғотади – бу рўйхатни узайтиравериш мумкин.
"Эркаклар одатда аёлларнинг асосий эроген зонаси клитор деб ҳисоблашади, бироқ тадқиқотларимиз натижаларига кўра, аёлларда жавоб уйғотувчи бошқа кўплаб қўзғатувчилар мавжуд, – дейди Беверли Уиппл. – Биз аёлларга ўзларига нима завқ беришини аниқлаш учун тажриба қилишга тўлиқ ҳақли эканликларини англатишимиз керак. Улар қўзғалиш ва жинсий қониқишнинг қандайдир «идеал» механизмига мос келишга мажбур эмасликларини билишлари лозим."
Бу хилма-хиллик яқинда пайдо бўлган порнографик маҳсулотларда ҳам ўз аксини топмоқда.
Аёллар ҳар доим бу соҳага дахлдор бўлиб келган бўлсалар-да, 1980-йилларгача порнография асосан эркаклар аудиторияси учун ишлаб чиқарилар эди.
Аммо видеомагнитофонларнинг кенг тарқалиши натижасида, илгари фақат кинотеатрларда намойиш этилган порно фильмлар аёллар учун ҳам қулайроқ бўла бошлади.
Бозордаги янги эҳтиёжни илғаган аёл режиссёрлар илк бор махсус мўлжалланган порнографик фильмлар суратга ола бошладилар. Бу турдаги маҳсулотлар одатда юмшоқроқ саҳналар ва зўравонлик элементлари йўқлиги билан ажралиб турарди.
Соҳа ривожланган сари Виктория даври вампирлари ҳақидаги эротик фильмлар, эркаклар учун мўлжалланган гей-порно, афсонавий махлуқлар иштирокидаги порнографик фильмлар ва бошқа турли жанрлар вужудга кела бошлади. Бу маҳсулотларнинг муаллифлари ҳам, асосий истеъмолчилари ҳам аёллар эди.
"Бугунги кунда порнографик маҳсулотлар хилма-хиллиги билан ажралиб туради, чунки жамият аёлларда ҳам ноодатий жинсий истаклар бўлиши мумкинлигини тушуна бошлади, – дейди Тулан университетининг инглиз тили бўйича постдокторанти Лаура Ҳелен Маркс. – Аёллар энди камерани қўлга олиб, аёлларнинг турли жинсий эҳтиёжларини акс эттирувчи филмларни суратга олишмоқда."
Ҳирс манбаси
Неврологик даражада олганда, биз ҳануз жинсий майл қандай ишлаши ва уни нима қўзғатишини аниқ тушуниб етганимиз йўқ.
"Жинсий майлнинг табиати ҳақида аниқ тасаввур йўқ, миянинг қайси қисмлари қандай фаоллашиб, бу истакни пайдо қилиши ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади, – дейди Ратгерс университетининг фахрий психология профессори Барри Комисарук. – Бу жараённи тескари йўналишда – яъни истак қандай юзага келганини орқага қараб тушунтиришни ҳали ҳеч ким эплолгани йўқ."

Сурат манбаси, OLIVIA HOWITT
Шу билан бирга, жинсий майлнинг йўқлиги ёки йўқолиши сабабларини аниқлаш кўпинча анча осон бўлади. Узоқ муддатли муносабатлар тажрибасига эга бўлган ҳар қандай инсон – эркак ёки аёл бўлишидан қатъи назар – вақт ўтиши билан жинсий мойиллик даражаси ўзгаришини тасдиқлаши мумкин. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, узоқ муддатли муносабатдаги жуфтликларда бу мойиллик одатда пасаяди.
Аёлларда жинсий майл йўқолиши кўпинча эркакларга қараганда яққолроқ намоён бўлади. Эркаклар, юқорироқ тестостерон даражаси туфайли, кайфият ўзгаришлари, стресс ва чарчоқка кўпроқ мослаша олади. Аёлларга эса, кўпинча, муносабатлар янгилик жозибасини – бир вақтлар уларни мафтун қилган сирлилик ва ҳаяжонни йўқотгандек туюлади. Ўтмишдаги эҳтирос ўрнини эса доимий чарчоқ, ташвиш, стресс ва банд кундалик турмуш эгаллайди.
"Бугунги кунда кўплаб аёллар тамоман ҳолдан тойгунча ишлайди, – дейди Нюаркдаги Ратгерс университети илмий ходими, сексолог-шифокор Нен Уайз. – Ўз-ўзидан пайдо бўладиган майлнинг йўқолиши – бу касаллик эмас, балки кўплаб аёлларнинг ҳаддан ташқари толиққанликлари белгисидир."
Яхшиямки, узоқ муддатли муносабатларда истакнинг йўқолиши муқаррар эмас ва уни тўлиқ тиклаш мумкин. Уни худди гулдек парвариш қилиш мумкин. Уайзнинг таъкидлашича, жуфтда яна истак уйғотиш учун баъзида муносабатларга ёки умуман ҳаётга янгилик элементини киритиш кифоя – биргаликда бошқа мамлакатга саёҳат қилиш ёки янги кўникмаларни эгаллаш.
"Шахсий ривожланиш жуфтликдаги бир хилликка қарши курашишга ёрдам беради: бу орқали сиз бошқа биров билан жинсий алоқа қилаётгандек таассурот оласиз, – дейди Уайз. – Агар сизнинг жуфтингиз тўсатдан янги кўникмаларни намойиш этса ва ажойиб натижаларга эришса, бу жуда ҳаяжонлантиради."
Баъзида эса истакнинг йўқолишига кенгроқ кўламдаги муаммолар сабаб бўлади – соғлиқ билан боғлиқ қийинчиликлар, яқин одамнинг ўлими, ишсизлик, фарзанд туғилиши ёки бошқа стрессли воқеалар. Бу ҳолатлар одатда вақтинчалик бўлиб, нормал ҳол сифатида баҳоланади.
АҚШ ва Буюк Британияда ўтказилган кенг қамровли тадқиқотларга кўра, аёлларнинг қарийб ярми йил давомида жинсий майлнинг сезиларли даражада пасайишини бошдан кечиради. Аммо кўпчиликда бу ҳолат сексга алоқаси бўлмаган муаммолар бартараф этилгач, ўз-ўзидан бартараф бўлади.
Шунга қарамай, аёлларнинг тахминан 15 фоизи жинсий эҳтиёжларнинг сурункали пасайишидан келиб чиқадиган стрессдан шикоят қилади. Кўпчилик аёллар бу ҳолатда ўзини мажбуриятни адо этаётганидек ҳис қилади – секс улар учун навбатдаги уй вазифасига, ҳатто ёқимсиз вазифага айланади.

Сурат манбаси, OLIVIA HOWITT
Жинсий яқинлик пайтида улар кўпинча чалғийди – иш, уй-рўзғор ҳақида беғубор, аммо ҳаяжонсиз фикрлар билан банд бўлади ёки ўзини етарлича таъсирчан эмас деб ҳис қилади, жозибасизлигини ёки жуфтини йўқотиш хавфини ўйлайди.
Бу муаммони ҳал этиш учун турли усуллар таклиф этилган, бироқ уларнинг ҳеч бири 100 фоиз кафолатли натижа бермайди. Баъзилар учун гуруҳли, индивидуал ёки оилавий психотерапия фойда беради.
Масалан, Лори Бротто томонидан ўрганилган ҳушёр диққат (mindfulness) асосидаги медитация амалиёти ижобий натижалар берган. У депрессия ва неврозни даволашга қаратилган дастур асосида саккиз ҳафталик курс ишлаб чиқди. Унда иштирокчиларга секс ҳақидаги мифларни рад этиш учун тананинг тузилиши ва эроген зоналар ҳақидаги билимлар берилади.
Иштирокчиларнинг сўровномаларга жавоблари, гормонал ҳолати ва эротик материалларга нисбатан реакцияси баҳолангач, ушбу курсни ўтаганлар ва ўтмаганлар орасида сезиларли фарқ аниқланган.
Ҳозирда Бротто ва унинг ҳамкасблари бу амалиёт қандай ишлашини чуқурроқ ўрганишмоқда: терапевтик таъсир кўпроқ бўшашиш ва стресснинг камайиши биланми, ёки танани чуқурроқ ҳис қилиш биланми ёки иккаласининг комбинациясими – шуни аниқлашга уринишмоқда.
Бугунги кунда кўпчилик мутахассислар аёлларда кузатиладиган гипосексуалликни бундай психологик ёндашувлар ёрдамида даволашни фармакологик воситаларга қараганда маъқулроқ деб билишади.
Гарчи "Эдди" (флибансерин моддаси асосида) – аёлларнинг "Виагра"си деб аталувчи дорининг АҚШда сотувга рухсат берилгани (2023 йил августида) маълум бўлса-да, уни "Виагра"га қиёслаш тўғри бўлмайди. Сабаби, "Виагра" асосан қон айланишини кучайтирса, "Эдди" мия кимёсига таъсир қилади.
Бироқ, Броттонинг таъкидлашича, "Эдди" фақат серотонин ва допамин мувозанатидаги муаммолар туфайли юзага келган жинсий майл пасайишини бартараф этиши мумкин. Клиник синовлар шуни кўрсатдики, бу гормонлар аёлларнинг жинсий мойиллигида ҳал қилувчи роль ўйнамайди. Тадқиқотда иштирок этган аёллар "Эдди"ни қабул қилганлар орасида қониқарли секс ҳолатлари ойига атиги 0,5–1 тага ортган, холос – бу эса плацебо гуруҳидан унчалик фарқ қилмайди.
Ван Андерс таъкидлаганидек: "Тасаввур қилинг, сиз ҳар ойда бор-йўғи бир марта камроқ аксириш учун антигистамин ичаётган бўлсангиз."
Шунга қарамай, самарадорлиги паст бўлишига қарамасдан, бу дорининг кўплаб салбий таъсирлари аниқланди: клиник синовда иштирок этган ҳар бешинчи аёл бош айланиши, ҳолсизлик, кўнгил айниши, уйқусизлик, оғиз қуриши, ҳушдан кетиш ёки қон босими кескин пасайишидан шикоят қилган. Бундан ташқари, "Эдди"ни қабул қилаётганлар учун спиртли ичимликлар истеъмоли қатъиян ман этилади.
Даймонднинг фикрича, паст даражадаги майлнинг илдизида ётган психологик муаммоларни ҳал қилиш кўпинча анча самаралироқ бўлиши мумкин.

Сурат манбаси, Thinkstock
Хилма-хиллик – меъёр
Шунга қарамай, барча аёллар ҳам ўзларида жинсий майл йўқлигидан хавотир олмайди. Ер юзидаги аҳоли орасида тахминан 1 фоиз одам ўзини асексуал деб билади – яъни на қарама-қарши ва на ўз жинсига нисбатан жинсий майл сезади.
Баъзилар асексуал ҳолатни бутун умри давомида сақлаб қолади, бошқалар эса бу ҳолатга вақт ўтиши билан, ҳаётнинг турли босқичларида келади. "Бу уларнинг шахсиятининг табиий бир қисми бўлиб, меъёрдан оғиш эмас", дейди Ван Андерс.
Баъзи ҳолларда одамлар жуфтига нисбатан жинсий эҳтиёжи паст бўлса, ўзларида кам хоҳиш борлигидан хавотирланиб, айбдорлик ҳиссини ҳис қилишади. "Либидоси паст бўлган аёллар одатда бу ҳолатни муаммо деб билмайди – фақат ўта жўшқин, юқори эҳтиёжли жуфт билан муносабатга киришмагунча", дейди Клейтон.
Даймонднинг таъкидлашича, баъзида ёш йигит ёки турмуш ўртоғи аёлни мутахассисга мурожаат қилишга ёки ўзини ўзгартиришга мажбур қилади – жинсий алоқага камроқ хоҳиш билдиргани учун. "Бундай эркак ўзининг юқори эҳтиёжини «меъёр» деб ҳисоблайди. Аслида эса муаммо либидонинг пастлигида эмас, балки жуфтлар темпераментининг бир-бирига мос келмаслигидадир. Аёлни айблаш ўрнига, бу эр-хотиннинг умумий муаммоси сифатида кўрилиши керак. Энг тўғриси – биргаликда ўзаро мақбул бўлган жинсий яқинлик даражасини келишиб олиш", дейди у.
Агар олимлар жинсий майл ҳақида бир хулосага келган бўлса, у шундай: хилма-хиллик – меъёр. Эркаклар ҳам, аёллар ҳам шаҳвонийликнинг турли шаклларини намоён қилади – бу хоҳиш юқори бўлиши, паст бўлиши ёки умуман бўлмаслиги мумкин.
На алоҳида одамлар учун, на жуфтликлар учун "тўғри" ёки "нотўғри" либидо даражаси мавжуд эмас.
"Бу ҳақиқатни англаш бизга жинсий майлнинг ғоят хилма-хил шаклларига кенгроқ тушунча билан ёндашиш имконини беради. Биз бу хилма-хилликка нисбатан бағрикенгроқ бўлишимиз керак", дейди Даймонд.
Ушбу мақоланинг инглиз тилидаги оригиналини Би-би-сининг BBC Future сайтида ўқиш мумкин.












