«Кунига беш марта қўшилиш ҳам менга оз эди». Сексуал қарамликни даволаш зарурми?

Сексуал қарамликни руҳий бузилиш сифатида ҳисоблаш мумкинми? Бу мавзуда мутахассислар якдил фикрда эмас. Баъзи психологлар бундай муаммога дуч келганларга Соғлиқни сақлаш миллий тизими доирасида бепул кўмак кўрсатилиши лозим, деб ҳисоблайдилар.
Икки сексоголик (жинсий алоқага берилиб қолган)лар ўзларининг шахсий, ноодатий бошидан кечирган воқеалари ҳақида ҳикоя қилиб бердилар.
"Энг ёмон кунларда бир кунда беш марта секс билан шуғуллансам ҳам етарли бўлмас эди," тан олади уч боланинг онаси 37 ёшли Ребекка Баркер. Ребекканинг айтишича, ундаги ушбу муаммо туфайли тўрт йил олдин севимли инсони билан муносабатига дарз кетган.
Бундай кучли майл асосида у собиқ турмуш ўртоғидан керагидан ортиқ эътибор ва жинсий алоқа талаб қилишга мажбур бўлган.
"Секс билан шуғулланиш ҳар тонг уйғонганимда илк бор ўйлайдиган нарсам эди. Буни ўйламасликнинг умуман иложи йўқ эди," ҳикоясини давом эттиради Ребекка. "Атрофимдаги ҳамма нарса менга секс ҳақида эслатар эди. Ўйлашимча, бу муаммо мендаги тушкунлик ва серотонин етишмовчилиги билан боғлиқ бўлган. Гўёки менинг танам айнан шу нарсага чанқоқ эди."
"Жинсий алоқа бир зумда менга куч ҳадя қиларди, лекин беш дақиқа ўтар-ўтмай яна секс хоҳлаб қолар эдим. Шундан сўнг мен тарки-дунёга берила бошладим. Уззукун уйда ўтирадиган одат чиқардим, чунки одамлар мен доимий ўйлайдиган муаммодан хабар топиб қолишидан уялар эдим. Бирор ким ўй-хаёлларимни ўқий олмасада, дўстлар билан йиғинларда ҳам ўзимни ноқулай ҳис қилардим," давом этади у.

Сурат манбаси, Rebecca Barker
'Ҳаётимни буткул ўзгартирдим'
Сексга берилиб қолиш Ребекка ва унинг севгилиси муносабатларига таъсир ўтказмай қолмади. Эркак, аввалига, Ребеккадаги ўзига нисбатан ортиб бораётган эътибордан хурсанд эди. Бироқ алал-оқибат унинг талабларига бардош бера олмади ва жуфтлик ажралишди.
«Бошида севгилим мендаги ҳолатни тўғри қабул қилди, лекин охирига бориб мени умуман тушуна олмай қолди. Орадан бир неча ой ўтиб, у менга турли саволлар бера бошлади. Мендаги ўзгариш қаердан пайдо бўлганини билишга интиларди. У мени кимдир билан дон олишиб юрибди, шу сабабли айбини ювиш учун менга эътиборни оширишга ҳаракат қиляпти, деб ўйлар эди,» сўзлайди Ребекка.
2014 йил ноябрь ойида Ребекка ишқий муносабатларида бироз танаффус қилишга қарор қилди ва вақтинчалик онаси билан яшай бошлади.
«Кетишимдан олдин мен унга дам олишим зарурлигини айтдим. У менга қаршилик қилмади, лекин шундан кейин ҳеч қанча вақт ўтмай биз ажралишдик. Мен психиатр қабулига қатнай бошладим. У менга турли дори-дармонлар тавсия қила бошлади, лекин бирор марта мен каби одамларни қўллаб-қувватлайдиган гуруҳлар ёки шунга ўхшаш бошқа йўллар борлиги ҳақида гапирмади,» дейди Ребекка.
2012 йил учинчи фарзандини дунёга келтиргандан сўнг Ребеккага «тушкунлик» ташхиси қўйилган эди. 2014 йилга келиб унинг аҳволи ёмонлаша боргандан ва сексуал қарамлиги кучайиб кетгандан сўнг Ребекка ишини ўзгартирди, фуқаролик никоҳидаги эри билан ажрашди. Сўнг Францияга кўчиб кетди.
«Тушкунлик ва қарамликка қарши курашиш учун ҳаётимни буткул ўзгартирдим. Бу менга ёрдам берди,» дейди у.

Сурат манбаси, Getty Images
Сексуал қарамликдан қийналадиган одамларга Соғлиқни сақлаш миллий тизими доирасида бепул тиббий кўмак кўрсатиш лозим.
Британиядаги йирик хайрия ташкилотларидан бири бўлмиш Relate ҳам айни шу нарсага даъват қилмоқда. Ташкилот оилавий жуфтликларга ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади.
Сексуал қарамлик ўзи нима?

Сурат манбаси, Getty Images
- Relate ташкилоти сексуал қарамликка "назоратдан чиқиб кетган ҳар қандай кўринишдаги сексуал фаоллик" дея таъриф беради.
- "Сексуал қарамлик ва қарамлик ҳолатларини даволаш ассоциация" номли психологик хизматидаги психолог-сексологлар сони сўнгги беш йил ичида икки мартага кўпайиб, 170 нафарга етди.
- 2013 йил сексуал қарамликка дучор бўлганларга ёрдам кўрсатувчи сайтларнинг бири томонидан ўтказилган сўровномада 21,058 нафар одам иштирок этиб, якуний ҳисобларга кўра, бундай қарамликдан қийналадиганларнинг 91 фоизи эркаклар экан.
- Ушбу эркакларнинг 31 фоизи 26-35 ёш ўртасида, 1 фоизи 16 ёшдан кичик ва 8 фоизи 55 ёшдан катта эканлиги аниқланган.
- 2019 йилнинг май ойида Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти «Касалликларнинг халқаро классификацияси» номли маълумотномасининг янги нашрида "жинсий асосдаги обсессив-компулсив бузилиш" таърифини киритиши кутилмоқда.
- Британия Соғлиқни сақлаш миллий хизмати мутахассислари ҳозирча сексуал қарамликни касаллик сифатида таърифлаш борасида якдил хулосага келмаганлар ва хизмат томонидан бундай муаммога дучор бўлганларга психологик кўмак кўрсатилмайди. Хизматга айни муаммо билан мурожаат қилганлар Relate хайрия ташкилотига йўналтирилмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
Секс учун тўлов
Грем (исм ўзгартирилган) ундаги сексуал мойиллик «юзлаб» фоҳишалар билан хотинига хиёнат қилишига ундагани ва пировардида унинг виждони азоблангани ҳақида ҳикоя қилади.
"Сенда ҳаддан зиёд мойиллик пайдо бўлганда эртаю кеч секс ҳақида ўйлайсан, холос. Бу жуда даҳшатли эди. Секс бир вақтнинг ўзида лаззат маъносини англатиши мумкин, лекин бундай ҳолатда лаззатнинг ўзи йўқ эди. Бундай қарамлик ҳаётимни остин-устун қилиб юборди," тан олади Грем.

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳозирда ёши олтмишга чиққан Гремнинг сўзлашича, у бир неча йил давомида ойига юзлаб фунт-стерлинг маблағни секс учун сарфлаган. Ҳаттоки баъзи унга жинсий хизмат кўрсатган аёллар билан маълум вақт ишқий муносабатда ҳам бўлган.
"Ишдаги бир ишқ ортидан бошқаси келар эди. Бироқ мен ўз турмушимдан норози бўлганим ёки аёлимда кўнглим йўқлиги учун эмас, шунчаки қарамлик туфайли жинсий алоқа билан шуғулланишни истардим. Ичимдаги сексга ўч аждаҳони ҳар куни озиқлантириб туришга мажбур эдим," тушунтиради у.
"Тез орада фақат аёллар билан муносабат ўрнатиб, ҳирсимни қондириш етарли эмаслигини тушундим. Менга яна ҳам тезроқ битадиган йўл керак эди. Ниҳоят секс учун пул тўлай бошладим. Ҳафтасига уч-тўрт марта эскорт-хизматларда ишлайдиган қизлар билан учрашадиган одат чиқардим."
"Бу худди ичкиликка берилиб қолиш билан бир хил - фақат шу нарса ҳақида ўйлайверасан: сен атиги бир марта нафсингни қондириш ҳақида ўзингга сўз берасан. Ҳаммаси тугагандан сўнг виждонинг қийналади, бу ишни ортиқ қилмасликка онт ичасан. Бироқ эртасига ҳаммаси янгидан бошланади," дейди Грем.
"Аноним сексоголиклар"
Аёли электрон почта орқали айни мазмунда келган хатни тасодифан ўқиб қолиб, эридан бу ҳақида изоҳ талаб қилгандан сўнг Грем бундай даҳшатли икки томонлама ҳаётга чек қўйишга қарор қилди.
У "Аноним сексоголиклар" (SAA) номли психологик кўмак кўрсатувчи ташкилотга мурожаат қилди. Ташкилотнинг Британия бўйлаб 78 та кўмак гуруҳи фаолият кўрсатади. Ушбу ташкилот шарофати билан Грем бир неча йилдан бери сексуал қарамликка қарши муваффақиятли курашиб келмоқда.
"Сирим фош бўлгандан сўнг ҳаёлимга келган биринчи фикр ҳамон эсимда: 'Эй худо, энди ҳаммаси ўзгарса керак!' Мен SAA гуруҳига қатнай бошладим. Мен буни 'исноддан ёруғликка чиқиш' деб атайман. Бундай гуруҳларга борганингизда ўзингиз каби оғир аҳволдаги бошқа одамлар билан дардлашиб, бир-бирингизга таскин берасиз ва енгил тортасиз," дейди Грем.
"Сексуал қарамликдан азоб чекаётганларга шуни айтишни истайман: бу дарддан қутилиш имкони бор, бир оз иродали бўлсангиз кифоя."

Сурат манбаси, Getty Images
Relate ташкилотидан бўлган психолог Питер Саддингтон сексоголиклар учун психотерапевтик ёрдам ва гуруҳ сессиялари ташкил қилингани, лекин улар, асосан, шахсий тартибда ўтказилишини айтади.
"Қарамликка берилганлар бундай ҳолат уларга зиён етказишини англасада, ўзини тўхтата олмайди. Ёрдамга муҳтожлигини ҳис қилади. Ичкиликка берилганларнинг 'Аноним алкоголиклар' номли қўллаб-қувватлаш гуруҳи бор ва, шунингдек, улар Соғлиқни сақлаш миллий хизматига бепул кўмак кўрсатишни сўраб мурожаат қилишлари ҳам мумкин," таъкидлайди мутахассис.
"Мантиқан олиб қаралса, сексологоликлар ҳам ўзлари, муносабатлари, яқинлари, молиявий ва руҳий ҳолатларига ўнглаб бўлмас зиён етказаётган қарамликдан фориғ бўлиш учун оилавий врачга мурожаат қилишлари ва алкоголиклар каби ўхшаш кўмак олишлари мумкин."
Британия Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ёрдам вазирлиги вакилининг таъкидлашича, ўзида сексуал қарамлик мавжуд деб ҳисоблайдиган фуқаролар Relate, Sexaholics Anonymous, SAA ва ATSAC каби ташкилотлар билан боғланиш рақамлари тўпланган NHS Choices вебсайти орқали кўмак олиш мақсадида тегишли жойларга мурожаат қилишлари мумкин.
- BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













