Қизнинг аксларидан сунъий ақл ёрдамида қандай эротик видеоалар тайёрлашган?

Сурат манбаси, Babydoll Archi
- Author, Гита Пандей
- Role, BBC News
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Ҳиндистонлик Instagram юлдузи "Babydoll Archi"нинг обуначилари сони ижтимоий тармоқдаги атиги бир неча видео ортидан икки баробарга ошиб, 1,4 миллионга етди.
Ушбу видеолардан бирида у қизил сари кийган ҳолда румин қўшиғи "Даме Ун Грр"га жозибали рақс тушади. Яна бири эса унинг катталар учун фильмлар юлдузи, америкалик Кендра Ласт билан тушган суратини Instagram'да эълон қилгани эди.
Шу заҳоти барча у ҳақда билишни хоҳлаб қолди – "Babydoll Archi" номи Google қидирувида трендга чиқди, минглаб мемлар ва мухлислар саҳифалари пайдо бўлди. Аммо бир жиддий муаммо чиқиши тайин эди, бу онлайн сенсация ортида аслида ҳақиқий аёл йўқ эди.
Instagram'даги ушбу аккаунт сохта бўлиб чиқди. Аммо у фойдаланган юз бир аёлга – Ассам штатидаги Дибругарх шаҳрида яшовчи уй бекасига (биз уни Санчи деб атаймиз) жуда ўхшарди.
Ҳақиқат унинг акаси полицияга арз қилгандан кейин очилди. Санчининг собиқ йигити Пратим Бора ҳибсга олинди.
Терговга раҳбарлик қилаётган полиция бошлиги Сизал Агарвал Би-би-сига маълум қилишича, Санчи ва Бора ўртасида зиддият чиққан ва Бора сунъий интеллект ёрдамида "интиқом" олиш учун шу ишларни қилган экан.
Муҳандис ва сунъий интеллект технологиясини мустақил ўрганган Бора, Санчининг шахсий суратларидан фойдаланиб, сохта Instagram профили яратган, дейди Агарвал хоним.
Бора ҳибсда сақланмоқда ва ҳозирча ҳеч қандай изоҳ бергани йўқ. Би-би-си унинг яқинларидан изоҳ олишга ҳаракат қилмоқда.
Babydoll Archi номи билан танилган аккаунт 2020 йилда яратилган, илк постлар эса 2021 йил май ойида жойланган. Агарвал хонимнинг сўзларига кўра, дастлаб жойланган фотосуратлар Санчининг ҳақиқий тасвирлари бўлиб, график таҳрир қилинган эди.
"Вақт ўтиши билан, Бора ChatGPT ва Dzine каби воситалардан фойдаланиб, сунъий интеллект ёрдамида қиёфа ярата бошлади. Кейин эса аккаунтни дипфейк фото ва видеолар билан тўлдирди."
Унинг айтишича, аккаунт ўтган йилдан буён оммалаша бошлаган, аммо бу йил апрел ойидан кескин ўсган.
Санчи ижтимоий тармоқларда фаол эмас ва у Babydoll Archi ҳақида фақат ОАВ уни "инфлюенсер" сифатида ёритишни бошлаганидан сўнг хабар топган. Хабарларда у АҚШдаги порно фильм саноатига қўшилиши мумкинлиги ҳақида тахминлар пайдо бўлган эди.
11 июль куни кечқурун Санчининг оиласи полицияга шикоят аризаси беришди.
Агарвал хонимнинг таъкидлашича, аризада ҳеч кимнинг исми йўқ эди, чунки улар воқеа ортида ким турганини билишмасди.

Сурат манбаси, Reuters
Babydoll Archi номи полиция учун ҳам янгилик эмас эди. Агарвал хоним айтишича, улар ОАВда бу образ сунъий интеллект ёрдамида яратилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни кўрган, бироқ у аслида реал инсонга асослангани тўғрисида ҳеч қандай маълумот бўлмаган.
Полиция шикоятни олгач, Instagram'га аккаунт яратувчиси ҳақида маълумот сўраб мурожаат қилган.
"Instagram'dан маълумот олгач, биз Санчидан Пратим Борани таниш-танимаслигини сўрадик. У кимлигини айтгач, унинг манзилини Тинсукия туманидан аниқлаб, 12 июл куни кечқурун ҳибсга олдик."
Агарвал хонимнинг айтишича, полиция Боранинг ноутбуки, телефони, ташқи дисклари ва банк ҳужжатларини мусодара қилган, чунки у аккаунтдан даромад олаётган экан.
"Аккаунт linktree орқали 3 000 обуначига эга эди ва биз у орқали тахминан 1 миллион рупий ишлаганини аниқладик. Фақат ҳибсга олинганидан олдинги беш кунда 300 000 рупий даромад олган", деди у.
Buni hozir sun’iy intellekt orqali amalga oshirish ancha osonlashgan. Lekin bunday holatlar kutilganchalik ko‘p emas yoki yetarlicha xabar qilinmayotgan bo‘lishi mumkin.
Агарвал хоним таъкидлашича, Санчи "жуда оғир ҳолда эди – аммо ҳозир у ва оиласи психологик ёрдам олмоқда ва аҳволлари сезиларли яхшиланган".
Бу каби ҳолатларни тўлиқ олдини олиш мумкин эмас, дейди у, "лекин биз аввалроқ ҳаракат қилганимизда, эҳтимол бу даражада оммалашишига йўл қўймасдик".
"Санчи ижтимоий тармоқларда умуман фаол эмас, оиласи эса аккаунтдан бутунлай блокланган экан. Улар фақат у кенг тарқалгандан кейингина хабардор бўлишган", дейди у.
Meta компанияси Би-би-сининг бу воқеа ҳақидаги саволларига жавоб бермади. Аммо компания сиёсатига кўра, шаҳвоний мазмундаги контентларни жойлаштириш тақиқланган. Ўтган ой CBS хабарига кўра, Meta ҳақиқий одамлар суратлари асосида ясалган шаҳвоний дипфейклар учун ишлатилган AI воситаларини реклама қилувчи бир неча эълонларни ўчирган.

Сурат манбаси, Getty Images
282 та пости бўлган Babydoll Archi'нинг Instagram аккаунти эндиликда омма учун ёпиқ. Бироқ ижтимоий тармоқлар унинг сурати ва видеоларига тўла – ҳатто бир аккаунт уларни йиғиб жамлаган. Би-би-си Meta'dан бу борада қандай чора кўрилаётгани ҳақида сўради.
Сунъий интеллект бўйича мутахассис ва ҳуқуқшунос Меҳна Балнинг таъкидлашича, Санчи билан содир бўлган воқеа "даҳшатли, аммо деярли олдини олиб бўлмасди".
У судга мурожаат қилиб, "унутилиш ҳуқуқи"ни талаб қилиши мумкин, яъни у ҳақдаги матбуот хабарларини олиб ташлаш ҳақида суд қарор чиқариши мумкин. Аммо интернетдан барча изларни батамом ўчириб ташлаш жуда мураккаб.
Санчи таъкидлашича, унинг бошидан кечган ҳолат – аслида аёллар бошига доим тушиб келаётган воқелик: уларнинг сурат ва видеолари интиқом сифатида тарқатилади.
"Буни ҳозир сунъий интеллект орқали амалга ошириш анча осонлашган. Лекин бундай ҳолатлар кутилганчалик кўп эмас ёки етарлича хабар қилинмаётган бўлиши мумкин. Чунки бундай ҳолатларга нисбатан жамиятда ҳануз таҳқирланиш, шаънга доғ тушиши каби қўрқувлар сақланиб қолган. Ёки айнан Санчи ҳолатида бўлганидек, жабрланувчилар ўзлари ҳам бундан бехабар бўлиши мумкин", дейди Бал.
Унинг айтишича, бу каби видеоларни томоша қилган одамларда ижтимоий тармоқ платформасига ёки кибержиноятлар порталига мурожаат қилиш учун ҳеч қандай рағбат йўқ.
Борага қарши берилган шикоятда полиция унга нисбатан жинсий таъқиб, ўта ёқимсиз материалларни тарқатиш, туҳмат, шаън ва обрўни қасддан топташ мақсадида сохта маълумотлар тарқатиш, бошқа шахс сифатида ўзини кўрсатиб фирибгарлик қилиш ва кибержиноят содир этиш моддаларини қўллаган. Агар айбдор деб топилса, у 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Охирги кунларда ушбу иш ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамалар ва ғазабга сабаб бўлди. Кўпчилик бундай ҳолатларга қарши қонунларни янада қаттиқроқ қилишни талаб қилмоқда.
Балнинг фикрича, бу каби ишларга қарши амалдаги қонунлар етарли. Бироқ генератив сунъий интеллект компанияларини тартибга солиш учун алоҳида қонун керакми-йўқми – бу алоҳида ўрганилиши керак.
"Бир нарсани унутмаслик лозим: дипфейклар ҳар доим ҳам ёмон эмас. Қонунлар жуда эҳтиёткорлик билан тузилиши керак, чунки улар сўз эркинлигини бўғиш қуролига айланиб қолиши мумкин", дейди у.












