Ўзбекистон ва Дунё: Қизлар бехабар, яланғоч сурат ва видеолари сотилмоқда – бу янгича қасос порносими? Dunyo Qizlar Yangiliklar

- Author, Моника Плаҳа ва Панорама жамоаси
- Role, BBC News
Reddit ижтимоий тармоғида ўзларининг шахсий маълумотлари, интим фотосуратлари ва видеолари эълон қилинганидан сўнг, аёллар аноним одамларнинг таҳдиди ва шантажига дуч келишмоқда. Би-би-си ишлатилган сигарет тутатгич туфайли гуруҳлардан бирининг ортида турган одамни фош қилди.
Алоқадор мавзулар:
"Унинг яланғоч сурати учун 5 фунт, шахсийга ёзинг."
"Менда унинг бир нечта видеолари бор, уларни сотаман."
«У қизга нима қиламиз?»
Интернетдаги тасвирлар ва изоҳларни кўриб, ўзимни ёмон ҳис қилдим.
Минглаб фотосуратлар бор эди. Бу яланғоч ёки ярим яланғоч аёлларнинг чексиз оқимига ўхшайди. Суратлар тагида эркаклар аёллар ҳақида ёмон гаплар айтиб, жумладан, зўрлаш билан таҳдид қилишарди. Кўрганларимнинг аксарияти шу қадар бепарда эдики, уларни бу ерда улашиш ножоиз бўлади.
Бир дўстимнинг турткиси мени ушбу расмларга олиб келди. Унинг суратларидан бири Instagram'дан олинган ва Reddit'га жойланган. Бу яланғоч ҳолатдаги сурат эмасди, лекин унга шаҳвоний ва камситувчи сўзлар илова қилинганди. У ўзи ва бошқа аёллар ҳақида хавотирга тушиб қолди.
Мен топган нарса бозор экан. Юзлаб аноним профиллар суратларни алмашар ва сотар эди - буларнинг бари суратдаги аёллар рухсатисиз бўлаётгани тайин эди.
Бу қасос порноси деб аталадиган янги тенденцияга ўхшарди, бу ерда шахсий жинсий материаллар эгасининг розилигисиз интернетга жойлаштирилади ва бу кўпинча аёлларнинг собиқ партнерлари томонидан қилинади.
Бу интим тасвирлар нафақат минглаб томошабинлар билан баҳам кўрилди, балки аноним эркаклар бу аёлларнинг ҳақиқий шахсини очиш учун бирлашадилар, бу доксинг деб аталадиган амалиётдир.
Манзиллар, телефон рақамлари ва ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлари онлайн тарзда улашилади, шундан сўнг аёллар шаҳвоний изоҳлар, таҳдидлар ва шантажларга дучор бўлади.
Мен ўзимни интернетнинг жуда қоронғи бурчагига тушиб қолгандек ҳис қилдим, лекин буларнинг барчаси йирик ижтимоий тармоқ платформасида содир бўлаётган эди.
Reddit ўзини "интернетнинг биринчи саҳифаси" деб билади. Ундан кунига 50 миллионга яқин одам (Буюк Британияда тахминан тўрт миллион) фойдаланади, бу одамларга турли хил қизиқишларга бағишланган «субреддит» деб номланган форумларни яратиш ва юритиш имконини беради. Кўпгина субреддитлар зарарсиздир, аммо Reddit баҳсли жинсий контентни жойлаштириш билан боғлиқ тарихга эга.
2014 йилда сайтга машҳур шахсларнинг шахсий суратлари жойлаштирилди ва тўрт йилдан сўнг Reddit машҳур шахсларни порно видеоларга жойлаштириш учун «дипфейк» технологиясидан - сунъий интеллектнинг бир кўринишидан фойдаланиб келган гуруҳни ёпди.
Ушбу зиддиятларларга жавобан, АҚШда жойлашган компания қатъий қоидаларни жорий қилди ва одамларнинг розилигисиз интим ёки бепарда материаллар нашр этилиши ёки шундай қилиш билан таҳдидлар қилиниши олдини олиш чораларини кучайтирди.
Мен Reddit'да аёлларнинг интим суратлари ҳамон улашилмоқдами ёки йўқ, бундан зарарланганларнинг аҳволи билан қизиқдим.
Сўнг бунинг ортида ким турганини билмоқчи эдим.
Мен Reddit қўйган тақиқ ишламаётганини кўрдим.
Биз Буюк Британиядаги аёлларнинг интим фотосуратларини улашаётган ўнлаб субреддитларни топдик.
Мен кўрган биринчиси жанубий осиёлик аёлларга мўлжалланган бўлиб, унда 20 000 дан ортиқ фойдаланувчи бор эди. Уларнинг аксарияти афтидан жанубий осиёлик эркаклар бўлиб, инглиз, ҳинд, урду ва панжоб тилларида шарҳлар ёзган. Баъзи аёлларни танийман, чунки уларнинг ижтимоий тармоқларда кўплаб издошлари бор эди. Баъзиларини ҳатто шахсан билардим.
15 000 дан ортиқ сурат бор эди. Биз уларнинг мингтасини кўриб чиқдик ва 150 таси турли аёлларнинг шаҳват қўзғовчи фотосуратлари эди. Изоҳларда уларга жинсий объект сифатида қараб баҳо берилган. Ишончим комилки, аёлларнинг ҳеч бири бу форумда қатнашишга рози бўлмайди.

Сурат манбаси, Аноним фойдаланувчилар аёлларнинг суратлари билан
Баъзилари, худди менинг дўстим кашф этгани каби, аёлларнинг ижтимоий тармоқларидан олинган бўлиб, у қадар очиқ эмас эди. Аммо улар билан бирга камситувчи изоҳлар, баъзан эса яланғоч суратларни олиш учун аёлларнинг телефонлари ва компьютерларини бузиш бўйича сўровлар ҳам бор эди.
Биз суҳбатлашган бир аёлнинг айтишича, унинг «Instagram»даги суратлари тарқалгач, "ҳар куни" унга шаҳвоний мазмундаги хабарлар ёзила бошлаган.
Субреддитдаги эркаклар аёлларнинг яланғоч фотосуратларини ҳам баҳам кўришган ва сотишган. Бу суратларнинг айримлари партнерлар бир бирига юборган селфилар бўлиб, оммага чиқариш мақсадлари бўлмаган.
Бундан ташқари, видеолар ҳам бор эди, улар афтидан аёллар жинсий алоқа пайтида яширинча суратга олинганга ўхшарди.
"Мен сени топаман"
Бир жойда орал секс билан шуғулланаётган яланғоч аёл тасвирланган эди.
"Кимдирда бунинг видеоси борми?» деб сўради бир аноним фойдаланувчи аёлни ҳақоратомуз исм билан атаб.
"Менда унинг бир папка сурати бор, £5 бўлади", деди бошқаси.
"Унинг ижтимоий тармоқдаги исми нима?" сўради учинчиси.
Ойша (исми ўзгартирилган) унинг видеолари ўтган йили субреддитга жойлаштирилганини аниқлади. У собиқ партнери томонидан яширинча суратга олинганига ишонади.
У нафақат ишончи паймол қилиниши, балки шахсий маълумотлари форумда эълон қилинганида, ижтимоий тармоқларда таъқиб ва таҳдидлар тўлқинига ҳам дуч келди.
"Агар мен билан алоқа қилмасан, мен буни ота-онангга юбораман. Сени топаман... Агар мен билан алоқа қилишга рози бўлмасанг, сени зўрлайман". Унинг таъқибчилари ҳам кўпроқ тасвир олиш учун уни шантаж қилишга ҳаракат қилишди.
"Покистонлик қиз бўлсангиз, бизнинг жамиятимизда ҳатто турмуш қуришдан олдин жинсий алоқа қилиш ёки шунга ўхшаш нарса қабул қилинмайди", дейди у.
Ойша алоқани тўхтатди ва ҳатто уйдан чиқмади ва охир-оқибат ўз жонига қасд қилмоқчи бўлди. Ўз жонига қасд қилишга уринганидан сўнг, у ота-онасига нима бўлганини айтиб беришга мажбур бўлди. Унинг сўзларига кўра, онаси ва отаси депрессияга тушиб қолган.
"Мен содир бўлаётган ҳамма нарсадан жуда уялдим, уларни шу аҳволга солдим", дейди у.
Ойша Reddit билан бир неча бор боғланган. Бир ҳолатда, видео деярли дарҳол ўчирилган, бироқ бошқасидан олиб ташлаш учун тўрт ой керак бўлган. Шу билан тугамади. Ўчирилган контент аллақачон бошқа ижтимоий медиа сайтларида эълон қилинган ва бир ойдан кейин аввалги субреддитда яна пайдо бўлган.
Ойшани шарманда қилган ва ҳақорат қилган субреддитни Зиппомад исмли фойдаланувчи очган ва унга модераторлик қилган.

Модератор сифатида Зиппомад ўзининг Reddit муҳокамаси гуруҳи Reddit қоидаларига риоя қилишини таъминлаши керак эди. Аммо у бунинг аксини қилди.
Мен субреддитни кузатишни бошлаганимдан бери, Reddit'га юборилган шикоятлар туфайли ҳар ёпилганда у уч марта янгисини очганини кўрганман. Ҳар бир янги очилганда унга эски номи қўйилган, айтишга тил бормайдиган ирқий ҳақоратли сўзлар ёзилган эди. Уларнинг ҳар бири бир хил материал билан тўлдирилган ва ҳар бирида минглаб фаол фойдаланувчи бор эди.
Яланғоч аёллар суратлари савдоси шунчалик кенг тарқалганки, онлайн таҳқирлар бўйича мутахассислар буни коллектор маданияти деб аташган.
Дарем университетининг ҳуқуқ профессори, шу каби онлайн таҳқирлар бўйича мутахассис Клэр МакГлинн шундай дейди: "Булар бузуқ, ғалати одамлар гуруҳи эмас. Уларнинг сони жуда кўп ўн минглаб".
Сурат алмашиш мессенжер иловаларидаги кичик шахсий чатларда, шунингдек, ўн минглаб эркаклар тўпланадиган веб-сайтларда амалга оширилади, дейди профессор МакГлин.
Унинг сўзларига кўра, бу эркакларнинг кўпчилиги эгасининг розилиги олинмаган тасвирларнинг катта тўпламларини яратиш орқали ушбу гуруҳларда мақомини оширади. Сурат тўплашга бу қадар муккасидан кетишни йўқотиш осон бўлмайди, Ойшанинг ўчирилган видеолари бошқа тўпламларда қайта жойлаштирилгани бежиз эмас.
Reddit'дан ўз суратларини ўчиришга уринган етти нафар аёл менга компания етарлича ёрдам бермаётганини айтишди. Тўрт киши Reddit материални ҳеч қачон олиб ташламаганлигини ва баъзилари контентни ўчиришдан олдин саккиз ой кутишга тўғри келганини айтди.
Reddit бизга ўтган йили 88 000 дан ортиқ шаҳвоний тасвирларни ўчириб ташлаганини айтиб, бу муаммога "жуда жиддий" қараганини таъкидлади.
Компаниянинг урғулашича, автоматлаштирилган воситалардан фойдаланилади ва эгасининг рухсатисиз жойлаштирилган интим тасвирларни топиш ва ўчириш учун ходимлар гуруҳи бор. Компания мунтазам равишда чора кўраётгани, жумладан, форумларни ёпаётганини қўшимча қилади.
"Биз ушбу контентни тезроқ аниқлаш ва уларга чора кўриш учун ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини биламиз ва биз ҳозир бунга эришиш учун гуруҳлар, воситаларларга сармоя киритмоқдамиз", деди компания вакили.
Технологик компаниялар сингари, Буюк Британия қонунлари ҳам эгасининг розилигисиз аёл суратларини интернетда жойлаштиришдан ҳимоя қилиш учун курашмоқда.
Жоржи билан нотаниш киши боғланиб, унинг интим суратлари интернетда тарқалаётганини айтганида, у полицияга мурожаат қилди. У уларга фақат битта одам кириши мумкинлигини билар эди.

"Мен уларни қанча одам кўрганини ҳисоблай олмайман. Кўпроқ одамлар уларни кўришига тўсқинлик қилишнинг иложи йўқ. Айни пайтда, одамлар уларни кўриши мумкин», дейди у.
Унинг собиқ партнери унга расмларни бошқаларга кўрсатганини тан олиб ёзган ва менга "мени хафа қилиш ёки шарманда қилиш нияти бўлмаганини" айтди дейди.
Унинг тан олишининг бу қисми қонуний бўшлиқ бўлиб чиқди. Буюк Британиядаги қасос порнографиясига қарши амалдаги қонун ҳужжатлари фотосуратларни рухсатсиз жойлаштириш жабрланувчига қасддан зарар бериш учун қилинганини асослашни талаб қилади. Ҳукуматнинг мустақил маслаҳат органи бўлган Судьялар комиссияси зарар етказиш нияти бўлганлигини далиллаш талабини бекор қилишни тавсия қилган. Аммо ҳозирда парламентдан ўтаётган интернет хавфсизлиги тўғрисидаги қонун лойиҳасида бу ўзгартириш йўқ.
Мен Жанубий Осиё аёллари, жумладан, Ойшани нишонга олган форумларни очган Зиппомадни топиш хоҳлардим. Сайтдаги шарҳлар тарихини кўздан кечирганимда, унинг ҳақиқий исмини, электрон почта манзилини ва фотосуратларини топа олмадим. Фақат унинг фойдаланувчи номи унинг кимлигини аниқлаб берди - у Zippo сигарет тутатқичларини йиғар экан, биттасини сотувга қўйди. Шунинг учун мен сохта аккаунтга мурожаат қилдим ва уни сотиб олмоқчилигимни айтдим.
У учрашув ташкил этишга рози бўлди ва бизнинг махфий мухбиримиз ниҳоят кўплаб аёлларнинг халоватини бузган форумни очган одам билан юзма-юз келди.
Унинг исми Ҳимеш Шингадиа. У олий маълумотли ва йирик компанияда менежер бўлиб ишлайди. Мен бунисини кутмаган эдим.

«Panorama» дастури у билан боғлангандан сўнг, Шингадиа ўзининг субреддитини ўчириб ташлади. Баёнотида у гуруҳнинг мақсади "Жанубий Осиё аёлларини қадрлаш" бўлганини айтади. Унинг сўзларига кўра, фойдаланувчилар сони кўп бўлгани учун форумни модераторлик қилишнинг имкони бўлмаган.
Унинг айтишича, у ҳеч қачон шахсий маълумотларни тарқатмаган ёки ҳеч ким билан расм алмашмаган ва аёллар сўраганида баъзи шаҳвоний материалларни олиб ташлашга ёрдам берганини айтади.
"Зиппомад ўз қилмишидан қаттиқ хижолат тортиб, уялди, бу унинг ҳақиқий шахсини акс эттирмайди", дейилади хабарда.
Reddit, шунингдек, биз компанияга ажратиб кўрсатган бошқа шунга ўхшаш гуруҳларни ҳам ўчирди.
Демак, мингга яқин аёлнинг суратлари олиб ташланган, аммо бу уларга етказилган зарар учун арзимаган тасалли, холос.
Технология компаниялари ва қонунчилар бу каби савдоларда кўпроқ аёлларнинг эксплуатацияси олдини олиш учун чора кўришлари керак.
Жоржи унинг суратларини тарқатган собиқ партнери ҳақида айтганидек, "Мен уни жазоламоқчи эмасман. Мен уни бошқа ҳеч қачон бундай қилмаслигини хоҳлайман."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














