Жинсий зўрлаш, бола олдириш ва ўспиринлар секси ҳақида гапириш нега муҳим?

Трейси Эмин
Сурат тагсўзи, Трейси Эмин ҳаётда қолишини тасаввур қилолмасди
    • Author, Наташа Фернандес ва Тина Даҳели
    • Role, BBC 100 Аёл
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Бир неча йил олдин Британиянинг энг машҳур рассомларидан бири бўлган Трейси Эмин ҳозир ҳаёт бўлишини тасаввур қила олмас эди.

"Менинг дафн маросимимда ҳеч қачон тортишманг," деб ёзилган унинг санъат студиясидаги деворга суяб қўйилган улкан картиналардан бирида.

Аммо ўтган йил унга хушхабар келтирди – 2020 йилда оғир қовуқ саратони ташхиси қўйилганидан кейин катта жарроҳлик амалиётидан сўнг унга тўрт йиллик "соғлом" деган хулоса берилди.

У ўзининг тасвирий санъат студияси учун танлаган жой кенг ва ёруғ бўлиб, у ўсган денгиз бўйидаги Маргейт шаҳридаги орзусидаги уй билан ёнма-ён жойлашган.

Ўнлаб йиллар давомида Лондонда яшаб, у ерда "Ёш британиялик рассомлар" деб номланган гуруҳ билан бирга катта муваффақиятга эришганидан сўнг, у энди она шаҳрига қайтишга қарор қилди – у ерда бахтсиз болалик хотираларини "ювиб", янгиларини яратмоқда.

Унинг студияси ҳар қандай рассомнинг орзуси бўлса-да, Эминнинг бу нуқтага келиш йўли у ишлатадиган бўёқ каби силлиқ эмас эди.

1990-йиллар охирида у рассом сифатида танилганида, унинг "Менинг тўшагим" асари биринчи марта Лондондаги Тейт галереясида намойиш этилгани катта шов-шувга сабаб бўлди.

Асар Эминнинг бўш шишалар, доғли ички кийим, презервативлар, сигарет қутилари ва бошқа кундалик чиқиндилар билан ўралган тўшагини акс эттирган эди.

"Менинг ётоғим" (1998) матбуотда сенсацияга сабаб бўлганди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, "Менинг ётоғим" (1998) матбуотда сенсацияга сабаб бўлганди

"Одамлар мени жуда худбин ва ўзига бино қўйган деб ўйлашарди, чунки у мен ҳақимда эди, мен, мен, мен," дейди Эмин ўзининг дастлабки асарлари ҳақида.

"Лекин ҳозир замон ўзгариб кетди."

25 йил ўтиб, уни кенг жамоатчилик эътиборига олиб келган нуфузли Тернер мукофоти номинациясидан сўнг, рассом унинг санъати нима учун акс-садо бераётганини тушунишини айтади, ҳар тугул бу ниҳоят бугунги муҳокамаларни қўзғатмоқда, дейди у.

BBC
"Bilasizmi, bu avtobus bekati orqasidagi shunchaki bir o‘yin emasdi. Kimdir ko‘kragimni ushlab olganday ham emasdi. Men 13 yoshimda to‘liq jinsiy hayot kechirardim.
Emin Treysi
Britaniyalik rassom (Batafsil: bbc.com/uzbek)

"Одамлар зўрлаш, аборт ва ўсмирликдаги секс ҳақида асар яратиш ҳақиқатан ҳам муҳимлигини тушунишяпти, чунки бу масалалар муҳокама қилиниши керак," дейди Эмин. У ўз асарларида кўтарилган мавзулар, айниқса, Гизел Пелико кўтарган зўрлаш атрофидаги халқаро мунозара, 2024 йилда Францияда оммавий зўрлаш бўйича суд жараёни, шунингдек, АҚШда абортнинг сиёсийлашуви ва бутун дунё бўйлаб жинсий зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабар берилганлиги туфайли долзарб деб ҳисоблайди.

Отаси кипрлик турк, онаси инглиз бўлган Эминнинг болалиги тартибсиз кечган. Отаси кўп вақт ёнида бўлмаган, акаси билан бирга ёлғиз онаси қўлида тарбияланган.

Эмин Британия санъат оламини зир титратганди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Эмин Британия санъат оламини зир титратганди

"Отамнинг кипрлик бўлгани катта таъсир кўрсатди, лекин аслида у тоза турк эмасди," дейди Эмин.

"Отамнинг бобоси суданлик эди. Нубиядан. У Усмонлилар империясида қул бўлган. У Кипрда озодликка эришган ва уларни «қора турклар» дейишарди."

Эминнинг отаси Буюк Британияга келганида, у Маргейтда кўплаб кипрлик юнон дўстларини учратган. Улар уни кўчиб келишга кўндиришган экан.

"Отам Маргейтга келиб, меҳмонхона очди, биз бу ерга кипрлик юнон жамоаси орқали келдик," деб эслайди рассом.

Оила отасининг меҳмонхонасида яшаган, аммо бизнес барбод бўлгач ва отаси ғойиб бўлгач, кўчиб кетишга мажбур бўлган.

"Мен фақат вақти-вақти билан отамни кўриб турардим. Шунга кўникканман, биласизми, жуда нотинч, бузилган оиладан чиққанман."

Эминнинг ишларидан бири

Сурат манбаси, Getty

"Менинг оилам қашшоқ эди. Агар ишчи синфидан бўлсангиз ёки мен каби гапирсангиз, сиздан яхши натижа кутишмайди," дейди Эмин.

Охир-оқибат, рассом Буюк Британиядаги чуқур ўрнашган ижтимоий тўсиқларга қарши чиқди.

Унинг айтишича, ҳозирда санъат оламида қора танлилар ва аёллар кўпайган бўлиши мумкин, аммо "ишчи синфи вакиллари жуда кам, чунки бу даражага эришиш учун таълим олишингиз керак, оилангиздан ёрдам олишингиз керак... афсуски, қашшоқ оиладан чиққан бўлсангиз, санъат мактаби, университет ёки коллежда ўқиш деярли имконсиз."

"Агар мен муваффақиятга эришган аёл ҳақида ҳикоя қилмоқчи бўлсам, одамлар сизга «йўқ» деган пайтлар ҳақида гапириб бераман," дейди Эмин.

Лекин у: "Уларга қулоқ солмайсиз. Нима қилиш керак бўлса, шуни қилаверасиз ва ўзингиз хоҳлаган ишни қиласиз," деб қўшиб қўяди.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Бу қатъиятлилик Эминнинг феълида бор бўлиб туюлади. Айнан шу нарса уни 13 ёшида зўрланганидан кейин болалигида бошдан кечирган жароҳатига қарамай, санъат соҳасидаги каръерасини давом эттиришга ундаган.

Шундан сўнг у шундай дейди: "Мен 25-22 ёшли эркаклар билан жинсий алоқада бўлардим."

"Биласизми, бу автобус бекати орқасидаги шунчаки бир ўйин эмасди. Кимдир кўкрагимни ушлаб олгандай ҳам эмасди. Мен 13 ёшимда тўлиқ жинсий ҳаёт кечирардим."

Бу оғир тажрибалардан кўп ўтмай, Эмин уни қўллаб-қувватловчи икки киши билан қалбан яқин бўлиб қолди.

"Мактабга борганимда, тасвирий санъат ўқитувчилари шунчаки: "Стол ёнида ўтириб, расм чизсин», дейишди. Бу фикр миямга ўрнашиб қолди," дейди у.

"Илгари ҳамма менга қанчалик ёмонлигимни айтарди – чекканим учун ёмон, мактабга кеч қолганим учун ёмон, дўконда ўғирлик қилганим учун ёмон, ҳар қандай нарсада ёмон эдим. Ҳеч ким менга бирор нарсада яхши эканлигимни айтмасди," деб эслайди у.

"Кейин тўсатдан менга сурат ишлашда яхшироқлигимни айтишди," дейди у ўзини қўллаб-қувватлаган муаллимлари ҳақида.

Аммо Эмин мактабларда санъатга устуворлик берилмаётганидан ва Буюк Британиядаги сиёсий партиялар бу соҳа мамлакат учун қанчалик муҳим бўлганини унутганидан хавотирда.

"Ҳар сафар иқтисодий инқироз юз берганида, санъат ва ижод Британияни юқорига кўтаради, у Cool Britannia бўладими, 1960 йиллар бўладими, нима бўлишидан қатъи назар. Ҳукуматлар санъатнинг бу мамлакат учун қанчалик муҳимлигини тушунмагани фожиадир," дейди у.

Унинг Лондондаги охирги лойиҳаси 90 минг одамни ўзига жалб қилди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Унинг охирги "Сўнгига қадар сени кузатдим" кўргазмасига 90 000 киши ташриф буюргани Эминни энг кўп ғурурлантиради

Эмин озчиликка мансуб ва кам таъминланган бошқа интилувчан рассомлар ҳам уники каби имкониятларга эга бўлишини хоҳласа-да, ўз ҳаёт йўли ғайриодатий бўлганини тан олади.

15 ёшида Маргейтдан қочиб кетганидан сўнг, у Уоррен кўчасидаги қаровсиз бинода Марказий авлиё Мартин ва Қироллик санъат коллежида ўқиётган ёш ижодкорлар орасига қўшилиб қолди. У атрофга қараб, "нега мен ҳам шундай қилолмайман?" деб ўйлади.

У Қироллик академиясида стипендия олишга эришди ва шу ерда ўзини танита бошлади. 1990-йилларда у санъат оламидаги тенгдошлари орасида "enfant terrible" деган лақаб олди, бу уни маълум даражада ўзгалардан фарқлаб турарди, айни чоғда унинг ривожланишига ҳам тўсқинлик қилганини айтади.

"Улар шунчаки "нима учун музей бу ёввойи бола учун кўргазма қилиб беряпти?" деб ўйлашарди," дейди у.

Ўн йиллар ўтиб, Эминнинг фаолиятида кўп нарса ўзгарди. 2011 йилда у Қироллик санъат академиясининг биринчи аёл профессорларидан бирига айланди ва ўтган йили у "Хоним" унвонига сазовор бўлди – бу Буюк Британияда ўз соҳасига катта ҳисса қўшган аёлларга бериладиган фахрий унвондир.

Шунингдек, у энг сўнгги Би-би-си 100 аёл рўйхатига киритилди, бу рўйхат бутун дунё бўйлаб бардошли ва илҳом берувчи аёлларни жамлайди.

Барча бу эътирофлардан ташқари, унинг охирги "Сўнгига қадар сени кузатдим" кўргазмасига 90 000 киши ташриф буюргани Эминни энг кўп ғурурлантиради.

"Ўлишим муқаррарлигини ўйлаганимда, "Мен шунчаки 1990-йилларнинг ўртамиёна рассоми сифатида эсда қолишни истамайман. Нимадир қилишим керак. Вазиятни яхшилашим керак», деб ўйладим," дейди у.

Шундай қилиб, у денгиз бўйидаги шаҳарчада рассомларнинг кейинги авлодини тайёрлаш учун мактаб очди.

"Трейси Эминнинг рассомлик резиденцияси учун ўнта жой бор. Студиялар билан бирга баъзи стипендиялар ҳам мавжуд, шунинг учун одамлар бепул студия олади ва уларга ёрдам берилади... бу ҳақиқатан ҳам муваффақиятли," дейди у.

"Жуда ажойиб. Чиндан ҳам гўзал жой."

BBC 100 Аёл логоси