Лондон: Қироллик санъат академиясининг нуфузли кўргазмасига ўзбек қизалоқнинг асари танлаб олинди Video Dunyo Yangiliklar

Die Without You

Сурат манбаси, Sophia Eroshkina

Сурат тагсўзи, "Сенсиз ўламан" портретини сотиб олган аёлнинг Софиянинг ота-онасига битилган хатида ёзишича, суратдаги қиз унга ўз болалигини эслатган.
    • Author, Ибрат Сафо
    • Role, BBC Uzbek
  • Ўқилиш вақти: 2 дақ

"Зерикканимдан, ўзимни чизишга қарор қилдим", - дейди София. У бу сўзларни шу кунларда Британия Қироллик санъат академиясида ўтаётган нуфузли "Ёзги кўргазма"сида туриб айтяпти.

Қироллик санъат академиясининг бу тадбири дунёдаги энг кўҳна кўргазма бўлиб, 1769 йилдан бери ҳар йили ўтказиб келинади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Бу йил унга 9 ёшли София Ерошкинанинг "Сенсиз ўламан" дея номланган автопортрети ҳам танлаб олинди.

Кўргазмага ҳар йили ўн минглаб профессионал ва ҳаваскор рассомлар ўз ишларини топширадилар, аммо таниқли рассомлардан ташкил топган ҳайъат уларни танлаётганда муаллиф ким эканини билмайди. Мақсад - ҳам юқори даражали рассомлар, ва ҳам эндигина санъатга қадам қўйган ҳаваскорларга бирдек имкон бериш.

Баъзи номи чиққан рассомлар йилларки ҳаракат қилишса-да, асарлари ҳайъатдан ўтмай қолади.

София санъат билан бир қаторда аниқ фанларга ҳам жуда қизиқади.

Сурат манбаси, Sophia Eroshkina

Сурат тагсўзи, София санъат билан бир қаторда аниқ фанларга ҳам жуда қизиқади.

Софиянинг иши осилган хонага қўшни хонада асарлари миллионлаб долларга сотиладиган машҳур рассом Пола Регонинг иши турганини кўрдим.

87 ёшли бу машҳур рассомнинг "Кадет ва унинг синглиси" асари аввалроқ 1,8 миллион долларга сотилганди.

Алоқадор мавзулар:

Софиянинг асари осилган девордаги таниқли ҳажвчи Жо Лайсетт чизган расмнинг 1 300 000 минг фунт стерлинг (1 600 000 доллар) нарҳ тамғачаси бор. Софиянинг автопортрети эса 850 фунт (1 076 доллар)га сотилди.

Аммо, гап пулда эмас, албатта. Тасвирий санъат кўплаб инсонларга илҳом бағишлайди, ва уларда турли ҳиссиётлар, руҳий кечинма ва носталгия туйғуларини уйғотади.

"Сенсиз ўламан" портретини сотиб олган аёлнинг Софиянинг ота-онасига битилган хатида ёзишича, суратдаги қиз унга ўз болалигини эслатган ва асарда у соф ва беғубор муҳаббатни илғаган.

Бу йил кўргазмага 1600та тасвирий санъат, меъморчилик, ҳайкалтарошлик ва бошқа турдаги асарлар танлаб олинди.

Уларнинг баъзилари шунчаки кўргазмада намойиш қилиш топширилган ва қайтариб олинади, бошқалари эса, рассом истагига биноан, сотилади.

Sofiya

Сурат манбаси, .

Сотувдан тушган пулнинг бир қисми Академияда қолади ва келгуси иқтидорларни ўқитиш учун сарфланади.

Хўш, Софиянинг ўзига бу минглаб асарлар ичида қайсиси маъқул келди?

У бизни "Булутлар тўхтатиб қўйган дунё яна давом этаверди" номли картина қаршисига бошлайди.

"Менга кўргазмадаги барча асарлар ёқди, лекин мана буниси эътиборимни тортди. У жуда қорамтир рангларда чизилган, лекин ёруғ ранглари ҳам бор", - дейди у рассомларга хос таҳлилий нигоҳи билан.

Ўзбек она ва рус отанинг фарзанди бўлмиш София Ерошкина Лондонда туғилган. У уч қизнинг ўртанчаси ва энг тортинчоғи.

Онасининг айтишича, Софиянинг энг яхши кўрган фанлари тасвирий санъат ва математика. У ҳикоялар ҳам ёзиб туради.

"Бу машҳур кўргазмада қатнашганинг сен учун нимани англатади?" - деб сўрайман ундан.

"Мен жуда бахтлиман" - дейди ёш рассом, боши ўрнида глобус бўлган боланинг ҳайкалига термулиб.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002