Францияда ишсизлик ва миллатчиликка қарши кураш очган ўзбек аёл - video O'zbekiston dunyo yangiliklar

Баҳор Будо

Сурат манбаси, Bahor Boudot

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Францияда президентлик сайловлари келгуси йил апрелда бўлиб ўтиши режаланган, аммо аллақачон унга номзодлар ким бўлиши ва уларнинг эҳтимолий дастурлари ҳақида баҳс ва мунозаралар қизиган.

Номзодлиги ҳали расман эълон этилмаган бўлса-да, «француз Трамп» лақабини олган ўнг-қанот журналист Эрик Земмур барчанинг диққат марказида. Мусулмон ва қора танли мигрантларга қарши кескин чиқишлари билан танилган бу арбобнинг ўзи Жазоирда яҳудийлар оиласида туғилган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Европада энг катта мусулмон ва яҳудий аҳолига эга экани айтиладиган Францияда кўплар Земмурнинг иммиграцияни буткул тўхтатиш таклифи радикал ечим деб кўришлари мумкин. Франциянинг Лион шаҳрида яшовчи ўзбек аёлининг таклифи эса анча юмшоқ, аммо қатъий.

Ўзбекистоннинг Гурлан туманидаги қишлоқлардан бирида пилла етиштириб катта бўлган Баҳор Будо Лионда француз турмуш ўртоғи ва икки фарзанди билан яшайди. Франциядаги ҳаётини энагаликдан бошлаган Баҳор кўп ўтмай бу жамиятдаги турли дин ва миллат вакиллари ўртасидаги адоватга гувоҳ бўлди.

Иммиграция ва Исломга қарши чиқишлари билан танилган Эрик Земмур президентликка ўз номзодини илгари суриши кутилади.

Сурат манбаси, JOEL SAGET/getty images

Сурат тагсўзи, Иммиграция ва Исломга қарши чиқишлари билан танилган Эрик Земмур президентликка ўз номзодини илгари суриши кутилади.

Унинг фикрида, бу адоватга энг катта сабаб - мулоқотнинг йўқлиги.

Баҳор истиқомат қиладиган чекка мавзе, французларда banlieue деб аталувчи маҳаллада 42 миллат вакили яшайди. Туман ҳокимининг маълумотига кўра, айни мавзедаги аҳолининг 40 фоизи қашшоқликда яшамоқда.

Баҳор Будо асос солган «Eco Couture» уюшмаси ва «Bahor» бренди ана шу икки муаммо - мулоқотнинг йўқлиги ва ишсизликка ечим топишни мақсад қилган. Ўзбекистонда француз тили ўқитувчиси бўлиб ишлаган Баҳор мавзедаги мигрант аёлларни уюшмага чақириб, уларга француз тилини ва тикувчиликни ўргатади.

Баҳор Будо Лион шаҳрининг собиқ ҳокими Жерар Коллом билан.

Сурат манбаси, Bahor Boudot

Сурат тагсўзи, Баҳор Будо Лион шаҳрининг собиқ ҳокими Жерар Коллом билан.

Бу лойиҳанинг яна бир ўзига хослиги исрофгарчиликка қарши курашишида. Франциянинг ипак маркази деб танилган Лион шаҳрида ўнлаб йирик тўқимачилик корхоналари Christian Dior, Yves Saint Laurent, Hermes ва бошқа энг машҳур брендларга ипак етказиб беради.

Аммо, агар ипак толаси ё рангида носозлик бўлса, у чиқиндига улоқтирилади ва йилига минглаб тонна мато исроф бўлади. Баҳор эса уларни тан нархида сотиб олиб, ўз ишчилари билан бирга кўйлаклар тикиб сотади.

Баҳорнинг ижтимоий фаоллиги Франция ҳукумати ва матбуоти назарига тушган. Уч йил аввал у Парижда ўтказилган «Шаҳарлардаги талантлар» танловида совриндор бўлди. Ўтган йил пандемия даврида тиббиёт ходимларига устбош ва ниқоблар танқислиги юзага келганида, ўз корхонасини тезда тиббий халат ва ниқоблар ишлаб чиқаришга вақтинчалик ихтисослаштириши ортидан Лион ҳокими унга миннатдорчилик билдирди.

Айни дамда Баҳор Будо нафақат французлар ва муҳожирлар, балки Франция ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни ҳам мустаҳкамлаш йўлида ишлаяпти. Ўзбекистондаги ипакчилик сифатини яхшилаш ва жаҳон бозорига экспорт қилиш борасидаги таклифлари ортидан у яқинда «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси раисига маслаҳатчи этиб тайинланди.

Ибрат Сафо Лионда Баҳор Будонинг фаолияти билан танишди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek