Марказий Осиёда "аср қурилиши": Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўлида халқ улуши бўладими?

Сурат манбаси, Rasmiy
"Бир белбоғ, бир йўл" ("One Belt, One Road") ташаббуси доирасида қурилаётган Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли янги баҳсни уйғотди. Миллиардлаб долларлик лойиҳаларда оддий фуқаро улуши бўладими?
Минтақанинг сўнгги ўн йилликлардаги энг йирик "Бир белбоғ, бир йўл" инфратузилма ташаббуси жуда кўп лойиҳаларни кўзда тутади.
Хитой дохил минтақадан юкларини Европага қисқа вақт ичида етказишни мақсад қилган Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли ана шу лойиҳалардан биридир.
Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон (ХҚЎ) темир йўли қурилиши қарийиб 30 йиллик "кутиш"лардан сўнг 2024 йили расман амалга оширила бошланганди. Бироқ Қирғизистонда қурилиш ишлари билан бир қаторда лойиҳани "халқники" қилиш мумкинми, деган савол кун тартибига чиқди.
Ушбу ташаббус Қирғизистоннинг собиқ бош вазири Феликс Қулов томонидан илгари сурилди. Унинг таклифи нафақат Бишкек, балки лойиҳанинг тенг ҳуқуқли иштирокчиси бўлган Тошкент учун ҳам муҳим саволларни ўртага қўйиши мумкин.
Maqsad xalqdan pul yig‘ish emas, balki strategik loyihalarda xalqni “kuzatuvchi emas, nazoratchi”ga aylantirishdir.
"Халқ пакети" — мажбуриятми ёки имконият?
Феликс Қуловнинг режасига кўра, Қирғизистоннинг лойиҳадаги 24,5 фоизлик улушидан бир қисми алоҳида «Халқ пакети» сифатида ажратилиб, фуқароларга акциялар шаклида сотилиши мумкин.
"Дастлабки ҳисоблар бўйича, ҳар бир катта ёшли киши учун бошланғич пакетнинг қиймати 4-5 минг сомни (50 доллар атрофида) ташкил қилади ва уни 4-6 йилга бўлиб тўлаш мумкин. Бу эса ойига тахминан 60-90 сўм (тақрибан 10 доллар) бўлади", — деб тушунтиради у.
Бироқ ижтимоий тармоқларда бу ташаббус "давлат ўз зиммасидаги молиявий юкни халқ елкасига ағдармоқда", деган танқидларга учради. Жаноб Қулов эса буни инкор этиб, мақсад пул йиғиш эмас, балки халқни стратегик лойиҳаларда "кузатувчи эмас, назоратчи"га айлантириш эканини таъкидлайди.
Унинг фикрича, юз минглаб акциядорларнинг мавжудлиги лойиҳани сиёсий беқарорликлардан ҳимоя қилувчи энг катта кафолатдир.

Сурат манбаси, Rasmiy
Рақамлар ва молиявий юк
Темир йўл қурилиши учун тахминан 4 млрд 665 млн доллар сарфланиши ҳисоблаб чиқилган. Унинг ярми (2,332 млрд доллар) кредит шаклида олинади. Қолган маблағнинг 51 фоизини Хитой молиялаштиради, Қирғизистон ва Ўзбекистон эса 573 млн доллардан, ҳар бири 24.5 фоиз маблағни таъминлаши керак.
Ўзбекистон учун ҳам бу улуш катта маблағ демакдир. Қўшни давлатдаги баҳс-мунозаралар Тошкент учун ҳам билвосита долзарб: миллиардлаб долларлик лойиҳалар шунчаки "юқоридан" бошқариладиган актив бўлиб қоладими ёки фуқароларнинг реал мулкига айланадими?

Транзит таҳликаси: 6 та чегара ва 36 та текширув
Бироқ, оптимистик режалар олдида жиддий техник тўсиқлар ҳам бор. Транспорт логистикаси бўйича эксперт Марат Мусуралиев транзит йўлидаги қийинчиликларга эътибор қаратади. Унинг ҳисоб-китобига кўра, Хитойдан Европагача юк поезди олтита чегарадан ўтиши ва жами 36 та текширувдан (божхона, чегара, фитосанитария) ўтиши керак.
Бундан ташқари, темир йўл изларининг кенглигидаги фарқ асосий муаммо бўлиб қолмоқда.
Бу дегани, юклар ҳар бир ўтиш нуқтасида бошқа вагонларга қайта юкланиши ёки вагон ғилдираклари алмаштирилиши керак. Туркиядаги Ван кўлида эса юкларни поезддан кемага ва яна кемадан поездга қайта ортиш зарурати туғилади.
Шу билан бирга собиқ бош вазирнинг фикрига муносабат билдирган иқтисодчилар бу каби лойиҳалар 20-30 йилдан кейингина ўзини оқлай бошлаши мумкинлигини ёзишган.

Сурат манбаси, Rasmiy
ХҚЎ темир йўли қурилишига 2024 йил 27 декабрда старт берилган. У лойиҳада иштирок этаётган давлатлар учун нафақат Форс кўрфази ва Европага йўл очади, балки минтақа давлатлари учун иқтисодий ислоҳотларнинг янги имтиҳонига айланади.
"Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон" темир йўли қурилиши минтақадаги техник ва муҳандислик жиҳатдан энг мураккаб лойиҳалардан биридир. Унинг қурилиши доирасида умумий узунлиги 120 километр бўлган 50 та кўприк ва 29 та туннел қурилиши кўзда тутилган. Бу - жами йўлнинг қарийб 40 фоизи туннел ва кўприклар орқали ўтади, дегани. Қирғизистон ҳудудида темир йўлнинг умумий узунлиги 304 километрни ташкил этади.
Қирғизистон собиқ бош вазири Феликс Қулов таклифи ортидан ҳозирда ўртага чиқаётган асосий савол бу Ўзбекистон ва Қирғизистон халқи бу лойиҳада "хўжайин" бўла оладими ёки шунчаки кузатувчи сифатида қоладими, деган саволдир.































