14 ёшда эрга берилиб, 15 ёшида бола кўрган Афғон қизи дунё саҳналарини қандай забт этмоқда?

- Author, Маҳжуба Наврўзий
- Role, BBC News Афғонистон
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Саҳнадаги аёл кристаллар билан безатилган бикинисида товланиб турибди.
Унинг қуёшда қорайган баданида мушак шакллари аниқ кўринади, бу спорт залида соатлаб қилинган машқлар самараси.
Роя Каримийнинг тобига етказиб қилинган пардози ва сариққа бўялган сочлари "Дунё гўзали" танлови финалига ҳам ярашарди.
Атиги 15 йил олдин у Афғонистонда ўсмир она эди – янги ҳаёт томон қочишидан олдин у ёш бўла туриб турмушга берилган бир қиз бўлганини тасаввур қилиш қийин.
Ҳозир 30 ёшда, у Европанинг энг яхши бодибилдерларидан бири ва шу ҳафта бодибилдинг бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этади. Унинг юксалиши мисли кўрилмаган бўлди – у спорт билан профессионал тарзда шуғуллана бошлаганига икки йил ҳам бўлгани йўқ.
Роя онаси ва ёш ўғли билан Афғонистондан қочганида, буларнинг ҳеч бири ҳақиқатга ўхшамасди. Ўшанда у Норвегиядан бошпана сўраган ва ўша ерда янги ҳаёт қурган, таълимни давом эттирган, ҳамшира бўлган, шунингдек, бодибилдинг билан шуғулланадиган янги турмуш ўртоғи билан танишган.
Унинг айтишича, бодибилдинг унга йиллар давомида қўйилган ақлий ва ижтимоий чекловлардан халос бўлишга ёрдам берган.
"Ҳар сафар спорт залига борганимда, Афғонистонда менга ҳатто эркин машқ қилишга ҳам рухсат берилмаганини эслайман," дейди Роя BBCнинг Афғон хизматига.
Men bu ahvoldan chiqib keta olganimdan baxtiyorman, ammo ko‘plab ayollar hali ham ta’lim olishdek eng asosiy huquqlariga ega emas. Bu juda qayg‘uli va yurakni ezadi...

Роянинг ҳаёти тор анъаналарга қарши курашиш, ўз шахсиятини шакллантириш ҳамда ўз Ватанида чекловларга дуч келган аёлларни илҳомлантиришга уриниш тарихидан иборат бўлди.
Бу чекловларнинг баъзилари Роя Афғонистонда яшаганида бор эди – булар ижтимоий меъёрлар натижаси бўлган. Аммо Толибон ҳокимиятга қайтган 2021 йилдан буён улар янада зўрайди. Эндиликда Афғонистонда аёлларга 12 ёшдан кейин мактабга бориш, аксарият иш ўринларига ишга жойлашиш, эркак ҳамроҳсиз сафар қилиш ва жамоат жойларида овоз кўтариш тақиқланган.
"Мен бу аҳволдан чиқиб кета олганимдан бахтиёрман, аммо кўплаб аёллар ҳали ҳам таълим олишдек энг асосий ҳуқуқларига эга эмас. Бу жуда қайғули ва юракни эзади," дейди Роя.
Ўзга келажак излаш
Аммо толиблар ҳокимиятга қайтишидан бир неча йил олдин Роя "бу ҳаётни истамаслигини" англади.
2011 йилда ўша пайтдаги турмуш ўртоғини қолдириб, Афғонистондан қочиш қарори анъанавий афғон жамиятидаги аёл учун жиддий хавф эди. Бу ҳақда у гапиришни истамайди ва эслашни ёқтирмайди.
Норвегияда Роя бутунлай бошқача муҳитга дуч келди. У янги, янада эркин маданиятга мослашиши, ўзи ва оиласини боқиш учун иш топиши ва норвег тилини ўрганиши керак эди.
Дастлаб барча талабларни қондириш қийин бўлди, лекин унинг саъй-ҳаракатлари охир-оқибат ўз мевасини берди.
Роя ҳамширалик бўйича таҳсил олди ва пойтахт Ослодаги касалхонада ишлади.

Роянинг бодибилдинг билан танишуви унинг ҳаётидаги навбатдаги бурилиш нуқтаси бўлди. Спорт залларига бориш нафақат жисмоний машқлар билан шуғулланиш, балки ўзига бўлган ишончни тиклаш ва шахсий қиёфасини ўзгартириш йўли ҳам эди.
Иккинчи эри, ҳамюрти афғон Камол Жалолиддин билан ҳам шу ерда танишди.
У бодибилдинг бўйича кўп йиллик тажрибага эга, Роянинг асосий қўллаб-қувватлаганлардан бири.
"Камол билан учрашгунимга қадар ҳам спорт билан шуғулланардим, лекин профессионал даражада эмас," дейди у.
"Унинг қўллаб-қувватлови менга куч ва жасорат берди. Менимча, агар эркак аёли ёнида турса, ажойиб ишлар бўлиши мумкин."
Ўлим таҳдидлари ва ҳақоратлар
Бир ярим йил олдин Роя ҳамшираликни ташлаб, бодибилдинг билан профессионал шуғулланишга қарор қилди.
Бу таваккалчилик эди, унинг учун асосий муаммо иш жойини ўзгартириш эмас эди. Бунинг ўрнига, у Афғонистондаги чекловлардан кейин эркинликларга мослашиш ҳақида кўпроқ гапирди.
"Бизнинг энг катта муаммомиз бошқалар бизга қўйган чегаралар, рамкаларни – анъаналар, маданият, дин ёки бошқа нарсалар номидан бизга қўйилган ёзилмаган қоидаларни бузиш эди, – дейди у. – Аммо янгилик яратишга қарор қилганингизда, бу қолиплардан халос бўлишингиз керак."
Бу муаммоларсиз бўлмади.
Унинг саҳнада киядиган бикиниси, ёйиқ сочлари ва оғир макияжи аёлларнинг ўз Ватанида қандай кийиниши ва ўзини қандай тутишини белгилайдиган ижтимоий меъёрлардан тубдан фарқ қиларди.
Ижтимоий тармоқларда унга зўравонлик ва ҳатто ўлим билан кўп таҳдид қилингани кутилмаган эмасди.
У изоҳларни эътиборсиз қолдирди.
"Одамлар фақат ташқи кўринишим ва бикинимни кўришади. Аммо бу ташқи қиёфа ортида кўп йиллик машаққатлар, меҳнат ва матонат ётибди. Бу ютуқлар осон қўлга киритилмаган."
Бироқ ижтимоий тармоқлар Роя учун фақат салбий эмас: улар унга Афғонистондаги аёллар билан мулоқот қилиш, уларга жисмоний саломатлик, ўзига ишонч ва ўзлигини шакллантиришнинг аҳамияти ҳақида сўзлаш имконини беради.

Роя кеча, пайшанба куни Барселонада бошланган Халқаро фитнес ва бодибилдинг федерацияси чемпионатида шу йил бошида эришган ютуқларини янада мустаҳкамлашга умид қилмоқда.
У апрел ойида ўтказилган Stoperiet Open бодибилдинг мусобақасида Саломатлик категориясида олтин медал соҳиби бўлди.
Бу категорияда катта мушак массасига эмас, балки табиий фитнес, соғлом кўриниш ва нозик гўзалликка алоҳида эътибор қаратилади.
Ушбу ғалабадан сўнг бутун Скандинавиядан спортчилар қатнашадиган нуфузли Norway Classic 2025 мусобақасида ҳам ғолиб бўлди.
Шундан кейин у Европа чемпионатига йўл олди ва бу унга жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини берди.
"Қалбимда чуқур бахт, ғурур ва ифтихор туйғусини ҳис қиляпман," дейди у Барселонадаги мусобақага тайёргарлик кўрар экан. "Йил давомида жуда оғир йўл босиб ўтдим, лекин қадам-бақадам олтин медалларга эришишга муваффақ бўлдим."
Эри ва ўғли уни доим қўллаб-қувватлаб туришди.
"Рояни саҳнада кўриш биз биргаликда қурган орзунинг рўёби эди," дейди Камол завқланиб.
Аммо Роя учун бу мусобақа фақат ўзи ва оиласи учунгина эмас.
"Ўзимни руҳан кучли ҳис қилмоқдаман, афғон хотин-қизлари номидан биринчи марта бу рекордни ўрнатиш орқали тарихга кириш умидида бор кучимни сафарбар этишга тўла тайёрман."












