Ўзбекистон ва Марказий Осиё оташкесимни олқишлашди. Эрон - АҚШ ўртасидаги оташкесимда Покистоннинг роли

Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф (ўнгда) ва АҚШ президенти Трамп 2025 йили олинган суратда.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Оташкесимга эришилгани ҳақида Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф эълон қилган.
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Эрон билан АҚШ ўртасида оташкесимга эришилгани ҳақида маълум қилинишидан бир неча соат аввал келишув ҳақидаги кичик умид белгилари Покистондан келаётганди.

Шахсини очиқламаслик шарти билан BBC га гапирган манба музокаралар "катта тезликда" кетаётгани ва Покистон АҚШ билан Эрон ўртасида воситачилик қилаётганини айтганди.

Покистон томонидан воситачилик гуруҳида иштирок этаётганлар "жуда кам сонли танланган" шахслар эканлиги, музокаралар "жиддий ва ўта босиқ" фазода ўтаётганлиги ҳам айтилди. BBC га гапирган манба бу кичик гуруҳ таркибида бўлмаган.

Покистон охирги бир неча ҳафта мобайнида Эрон ва АҚШ ўртасида хабарларни бир бирларига етказиб, воситачилик қилиб келмоқда эди.

Покистон Эрон билан кўп йиллик тарихий алоқалар, ўзаро чегарага эга ва муносабатлар "биродарлик руҳида" эканлигини бот-бот айтиб келган.

АҚШнинг Покистон билан муносабатларига келсак, президент Трамп Покистон қуролли кучлари раҳбари Маршал Амир Мунирни ўзининг " энг хуш кўрган" маршали экани, у Эронни ҳар кимдан яхшироқ билишини айтганди.

Покистон қуролли кучлари раҳбари Маршал Амир Мунир

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Покистон қуролли кучлари раҳбари Маршал Амир Мунир Саудия Арабистонига Эрон томонидан ҳужум "можарони тинч йўл билан ҳал қилиш уринишларини йўққа чиқаргани" ҳақида айтганди.

Келишувга эришиш эҳтимоли мутлақо ноаниқ эди. Покистон парламентида сешанба куни кечқурун сўзлаган Ташқи Ишлар вазири Ишоқ Дар "ўтган кеча Исроил Эронга ҳужум қилган ва Эрон ўз навбатида Саудия Арабистонини ҳужумга тутгунига қадар музокаралар ижобий йўналишда кетаётгани борасида некбин эдик", деб айтганди.

"Покистон ҳануз имкон қадар ўз қўлидан келганини қилмоқда", дея илова қилганди Покистон Ташқи Ишлар вазири.

Маршал Мунирнинг оҳанги эса ўта танқидий эди. У Саудия Арабистонига Эрон томонидан ҳужум "можарони тинч йўл билан ҳал қилиш уринишларини йўққа чиқаргани" ҳақида айтганди.

Бу сўзлар Эрон уруши бошланганидан бери Покистон расмийсининг Эронга нисбатан айтган энг қаттиқ сўзлари сифатида баҳоланди.

Баъзи таҳлилчилар бу изҳорот Эронга нисбатан босимни кучайтириши ҳақида айтишди. Покистоннинг Саудия Арабистони билан мудофаа келишуви бор ва ҳужумларга қарамай ҳануз кучда қолмоқда.

Покистон Бош вазирининг Эрон элчиси билан учрашуви.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Покистон Эрон билан алоқалари "биродарлик муносабатлари" эканлигини айтиб келган.

Покистонда вақт ярим тундан ўтганидан сўнг Бош вазир Х Ижтимоий саҳифасида "дипломатик жараён ...илгари силжиётгани ва яқин келажакда натижага эришилиши" ҳақида хабар қолдириб, президент Трампдан муҳлатни 2 ҳафтага чўзиш ва Эрондан Ҳўрмуз бўғозини худди шу муддатга очишни сўради.

Эроннинг Покистондаги элчиси Ризо Амирий Муғадам эса Х да маҳаллий вақт билан тунги соат 3 да "ўта ҳассос ва жиддий нуқтада илгари силжиш" ҳақида хабар қолдирди.

Тонг саҳар 5 га яқин Покистон Бош вазири оташкесимга эришилганини эълон қилиб, томонларни жума 10 апрел куни Исломободда "битим шартларини муфассал келишиб олиш учун" музокараларга таклиф қилди.

Эрон ва АҚШ ўртасида ҳануз ишонч йўқ. Покистон иккала томонни ҳам музокаралар столи атрофига олиб келмоқчи экан, айнан нималар ҳақида келишиб олишлари ҳануз савол остида.

Ўзбекистон ва Марказий Осиё оташкесимни олқишлашди

Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлиги матбуот котибининг Telegram каналида, "Ўзбекистон Покистон раҳбарияти воситачилигида Яқин Шарқда сулҳ ва оташкесим эълон қилинишини олқишлайди", дея баёнот берилган.

"Биз буни кескинликни юмшатиш, сиёсий ва дипломатик мулоқот ҳамда ўзаро мақбул ечимларни излаш учун шароит яратиш йўлидаги муҳим қадам сифатида кўрамиз", дейилади баёнотда.

"Шунингдек, биз барча томонларни вазминликка, вазиятни янада кескинлаштириши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга, тинчлик ва барқарорликка эришиш учун конструктив ҳамкорликни давом эттиришга чақирамиз.

Биз Ўзбекистоннинг можароларни фақат тинч йўллар билан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми тамойилларига қатъий мувофиқ равишда ҳал қилиш зарурлиги ҳақидаги қатъий позициясини яна бир бор тасдиқлаймиз", дея илова қилинган Ташқи Ишлар вазирлиги баёнотида.

Kazinform хабар агентлиги Қозоғистон президенти матбуот котиби сўзларига иқтибосан. жаноб Қосимжўмарт Токаев Эрон ва АҚШ ўртасида эришилган оташкесим келишувини олқишлади, дея хабар берди.

"Бу келишув АҚШ президенти ва Эрон раҳбариятининг хайрихоҳлиги ва доно сиёсати, шунингдек ҳарбий можарога алоқаси бўлган давлатлар қўллови туфайли имконли бўлди", дея айтган Қозоғистон президенти матбуот котиби матбуот анжуманида.

Тожикистон ҳам Эрон ва АҚШ ўртасида эришилган сулҳ битимини олқишлади, деб хабар берди мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг расмий веб-сайтида.

"Умид қиламизки, яқин кунларда можаро томонлари ўртасида бўлиб ўтадиган музокаралар минтақада узоқ муддатли ва кенг қамровли тинчликка олиб келади. Биз бу можарога ҳарбий ечим йўқлигига ва унинг давом этиши Яқин Шарқдаги аллақачон мураккаб вазиятни янада оғирлаштиради ва минтақанинг барча мамлакатларига катта зарар етказади, деб ҳисоблаймиз", дейилади баёнотда.

Тожикистон Ташқи Ишлар вазирлиги Тожикистон томонларни ҳарбий куч ишлатишдан тийилишга ва бунинг ўрнига халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низоми тамойилларига асосланган сиёсий ва дипломатик ечимларни излашга доимий равишда ундаб келганини таъкидлади.