"Қиролича юриши". Нега Қозоғистон аёл шахматчилари эркакларидан кучли?

 21 яшар шахматчи Бибисора Асаубаева шахмат доскаси олдида

Сурат манбаси, Michal Walusza/FIDE

Сурат тагсўзи, Бибисора Асаубаева "Аёллар йирик Швейцари"да
    • Author, Айсмбат Тоқоева
    • Role, Би-би-си, Самарқанд
  • Ўқилиш вақти: 9 дақ

Шахмат Қозоғистон билан кўп ҳам боғлиқ кўрилавермайди. Бироқ охирги йилларда қозоғистонлик аёл шахматчилар халқаро мусобақаларда тобора кўп муваффақиятга эришмоқдалар ва эркак шахматчиларга нисбатан мамлакатига кўпроқ унвон келтиришаяпти. Қозоқ аёл шахматчиларининг муваффақияти феномени нимада?

"Менда орзу йўқ, фақат мақсад бор — жаҳон чемпиони бўлиш".

Бибисора Асаубаева 21 ёшда, ва мабодо унинг ўз қобилиятига шубҳаси бўлса, Би-би-си мухбири билан сентябрдаги ФИДЕ "Катта швейцар" турнири олдидан суҳбатда буни намоён этмади.

Бибисора узун бўйли, узун сочлари қора, жиддий қиёфали қиз. У "швейцар" турнирида қатнашган тўрт қозоқ шахматчи қиздан бири — бу нуфузли мусобақада Қозоғистонни фақат аёллар тамсил этдилар.

Алоқадор мавзулар

Аммо фақат унда - Қозоғистон аёллар терма жамоаси сардори Асаубаевада классик шахмат бўйича жаҳон чемпионатига чиқиш имконияти мавжуд. Бунинг учун у Самарқандда олтин ёки кумуш медални қўлга киритиши керак.

Тўққизинчи раунд ҳал қилувчи бўлади: Бибисора қаршисида қизил пиджак кийган турнир пешқадами — келиб чиқиши украин Россия шахматчиси Екатерина Лагно, у 12 ёшида дунёнинг энг ёш аёл гроссмейстер бўлган.

Катерина Лагно ва Бибисора Асаубаева 9-раундда

Сурат манбаси, Michal Walusza/FIDE

Сурат тагсўзи, Катерина Лагно ва Бибисора Асаубаева 9-раундда

Асаубаева ўзининг "аёл гроссмейстерлиги"ни 15 ёшида қўлган киритган.

Ўтган йили июлида эса шахматдаги энг юқори мақом - халқаро гроccмейстер унвонини қўлга киритган иккинчи қозоғистонлик аёл бўлди.

Етти ёшида жаҳон чемпиони

"Ота-онам айтишларича, мен болалигимдан анча зийрак бўлганман. Конструктор йиғиш, шеър ёдлаш, китоб ўқиш менга ёқарди. Уч ёшимда "дурак" картасини яхши ўйнардим, уйдагиларни мағлуб этардим. Тўрт ёшимда эса ота-онам мени аста-секин бошқа йўналишга ўтказиш керак деб ўйлашган ва мен шахмат ўйнай бошладим. Шахматни менга бобом ўргатган», — деб ҳикоя қилади Би-би-сига Бибисора.

У Қозоғистоннинг жанубидаги аҳолиси бир неча юз мингни ташкил этадиган Тараз шаҳрида туғилган ва айнан шу ерда шахмат клубига бора бошлаган. Оиласи билан Остонага кўчиб ўтгач, қизча шахмат билан профессионал шуғуллана бошлади — кунига саккиз соат. Дарсларни Россиядан бўлган гроссмейстердан онлайн тарзда олган.

«Дунёдаги энг кучли мактаблардан бири — Россия шахмат мактаби эди. Ўша пайтлар энг яхши мураббийлар айнан Россияда эди», — дейди Асаубаева. — «Агар Қозоғистонни Ҳиндистон ёки Хитой билан солиштирсак, биз унчалик шахмат мамлакати эмас эдик».

Шахмат Қозоғистонда совет даврида — бутун Иттифоқда бўлгани каби — оммалашган эди, аммо қозоқ шахматчилари иттифоқ чемпионатлари ва халқаро турнирларда камдан-кам ғолиб чиқишган. Мамлакат илк ғалабаларга мустақиллик йилларида эришди.

Қозоғистонлик шахматчи аёллар орасида жаҳон даражасидаги чемпионлар 2010-йиллар ўрталаригача бўлмаган, айниқса, халқаро гроссмейстер унвонигача кўтарила олган аёллар.

Қишки қалин кийим кийган икки кекса киши кўчадаги скамейка устига қўйилган шахмат доскасида шахмат ўйнаб ўтиришипти

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Шахмат бутун Совет Иттифоқида машҳур эди(суратда Ленинград, 1958 йил)

Гроссмейстер — умрбод бериладиган унвон бўлиб, уни олиш учун Халқаро Шахмат федерацияси (ФИДЕ) томонидан белгиланган қатор талабларни уч йирик турнирда бажариш, шунингдек, ташкилот рейтингида маълум сондаги очкони тўплаш лозим.

Очколар ФИДЕнинг расмий турнирларидаги ютуқлар учун берилади. Олинган ёки йўқотилган баллар миқдори рақибнинг кучига боғлиқ: кучли рақибни мағлуб этиш кўпроқ очко беради, кучсиз рақибдан мағлуб бўлиш эса кўпроқ балл йўқотишга олиб келади.

Халқаро гроссмейстер (ХГ) унвонини олиш учун керакли рейтинг аёллар учун белгиланган рейтингдан юқори, шу сабабли ХГ унвони шахматда кўпинча "эркаклар унвони" деб аталади.

Қозоғистон тарихида илк бор халқаро гроссмейстер мақомини Жансая Абдумалик 2021 йилда қўлга киритди. 21 ёшида у қозоқ аёл шахматининг илк юлдузларидан бирига айланди.

Бибисора Асаубаева ундан бир неча ёш кичик. У етти ёшида Қозоғистон чемпионлигини қўлга киритган ва ўша йилнинг ўзида 8 ёшгача бўлган болалар ўртасида жаҳон чемпиони бўлган.

Кичкина Бибисора бир қўлида кубок, иккинчи қўлидаги олтин медални тишлааб турипти

Сурат манбаси, Bibisara Assaubayeva

Сурат тагсўзи, Бибисора Асаубаева болалигидаги навбатдаги турнирдаги ғалабасидан кейин

Бибисоранинг карьерасини онаси қўллаб-қувватлаган — у ўзи ҳам шахмат мураббийи бўлиб, қизига менежер сифатида ёрдам берган: мураббийларни танлаган ва ташкилий масалаларни ҳал қилган.

2021 йили Асаубаева блиц бўйича жаҳон чемпионлигини қўлга киритди, рапидда эса иккинчи ўринни эгаллади. Унинг ғалабаси шарофати билан навбатдаги турнир Алмати шаҳрида ташкиллаштирилди.

Шахмат турнирлари уч тоифага бўлинади — классик, рапид ва блиц — бу ўйинчига юришлар устида ўйлаш учун берилган вақтга боғлиқ. Энг узоқ партиялар классик шахматда бўлиб, улар бир неча соатга чўзилиши мумкин. Энг қисқа партиялар эса блицда — ҳар бир ўйинчига бутун партия учун беш дақиқагача вақт берилади.

"Бу воқеа ўша вақт сенсацияга айланган эди", — деб фахр билан эслайди Бибисора ўзининг чиқишини. — "Чунки Қозоғистонда катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳеч қачон медал бўлмаган — на эркаклар, на аёллар орасида — на бронза, на кумуш, ва албатта, на олтин".

Аммо энг нуфузли турнирлар айнан классик шахмат ҳисобланади ва "Шахмат тожи" деб жаҳон чемпиони ёки чемпионкаси унвонига айтилади.

"Кунига 1500 доллар"

Ўтган йили Венгрияда бўлиб ўтган Олимпиадада Қозоғистон аёллар терма жамоаси энг кучли жамоалардан бирига айланди — улар кумуш медални қўлга киритиб, Ҳиндистон жамоасига мағлуб бўлишди. Ўша пайтда Қозоқ терма жамоасининг ўртача ёши тахминан 18 ёшни ташкил этарди, ҳинд жамоасида эса бу кўрсаткич 27 ёш эди.

Охирги 10 йилда айнан аёл шахматчилар халқаро мусобақаларда Қозоғистонга мукофотли ўринларни олиб келаяпти.

Бугунги кундаги Қозоғистоннинг энг муваффақиятли шахматчи аёли Бибисора Асаубаеванинг рейтинги 2509 очкони ташкил этади, ва у аёллар ўртасидаги жаҳон рейтингида 10-ўринни эгаллайди.

ФИДЕ олимпиадасида Қозоғистон шахматчи аёллари кумуш медални қўлга киритдилар

Сурат манбаси, Maria Emelianova/FIDE

Сурат тагсўзи, ФИДЕ олимпиадасида Қозоғистон шахматчи аёллари кумуш медални қўлга киритдилар

Қозоғистон шахмат федерацияси аёллар шахматини қўллаб-қувватлашни ўзининг устувор йўналиши қилиб олди, чунки аёллар эркакларга нисбатан яхшироқ натижалар кўрсатмоқда, — дейди Би-би-сига федерация раҳбари Тимур Турлов.

"Ҳолбуки, бутун дунёда вазият аксинча. Аёллар шахмати аслида эркаклар шахматига нисбатан жуда кам молиялаштирилади», — деб тушунтиради у. — "Биз ҳозир эркаклар шахмати билан фаол шуғуллана бошладик, истеъдод нуқтаи назаридан салоҳият борлигини кўряпмиз. Фақат бу салоҳиятни очиш учун кўпроқ вақт, анча кўпроқ маблағ керак".

Бибисора Асаубаева тан олишича, ҳозирда молиявий масала — унинг карьерасидаги ягона муаммо. Катта турнирлар олдидан у йиғинларга боради, у ерда шахсий мураббий учун тўлов кунига 1500 долларни ташкил этади.

"Бир кунлик машғулот менга етарли эмас. Менга шундай йиғинни ҳар ойда камида 10–12 кун ўтказиш керак. Бу эса энг юқори даражадаги спорт», — дейди у.

Асаубаеванинг асосий даромади мукофот пулларидан иборат. Масалан, 2022 йили фақат жаҳон чемпионатида у 70 минг доллар ишлаган — аёллар ўртасида блиц бўйича биринчи ўрин учун 40 минг доллар ва рапидда иккинчи ўрин учун 30 минг доллар.

Шахматчилар, шунингдек, ҳомийлардан молиявий кўмак олишади, жумладан давлатга тегишли "Самрук—Хазинаа" миллий фаровонлик жамғармасидан.

Қозоғистон шахмат федерацияси раҳбари Тимур Турловнинг сўзларига кўра, ташкилот йилига тахминан 10 миллион доллар сарфлайди ва бу маблағнинг "катта қисми"ни "Самрук—Хазина" ажратади. Федерация ўз бюджетига шахматчиларни ўқитиш, мусобақалар олдидан йиғинлар, мамлакат ичида турнирлар ўтказиш ва истеъдодли ўйинчиларга стипендиялар ажратишни киритган.

Солиштириш учун, ўтган йили дунёдаги энг кучли федерациялардан бири — Ҳиндистон шахмат федерациясининг бюджети 8 миллион долларни ташкил этган. Россия шахмат федерациясининг (РШФ) бюджети ошкор қилинмайди, аммо Украинага тўлақонли босқин ва РШФга қарши санкциялар киритилганидан кейин кўплаб россиялик шахматчилар бошқа мамлакатлар номидан ёки нейтрал мақомда иштирок этаяптилар.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Шахматга қизиқиш кучайди

Қозоғистонлик шахматчи аёллар орасидаги илк юлдузлар — Жансая Абдумалик ва Динара Садваққосова нисбатан ёш бўлишларига қарамасдан (25 ва 28 ёш), шахмат карьераларини якунлашган. Жансая Абдумалик ҳозирда Алмати шаҳар кенгаши — маслаҳат аъзоси, Садваққосова эса Остона шахмат федерациясининг фахрий президенти бўлиб, ўз шахмат мактабларини ривожлантираяпти.

Уларнинг ютуқлари «барча кейинги авлод шахматчиларини илҳомлантирди», — дейди Би-би-сига Қозоқ терма жамоаси аъзоси Ксения Балабаева. — «Шу сабабли бизда умуман олганда бу спорт турини яхши кўришади».

"Ҳозир Қозоғистонда шахматга қизиқш кучайди", — дейди Бибисора Асаубаева. — "Чунки шахматга келаётган болалар сони кўпайди, натижада истиқболли ва истеъдодли ёшларни топиш имконияти ҳам ошди".

Шу йил сентябрида Перудаги ёшлар ўртасидаги рапид мусобқасида 19 яшар Ксения Балабаева жаҳон чемпиони бўлди

Сурат манбаси, SOCIAL MEDIA

Сурат тагсўзи, Шу йил сентябрида Перудаги ёшлар ўртасидаги рапид мусобқасида Ксения Балабаева жаҳон чемпиони бўлди

Шахмат мактаб дастурига киритилаяпти — ҳозир Қозоғистонда 500 та мактабда шахмат мажбурий фан сифатида ўқитилмоқда, ва келаси йилда бу рақам икки баробарга оширилиши режалаштирилган, — дейди Тимур Турлов. — «Умид қиламанки, биз босқичма-босқич мамлакатдаги мактабларнинг ярмидан кўпроғини қамраб оламиз. Бизда ҳукумат даражасида тасдиқланган шахматни ривожлантириш бўйича комплекс режа мавжуд».

Унинг қўшимча қилишича, Қозоғистонда «жуда катта мусобақа тақвими» бор — маҳаллий даражадаги мусобақалардан ташқари, федерация йилига 200 дан ортиқ республика даражасидаги турнирлар ўтказади.

«ФИДЕ тобора кўпроқ Қозоғистонни намуна сифатида кўрсатмоқда», — деди Халқаро Шахмат федерацияси президенти Аркадий Дворкович Tengrinews нашрига берган интервьюсида. — «Бу ерда аниқ тизим шаклланган: пойдевор — мактаблардаги шахмат, ривожланиш босқичлари — клублар, секциялар, чемпионатлар мавжуд. Ва энг муҳими — давлат, бизнес ва шахмат жамоатчилиги ўртасидаги мувозанат бор. Айнан шу учлик ҳақиқатан ҳам ишлаяпти".

Шахматда сексизм борми?

Асосий — очиқ — шахмат турнирларида гендер чекловлари йўқ. Аммо амалиётда бундай мусобақаларда асосан эркаклар иштирок этадилар ва ғолиб чиқадилар.

Масалан, ФИДЕнинг Самарқанддаги "Катта швейцар" очиқ турнирида юздан ортиқ шахматчи қатнашди, улардан фақат иккитаси аёл эди. Барча учта мукофотли ўринни эркаклар эгаллади.

Аёллар учун алоҳида, фақат аёллар ўртасидаги турнирлар мавжуд — кўпинча, Самарқанддаги каби, улар очиқ турнирлар билан бир вақтда ўтказилади. Бундай турнирлардаги пул мукофотлари бир неча баробар кам — масалан, бу йил "швейцар" очиқ турнирининг мукофот жамғармаси 625 минг долларни ташкил этган бўлса, аёллар турнирида 230 минг доллар бўлган.

Шахматчи Ксения Балабаева буни ФИДЕ рейтингидаги аёллар баллари эркакларга нисбатан пастроқ экани билан изоҳлайди.

"Шу сабабли тенг мукофот талаб қилиш қийин. Масалан, энг кучли аёл шахматчининг рейтинги тахминан 2600 атрофида, энг кучли эркак шахматчиники эса — 2800. 200 балл фарқ — бу жуда катта фарқ», — дейди у.

Ўртадаги ушбу фарқни тушунтириб берадиган тадқиқотлар ҳам ўтказилган, улар орасида статистика ўрганиши ҳам мавжуд: чунки шахмат билан профессионал шуғулланадиган эркакларнинг сони аёлларникига нисбатан солиштирганда анча кўп. Шунинг учун ҳам эркаклар орасида энг қобилиятлилари кўпроқ учрайди. Бу нарса қозоғистонлик аёл шахматчиларнинг муваффақияти феноменининг қисман сабабини ҳам тушунтириши мумкин — рақобат кам бўлгани учун ҳам давлат дастаклови, шахсий иқтидори ва мотивацияси кучли аёллар эркакларга нисбатан кўпроқ зафарга эришмоқдалар.

Ҳозирги кунда дунёдаги энг кучли 100 шахматчи рейтингида бирорта ҳам аёл шахматчи йўқ. Шахмат тарихи давомида фақат уч нафар аёл бу рейтингга кирган — венгриялик Юдит Полгар, грузин Майя Чибурданидзе ва хитойлик Хоу Ифан.

Бибисора Асаубаева "феминизм ҳақидаги" саволларни ёқтирмайди: у шахматда на сексизм, на дискриминация бор деб ҳисоблайди.

"Барча спорт турларида аёллар ва эркаклар учун алоҳида мусобақалар ўтказилади, — дейди у. — Менимча, аёллар шахматида ҳаммаси жойида. Агар сен нимагадир эришмоқчи бўлсанг, шунга эришишинг мумкин».

Аммо ҳамма ҳам унинг фикрларига қўшилмайди.

Batyr Jamal лойиҳасига берган интервьюда Қозоғистон терма жамоаси аъзолари эркаклар томонидан ўзларига нисбатан нозолислик мавжудлиги ҳақида гапиришган: масалан, аёл шахматчиларнинг эркакларга қарши ғалабалари баъзан шундай изоҳланган — гўёки эркак рақибни аёлнинг ташқи кўриниши ёки кийимининг чуқур ёйилган ёймаси чалғитган эмиш.

Ксения Балабаева айтишича, баъзилар "аёллар шахмати" иборасини камситувчи маънода ишлатишади.

«Кўпинча эркаклар […] шундай дейишади: "аёллар шахмати — бу қандайдир тартибсизлик, жуда кўп хато", — дейди у. — Яқинда мен бир турнирда ўйнадим ва жамоамиз сардори шундай деди: "Биз ҳар йили аёллар столидан азият чекамиз. Масалан, эркак ўйнаса, мен позициясига қараб натижани тахмин қила оламан. Лекин аёл ўйнаса, охирги юришигача натижа қандай бўлишини билмайман".

"Шахмат ўйини тугамайди"

Самарқанддаги "швейцар" турнирида Бибисора Асаубаева ва Екатерина Лагно ўртасидаги партия тўққизинчи раундининг тўртинчи соати кетаяпти: оқ фигуралар билан ўйнаган Лагно бир неча ноаниқ юришлар қилди ва деярли боши берк вазиятга тушиб қолди.

Агар Бибисора ўз пиёдаси билан рақибнинг f2 даги пиёдасини олганида, ғалаба деярли кафолатланган бўларди. Аммо у шоҳ билан омадсиз юриш қилди ва бундан Екатерина дарҳол фойдаланди: филни қурбон қилиб, рухларни алмаштирди ва мажбурий дурангга эришди — қораларда ғалаба учун етарли дона қолмади.

Бу дуранг Лагнога турнир етакчилари сафида қолиш имконини берди. Қолган партиялар натижаларига кўра, у кумуш медални қўлга киритди, очколар бўйича ҳиндистонлик шахматчига ютқазди.

Шахматная доска и фигуры двух шахматисток

Сурат манбаси, FIDE

Сурат тагсўзи, Асаубаева(қоралар) ва Лагно(оқлар) ўйинидаги ҳал қилувчи лаҳза

Бибисора Асаубаева бронза медалини қўлга киритди — бу мукофотли ўрин, аммо ФИДЕнинг Даъвогарлар турнирига йўлланма олиш учун етарли эмас. Бу турнир жаҳон чемпионати йўлидаги навбатдаги босқич ҳисобланади.

Мукофотлаш маросимида у жилмайиб турар, аммо кўнгли хира кўринарди. Қозоғистон шахмат федерацияси ҳисоботига кўра, унда чемпионатга чиқиш имконияти ҳали ҳам бор — агар у декабр ойида Дохада бўлиб ўтадиган рапид ва блиц бўйича жаҳон чемпионатларида яхши натижа кўрсатса.

"Шахматдаги энг кўп ёқтирадиган жиҳатим — ўйин ҳеч қачон тугамаслиги. Мен етти ёшимдан бери кунига саккиз соат машқ қиламан, ҳозир 21 ёшдаман ва ҳали ҳам шунча вақт шуғулланаман», — дейди Бибисора. — "Ва мен ҳали ҳам шахмат ҳақида ҳамма нарсани биламан, энди менга қизиғи қолмади деб айтолмайман. Чунки ҳар сафар янги, қизиқарли, гўзал, ҳатто ҳайратланарли нарсаларни топасиз. Эҳтимол, шахматнинг гўзаллиги шундадир".