Эксклюзив: Шахматни дастаклаш бошқа спорт турларидек қимматга тушмайди – Вишванатан Ананд билан суҳбат Video O‘zbekiston dunyo sport yangiliklar

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Июль ойида "Заковат" интеллектуал клуби ҳомийлари Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёева Ўзбекистонда шахмат бўйича йирик чемпионат ўтказилишини эълон қилган эдилар.
Ҳиндистонлик афсонавий шахмат устаси, шахмат бўйича беш карра жаҳон чемпиони Вишванатан Ананд 10-15 август кунлари пойтахт Тошкентда бўлиб ўтган Zakovat-Gambit шахмат турнирида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келди.
Ютуқ фонди 610 миллион сўм бўлган турнирда ўзбекистонлик иқтидорли шахматчилар жаҳоннинг энг кучли ўйинчилари билан беллашдилар.
Таниқли гроссмейстер Вишванатан Ананд мамлакатда илк бор ташкил этилган бундай йирик кўламдаги турнирда қатнашишдан аввал Би-би-си билан эксклюзив тарзда суҳбатлашди:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Суҳбат давомида ўзбек шахматининг бугуни ва келажаги тўғрисида сўз борди.
Шунингдек, жаноб Ананд ёш шахматчиларга омадга эришиш йўлида ўз маслаҳатларини берди.
10 йиллик танаффус

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
ББC: Жаноб Ананд, Ўзбекистонга охирги бор келганингизга ҳам 10 бўлибди. Ҳозирда Янги Ўзбекистон дея аталаётган мамлакатдаги илк таассуротларингиз қандай бўлди? Мамлакат, сизнинг наздингизда, жисмонан ва маънан қандай ўзгаришларга юз тутган?
Ананд: Қиёслаш мушкул. Ҳар икки сафарим ҳам қисқа муддатга бўляпти. Албатта, Тошкентнинг маълум қисмини назарда тутяпман: ҳозир мен турган жойда катта қурилишлар кўзга ташланади. Афтидан, молиявий мавзе қуришмоқда.
Аммо хурсанд бўлганим, ўзбекистонликлар аввалгидек дўстона ва меҳмондўст кайфиятда. Бу кайфият ўзгаришини хоҳламас эдим.
ББC: Мамлакатга ўн йил давомида келмаганингиз сабаби нимада? Нега Ўзбекистон шунча узоқ давр мобайнида сизни ўзига жалб қила олмади?
Ананд: Анча пайт бирор мусобақа бўлмади. Ёдимда, жаҳон чемпиони бўлмиш яқин дўстим Рустам Қосимжонов ўн йил бурун мусобақа ташкиллаган, келишимга имкон пайдо бўлган, бир-биримизга қарши дона сурган эдик.
Кейин узоқ пайт ҳеч нарса бўлмади. Лекин ҳозир ҳомийнинг жиддий кўмаги остида ташкилланган бундай йирик чемпионатни кўриш кишини хурсанд қилади. Бу кўпроқ инсонлар Zakovat-Gambit'да иштирок эта олишини англатади. Яна умид қилиш мумкин, бу чемпионат мунтазам тадбирга айланади.
Умидбахш ўзгаришлар

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
ББC: Спорт ва сиёсат доим бирга юради. Спорт ҳар қандай мамлакатдаги вазиятни яхши кўрсатиб бера олади. Аввалги ўзбек ҳукуматининг фахрий меҳмони ўлароқ ҳозирги ҳукумат ҳақида қандай фикр билдира оласиз?
Ананд: Яқинда шахматчиларга катта имкониятлар берувчи ўзгаришларни кузатдим. Масалан, Сочидаги Жаҳон Чемпионати.
[Ўзбекистонлик спортчиларнинг] кўпчилиги ажралиб турдилар, рейтинги юқори ўйинчилар билан юзлашдилар. Буни кўриб ўзбек шахмати олға кетаётганини ҳис қиласиз. Уларнинг бари ёш, катта ҳаётга энди қадам қўяётган ўйинчилар. Умид қилиш мумкин, келаси 10 йил ёки ундан кўпроқ вақт ичида уларнинг бор истеъдодига гувоҳ бўламиз.
ББC:Zakovat-Gambit'да сизни қандай қарши олишди? Умуман, бундай чемпионатлар ёш шахматчилар учун қанчалик муҳим, деб ўйлайсиз?
Ананд: Албатта муҳим. Ҳар қандай мамлакатдаги шахмат маданияти клублар, чемпионатларга асосланади. Бундай тадбирларда одамлар бир-бири билан учрашади, танишади. Zakovat-Gambit ҳам шундай ўзбек шахматчилари юз кўришадиган тадбирга айланади, деб умид қиламиз.
Бугун ўйин бошланишидан олдин ёшлар билан учрашдим, суратга тушдик. Ва уларни бироз руҳлантира олдим, деб умид қиламан.
ББC: Айтиб ўтганингиздек, мастер-класслар ўтказиб, ёшларни руҳлантирасиз. Zakovat-Gambit'да навбатдаги жаҳон чемпионини кашф этишдан умид қиляпсизми?
Ананд: Эҳтимол. Фавқулодда истеъдодни учратиш мумкин. Лекин у билан шахсан дона сурмайман, деб умид қиламан. Ҳозирча бунга эрта. Албатта бундай тадбирларда истеъдодларни кашф қилиш эҳтимоли ҳар доим бор. Бир вақтлар Багиров Ҳиндистонга келганда у менга қарши ўйнаган эди. Ҳаёт доим такрорланади.
"Қачондир барибир ютасиз"

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
ББC: Афсонавий шахс ўлароқ нега шахмат дунёси Рустам Қосимжонов каби таниқли ўзбекистонликларни деярли кўрмай қўйди, деб ўйлайсиз?
Ананд: Мамлакатлар бир ном билан маълум вақт турғунликни бошдан кечириши одатий ҳолат. Кейин у бошқаларни ўйнашга руҳлантиради ва ҳаммаси бошидан бошланади.
Агар Ҳиндистонга назар солсангиз, ҳозир у ерда шахмат илдам бормоқда. Аммо 30 йил аввал Ҳиндистонда шахмат деярли мавжуд эмас эди. Мен жаҳон чемпиони бўлганимда эса кўплаб одамлар шахматга қизиқа бошлади. Ўхшаш ҳолатлар ҳамма мамлакатда учрайди.
Хулоса қилганда, ҳар бир мамлакат учун таниқли ном керак. Ўзбекистон ҳам шундай йўлдан кетмоқда, дейиш мумкин.
ББC: Мавзуни давом эттирган ҳолда ёш ўзбекистонлик шахматчиларга халқаро майдонда ном қозониш йўлида қандай маслаҳатлар бера оласиз?
Ананд: Маслаҳатим - ўйнашдан тўхтаманг, тинмай машқ қилинг. Бунда аниқ бир шпаргалка йўқ. Шунчаки ўйнашда давом этиш зарур.
ББC: Сир эмас, ҳар қандай гроссмейстер мағлубиятга юз тутиши, тушкунликка тушиб қолиши мумкин. Ўзингиз шундай вазиятларда нима қилгансиз? Ёш ўйинчилар мағлубиятга учраганда нима қилиши лозим?
Ананд: Муҳими мағлубият абадий эмаслигини ёдда сақлаш лозим. Қачондир барибир ютасиз. Қийин ҳолатларда ҳам буни ёдда тутиш керак. Тушкунлик ҳар бир шахс учун ўзига хос бўлади, унинг ечими фақат ўз қўлингизда.
Лекин умумий бир қоида мавжуд - мағлубиятга учрадингизми, уни қабул қилишга ҳаракат қилинг, ундан нимадир ўрганинг. Эсдан чиқарманг, ҳали сизни бошқа ўйинлар кутмоқда. Агар мағлубиятни қабул қила олмасангиз, кейинги ўйинда ҳам яхши ўйнай олмайсиз. Диққатингизни келажакка қаратинг.
ББC: Ҳаётингиздаги энг йирик мағлубиятни айта оласизми? Ундан хулоса қилиб, ёшларга нима дея оласиз?
Ананд: Улар жуда кўп. Одатий шахматчининг карьераси кўплаб омад ва мағлубиятдан иборат. Яна ўша гапларни такрорлайман. Руҳингизни тиклаб олиш учун ўзингизга бироз вақт беринг. Давр ўзгаришига ишонинг, мақсаддан чекинманг. Шунда омад яна қайтиб келади.
ББC: Ёш ўзбекистонлик Шамсиддин Воҳидов рақибини менсимаганлиги айтилган Магнус Карлсенни мағлуб этганда дунё ҳайратда қолган эди. Шахмат оламида рақибига паст баҳо бериш қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?
Ананд: Яна ўша гап - ўйинни ютишга ишонч билан бошлашингиз лозим, лекин бир вақтнинг ўзида мағлубият эҳтимолини ҳам соқит қилмаслик даркор. Ўзига ҳаддан зиёд ишонч билдириш тушкунликка тушиб қолиш билан бир хил. Мувозанат сақлай олиш лозим. Рақибга паст баҳо бериш эса доимо хатарли. Жуда хавфли стратегия. Рақибингиз кўзингизга қанча ожиз кўринмасин, уни ҳурмат қилинг. Устунлик гаштини ўйиндан сўнг суришингиз мумкин, зинҳор ўйин вақтида эмас.
"Истеъдодларингиз кўп"

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
ББC: Ҳозирги ўзбек шахмат мактабига қандай баҳо бера оласиз?
Ананд: Бу мактабни яқиндан биламан, дея олмайман. Лекин у ердан кўплаб истеъдодлар етишиб чиқаётганини айтишим мумкин. Жуда кўп ёшлар майдонга чиқмоқда.
ББC: Ўзбекистонда ўз шахмат мактабингизни очиш ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Ананд: Очиғини айтганда, йўқ. Ҳиндистонда академиям бор. Вестбридж Ананд академияси номи. У ерда ёшларга кўпроқ эътибор қаратамиз. Эҳтимол, Ўзбекистонда ҳам шундай даргоҳ ташкил қилиб қолишим мумкин.
ББC: Ўзбек ҳукумати бокс, кураш каби спорт турларини кенг қўллаб келмоқда, аммо шахматга эътибор у қадар кўзга ташланмайди. Шу сабабдан кўплаб ёшлар бундай спорт турларини танламоқда. Шахматга эътибор бермасликнинг оқибати қандай бўлиши мумкин?
Ананд: Ҳукуматга шахматда ўсиш бор, кўплаб фавқулодда истеъдодларингиз мавжуд, деган бўлар эдим. Бундай имкониятдан фойдаланмаслик ачинарли. Шахматни дастаклаш бошқа спорт турларидек қимматга тушмайди. Агар улар бу ишга қўл урсалар, яқин келажакда буюк ўйинчилар етишиб чиқиши эҳтимоли юқори.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














