Шахмат ўйнаш 'ҳаром'ми?

Саудия Арабистони бош муфтийси Шайх Абдулазиз ал-Шайх шахматни тақиқлаш ҳақида фатво берган.
Шахматни "ҳаром" ва "вақтни зое кетказиш" деб таърифлаган уламо "уни ўйнаганлар орасида душманликка йўл очиши"ни айтган.
Бундан аввал Ироқнинг энг машҳур шиа уламоси Оятуллоҳ Али ал-Систоний ҳам шахмат тақиқланиши кераклигини айтган эди.
Шахмат ўйини 1988 йилгача Эронда "ҳаром" дея тақиқланган.
Аммо Эроннинг собиқ диний раҳбари Оятуллоҳ Ҳумайний қимор сифатида ўйналмаса, шахматга изн берилишини айтган.
Эроннинг ҳозирда халқаро ўйинларда иштирок этадиган Шахмат Федерацияси ҳам бор.
Қимор эмас
Британияда чиқадиган "Гардиан" рўзномаси Саудия Арабистони бош муфтийсининг фатвосидан ҳайратга тушган.
Рўзноманинг ёзишича, 7-асрда бугунги Эрон тупроқларини фатҳ қилган мусулмонлар шахматдан завқ олиб, уни "Оврўпога ҳам етказишганди".

Сурат манбаси, THINKSTOCK
"Гардиан" мусулмон олимлари шахматни омаддан кўра иқтидорга асосланган бир ўйин бўлгани учун қимордан ажратишганига эътибор қаратади.
Би-би-сига гапирган шахмат бўйича Англия чемпиони Найжел Шорт Саудия муфтийсининг фатвосини "буюк фожиа" деб атаган.
Унинг фикрича, шахмат жамиятга таҳдид солмайди.
"Ҳатто Оятуллоҳ Ҳумайний ҳам ўз вақтида шахматни тақиқлаш билан ҳаддан зиёд чуқур кетганини эътироф этганди", - деган инглиз шахматчиси.
Бир саволга жавоб сифатида берилгани учун Саудия муфтийсининг фатвоси бир тавсия сифатида кўрилмоқда ва тақиқ ҳолига келиши кутилмайди.
Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раисининг ўринбосари, таниқли уламо Шайх Абдулализ Мансурнинг айтишича, Марказий Осиё уламолари шахматни "ҳаром" деб тақиқламайдилар.
Унинг сўзларига кўра, "шахмат қимор мақсадида ўйналса ва ютқазган одам чўнтагидан тўласа ҳаром, агар бир киши бу мусобақанинг ҳомийлигини зиммасига олса, ҳалол деб кўрилади".
Абдулазиз Мансурнинг айтишича, ўзбек уламолари, имом хатиблари орасида шахматни яхши ўйнайдиганлар оз эмас.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio








