Токио кундалиги: Оксана ҳақида The Guardian ёзди, финалдаги рақиби Улуғбекни ‘энг зўр жангчи’ деб тан олди - O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон Токио Ёзги Олимпиадасини олтин медаль билан бошлаган илк Марказий Осиё давлати бўлди. Спортчилари аллақачон халқаро эътибор ва эътирофга ҳам тушишга улгурди.
Мамлакат Олимпия терма жамоаси ўзининг ҳисобидаги илк ва ҳозирча ягона медални Ўйинларнинг иккинчи кунидаёқ қўлга киритди.
19 ёшли таэквондочиси Улуғбек Рашитов ўз вазн тоифаси(-68 кг.)да Олимпиадада тенгсиз эканини кўрсатди.
Улуғбек олтин медаль учун курашда собиқ ва амалдаги жаҳон чемпионларини ҳам енгди.
Аёвсиз кечган финал жангида унинг ўзига бўлган ишончи ва тезкорлиги британ шарҳловчиларининг ҳам эътиборидан четда қолмади, ошкора такрорий эътирофларига сабаб бўлди.
Улуғбек кеча, 25 июль куни бўлиб ўтган финал жангида айнан британиялик номдор таэквондочи, амалдаги жаҳон чемпиони Брэдли Синденга қарши куч синашган, рақибини сўнгги сонияларгача аёвсиз кечган курашда 34:29 ҳисобида мағлуб этганди.

Сурат манбаси, official
BBC Sport ҳам финал жанги ва Улуғбекнинг ғалабасини "драматик", деб ёзди.
Фақат олтин медалга кўз тикиб татамига чиққанини ошкора эътироф этган Брэдли Синден ҳам якунида Улуғбекнинг "энг яхши жангчи" эканини шахсан ўзи эътироф этди.
Ғолиб чиққан тақдирда, у ҳам Улуғбек каби Британия таэкводонси тарихига кириши, ўз вазн тоифасида Олимпиада чемпионлигини қўлга киритган биринчи эркак таэквондочи бўлиши кутилганди.
"Мен ундан устун келдим, деб ўйлагандим. Қилган иши таҳсинга лойиқ. Мен эса, бир қанча хатога йўл қўйдим. Яшавор", - деди Брэдли Улуғбек билан жангидан сўнг.
У мағлубияти аламидан тўккан кўз ёшини ҳам камералардан яшира олмади.
Улуғбек Рашитов эса, таэквондо бўйича бир Ёзги Олимпиада Ўйинларининг финалига чиққан ва энг совринли ўрнини эгаллаган ўзбекистонлик илк спортчи бўлди.
Токиода эришган оламшумул ютуғи билан у Ўзбекистон Олимпияси ва мамлакат таэквондоси тарихига кирди.
The Guardian эътирофи

Сурат манбаси, AFP
Худди шу куни ўзбекистонлик гимнастика афсонаси, иштирок этган Олимпия Ўйинларининг сони бўйича жаҳон рекордчиси Оксана Чусовитина катта спорт билан хайрлашди.
Кеча, 25 июль куни бўлиб ўтган саралаш босқич беллашувлари арафасида Британиянинг энг нуфузли иккита нашридан биттаси бўлган The Guardian Оксана ҳақида ёзди.
"Унинг халқаро карьераси қандай тугашидан қатъиназар, Оксана ўтган 30 йил давомида олий даража ва таснифдаги маҳоратни намойиш этгани", "ўзидан мерос қолдиришга муваффақ бўлган" гимнастикачи экани ҳақида ёзди.
Беллашувларнинг финал босқичига чиқа олмаган бўлса-да, Токиодагиси 46 ёшли Оксана Чусовитина карьерасидаги саккизинчиси бўлди.
Дунёдаги қолган бирор бир гимнастикачи эса, ўз фаолияти давомида бунча кўп Олимпиада Ўйинларида иштирок эта олмаган.
Оксана Чусовитина ўзбекистонлик дунё таснифидаги энг номдор ва энг совриндор ягона спорт гимнастикачиси бўлади.
Токио Ёзги Олимпиадасининг тантанали расмий очилиш маросими чоғида унинг иккита байроқдордан бири бўлиши, бу каби шарафга лойиқ, деб топилган илк аёл спортчиси сифатида Ўзбекистон тарихига кириши ҳам хабар берилган.
Аммо маросим арафасида Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг байроқдорлари ўзгартирилган, масъулларнинг ҳатто спортчиларнинг ўзлари учун ҳам кутилмагандек бўлгани кўрилган бу қарори Токио Олимпиадаси манзарасида кибер фазода энг кўп баҳсу мунозараларга сабаб мавзулардан бирига ҳам айланган.
Масъуллар ўз қарорлари сабабини беллашувлари яқин экани боис, спортчиларни толиқтириб қўймаслик истаги билан изоҳлашган.
Аммо уларнинг айни мазмундаги изоҳлари ҳам ҳали-ҳануз кибер фазодаги қизғинлик, Оксана Чусовитинага бўлган қўллаб-қувватловни боса олмаган.
Орада ҳатто Оксана Чусовитина ўзининг Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси расмий веб саҳифасида ўзбекистонликларга видеомурожаати ҳам эълон қилинган.
Глобал коронавирус пандемияси сабаб, бир йилга кечиккан Токио Ёзги Олимпиадасига 23 июль куни расман старт берилган.
Медаллар жадвали

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзбекистон жорий пайтда Ўйинларнинг олтин медалини қўлга киритган ягона Марказий Осиё давлати бўлиб турибди.
Қозоғистон ҳисобида эса, ҳозирча иккита бронза медали бор.
Қолган Марказий Осиё давлатлари спортчилари ҳалича Токио Олимпиадасининг совринли ўринларига кўтарила олишмаган.
Медаллари сони бўйича МДҲ давлатлари орасидан Россия етакчилик қилмоқда.
Россия Олимпия Қўмитаси ҳисобида 1та олтин, 4 та кумуш ва 2 бронза - жами 7 та медаль бор.
Медаллар жадвалида Ўзбекистон ҳисобидаги битта олтин медали билан Россиядан кейин (6-ўрин) энг яхши ўрин(13-ўрин)да келаётган иккинчи МДҲ давлати бўлиб турибди.
Токио Олимпиадасида ҳам Ўзбекистонни энг катта сонда намоён этаётган аксарият боксчилари ҳам совринли ўринлар учун курашиш имкониятини сақлаб туришибди.
Турсуной Раҳимова, Элнур Абдураимов, Дилшодбек Рўзметов, Шаҳобиддин Зоировлар ҳам ўзларининг илк жангларини ғалаба билан якунлашган.
Шу соатларда яна бир таэквондончиси Никита Рафалович (-80 кг)нинг ярим финал, қиличбози Зайнаб Дайибекованинг эса, чорак финалга чиққани хабар берилган.
Токио Олимпиадаси ва Ўзбекистон

Сурат манбаси, official
Токио Олимпиадасида Ўзбекистонни жами 71 спортчиси намоён этмоқда.
Улар Ўйинларда 17 спорт тури бўйича совринли ўринлар учун кураш олиб боришади.
Ўзбекистон миллий Олимпия тарихидаги энг совриндор спортчилари курашчилари қаторида боксчилари ва дзюдочилари бўлишади.
Бу галги Олимпиадада ҳам Ўзбекистонни энг кўп боксчилари ва дзюдочилари намоён этишмоқда.
Улар бу йилги Ўйинларнинг 11 тадан лицензиясини қўлга киритишган.
Ўзбекистон сўнгги - XV Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларини ўзи учун тарихий натижа билан якунлаган.
Тўртта олтини илова Ўйинларнинг жами 13 медалини қўлга киритган.
Ўзбекистон президентининг 25 июнь кунги қарори билан Токио Олимпия ва Паралимпия Ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган Ўзбекистон спортчиларининг:
олтин медаль учун - 200 000 АҚШ доллари;
кумуш медаль учун - 100 000 АҚШ доллари;
бронза медаль учун - 50 000 АҚШ доллари;
миқдорида бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилиши кўзда тутилган.
Бу харажатларнинг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланиши айтилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














