Биз Хитой меҳмонхонасида секс билан шуғулландик, сўнг бу минглаб одамларга кўрсатилганини англадик (Видео)

- Author, Wanqing Zhang
- Role, BBC Global China Unit and Eye Investigations
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
2023 йилнинг бир кечаси Эрик ўзи ижтимоий тармоқда ўзи тез-тез кирадиган порнография каналида ўтирарди. Шунда унинг бир видеога кўзи тушди ва қотиб қолди.
Видеода хонага кириб, сумкаларини қўйиб, кейин жинсий алоқада бўлгани кўринган жуфтлик унинг ўзи ва қиз дўсти эди. Уч ҳафта олдин улар Хитойнинг жанубидаги Шенчжен шаҳридаги меҳмонхонада тунаб қолишганида ёлғиз эмасликларини билишмаган.
Уларнинг энг сирли онлари хонада яширинган камера томонидан суратга олинган ва тасвирлар Эрикнинг ўзи порнографияга кириш учун фойдаланиб келган каналда ўтирган минглаб нотаниш одамларга кўрсатилган.
Эрик (унинг асл исми эмас) энди шунчаки Хитойдаги яширин камерали порно саноатининг истеъмолчиси эмас, балки қурбонига айланганди.
Огоҳлантириш: Ушбу ҳикояда баъзи ҳақоратли сўзлар мавжуд
Мамлакатда порно ишлаб чиқариш ва тарқатиш ноқонуний бўлишига қарамай, Хитойда яширин камера порноси деб аталадиган саноат камида ўн йилдан бери мавжуд.
Аммо сўнгги икки йил ичида бу масала ижтимоий тармоқларда мунтазам муҳокама мавзусига айланди, одамлар, айниқса аёллар, қалам ўчирғич каби кичик камераларни қандай аниқлаш бўйича маслаҳатлар алмашишади. Баъзилар ҳатто суратга олинмаслик учун меҳмонхона хоналари ичида чодир ўрнатишгача боришган.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Ўтган йилнинг апрел ойида ҳукуматнинг янги қоидалари ушбу эпидемияни тўхтатишга ҳаракат қилди - меҳмонхона эгаларидан яширин камераларни мунтазам равишда текшириш талаб қилинди.
Аммо меҳмонхона хонасида яширинча суратга олиниш хавфи йўқолмади. BBC Жаҳон хизмати меҳмонхона хоналарида суратга олинган ва порно сифатида сотилган минглаб яқинда олинган яширин камера видеоларини бир нечта сайтлардан топди.
Материалларнинг катта қисми Телеграм иловасида реклама қилинади. 18 ой ичида мен Телеграмда реклама қилинган олтита турли веб-сайт ва иловаларни топдим. Улар меҳмонларни нафақат видеога олиш, балки жонли эфирда ҳам кўрсатиб турган 180 дан ортиқ яширин камераларни бошқаришларини даъво қилишди.
Мен ушбу веб-сайтлардан бирини етти ой давомида мунтазам равишда кузатиб бордим ва 54 хил камера томонидан суратга олинган контентни топдим, уларнинг ярми бир вақтнинг ўзида ишлаётганди.
BBC тахмин қилишича, бу даврда минглаб меҳмонлар суратга олинган бўлиши мумкин. Бу одатий бандлик даражасига асосланади. Кўплар камерага туширилганларини билишлари эҳтимолдан йироқ.
Гонконглик Эрик яширинча суратга олинган видеоларни ўсмирлик чоғида томоша қила бошлаган ва лавҳаларнинг қанчалик "хом" эканлигига қизиқиб қолган.
"Мени ўзига тортган нарса шундаки, одамлар уларни суратга олаётганини билишмайди", дейди ҳозир 30 ёшлардаги Эрик. "Менимча, анъанавий порно жуда саҳналаштирилган, жуда сохта туюлади."
Аммо у ўзи ва қиз дўсти "Эмили"нинг видеосини топиб, таъминот занжирининг қарама-қарши томонида бўлиш нимани англатишини татиб кўрди - ва энди бундай контентдан қониқиш топмаяпти.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост

У Эмилига меҳмонхонада қолишлари суратга олингани, бир соатлик клипга айлантирилгани ва Телеграмга юкланганини айтганида, у буни ҳазил деб ўйлади. Лекин кейин лавҳани ўзи кўргач, даҳшатга тушди.
Эмили клипни ҳамкасблари ва оиласи кўриши мумкинлигидан жуда қўрқди. Жуфтлик бир неча ҳафта давомида бир-бири билан гаплашмадилар.
Хўш, ҳеч нарсадан шубҳаланмаётган жуфтликларнинг яқин жинсий ҳаракатларидан пуллик мижозлар учун фойдаланадиган саноат қандай ишлайди ва бунинг ортида ким турибди?
Мен дуч келган энг таниқли яширин камера порно савдогарларидан бири "АКА" номи билан танилган агент эди.
Истеъмолчи сифатида ўзимни кўрсатиб, мен у томонидан тарғиб қилинган жонли эфир веб-сайтларидан бирига кириш учун ойига 450 юан (65 доллар) тўлаб қўшилдим.
Тизимга киргандан сўнг, мен бешта каналлардан бирини танлаш имкониятига эга бўлдим, уларнинг ҳар бирида бир нечта меҳмонхона хоналари кўрсатилган - меҳмон калит картасини киритиш орқали электр таъминотини ишга тушириши биланоқ улар ишлаб кетади. Жонли эфирларни бошидан орқага қайтариш ва архивланган клипларни юклаб олиш ҳам мумкин эди.
Хитойда тақиқланган, аммо кўпинча ноқонуний фаолият учун ишлатиладиган Телеграмда АКА ушбу жонли эфирларни реклама қиларди. Бизнинг терговимиз давомида битта Телеграм каналида 10 000 гача аъзо бор эди.
Унинг таҳрирланган жонли эфир клиплари кутубхонаси ҳам Телеграмда муайян тўлов эвазига мавжуд. Архивда 2017 йилгача бўлган 6000 дан ортиқ видеоларни кўришим мумкин эди.
АКА обуначилари Телеграм каналининг функциясида видеодаги меҳмонларни томоша қилиб, уларнинг ташқи кўринишини баҳолашади, уларнинг суҳбатлари ҳақида ғийбат қилишади ва жинсий фаолиятини баҳолаб, изоҳлар беришади.
Улар жуфтлик жинсий алоқа қилишни бошлаганда хурсанд бўлишади ва агар чироқларни ўчириб қоронғиликка шўнғисалар, шикоят қилишади. Аёллар мунтазам равишда "фоҳишалар" ва "енгилоёқлар" дея таърифланади.
22 000 долларАКА агенти қарийб бир йилда кўрган даромад
6 200 долларХитойдаги ўртача йиллик даромад
Биз обуначилар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва ўз тадқиқотларимиздан бир нечта маълумотларни тўплаш орқали Хитойнинг марказий қисмидаги Женгжоу шаҳридаги меҳмонхонадан жосуслик камераларидан бирини топишга муваффақ бўлдик.
У ердаги тадқиқотчиларимиз хонага киришга муваффақ бўлишди ва линзаси тўшакка қаратилган камерани девордаги шамоллатиш мосламасидан топишди. У бинонинг электр таъминотига уланган эди.
Меҳмонхонада қолувчилар учун "ўта зарур" буюм сифатида онлайн сотиладиган яширин камера детектори бу камерани топа олмади.
Жамоа махфий камерани ўчириб қўйганида бу хабар Телеграмда яшин тезлигида тарқалди.
Жонгхуа [камера номи] олиб ташланди!" деб ёзди бир обуначи АКА томонидан бошқариладиган асосий каналда.
"Бу жуда ёмон. Бу хонада энг яхши овоз сифати бор эди!" деб жавоб берди АКА чатда.
Аммо шикоятлар бир неча соат ичида байрамга айланди, чунки АКА бошқа меҳмонхонадаги янги камера ишга туширилгани ҳақида хабар берди.
"Бу... [бизнинг жонли эфир платформамиз] тезлиги", деди АКА ўз обуначиларига. "Зўр-a?"
18 ойлик тергов давомида биз АКА каби ўндан ошиқ агентни аниқладик.
Уларнинг обуначилар билан олиб борган суҳбатлари улар таъминот занжирининг тепароғидаги бошқалар учун ишлаётганини кўрсатди. Тепароқдагилар "камера эгалари" деб аталди. Агентларнинг шарҳларидан кўриниб турибдики, бу одамлар жосуслик камерасини ўрнатишни ташкил қилишган ва жонли эфир платформаларини бошқаришган.
АКА билан тўғридан-тўғри хабар алмашишимиз пайтида у тасодифан "камера эгаси" деб айтган одам билан ёзишмаларининг скриншотини улашди. Ундаги профил номи "Brother Chun" («Чун ака») эди.
АКА хабарни тезда ўчириб ташлади ва уни муҳокама қилишдан бош тортди, аммо биз "Чун ака" билан тўғридан-тўғри боғланишга муваффақ бўлдик. Унинг АКАга жонли эфир веб-сайтини тақдим этганига оид далилларимизга қарамай, Чун ака у шунчаки оддий савдо агенти эканлигини даъво қилди, лекин таъминот занжири ўзидан тепага ёйилганини тан олгандек кўринди.

Аён бўлгани шуки, бундан катта миқдорда пул топиш мумкин. Канал аъзолиги ва обуна тўловларига асосланиб, BBC АКА нинг ўзи ўтган апрел ойидан бери камида 163 200 юан (22 000 доллар) даромад олганини тахмин қилмоқда. Хитой Статистика бюросининг маълумотларига кўра, ўтган йили Хитойда ўртача йиллик даромад 43 377 юан (6 200 доллар) бўлган.
Хитойда жосуслик камераларини сотиш ва улардан фойдаланиш бўйича қатъий қоидалар мавжуд, аммо биз мамлакатнинг энг йирик электроника бозори бўлган Ҳуақянгбей шаҳрида уни сотиб олиш нисбатан осон эканлигини аниқладик.
Лекин, яширин камера порноси учун судга тортилган одамлар сони бўйича аниқ рақамларни топиш қийинроқ. Хитой расмийлари сўнгги йилларда анча кам суд ишлари тафсилотларини баҳам кўришган, аммо биз топган ишлар Хитой бўйлаб - шимолдаги Жилин провинциясидан жанубдаги Гуангдонггача бўлган.
Гонконгда жойлашган RainLily номли нодавлат ташкилоти жабрланувчиларга интернетдан яширинча суратга олинган кадрларни олиб ташлашга ёрдам беради. Унинг вакили Блу Ли ўз гуруҳининг хизматларига талаб ортиб бораётганини айтмоқда. Аммо, унга кўра, вазифа борган сари қийинлашяпти.
Телеграм ҳеч қачон RainLily нинг видео ё канални ўчириш сўровларига жавоб бермайди, дейди у, «бунинг ортидан канал админлари, яъни яширин камера порнографиясини сотадиган ёки улашадиган одамларнинг ўзлари билан боғланишга мажбур бўламиз, улар эса жавоб беришга унчалик қизиқишмайди».
"Биз технологик компаниялар бу муаммоларни ҳал қилишда катта масъулиятни ўз зиммаларига олиши керак, деб ҳисоблаймиз. Чунки бу компаниялар нейтрал платформалар эмас. Уларнинг сиёсати контентнинг қандай тарқалишини шакллантиради", дейди Ли.

BBC ҳам Телеграмга шикоят функцияси орқали АКА, Чун ака ва улар бошқарган гуруҳлар ўз платформалари орқали яширин камера порносини улашаётганини айтди, аммо Телеграм жавоб ҳам бермади, чора ҳам кўрмади.
Ўн кундан кейин BBCнинг тўлиқ тергов натижалари билан яна боғланганимизда, Телеграм бизга шундай деди: "Телеграмнинг хизмат кўрсатиш шартлари розиликсиз порнографияни улашишни қатъиян тақиқлайди" ва "у ҳар куни миллионлаб зарарли контентни олиб ташлаш учун проактив равишда модерация қилади... ва [номақбул контент] ҳақидаги шикоятларни қабул қилади".
Биз расман Чун ака ва АКАга улар бехабар меҳмонхона меҳмонларидан фойдаланишдан даромад кўраётганликлари ҳақидаги хулосаларимизни тақдим этдик. Улар жавоб беришмади, лекин бир неча соатдан кейин контентни реклама қилишлари учун фойдаланган Телеграм аккаунтлари ўчирилган кўринди. Бироқ, АКА менга кириш ҳуқуқини берган веб-сайт ҳали ҳам меҳмонларни жонли эфирда кўрсатяпти.
Эрик ва Эмили ўз тажрибаларидан руҳий жароҳат олишган. Улар ҳар доим жамоат жойларида таниб қолишмасин дея қалпоқ кийиб юришади ва меҳмонхоналарда қолмасликка ҳаракат қилишади. Эрик энди бу Телеграм каналларидан порно томоша қилиш учун фойдаланмайди, лекин барибир уларни вақти-вақти билан текшириб туради – чунки у ўзи тушган видео қайта пайдо бўлишидан қўрқиб қолган.

























