Ўзбекистон: Президент администрацияси раҳбари лавозими қайта ташкил қилинди, унга раҳбар этиб президентнинг қизи Саида Мирзиёева тайинланди

Саида Мирзиёева

Сурат манбаси, Саида Мирзиёева расмий Facebook саҳифасидан

Сурат тагсўзи, Саида Мирзиёева
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Ўзбекистонда қудрат тизимида балки энг таъсирли ўринлардан бирига Саида Мирзиёеванинг ўз отаси томонидан тайинланишини табиийки ҳамма қарсак билан хуш қаршилаётгани йўқ.

Аммо қарсаклар йўқ эмас, айниқса бу каби қудратли мансабни аёл киши эгаллаётгани Ўзбекистон интернет тармоғидаги фаол аёллар томонидан олқишланмоқда.

Танқидчилар эса, бир нуқтада якдил – Ўзбекистонда Президент маъмурияти раҳбарлигига айнан президент қизи тайинлангани мамлакатнинг азалий аммо ижобий бўлмаган анъаналарига мос тушади.

Зотан, қариндош-уруғчилик ва таниш билишчилик нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё давлатларига хос "қадриятлардир".

Алоқадор мавзулар:

Саида Мирзиёеванинг парвози

Ўзбекистон президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари (Комил Алламжонов) ўринбосари ўлароқ 2019 йилдан бошлаб мамлакат сиёсий саҳнасида бўй кўрсата бошлади.

Нисбатан қисқа бир давр ичида у асосий эътиборини асосан хотин-қизлар муаммоларига қаратди, айниқса оиладаги зўравонликлар масаласини кун тартибига олиб чиқди.

"Менимча, зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига аёлларгина эмас, биринчи навбатда давлатнинг ўзи қарши эканига урғу беришимиз лозим. Оиладаги зўравонлик - оиланинг ички иши эмас, бу муаммо бутун жамиятга тегишли. Аёл ўз дарди билан ёлғиз қолиб кетмаслиги керак", деб айтганди Саида ўз чиқишларининг бирида.

Ўзбекистонда маиший ва оилалардаги зўравонлик масаласи ҳамон кун тартибидан тушгани йўқ, аммо айни масалага президент қизининг эътибор қаратгани айни мавзуга кўпроқ эътибор қаратилишига туртки бўлди.

Илк тайинловдан кўп ўтмай у Президент администрацияда фаолият бошлар экан, айрим фаоллар ва кузатувчилар илк бор "ворислик" масаласини кўтара бошлашди.

Саиданинг PR "юришлари" жадаллашди, мамлакатдаги нуфузли интернет нашрлардан саналган Кун.уз «Миссия» деб номланган қатор роликларни чиқарди.

Орада шахсан Ўзбекистон президентининг ўзи томонидан аксарият томонидан мамлакатдаги энг ҳассос минтақалардан бири сифатида кўрилувчи Қорақалпоғистонни ривожлантириш бўйича масъул этиб тайинланди.

Унгача маълум муддат президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг ўринбосари, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш фонди васийлик кенгаши раисининг муовини ва президент администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири бўлиб ҳам ишлаган.

Апрел ойи бошларида Самарқанд "Марказий Осиё - Европа Иттифоқи" биринчи саммитига мезбонлик қилди, йиғиннинг энг нуфузли меҳмонлари билан шахсан, юзма-юз кўришди.

Президент Мирзиёевдан ташқари Ўзбекистондан энг кўзга кўринган мезбон ҳам Саида Мирзиёева эди.

Орадан бир неча ҳафталар ўтиб у Москвага сафар қилди.

Сафар доирасида Ўзбекистон президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева Россия Федерал мажлиси Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко ва Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустин билан учрашувлар ўтказди.

Марказий Осиёда геосиёсий танглик кучайиб бораётган бир манзарада Ўзбекистонга ташрифлари фаоллашаётган Ғарб, жумладан, АҚШ вакиллари бошчилигидаги ҳайъатларни қабул қилган, улар билан кўришган ҳам у бўлди.

Ниҳоят, Саида Мирзиёева Президент администрацияси раҳбари лавозимига тайинланди.

Saida Mirziyoyeva rasmiy Facebook sahifasidan
Ayollarning qat’iyati va muvaffaqiyat sari ildam harakati oilani ham, jamiyatni ham, mamlakatni ham oldinga siljitadigan kuchdir.
Saida Mirziyoyeva

«Ворислик» мавзуси яна ўртага чиқди

Америкадан таниқли журналист Жаҳонгир Муҳаммад Saida Kremlda tasdiqdan o'tib keldi, desam, ba'zilar negativ ham evi bilan-da, deyishgandi. Kadrlar masalasi hali ham Kreml nazoratida. Endi ham ishonmasangiz, u prezident bo'lganda ishonib qolarsiz… деб ёзди.

Саида Мирзиёева Ўзбекистонда асосан расмий минбарлардан нутқ сўзлайдиган давлат раҳбарининг ҳозиргача кўрилмаган инсоний қиёфасини, таъбир жоиз, кенг оммага очиш ва намоён этишга муваффақ бўлган инсон ҳам саналади.

Унинг ўз мақомларида экан, турли хайрия лойиҳаларига бошчилик қилаётгани, Ўзбекистон ташқи имижини яхшилашга қаратилган тадбирларга қўл ураётгани, ўз оиласини янада халққа яқинлаштириш саъй-ҳаракатида экани кўрилади.

Президент отаси, мамлакат биринчи хоними бўлган онаси ва қолган оила аъзоларини ижтимоий мулоқот тармоқларида таваллуд кунлари билан табриклаган, Ҳайит кунларида яқинларининг кундалик ҳаётдаги суратлари билан бўлишиб, Ўзбекистон ичкарисию ташқарисида кўпчиликнинг ҳайратларига сабаб бўлган, дунёнинг янги Ўзбекистонга ўзгача кўз билан қарашига сабаб бўлаётган шахс ҳам айнан Саида Мирзиёева бўлади.

Саида Мирзиёева ўзининг турли ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари - аккаунтларини ҳам анчайин фаоллик билан юритади. Таъбир жоиз, буларнинг барчаси, ҳамда бунга қўшимча ўзи ва идораси қилаётган ишлар борасида энг аввало айни шу акаунтлари орқали маълумот бериб боради.

Жаҳонгир Муҳаммад Facebook саҳифасидан

Сурат манбаси, Skrinshot/Facebook

Сурат тагсўзи, Жаҳонгир Муҳаммад Facebook саҳифасидан

Президентлар ва уларнинг фарзандлари

Сўнгги йилларда минтақа давлатлари бўладими ёки дунё, президент оилаларининг мамлакат сиёсий ҳаётида қанчалик фаоллашиб бораётгани таҳлилчиларнинг алоҳида эътиборларига молик мавзулардан бирига айлангани кўрилади.

Турли ижтимоий мулоқот тармоқларида энг кўп баҳсу мунозараларга сабаб воқеълик экани кузатилади.

Кимдир буни бошқарувдаги тизим табиати, президент отанинг қудратига йўйаётган бўлса, бошқаси бунга қобилияти, салоҳияти бўлса, нега йўқ, у ҳам ўша мамлакатнинг бир фуқароси, қаддини урсин, омадини берсин, деган муносабатда экани англашилади.

Яна бирларининг президентлар фарзандлари билан боғлиқ воқеалар ривожини "хайрлиси бўлсин", дея анчайин "хавотир" билан кузатиб турганликлари маълум бўлади.

Сиёсий таҳлилчилар эса, ўз таҳлилларида ҳали-ҳануз анчайин эҳтиёткор мавқеъда, уларга кўра президент отанинг қизи бўладими, куёви ёки ўғли, ўз яқинларини ишга олиши ҳуқуқчилик нуқта назридан манфаатлар тўқнашуви талқинида мақбул иш бўлмаслиги мумкин.

Аммо таҳлилчилар баҳоси, танқидчилар танқиди ва оддий одамларнинг қизғин акс-садоларига қарамай, бу каби тажриба ҳануз амалда.

Дейлик, халқаро баҳоларда яқин-яқингача дунёнинг энг демократик иккита давлатидан биттаси сифатида кўрилувчи Америка Қўшма Штатларида ҳам илк ваколати чоғида президент Дональд Трамп қизи Иванканинг қанчалик сиёсий фаоллиги баҳсу мунозаралар марказида бўлиб келган.

Марказиё Осиёдаги "ворислар"

Рустам Эмомали ҳам йиллардир Тожикистон Президентининг сиёсий вориси сифатида кўриб келинади

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Рустам Эмомали ҳам йиллардир Тожикистон Президентининг сиёсий вориси сифатида кўриб келинади
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов

Худди шу манзарада минтақавий таҳлилчилар бунга ўхшаш ҳолат аксарият Марказий Осиё давлатларига ҳам бирдек хос эканига, йилларки, эътибор қаратиб келишган.

Фақат Ўзбекистон эмас, қолган аксарият минтақа давлатларида ҳам президентлар фарзандларининг бир ёки бирваракайига бир нечта лавозимни эгаллаб келишгани ёки туришгани кузатилган ва ҳамон кузатилади.

Сўнгги йилларда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ёлғиз ўғли отасининг ўрнини эгаллаган бўлса, қўшни Тожикистон раҳбари ҳам тўнғич ўғли учун худди шундай нарсани кўзлаб юргани анча вақтдан буён таҳлилчилар қолиб, оддий одамлар орасида ҳам айланиб юрган гап бўлади.

Бошқа томондан, таҳлилчилар диққат-маркази ва хулосасидаги бу каби саволлар ҳалича бирор бир минтақа давлати оммавий-ахборот воситаларида ўзининг таҳлилий талқини, баҳосини топмаган.

Оддий аҳоли, оддий одамларнинг бу хусусдаги фикр, мулоҳаза ва муносабатлари ҳам аксарият ҳолларда ўзаро суҳбатлар ёки ижтимоий мулоқот тармоқларидаги коментлардан нарига ўтмаган.