Ўзбекистон: Саида Мирзиёева мусибатдаги аёллар, даҳшатли воқеага эътибор қаратди - O'zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

Сурат манбаси, facebook/arxiv
Ўзбекистон: Саида Мирзиёева мусибатдаги аёллар, даҳшатли воқеага эътибор қаратди - ҳам аёл, ҳам она ва ҳам гендер тенглиги комиссиясининг аъзоси сифатида бу ўзи учун жуда муҳим эканини таъкидлади. Масъуллар ҳозирча жим.
Ҳар икки воқеълик юзасидан ўзининг нуқтаи назарини баён қилди, кеча, душанба куни Facebook акаунтига пост қўйди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи яна Ўзбекистондаги Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари ҳам бўлади.
Саида Мирзиёева тўхталиб ўтган ҳар икки воқеълик сўнгги кунларда кибер фазода энг қизғин муҳокама этилаётган, алал-оқибат Сенат раисининг эътиборини тортганларидан бири бўлади.
Сўнгги ойларда кибер фазода ўзбек аёллари билан боғлиқ бу каби постларнинг сони жиддий ортаркан, бу Саида Мирзиёеванинг биринчи бор бунга ўхшаш ҳолатларга диққат қаратиши эмас.
Ўтган ой бошида у, "эри ишлатилган памперс едиришгача мажбур қилган" самарқандлик жабрдийда аёл Мустаҳкамнинг ҳам тақдирини ҳам беэътибор қолдирмагандек кўринган.
Саида Мирзиёева ўшанда ҳам ўзининг Facebook аканутига пост қўйган, ҳеч кимдан алоҳида ном тутмаган, аммо "саккиз йиллик хўрлик остида яшаганларни ярашув билан "жазолаш" мумкин эмас"лигини ёзганди.

Сурат манбаси, videograb
Кенг жамоатчиликка ошкор бўлган бу каби зўравонлик тафсилотлари эса, мустақил Ўзбекистон тарихида кузатилмагани билан кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган.
Мустаҳкам ўшанда эрининг тўхтовсиз хўрликлари боис, ҳатто уч маротаба ўз жонига қасд қилганини ҳам айтганди.
Саида Мирзиёева эса, ўз постида, "Ҳозир ўғлим билан эртаклар эмас, балки янгиликлар садоси остида ухлаяпмиз", - деркан, " Хотин-қизлар ва журналистларга нисбатан судлов механизми тезкор ва шиддатли бўлиб, бор кучи билан ишлаётганини кўриш" ўзи учун "оғир" эканини таъкидлаганди.
Ўзбекистон аҳолисининг ярмига яқинини хотин-қизлар ташкил этишади.
Президент Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан аёллар масаласини давлат сиёсати даражасига кўтарган, Ўзбекистон тарихида илк бор аёл кишининг номзодини Сенат раислигига илгари сурган ва Сенат қошида гендер тенглик қўмитаси ташкил этилишига ҳам эришган.
Хотин-қизларнинг ҳар томонлама ҳимоясига қаратилган қатор янги ташаббусларга қўл ургани, махсус жамғармалар, марказлар иш бошлагани ҳам кўрилган.
Аммо сўнгги ойларда кибер фазода бўй кўрсатаётган маиший зўравонлик билан боғлиқ ўта аянчли воқеъликлар эса, бу муаммонинг ўзбек жамияти учун ҳали-ҳануз энг оғриқли, жиддий эътиборталаб муаммолардан бири эканига далолат қилган.

Сурат манбаси, official
Янги пост
Биз, ҳозирги кунда журналистлар ҳамжамияти билан биргаликда иккита шов-шувли ҳолатни бирлаштирган "Мусибатдаги аёллар" мавзусидаги воқеаларни кузатиб бормоқдамиз, дея ўз постини бошларкан, Саида Мирзиёева:
"Мен учун, ҳам аёл, ҳам она ва гендер тенглиги комиссиясининг аъзоси сифатида бу жуда муҳимдир!
Биринчи ҳолат — Тошкент вилоятининг бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева.
Мен унга қўйилган айбловларнинг қонуний ёки ноқонунийлигини ҳеч қандай баҳоламоқчи эмасман, бу суднинг мутлоқ ваколати.
Аммо сизнинг эътиборингизни шунга қаратмоқчиманки, энг кичиги атиги икки ёшда бўлган олтита фарзанднинг онаси судгача қамоқда сақланмоқда.
Бизнинг қонунчилигимиз, бошқа ривожланган мамлакатлар қонунчилиги сингари, эркакларникига қараганда аёллар учун бироз кўпроқ имтиёзларни ўз ичига олади.
Бунга мисол сифатида аёл кишининг ҳомиладорлиги ёки вояга етмаган фарзандлари борлиги унга енгиллаштирувчи ҳолатлар тақдим этиши мумкин. Бу ҳам инсонпарварликнинг бир тури.
Гулжаҳоннинг "ишида" нега қонун бу қадар қаттиқ ва қатъий? Олти бола билан қаергадир қочиб қутулиши мумкинми? Наҳотки судгача қамоқда сақлаш бизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ягона йўли бўлса? Жиноят-процессуал қонунчилигида бошқа таъсирчан эҳтиёт чораларини қўллашга нима халақит беради?

Сурат манбаси, kun.uz
Ҳибсга олиш — бу кучли стресс ва шахснинг маънан синдирилишидир. Айниқса, уйда ёш болаларингиз бўлганида... Шунинг учун Тошкент вилоятининг прокуратурасидан қарорни қайта кўриб чиқишларини сўраб қоламан.
Иккинчи даҳшатли воқеа — Наманганлик Гуландом Дадабоеванинг ўзини ўзи ёқиб юбориши.
Унинг онаси ва икки фарзанди қолди. Бу аёллар уларга бошқа бировнинг уйини сотиб юборган фирибгарнинг қурбонига айландилар ва фирибгар эса жинояти учун қамоққа тушди. Мулк ҳақиқий эгаси томонидан талаб қилинган ва суд аёлларни болалари билан биргаликда чиқариб юбориш бўйича қарор қабул қилган.
Бундай даҳшатли ҳолатга қўл урган бу аёлнинг чорасизлигини тўлиқ тушуниб турибман.
Ва қонунчилигимизни бу борада номукаммал, деб ҳисоблайман.
Фирибгарлар қўлига тушиб турар жойларидан айрилиб ва том маънода кўчада қолган ҳолатлар фақат бу аёлдагина учрамайди.
Фирибгарлар қамоққа олинишлари мумкин, лекин моддий зарарни бармоқ билан санайдиганлари қоплайди, холос.
Бу ҳолда, менинг нуқтаи назаримдан, фирибгарлар давлатга қарздор бўлиб, қонун олдида жавоб беришлари керак. Давлат эса ўз ўрнида шундай фирибгарлар гирдобига тушиб қолган инсонларга шу каби муаммолардан чиқишига ёрдам беришлари лозим.

Сурат манбаси, kun.uz
Албатта, "одамлар ўзлари айбдор, жуда соддалар" - деб айтиш мумкин. Бироқ, бунда давлатнинг ҳам айби бор. Қишлоқ аёллари барча қонуний ҳуқуқларини қаердан билишсин? Уларга ҳамма нарсани текшириб, ҳеч кимга ишонмасликни ким ўргатган? Битимни расмий нотариус томонидан қонунийлаштирилиши қандай юз берди?
Бундай саволлар фожиалар содир бўлишидан олдин берилиши керак! Бу каби ҳар қандай ҳолат узоқ ва жиддий терговни талаб қилади. Ва бундай ҳолларда ҳар доим норасида болаларни ҳисобга олмоқлик лозим! Уларнинг ҳеч қандай айби йуқ, лекин улар ҳам катталар билан бирга жазоланмоқдалар.
Мен, депутатлар бу масалаларни муҳокама қилиб, ночор аҳволга тушиб қолган ва алданганлар учун ижтимоий ҳимояни мустаҳкамлашларини жуда-жуда истардим. Ҳеч ким борар жойи йуқ аҳволга тушиб қолмаслиги керак!", - дея ўз постига якун ясаган.
Саида Мирзиёеванинг кечаги пости шу пайтга қадар бир ярим мингга яқин киши томонидан ёқтирилган, ўнлаб маротаба улашилган, "Браво" каби коментларга сабаб бўлган.
Анчайин қарама-қарши мазмунда бўлган юзлаб коментлар орасида, "охиригача олиб боринглар, яна битта қурбон бўлмасин" қабилидагиларининг ҳам борлиги кўрилган.
Саида Мирзиёева ўз постида кўзда тутган масъул идораларнинг унда илгари сурилган фикрларга муносабатлари ҳалича кўзга ташланмайди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















