Саида, Зироатхон Мирзиёева, энди Озода Раҳмон ёрдам берди ва бермоқчи – bbcuzbek.com дайжести, Ўзбекистон, O'zbekiston

Сурат манбаси, official
Саида, Зироатхон Мирзиёева, энди Озода Раҳмон ёрдам берди ва бермоқчи - глобал коронавирус пандемияси манзарасида Ўзбекистон илова айрим минтақа президентлари биринчи хонимлари ва фарзандлари қилаётган хайриялар, бераётган кўмаклари ҳам сарлавҳаларга чиққан хос мавзулардан бирига айланган.
Бу гал Тожикистон президенти тўнғич қизи Озода Раҳмоннинг ёрдами қатор минтақавий нашрларнинг диққат-эътиборини ўзига тортган янгиликка айланган.
Хабарларга кўра, президент отаси маъмуриятининг раҳбари бўлган Озода Раҳмон Хатлон вилоятининг Данғара туманидаги марказий касалхонага кўмак берган.
Озода Раҳмон касалхонага ҳар бири 100 донадан кровать, одеяло, ёстиқ ва ётоқ тўшаклар тўпламини юборган.
Бу ҳақда яна Тожикистон Миллий ахборот агентлиги расман хабар берган.
Маълум бўлишича, бу иш Тожикистон президентининг инсонпарварлик ташаббуслари доирасида амалга оширилган.
Озода Раҳмоннинг кўмаги ортидан, Данғарадаги касалхона ходимлари унинг президент отасига кўрсатган эътибор ва ғамхўрлиги учун ўз миннатдорчиликларини билдиришган.
Кўрилишича, Тожикистон Президенти маъмурияти раҳбари ўзининг ёрдамларини яна давом этдирмоқчи.
Келаси ҳафта бутун мамлакат бўйлаб қийналиб қолган барча касалхоналарга 115 минг сомоний миқдорида дори-дармон юбормоқчи.
Аммо расмий хабарда кўрсатилган ва кўрсатилмоқчи бўлаётган ёрдамларнинг молиявий манбаси очиқланмаган.
Янгиликлар: Мирзиёев мукофотлансин, президент кучаядиган ва Путин, раҳмат
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост

Сурат манбаси, official
Президент қизининг кўмагига оид хабар Тожикистонда коронавирус ҳолларининг ўсиш суръати жиддий хавотирларга сабаб бўлаётган бир манзарада ўртага чиққан.
Расмий Душанбе ўзларидаги илк коронавирус ҳолати ҳақида расман шу йилнинг 30 апрель куни маълум қилган.
Ўтган икки ҳафтанинг ичида Тожикистонда коронавирусга чалинганлар сони расман 900 кишидан ортган.
Коронавирусдан жаъми ўлим ҳоллари эса, расман 29 тага етган.
Озода Раҳмон 2016 йилнинг январь ойида отасининг фармони асосида Тожикистон президенти маъмуриятининг раҳбари этиб тайинланган.
Унинг турмуш ўртоғи Жамолиддин Нуралиевнинг ҳам Тожикистонда юқори лавозимда - Миллий банк раиси биринчи ўринбосари вазифасида ишлаши айтилади.
Бунақаси ҳали бўлмаган, мен эслай олмайман...

Сурат манбаси, official
Орада кечган вақт давомида Марказий Осиё президентларининг расман амалда бўлган фарзандлари орасидан глобал коронавирус пандемияси муаммосига энг кўп эътибор қаратаётгани Саида Мирзиёева экани кўрилади.
Бунга Ўзбекистон Президенти тўнғич қизи, Ўзбекистон Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосарининг ижтимоий тармоқлардаги расмий постлари далолат қилади.
Ўзбекистонда коронавирус расман 15 март куни қайд этилган бўлса, Саида Мирзиёева орада кечган вақт давомида бу мавзуга тўрт бор қайтган.
"Шундай оғир кунларда соғлиғи, ҳаётини гаровга қўйиб, Ватан, халқ учун хизматга бел боғлаган инсонларга таъзим қилишлари"ни такроран изҳор этган.
Ўзининг бу постларига ана шу инсонларнинг тасвирларини ҳам илова қилган. Уларнинг айримларида ўзи ҳам акс этган.
Саида Мирзиёева ана шундай постларининг бирида глобал коронавирус пандемиясини Аллоҳ инсонларга юборган синовга қиёс берган.
Унда, "Аллоҳ бизга синов юбориб, ўзимизни ислоҳ қилиш, кўпроқ яхшилик, эзгу ишларни амалга оширишга ундаётгандек", - деган жумлаларни ўқиш мумкин бўлган.
Саида Мирзиёеванинг глобал коронавирус пандемиясига бағишланган сўнгги пости ҳам айнан фондлари кўрсатган кўмак ҳақида бўлган.
Унинг ёзишича, карантин туфайли моддий аҳволи оғирлашган аёллар учун "Хавфсиз ёрдам" лойиҳасига қўл уришган.
Айни шу лойиҳа доирасида мингта Uzcard картасини тайёрлатишган ва Жамоат фонди ҳисобидан бир миллиард сўм ўтказишган.
Уни тарқатиш учун бутун Ўзбекистон бўйлаб ижтимоий ҳимояга муҳтож, фарзандларини ёлғиз тарбия қилаётган ва ишсиз қолган мингта аёлни танлаб олишган.
Саида Мирзиёева ўзининг 14 апрел кунги постида "картадаги миллион сўм маълум муддат рўзғор тебратишга имкон бериши"ни айтган.
Аммо "мингта карта - фақат денгиздан томчи" эканини эътироф этаркан, "ушбу ташаббус бошқаларга ҳам ибрат бўлиши"га умид қилиб қолишларини билдирган.
Тошкентдан куни-кеча олинган хабарларга кўра, UzCard устав фондининг 75 фоиз улуши президентнинг тўнғич куёви Ойбек Турсуновга ўтган.
Карантин остидаги инсонлар

Сурат манбаси, Getty Images
Саида Мирзиёеванинг худди ана шу постидан ўн кунча ўтмай, Тошкентдан Ўзбекистон биринчи хонимининг ҳам карантин остида қийналиб қолган инсонлар тақдирига эътибор қаратгани маълум бўлган.
Зироатхон Мирзиёева раислигидаги фонд фаолиятини Ўзбекистоннинг барча ҳудудидаги беш мингта аёлга кўмак беришдан бошлаган.
Дастлабки хайрия миқдори 5 миллиард сўмни ташкил этиши айтилган.
Ташаббус Ўзбекистон биринчи хоними раислигидаги васийлик кенгаши томонидан илгари сурилгани билдирилган.
Маълум бўлишича, Зироатхон Мирзиёева раислик қилишни бошлаган "Замин" халқаро жамоат фондига нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида Ўзбекистонда асос солинган.
Бундан мақсад - мамлакатнинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшиш ва аҳоли турмуш даражасини оширишдан иборат экани айтилган.
Мамлакат биринчи хонимининг бу ташаббусига Президент Шавкат Мирзиёевнинг муносабати ҳозирча маълум эмас.
Аммо карантин шароитида аҳолининг ижтимоий ҳимояси, айниқса, сўнгги кунларда Ўзбекистон раҳбари диққат-эътиборидаги хос масалалардан бири экани кўрилади.
Бунгача мамлакат биринчи хонимининг айнан қандай ишда машғул эканига оид расмий маълумотлар матбуотда деярли бўй кўрсатмаган.
Унинг бир жамоатчилик фондига раислик қилаётганига оид хабар ҳам Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев қудратга келган ўтган тўрт йилча вақт ичида кузатилмаган.
Қолган минтақа давлатларида нима гап?

Сурат манбаси, official
Коронавирус расман қайд этилган қолган икки минтақа давлати - Қозоғистон ва Қирғизистондан ҳозирча бунга ўхшаган хабар олинмаган.
Қозоғистон Президенти Қасим Жомарт Тоқаев ёлғиз ўғлининг суратлари ўтган йил охирида ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган.
Ўшанда бўй кўрсатган хабарларда Тимур Тоқаевнинг сиёсий фанлар номзоди ва бизнесмен экани айтилган.
Айрим интернет нашрлари ундан олти йил аввалги хабарларга таяниб, Қозоғистон президенти ўғлининг "Аби Петролеум Кэпитал" ширкати ҳамасосчиси экани ҳақида ҳам ёзишган.
Тимур Тоқаев яна бобоси, таниқли ёзувчи - Кемел Тоқаев номидаги хайрия жамғармаси асосчиси сифтида ҳам тилга олинган.
Аммо Қозоғистон президенти ёлғиз фарзандига оид расмий маълумотлар имконли бўлган очиқ манбаларда кам.
Қозоғистон президентининг ёлғиз - ўз оиласидан ажрашгани айтилади.
Қирғизистон:
Қирғизистоннинг амалдаги президенти эса, бир қиз ва бир ўғилнинг отаси бўлади.
Оиласига оид маълумотларни Сооронбай Жэээнбековнинг ўзи ўтган йил 24.kg интернет нашрига берган суҳбати чоғида очиқлаган.
Айни шу суҳбат тафсилотларидан маълум бўлишича, Қирғиз-Россия славян университети битирувчиси бўлган қизи ўғлининг тарбияси билан банд.
Куёви президент маъмуриятида эксперт бўлиб ишлайди.
Ўғли Имон эса, ҳали мактаб ўқувчиси бўлади.
Рафиқаси ҳақидаги саволган жавоб бераркан, Қирғизистон президенти унинг кўпроқ фарзандлари тарбияси ва кичиккина фермерлик хўжалиги юмушларида банд экани, диққат-эътиборда бўлишни ёқтирмаслиги, фақат зарур бўлган ҳоллардагина жамоатчилик кўз ўнгида кўриниш беришини айтган.
Савол эса, биринчи хонимларнинг ўз мақомларидан келиб чиқиб, одатда, хайрия ишлари билан шуғулланишлари, нима учун аёли мисолида бундай эмаслиги, уни атайдан ўзи четда тутаётгани ёки йўқлиги мазмунида бўлган.
Туркманистон:

Сурат манбаси, Getty Images
Туркманистон Марказий Осиёнинг ҳалича коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлати бўлади.
Аммо, шунга қарамай, глобал коронавирус пандемияси манзарасида Туркманистон президентининг фарзандлари орасидан энг кўп ўғли - Сардор Бердимуҳаммедов билан боғлиқ хабарлар минтақавий интернет нашрлари диққат-эътиборига тушган.
Қизлари ва Туркманистон биринчи хоними ҳақида расмий хабарлар деярли имконсиз. Кибер фазода борлари эса, кўпинча тахмин ва фаразларга таянгани кўрилади.
Президентлар даражасидаги расмий тадбирлар, учрашувлар ва кутиб олиш маросимларида ҳам Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг ёлғиз кўриниш бериши одатий тус олган.
Дейлик, Туркманистон Саноат ва қурилиш вазири бўлган Сардор Бердимуҳаммедов 1 май куни "Туркман Алабай итлари" уюшмаси раиси этиб ҳам сайланган.
Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмай, Сардор Бердимуҳаммедов ўзи ҳокимлик қилган Ахал вилоятида очган зоомеҳмонхона ва ветеринария - ҳайвонлар шифохонаси билан яна янгиликларнинг сарлавҳасига чиққан.
Расмий хабарларга кўра, бу мажмуа ит, мушук, қушлар ва ҳатто балиқлар учун ҳам мўлжалланган.
Бундан мақсад - бошқа жойга кўчгани, иш сафари ёки меҳнат таътилида экани боис, уй ҳайвонларига қарашга имконсиз қолган одамларга кўмак бериш экани айтилган.
Глобал коронавирус пандемияси фонида қолган бирор бир Марказий Осиё давлатидан олинмагани билан ҳам Туркманистон Президентининг ўғли билан боғлиқ бу каби хабарлар, барибир, ўзига хослик касб этган.
Энг сўнггида яна Ўзбекистон

Сурат манбаси, Getty Images
Франциядаги Гулнора Каримовага тегишли активларнинг ортга қайтарилиши эса, шу кеча-кундузда Ўзбекистонда президент фарзандлари билан боғлиқ сарлавҳаларга чиққан хабарлардан бири бўлган.
Мустақил Ўзбекистон биринчи президенти тўнғич қизига тегишли бу активларнинг умумий қиймати $10 миллион АҚШ доллари экани айтилган.
Расмий хабарларга кўра, маблағ Ўзбекистон давлат бюджетига ўтказилган ва умумий тартибда ишлатилади.
Гулнора Каримованинг ўзи эса, ҳозир қамоқда - жазо муддатини ўтамоқда.
Глобал коронавирус пандемияси, устма-уст табиий офатлар ва Сардоба сув омборидаги техноген ҳалокатнинг Ўзбекистон иқтисодига таъсири эса, шу кунларда оддий ўзбекистонликлар орасида анчайин жиддий хавотирларга сабаб воқеъликлардан бири экани кўрилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














