Уруш ўз ҳудудига ўтар экан, Озарбайжон Эрондан ғазабда

Сурат манбаси, social media
- Author, Ko'nul Halilova
- Role, Muharrir, BBC News Ozarbayjon xizmati
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Озарбайжон Эрон билан чегарадош Нахичеван эксклавига тўртта дрон учирилганида Теҳронни айблаб, Эрондаги дипломатик ходимларини олиб чиқиб кетаётганини маълум қилди.
Яқин Шарқдаги уруш алангаси Эроннинг шимолий чегараларига кўчар экан, ҳужум натижасида аэропорт терминалига зарар етган, мактаб яқинида портлаган дрон тинч аҳолини жароҳатлаган, яна бир учоқ эса уриб туширилган.
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ушбу воқеани "террорчилик акти" деб қоралади ҳамда Теҳрондан тушунтириш ва узр сўрашни талаб қилди. Жума куни у янада кескин қадам ташлаб, "хавфсизлик нуқтаи назаридан" Озарбайжоннинг Теҳрондаги элчихонаси ва Табриздаги консуллиги ходимлари эвакуация қилинишини эълон қилди. Давлат ОАВлари мамлакат армияси юқори жанговар шайлик ҳолатига келтирилганини хабар қилмоқда.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Эрондаги озарбайжонлар масаласи нега кун тартибига чиқмоқда?
Пайшанба куни Алиев Эрон учун ўта нозик мавзу — бу мамлакатдаги этник озарбайжонлар масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Эрон ҳужумларга алоқадорлигини инкор этиб, бу "Исроил томонидан уюштирилган провокация" бўлиши мумкинлигини иддао қилмоқда.
Россия, Эрон, Арманистон ва Грузия билан чегарадош, Каспий бўйидаги кичик, аммо стратегик муҳим давлат бўлган Озарбайжон эндиликда анча йирик тўқнашувлар марказига тортилмоқда. Эрон, Туркия ва Арманистон билан чегарадош Нахичеван ҳудуди эса айниқса низолар вақтида заиф нуқта бўлиб қолмоқда.
Ушбу дрон ҳужумлари Алиевнинг ҳокимиятга келганидан бери Теҳронга нисбатан энг кескин оммавий чиқишига сабаб бўлди. У ҳужум ортида турган Эрон кучларини "хунук, қўрқоқ ва жирканч" деб атади — бу давлат раҳбари учун кам кузатиладиган шахсий ҳақоратдир.

Сурат манбаси, Reuters
Бироқ президентнинг ғазаби фақат сўзлар билан чекланмади. У "мустақил Озарбайжон - Эронда яшаётган озарбайжонлар учун умид маскани", дея таъкидлади. Боку Теҳрон учун ўта нозик бўлгани сабабли узоқ вақт давомида бундай баёнотлардан тийилиб келаётган эди.
Эронда тахминан 20–25 миллион этник озарбайжон яшайди. Улар мамлакатдаги энг йирик этник озчилик бўлиб, асосан шимоли-ғарбий чегара ҳудудларида истиқомат қилади. Ислом Республикаси уларнинг кимлиги ва сиёсий қарашларини ҳамиша миллий хавфсизлик масаласи сифатида кўриб келган. Теҳрон Озарбайжон миллий ўзлигининг мамлакат ташқарисида тарғиб қилинишини ички бирдамликка таҳдид деб билади.
Алиевнинг Эрон озарбайжонлари ҳақида бу қадар очиқ ва даъваткор руҳда гапириши пухта ўйланган қадам сифатида кўрилмоқда. Эрон нафақат ташқи уруш, балки ички норозиликлар ва сиёсий мавҳумлик остида қолаётган бир пайтда, Алиевнинг сўзлари Теҳрон учун огоҳлантиришдек янграмоқда: Озарбайжонга ҳарбий ёки дипломатик босим ўтказишга бўлган ҳар қандай уриниш Бокунинг Эрон ички барқарорлигига таъсир этувчи жавоби билан якунланиши мумкин.
Эрон озарбайжонлари узоқ вақтдан бери маданий ҳуқуқлари поймол этилаётганидан, жумладан, ўз тилида таълим олиш имкони йўқлигидан шикоят қилиб келадилар. Ҳозирда Эронда кўплаб фаоллар ва журналистлар "тузумга қарши ташвиқот" ва "миллий хавфсизликка қарши тил бириктириш" каби айбловлар билан қамоқда қолмоқда.
Шу билан бирга, бу жамият сиёсий жиҳатдан ҳам катта аҳамиятга эга. Шу ҳафта сургундаги собиқ Эрон шоҳи ўғли Ризо Паҳлавий бошқа этник озчиликлар қатори Эрон озарбайжонларини ҳам амалдаги тузумга қарши қўзғолон кўтаришга чақирди.
Эроннинг амалдаги президенти Масуд Пезешкияннинг ўзи этник озарбайжондир. Шанба куни Исроил ва АҚШнинг илк ҳаво зарбалари оқибатида ҳалок бўлган марҳум Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ҳам озарбайжон илдизларига эга экани айтилар эди.

Сурат манбаси, EPA
Асрлар давомида Эронни бошқарган шоҳларнинг айримлари ҳам келиб чиқишига кўра озарбайжон бўлган. Ҳатто энг нуфузли ҳукмдорлардан бири - Шоҳ Исмоил Хатаий XVI асрда ўз саройида озарбайжон тилини асосий тил сифатида қўллаган. Бу озарбайжон маданияти бир пайтлар Эрон давлатчилигини қанчалик чуқур шакллантирганидан далолат беради.
Бироқ, бу тарихий фактларнинг ҳеч бири Эрондаги озарбайжонларга ўз она тилларида таълим олиш ҳуқуқи берилишига ёрдам бермади.
Муштарак шиа мазҳабига қарамай, Эрон ва Озарбайжон сиёсий жиҳатдан бир-биридан узоқлашди. Айниқса, 2020 ва 2023 йиллардаги Қорабоғ урушларида Озарбайжон Туркия ва Исроил қуроллари ёрдамида ҳарбий ғалабаларга эришгач, кескинлик янада кучайди.
Озарбайжоннинг минтақадаги ҳамкорлиги ва Эрон мавқеи
Теҳрон Бокунинг Исроил билан яқин мудофаа ҳамкорлигини ўзига нисбатан жиддий таҳдид деб билади. Эрон расмийлари ва матбуоти Озарбайжонни Исроил разведкасига Эроннинг шимолий чегараларида фаолият юритиш учун шароит яратиб беришда қайта-қайта айблаб келади. Боку эса бу иддаоларни қатъиян рад этади.
Озарбайжоннинг Исроил билан алоқалари фақат хавфсизлик соҳаси билан чекланиб қолмайди. Исроил сезиларли даражада Озарбайжон нефтига таянади, икки давлат ўртасида сиёсий ва разведка соҳасида яқин ҳамкорлик мавжуд. Теҳрон учун эса айнан мана шу шериклик барча шубҳа ва гумонлар марказида туради.
Ўз навбатида, Озарбайжон ҳам Эроннинг қўшни Арманистонни сиёсий ва ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлашига узоқ вақтдан бери норозилик билдириб келади ва буни ўз миллий хавфсизлигига тўғридан-тўғри аралашиш деб баҳолайди.
Ушбу ўзаро ишончсизлик тарихи пайшанба кунги вазият кескинлашуви учун муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда ва Боку Теҳрон томонидан ташланаётган ҳар бир қадамни айнан шу призма орқали талқин этаётир.
Эрон, шунингдек, Озарбайжон ва унинг Нахичеван эксклави ўртасида қуруқлик орқали боғланиш йўли очилишига қарши чиқиб келади. Теҳрон Арманистон ҳудуди орқали Озарбайжонга қуруқлик йўлаги (Зангезур йўлаги назарда тутилмоқда — таҳр.) берилиши мумкинлигига изчил равишда эътироз билдириб келмоқда.
Озарбайжон йирик энергия етказиб берувчи давлат ҳисобланади. Унинг нефти Каспий денгизи бўйидаги Бокудан бошланиб, Гуржистон орқали Туркиянинг Ўрта ер денгизи соҳилларигача чўзилган 1768 километрлик (1100 миль) қувур орқали жаҳон бозорларига чиқади.
Ушбу қувур кунига бир миллион баррелдан ортиқ нефт ташийди ва Европани Россия ҳамда Эрон ҳудудларини айланиб ўтувчи муҳим таъминот йўли билан таъминлайди. Шунингдек, Исроил истеъмол қиладиган нефтнинг салмоқли қисми ҳам айнан шу йўналиш ҳиссасига тўғри келади.
Натижада, бу қувур Эрон учун муҳим потенциал нишон сифатида кўрилмоқда. Унга нисбатан ҳар қандай таҳдид хавфсизлик борасида хавотирларни уйғотиши ва энергия бозорларини ларзага солиши мумкин.
Эрон ҳам, Озарбайжон ҳам вазиятнинг кескинлашишини истамаслигини таъкидламоқда. Алиев Озарбайжон Эронга қарши ҳарбий амалиётларда "иштирок этмаслигини" билдирди, Теҳрон эса дрон ҳужумлари учун масъулиятни рад этишда давом этмоқда.
Бироқ, Алиевнинг Озарбайжонни Эрон озарбайжонлари учун "умид маскани" деб очиқчасига аташи вазиятга янги ва олдиндан айтиб бўлмайдиган омилни олиб кирди.
Алиев Теҳронга шуни эслатиб ўтдики, у Хоманаий ўлдирилганидан сўнг Эрон элчихонасига бориб таъзия билдирган ягона хорижий раҳбар бўлган ва Эроннинг Ливандаги элчихонаси ходимларини эвакуация қилиш ҳақидаги илтимосига шахсан ёрдам берган.
Энди эса, унинг сўзларига кўра, Эрон бу яхшиликларга Озарбайжон ҳудудига дронлар билан зарба бериш орқали жавоб қайтарди. Алиев буни очиқдан-очиқ хиёнат деб баҳоламоқда.





























