Эрон Оятуллоҳ Али Хоманаий ўлимини тасдиқлади. Қуролли кучлар Бош штаби раҳбари ва Исломий инқилоб қўриқчилари қўмондони ҳам ўлдирилган.

Сурат манбаси, Getty Images
Эрон телевизион каналлари Олий Миллий Хавфсизлик кенгашининг Ояттуллоҳ Али Хоманеийнинг ўлимини тасдиқловчи баёнотини тарқатишган.
ВВС томонидан ўрганиб чиқилган сунъий йўлдошдан олинган тасвирларда Оман бўғози соҳилидаги Эрон ҳарбий базасига қилинган ҳужумдан сўнг вазиятни кўриш мумкин.
Vantor йўлдошидан олинган суратда Конарак базасидаги кемадан бурқситиб чиқаётган қуюқ тутунни кўриш мумкин.
Конарак Эрон ҳарбий денгиз кучларининг 4 энг йирик базасидан бири. Шу яқин орада бошқа бир ҳарбий база ҳам жойлашган.
Тасвирлардан яна шу нарса аён бўладики, ҳужум амалга оширилган вақти ушбу кема ягона нишон бўлган.
Шанба кунги ҳужумлар натижасида Оятуллоҳ Хоманеий билан бирга яна қатор юқори мақомли расмийлар ўлдирилган.
Эрон Давлат телевидениеси мамлакат қуролли кучлари Бош штаби раҳбари Абдулраҳим Мусавий ҳам ўлдирилганлигини маълум қилган.
Теҳрон шунингдек, Инқилоб Қўриқчилари гвардияси қўмондони генерал Муҳаммад Пакпур ҳам ўлдирилганлигини тасдиқлади.
Бундан ташқари давлат матбуоти Хоманеийнинг қизи , куёви ва набиралари ҳам ҳалок бўлишганини билдирган.
Эрон Жосуслик хизматидаги манбалар CBS News га ҳаво ҳужумларида 40 қа яқин расмий ўлдирилганлигини айтган.
Мотам ва хурсандчилик

Сурат манбаси, mamlakete/x
Баъзи Эронликлар АҚШ-Исроил ҳужуми оқибатида Оятуллоҳ Хоманеий ўлимини олқишламоқдалар.
BBC Форс хизмати кўчаларга хурсандчилик билан чиққан одамлар тасвирларини тасдиқлай олган.
Исфаҳон шаҳрида олинган тасвирларда одамлар ҳайқириб, машиналар сигналларини чалаётганларини кўриш мумкин.
Яна бир тасвирда мушакбозликлар рўй бераётгани кўринади.
Яқинда рўй берган намойишларда ўлдирилганларнинг яқинлари ҳам ўз уйлари ёки кўчаларда Оятуллоҳнинг ўлимини олқишламоқдалар.
Reuters агентлиги Теҳрон яқинидаги Караж шаҳрида ҳам шундай вазият кузатилганлигини хабар берган.
Аммо якшанба куни эрталаб аксар ерларда кузатилаётган манзара Олий диний раҳбарнинг ўлимига мотамдир. Аммо кун давомида вазият қандай ўзгариши ҳозирча номаълум.
Теҳронда Оятуллоҳ ўлимига мотам тутиб, унинг портретларини қўлларида ушлаб, кўчаларга чиққан одамларни кўриш мумкин.
Ислом республикаси тарихида оламшумул онлар

Сурат манбаси, IRINN
ВВС мухбири Жон Донисоннинг ёзишича, Эронни деярли 40 йил бошқариб келган Оятуллоҳнинг ўлими мамлакат учун оламшумул ҳолатдир.
Унинг ўлими баъзи Эронликлар томонидан олқишланаётгани ҳукуматни ағдаришга даъват қилаётган АҚШ ва Исроилни рағбатлантириши мумкин.
Якшанбага ўтар кечаси Исроил ҳужумларни давом эттирган. Айтилишича, Эрон баллистик ракеталари омборлари ва ҳаво ҳужумларидан мудофаа марказлари нишонга олинган.
Халқаро Қизил Хоч ташкилоти Эронда 200 дан ортиқ инсон ҳалок бўлганлигини хабар бермоқда.
Эрон Инқилоб Қўриқчилари Оятуллоҳ ўлимига мисли кўрилмаган миқёсда даҳшатли жавоб қайтарилишини билдирган.
Исроилда ҳам якшанба тонгида Эрон жавобий ҳужумларни давом эттирган экан аҳолини ҳаво ҳужумларидан огоҳлантирувчи сиреналар янграган.
Эрон ракеталарининг аксари уриб туширилган.
Аммо бир ракетанинг Тел-Авивга келиб тушиши оқибатида бир аёл ҳалок бўлган.
Тез ёрдам хизмати 120 инсон жароҳат олганини маълум қилган. Аммо уларнинг аксари енгил жароҳат эканлиги айтилган.




























