Женевада Эрон-АҚШ музокаралари ва ҳужум хавфи. Эрон ядро дастуридан нима қолди?

Женевадаги Оман элчиси резиденцияси.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Билвосита музокаралар Женевадаги Оман элчиси резиденциясида ўтказилмоқда.
Ўқилиш вақти: 5 дақ

АҚШ ва Эрон ўртасида янги ядро дастури битимига эришиш борасидаги билвосита музокаралар Женевадаги Оман элчиси резиденциясида ўтказилмоқда.

АҚШ ва Эрон расмийлари Женевада билвосита музокараларнинг учинчи даврасини бошлашмоқда.

Президент Трамп агарда Эрон ядро дастури бўйича келишувга рози бўлмаса ҳужумлар амалга оширилиши ҳақида огоҳлантирган.

Музокаралар Яқин Шарқда 2003 йилги Ироқ урушидан бери АҚШ ҳарбийларининг энг кенг миқёсда жамланиши манзарасида рўй бермоқда.

Эрон ўз навбатида ҳужумлар амалга оширилгудек бўлса, муносиб жавоб қайтариши ҳақида айтмоқда.

Женевадаги музокаралар можаронинг олдини олиш йўлидаги охирги ҳаракат сифатида кўрилса ҳам, битимга эришиш эҳтимоли мавҳум қолмоқда.

Жаноб Трамп вазиятни дипломатик йўл билан ечилиши тарафдори эканлигини айтган. Айни вақтда Эрон раҳбарияти битимни қабул қилишлари учун чекланган куч ишлатилиши имконини кўриб чиқаётганини ҳам билдирган.

Эрон АҚШнинг уранни бойитиш жараёнини тўхтатиш талабини рад этган. Шу билан бирга ядро дастури соҳасида баъзи ён босишларга тайёр эканлигини билдирган.

Теҳрондаги мамлакат ядро дастури ва 2025 йил ҳужумларида ҳалок бўлган олимларни олқишловчи лавҳа.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Теҳрон кўчаларида мамлакат ядро дастури ва 2025 йил ҳужумларида ҳалок бўлган олимларни олқишловчи лавҳаларни кўриш мумкин.

Эрон ядро дастури қандай аҳволда?

Эрон ядро дастури қандай аҳволда эканлигини аниқ маълум эмас.

2025 йил июн ойида мамлакатдаги ядро марказлари нишонли ҳаво ҳужумига тутилганди.

Ўшанда АҚШ Эрон билан Исроил орасида 12 кун давом этган уруш мобайнида Исфаҳон, Натанз ва Фордодаги ядро тадқиқотлари марказларини нишонга олганди.

Ҳужумлардан сўнг жаноб Трамп ушбу марказлар "йўқ қилингани"ни айтганди. Бундан бир ҳафта ўтиб Халқаро Атом энергияси агентлиги раҳбари Рафаэл Гросси ҳужумлар "анчайин жиддий аммо мутлақ бўлмаган" зарар етказгани ва уранни бойитиш бир неча ойдан кейин бошланиши мумкинлигини билдирганди.

АҚШ ҳаво ҳужумига тутган Эрон ядро марказлари харитаси.
Сурат тагсўзи, АҚШ ҳаво ҳужумига тутган Эрон ядро марказлари.

Халқаро Атом энергияси агентлиги (IAEA) тахминларига кўра, 2025 йил Исроил ҳаво ҳужумларини амалга оширган вақти Эрон 440 кг 60 фоизга бойитилган уранга эга бўлган. Бу ядро қуроли учун зарур бўлган 90 фоизга бойитилган урандан атиги бир қадам узоқ.

Агентлик раҳбари ўтган октябр ойида Associated Press га агарда мавжуд уран янада бойитилса 10 та атом бомбасига етарли бўлиши мумкинлигини айтганди.

Ноябр ойида эса Эрон Ташқи Ишлар вазири Аббос Ароқчи "Economist" журналига уранни бойитиш тўхтатилганлигини айтган.

Аммо ўтган ойда Fox News канали билан суҳбатда " Ҳа, марказларни ва ускуналарни йўқотдингиз, аммо технологияни ва интилишни бомбалай олмайсиз", дея айтганди.

Reuters агентлиги билан суҳбатда жаноб Гросси январ ойида Эрондаги 13 ядро тадқиқоти маркази текширилгани, аммо ҳужумга тутилган 3 марказга бориш имкони бўлмаганлигини билдирган.

Шунинг учун бойитилган уран қаерда ва қай миқдорда сақланаётгани шунингдек, бойитиш марказлари аҳволи ҳақидаги муҳим саволлар очиқ қолмоқда.

АҚШ президенти Доналд Трамп.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Жаноб Трамп қайта-қайта Эронга ядро қуролига эга бўлишига йўл қўйилмаслиги ҳақида айтган.

Жорий вазият қандай келиб чиқди?

Эрон ҳукумати ядро дастури тинч мақсадларда амалга оширилаётганини ҳамиша таъкидлаб келган.

Эрон Ядро қуролларини тарқатмаслик ҳақидаги битимга имзо чеккан. Бу битим тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва энергия соҳаларида ядро технологияларидан фойдаланишга изн беради, аммо атом қуролини ишлаб чиқиш йўлида эмас.

Аммо IAEA 10 йил давомида ўтказган тадқиқоти натижасида Эрон "1980-2003 йиллар оралиғида портловчи ядро ускунасини яратиш билан боғлиқ қатор амалларни амалга оширган"лигини аниқлаган.

IAEAга кўра, мавжуд маълумотларга асосан Амад лойиҳаси, дея номланган бу дастур ўшанда тўхтатилган. Лекин 2009 йилга келиб Ғарб жосуслик агентликлари Фордодаги ядро ускунаси ҳақида маълумотни қўлга киритишди.

2015 йили IAEA ҳисоботида "2009 йилдан сўнг Эронда портловчи ядро ускунасини яратиш билан боғлиқ жараён ҳақида ишончли маълумот йўқ"лигини айтганди.

Ўша йили Эрон жаҳоннинг йирик 6 давлати билан жазо чораларини енгиллаштириш эвазига ядро дастурини чеклаш борасида битини имзолади.

Лекин 2018 йили президент Трамп бу битим Эроннинг атом бомбасига эришиш йўлини тўса олмаслигини даъво қилиб, ундан чиқишини эълон қилди.

Бунга жавобан Эрон битимда қайд этилган чекловларни бузиб, Фордодаги уранни бойитиш жараёнини қайта бошлаб, мураккаб центрифугаларни ўрнатиб, уранни 60 фоизга қадар бойита бошлади.

2025 йил 12 июн куни IAEA бошқарув кенгаши охирги 20 йилда илк бор Эрон Ядро қуролларини тарқатмаслик битими ўнгидаги мажбуриятларини бузганлигини билдирди. Келгуси куни Эронга қарши Исроил ҳужумлари бошланди.

Эрон Олий диний раҳбари Оятуллоҳ Хоманеи.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Эрон Олий диний раҳбари Оятуллоҳ Хоманеи 2015 йили жазо чораларини енгиллаштириш эвазига ядро дастурини чеклаш борасида битимга рози бўлганди.

Эрон ядро марказларида ишлар давом этмоқдами?

Сунъий йўлдошлардан олинган тасвирларда охирги ойларда Натанз ва Фордо марказларида ишлар давом этаётганлиги акс этади.

Исфаҳондаги марказга олиб кирувчи туннеллар тупроқ билан қоплангани ва янги том қурилаётгани кўринади.

Натанздаги марказ узра ҳам янги том қурилаётгани кўринмоқда.

Исроил ҳужумга тутган, Натанздан 2 км узоқликдаги ер ости марказида ҳам хавфсизлик ва ҳимояни таъминлаш ишлари кетаётганлиги акс этмоқда.

Эрон атом қуролига етишиши учун қанча вақт керак?

Ядро қуролида ишлатилиши мумкин бўлган даражада уранни бойитиш бу каби қуролга эга бўлишни англатмайди. Бу йўлда келгуси техник жараён талаб қилинади.

АҚШ Мудофаа жосуслик хизмати ҳали Исроил ва Америка ҳужумларидан аввал - 2025 йил май ойида Эрон илк атом қуролига етарли бўлган уранга "бир ҳафта ичида" эришиши мумкинлигини маълум қилганди.

Аммо Эрон ҳақиқатан ҳам бойитилган урандан қурол сифатида фойдаланишга ҳаракат қилаётганлиги борасида тахминлар анчайин фарқли.

Агентлик ҳисоботида "Эрон атом қуроли ишлаб чиқмаётгани деярли аниқ, аммо охирги йилларда бу каби қуролни ишлаб чиқиш эҳтимолини кўпайтирувчи аммалларни бажарган", дея айтилади.

Июн ойида эса Исроил ҳарбийлари Эрон ядро қуролида ишлатилиши мумкин бўлган таркибий қисмларни ишлаб чиқариш йўлидаги ҳаракатларида илгари сурилгани ҳақида жосуслик маълумотлари жамланганини айтишганди.

"Эрон 2003 йилга қадар ядро қуролини ишлаб чиқариш соҳасида баъзи имкониятларни қўлга киритган. Кўринишича бу лойиҳа 2003 йили тўхтатилганди. Лекин 2015 йили ядро дастури борасидаги битим бузилгани ва янги битимга эришиш ҳаракатлари самара бермаганидан сўнг эҳтимолки ядро қуроли ишлаб чиқариш жараёнини қайта бошлашга қарор берган бўлиши мумкин", дейди қурол-яроғлар назорати бўйича мутахассис доктор Патришия Люис.

2026 февралида IAEA раҳбари Гроссидан ядро қуролини ишлаб чиқариш йўналишида фаоллик белгилари борми, деб сўралганида у "Йўқ", дея жавоб берганди.

Жаноб Гроссининг қўшимча қилишича, ҳам Эрон ва ҳам АҚШ томонидан битимга эришиш истаги борлигини кўрмоқда.

IAEA раҳбари Рафаэл Гросси

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, IAEA раҳбари Рафаэл Гроссининг айтишича, охирги ойларда Эрон қанча бойитилган уранга эга бўлганлигини аниқлаш имконсиз бўлган.
Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Эроннинг ядро қуролига эга бўлиш ё бўлмаслиги нима учун муҳим?

Ғарб раҳбарлари Эрон ядро қуролига эга бўлмаслиги кераклигини муттасил айтиб келишади.

2025 йили жаноб Трамп "Эрон ядро қуролига эга бўлса жаҳон вайрон бўлади", дея айтганди.

Ундан аввал эса "Исроил йўқотилади", дея изоҳлаганди.

Британия Бош вазири Кир Стармер ядро қуролига эга Эрон минтақадаги барқарорликка энг катта хавф бўлишини айтган.

Баъзи таҳлилчиларга кўра, ядро қуролига эришиш Эроннинг ўзига ишончини кўпайтириб, Хитой ва Россия билан алоқаларини кучайтириб, Саудия Арабистони билан қурол пойгасининг бошланишига туртки бериши мумкин.

Минтақада Исроил ҳам ядро қуролига эга эканлиги айтилади, аммо Исроил буни на рад этган ва на тасдиқлаган.

Яқин Шарқ масалалари бўйича мутахассис доктор Ҳ.А, Ҳеллар фикрича эса, "Эроннинг ядро қуролига эга бўлиши минтақадаги тангликни кучайтириб, можароларни назорат қилишни қийинлаштиради. Айниқса Исроил ва АҚШ учун. Шу билан бирга эҳтимолий натижа шу бўлиши мумкинки, бир ондаги тангликда кўра бир-бирларини ўзаро тўхтатиб туриш омили ҳам бўлиши мумкин".