Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Лондонда. Нега Британия тўсатдан Марказий Осиёга қизиқиб қолди?

Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазири Бахтиёр Саидов Лондондаги учрашувлардан бирида.

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазири Бахтиёр Саидов Марказий Осиёнинг беш давлати иштирокидаги С5+1 форматидаги учрашувда қатнашиш учун Лондонга келди.
    • Author, Ibrat Safo
    • Role, BBC News Uzbek muxbiri
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Марказий Осиёнинг бешта давлати: Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг ташқи ишлар вазирлари бугун Лондонда С5+1 форматида Британия ташқи ишлар вазири билан учрашув ўтказмоқда.

Лекин, Британия ҳукуматлари тарихан Марказий Осиёни асосан аҳамиятсиз бир чекка ҳудуд санаганлар ва шу сабаб, ўзаро юқори даражали сафарлар кам бўлган. Хусусан, Ўзбекистон давлат раҳбари Британияга биринчи ва охирги марта 1993 йилда сафар қилган. Унга мана 33 йил бўлди.

Бешта Марказий Осиё давлати Совет Иттифоқи 1991 йилда қулаши ортидан мустақил бўлган бўлса-да, Британияда бу ҳудуд Россиянинг "чорбоғи"дек қабул қилинган. Баъзи британ зиёлилари ҳануз унга 19-асрдан қолган "Катта ўйин" контекстида қарайди. Унда Британия ва Россия империялари ўртасидаги рақобат британларнинг русларга мағлубияти билан якун топган эди.

Терроризмга қарши уруш доирасида Афғонистонга қўшни бўлган Марказий Осиё 2000 йилларда Ғарб учун хавфсизлик соҳасида шерикка айланди, лекин Толибон 2021 йилда Афғонистонни тўлиқ қўлга олиши билан бу шериклик сусайди.

The City
Gary Yeowell/Getty
Britaniya va Markaziy Osiyo o'rtasida o'sayotgan savdo

  • $3,4 milliard 2023

  • $4,6 milliard 2024

  • $6,6 milliard 2025 prognozi

Source: Gov.uk (bbc.com/uzbek)

Британия парламентининг Ташқи ишлар бўйича қўмитаси уч йил аввал чиқарган ҳисоботида ҳукуматнинг Марказий Осиёга бўлган муносабатини «буткул номақбул» дея қоралади, ва у асосан «реактив» ва «қисқа муддатли» қарорларга асосланганини танқид қилди.

«Чорраҳадаги давлатлар: Британиянинг Марказий Осиё билан алоқалари» деб номланган бу ҳисобот муаллифлари ҳукуматни Марказий Осиёга нисбатан аниқ, ҳамда «қадриятларга асосланган ёндашув»ни ишлаб чиқишга чақирди. «Бу ёндашув у ерда Хитой ва Россия билан рақобатлашиш эмас, балки Марказий Осиё раҳбарларига муқобил танловни беришга асосланиши керак», дейилди ҳисоботда.

Бунинг ортидан британ расмийларининг Ўзбекистон дохил Марказий Осиёга сафарлари кўпайди. Лекин, Хитой ва Россияга муқобил бўлган танловни бериш осон кечмаслиги аён.

Россия ва Хитой - ҳали ҳам минтақада устун икки қудратли давлат. Россия у ерда катта сиёсий таъсирга эга бўлса-да, иқтисодий жиҳатдан Хитой марказий осиёликлар учун энг йирик савдо шеригига айланган.

Ундан ташқари, бу минтақа Россия учун Украина урушидан кейин қабул қилинган Ғарб санкцияларини айланиб ўтишга қулай жой бўлиб хизмат қиляпти. Иқтисодига катта зарар етган Россия Марказий Осиё давлатлари орқали ўзига зарур маҳсулотларни олиш учун «параллел импорт схемаси»ни ишга туширган. Британия Ташқи ишлар вазирлиги бундан яхшигина хабардор – у бу борада «қозоқлар ва ўзбеклар билан фаол мулоқотда» эканини айтган.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Нега Британия айнан ҳозир бу йироқ ҳудудга қизиқяпти?

"Standard Chartered" банки бош директори билан учрашув.

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, С5+1 форматидаги учрашув арафасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бизнес соҳасидаги қатор шахслар билан, жумладан, "Standard Chartered" банки бош директори Саиф Малик билан музокаралар ўтказди.
  • Биринчи сабаб – Брексит.

Британия 2016 йилда Европа Иттифоқи таркибидан чиқар экан, иқтисодий қийинчиликларга юз тута бошлади. Бу қийинчиликлар ортидан у янги бозорларни қидиришга тушди ва, хусусан, Марказий Осиё билан ҳам муносабатларида ўзгаришлар юз берди. "Ривожланаётган давлатлар билан савдо схемаси" доирасида Британия 2021 йилда янги тарифлар дастурини татбиқ қилди ва Ўзбекистон минглаб маҳсулотларга 0% тариф билан унга қабул қилинган илк давлат бўлди.

Брекситдан аввал Ўзбекистон Британиянинг савдо шериклари орасида ҳатто топ 100 давлат қаторига кирмаган бўлса, ҳозирда 68-ўринга чиққан. Британияга ўзбек экспортининг энг катта қисмини олтин, кумуш ва мис ташкил қилади, лекин охирги йилларда мева ва сабзавотлар, пахта ва тўқимачилик маҳсулотлари ва ҳатто сигаретлар учун қоғозлар экспорти ҳам ошган.

Марказий Осиё давлатлари орасида Британиянинг энг йирик савдо шериги Қозоғистон бўлиб қоляпти.

Брексит туфайли Британия Европадан ташқарида ишчи кучини қидиришга мажбур бўлди ва Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон фуқароларига британ иш бозорига кириш учун визаларни енгиллаштирди. Марказий осиёликлар бу ерда мавсумий виза билан асосан қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаяпти, лекин Ташқи ишлар қўмитасига кўра, чилангар, электрик ва тиббиёт ходимларини ҳам таклиф қилишга чақириқлар бор.

  • Иккинчи сабаб – муҳим минераллар.

Марказий Осиё литий, уран ва нодир металларга жуда бой. Британия эса ўзининг яшил энергияга ўтиши ва хай-тек саноати учун ана шу минераллар ва металларга муҳтож. Марказий Осиё пўлат ишлаб чиқариш ва батареялар учун зарур бўлган марганец ва хром захиралари бўйича ҳам дунёда энг юқори ўринларда туради.

2025 йил ноябрида Президент Трамп ноёб минераллар ҳақида келишиш учун Оқ Уйда Марказий Осиё раҳбарларини қабул қилди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 2025 йил ноябрида Президент Трамп ноёб минераллар ҳақида келишиш учун Оқ Уйда Марказий Осиё раҳбарларини қабул қилди.

Ўзининг «Нигоҳ 2035: Муҳим минераллар стратегияси»да Британия бу моддаларнинг узлуксиз таъминот занжирини ўрнатишни энг устувор масала қилиб белгилаган.

Марказий Осиёнинг бой захираларига аллақачон бошқалар ҳам кўз тиккан: ўтган ноябрда Президент Доналд Трамп Марказий Осиё давлат раҳбарлари билан Вашингтонда C5+1 саммитини ўтказди. Ундан асосий мақсад – АҚШнинг Хитойга қарамлигини тугатиш учун нодир ер элементлари ва муҳим минералларни Марказий Осиёдан олиш.

  • Учинчи сабаб – юмшоқ куч.

Британия энди бир вақтлар дунёнинг аксар қисмини бошқарган йирик қудрат эмасдир, аммо унинг таълим соҳасидаги халқаро обрўйи катта. Марказий Осиёда ҳам Британия университетларига ҳурмат юқори ва Лондон бундан ўзининг миллий манфаатлари йўлида фойдаланиши мумкинлигини билади. Охирги йилларда Британия ва Марказий Осиё университетлари ўртасида мустақил шериклик ошган.

Британия Ташқи ишлар вазирининг 2024 йилда Марказий Осиёга қилган сафари ортидан минтақа талабалари учун Chevening Scholarship грантлари икки бараварга кўпайтирилди.

Лондонда жойлашган British Foreign Policy Group тадқиқот марказига кўра, таълим бора-бора савдо ва хизматлар алмашинувини ҳам рағбатлантиради. Масалан, Британиянинг молиявий хизматларига ҳам Марказий Осиёда иштаҳа катта.

Университет талабалари.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Марказий осиёлик талабалар учун грантлар 2024 йилда икки баравар кўпайтирилди.

Савдо элчиси Лорд Жон Алдердис шу ой Тошкентга борганида, Британия Марказий Осиё билан савдо алоқаларини янада кучайтиришини эълон қилди. Хусусан, унга кўра, расмий Лондон экспорт кафолатлари ва «масъулиятли кончилик» учун минтақага қарийб 5,5 миллиард доллар ваъда қилди.

«Қадриятларга асосланган ёндошув»

Британия Марказий Осиё билан муносабатлари ўз қадриятларига асосланишини истайди. Британ қадриятлари деганда, жумладан, демократия, қонун устуворлиги, шахсий эркинликлар, сўз эркинлиги, ҳамда бошқа динларга ва жинсий озчиликларга ҳурмат ва бағрикенглик тушунилади.

Лекин, Британия ўзининг иқтисодий стратегияси ва Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари борасида фикр билдириш ўртасида нозик мувозанатни сақлаши керак бўлади. Бу - қийин вазифа. Қиёс қилсак, Хитой ва Россия марказий осиёлик президентларга инсон ҳуқуқлари ҳақида ваъзхонлик қилишмайди ва бу ўзаро муносабатлар силлиқроқ кечишига сабаб бўлади.

Марказий Осиё давлатларининг бари, турли даражада бўлса-да, авторитар давлатлар. Freedom House нинг охирги ҳисоботларида бу минтақа дунёдаги энг репрессив ҳудудлар рўйхатида қолган ва бешта давлат ҳам «эркин эмас» дея қайд этилган.

Бир вақтлар камроқ репрессив деб кўрилган Қозоғистон ва Қирғизистон ҳам, ташкилотга кўра, энди минтақадаги авторитаризм трендига тўлиқ қўшилишган.

Унга кўра, Ўзбекистонда президент муддатини қайта бошлаш учун қилинган конституциявий ўзгаришлар автократик ҳукмронликни янада мустаҳкамлаган, эркин матбуот қаттиқ назорат қилинади ва судлар мустақил эмас.

Британия элчиси Крейг Маррей.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Британия элчиси Крейг Маррейнинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини очиқчасига танқид қилиши дипломатик можарога сабаб бўлганди.

Хўш, охирги 10 йил ичида олти марта бош вазирини ўзгартирган демократик Британия буларга қандай қарайди? 2000-йиллар бошларида британ элчиси Крейг Маррей Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини очиқчасига танқид қилгани йирик дипломатик можарога сабаб бўлган ва Маррей ишдан олинганди.

Қадриятларга асосланган ёндашувга бўйсунса, Британия Марказий Осиёдаги нодемократик ўзгаришлар ва инсон ҳуқуқлари ҳақида очиқча гапира оладими?

Яна-да қизиғи, Марказий Осиё лидерлари унга қулоқ соладими? Чунки, Британия охирги йилларда хорижий давлатларга молиявий ёрдам бюджетини кескин кесиши билан ўз мавқеини сусайтирган. Британ ташқи ишлар вазирлигига кўра, расмий Лондон Марказий Осиёга 2024-2025 йилларда атиги 20 миллион долларча молиявий ёрдам кўрсатган. Бюджет қисқаришларидан аввалги харажатларга қаралса, масалан биргина Тожикистон учун Лондон йилига 25-27 миллион доллар кўмак пулини ажратар эди.

Президент Трамп иқтисодий манфаатлар йўлида инсон ҳуқуқларига оид хавотирларни четга суриб қўяётган бир пайтда, Британия марказий осиёликлар билан қандай дипломатияни олиб боришини кузатиш қизиқ бўлади.