Антарктиданинг муз қоплами остида яширинган манзара ойдинлашди

Ғарбий Антарктика муз қатламининг бир қисмида оппоқ, текис музлик юзасидан кўтарилиб турган тоғ чўққилари кўринади. Унинг устидаги осмон эса енгил булутли оч мовий рангда.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳозиргача Антарктиданинг музли сатҳи остида нима ётгани кўп жиҳатдан сир бўлиб келганди.
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Янги харита Антарктида қитъаси сатҳини қоплаган қалин муз қатлами остидаги ландшафтни мисли кўрилмаган тарзда очиб берди. Олимлар фикрича, бу "муз қитъаси" ҳақидаги тушунчамизни сезиларли кенгайтириши мумкин.

Тадқиқотчилар сунъий йўлдош маълумотлари ва Антарктида музликлари ҳаракати физикасидан фойдаланиб, қитъанинг муз остидаги эҳтимолий манзарасини аниқлашди.

Улар илгари номаълум бўлган минглаб тепалик ва тизмаларни топиб, Антарктиданинг баъзи яширин тоғ тизмаларини ҳар қачонгидан аниқроқ харитага туширишга эришдилар.

Хариталарда маълум даражада ноаниқликлар бўлса-да, тадқиқотчилар фикрича, янги маълумотлар Антарктидага иқлим ўзгариши қандай таъсир қилаётгани ва бунинг денгиз сатҳи кўтарилишига таъсириини аниқлашга ёрдам бериши мумкин.

Xarita

"Бу худди илгари қўлингизда донадор пикселли плёнкали камера бўлиб, ҳозир эса аниқ катталаштирилган рақамли тасвирлар бор деганидир", дейди Гренобл-Алп университети тадқиқотчиси доктор Ҳелен Окенден BBC News'га.

Сунъий йўлдошлар ёрдамида олимлар Антарктиданинг музли сатҳини яхши ўрганишган, аммо унинг остида нима борлиги ҳамон сир бўлиб қолмоқда эди.

Аслида, Қуёш тизимидаги баъзи сайёралар юзаси ҳақида Антарктиданинг муз қатлами остидаги топографиясидан кўра кўпроқ биламиз.

Бироқ тадқиқотчилар ҳозирда бу топографиянинг энг тўлиқ ва батафсил харитаси яратилди, деб ҳисоблашмоқда.

Тадқиқот ҳаммуаллифи, Эдинбург университетидан музшунос профессор

Роберт Бингем шундай дейди: "Бу харитага қараш, бутун Антарктидани бир вақтда кўриш очиғи жуда ҳаяжонли. Ажойиб."

Ердан ёки ҳаводан ўтказилган анъанавий ўлчовларда муз остини "кўриш" учун радарлардан фойдаланилган – баъзи жойларда қалинлиги 4,8 км.гача бўлган муз қатламини кўпинча алоҳида ўлчов чизиқлари ёки йўллари бўйлаб текширишган.

Аммо бу йўллар бир-биридан ўнлаб километр узоқликда бўлиши мумкин эди, шунинг учун олимлар орадаги бўшлиқларни тўлдиришлари керак бўлди.

"Агар Шотландия тоғлари ёки Европа Алпларини муз билан қопланган деб тасаввур қилсак ва уларнинг шаклини ўрганиш учун устидан бир неча километр оралиқ масофада учсак, ундаги барча ўткир чўққилар ва водийларни кўра олмасдик", дейди Бингем.

Шундай қилиб, тадқиқотчилар масалага янгича ёндашишди: сунъий йўлдошлардан олинган муз юзаси ҳақидаги маълумотларни ва музнинг ҳаракатланиш физикасини бирлаштирмб, уларни олдинги йўллар билан солиштириб, текширдилар.

"Бу худди дарёда қайиқда сузишга ўхшайди. Сув остида тошлар бўлганда, баъзан сув юзасида уюрмалар пайдо бўлади, бу эса сув остидаги тошлардан дарак беради", деб тушунтирди Окенден.

"Муз, албатта, сувдан жуда фарқли оқади, лекин муз тизмалар ёки туб қоядаги тепалик устидан оқиб ўтганда бу унинг сирт топографиясида ва тезлигида намоён бўлади."

Xarita

Биз Антарктиданинг йирик тоғ тизмалари ҳақида билганмиз, олимларнинг янги ёндашуви илгари номаълум бўлган ўн минглаб тепаликлар ва тизмаларни, шунингдек, муз остида яширинган баъзи тоғлар ва каньонлар атрофини батафсилроқ очиб берди.

"Менимча, бу янги ландшафтларни кузатиш ва у ерда нима борлигини кўриш жуда қизиқарли", дейди Окенден.

"Бу худди Марсдаги топография харитасини биринчи марта кўриб, "Жуда қизиқ, бироз Шотландияга ўхшаркан" ёки "Бунақасини илгари ҳеч кўрмаганман", деган фикрга туртки беради".

Қизиқарли топилмалардан бири – Мауд муз ости ҳавзаси деб номланган ҳудудда Антарктида тубида жойлашган чуқур канал.

Каналнинг чуқурлиги ўртача 50 метр, кенглиги 6 километр ва узунлиги деярли 400 километр – бу тахминан Лондондан Нюкаслгача бўлган масофани ташкил қилади.

Бу янги харита якуний бўлмаслиги мумкин. Чунки у ноаниқ муз оқими ҳақидаги тахминларга асосланади.

Муз остида ётган тоғ жинслари ва чўкиндилар ҳақида ҳали кўп нарсаларни ўрганиш керак.

Бироқ бошқа тадқиқотчилар ҳам ер, ҳаво ва космосдан ўтказиладиган кузатувлар билан бирга бу хариталар муҳим ютуқ бўлишини тасдиқламоқда.

"Бу ҳақиқатан ҳам самарали натижа", деди Кембриждаги Британия Антарктика тадқиқотлари марказининг катта тадқиқотчиси, янги тадқиқотда иштирок этмаган, аммо олдинги хариталаш ишларида кенг қатнашган доктор Питер Фретуэлл.

"Бу бизга ўтказилган тадқиқотлар ўртасидаги бўшлиқларни тўлдириш имконини беради", дея қўшимча қилди у.

Тадқиқотчилар таъкидлашича, барча тизмалар, тепаликлар, тоғлар ва каналларни янада чуқурроқ тушуниш Антарктида келажакда қандай ўзгариши мумкинлиги ҳақидаги компьютер моделларини такомиллаштириши мумкин.

Чунки муз остидаги ер шакллари ва хусусиятлари пировардида юқоридаги музликларнинг қанчалик тез ҳаракатланишини ва иқлим исиши шароитида уларнинг қанчалик чекинишини белгилайди.

Бу муҳим, чунки Антарктидада келажакдаги муз эриш тезлиги иқлимшуносликдаги энг катта ноаниқликлардан бири ҳисобланади.

"[Ушбу тадқиқот] бизга келажакда нима содир бўлиши ва Антарктида музларининг глобал денгиз сатҳи кўтарилишига қанчалик тез ҳисса қўшиши ҳақида аниқроқ тасаввур беради", дейди Фретуэлл.

Тадқиқот натижалари "Science" илмий журналида нашр этилган.