Эндрю Маунтбаттен-Виндсор ҳибсга олинди, энди нима бўлади?

Prince Andrew wearing a black suit blazer and a green tie with his hands clasped in front of him, against a sandstone wall

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

    • Author, BBC янгиликлар бўлими
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Собиқ шаҳзода Эндрю Маунтбаттен-Виндсор мансабини суиистеъмол қилганликда гумонланиб, ҳибсга олинди.

Бунга Темза водийси полицияси унинг жинсий жиноятчи Жеффри Эпштейнга махфий материалларни бергани ҳақидаги шикоятни ўрганаётганини маълум қилгани сабаб бўлди.

Собиқ шаҳзода Эпштейн билан боғлиққонунбузарликка йўл қўйганини қатъий рад этиб келади.

У тергов давомида озодликка чиқарилган. Пайшанба куни кечқурун Эндрюнинг Эйлшем полиция идорасидан чиқиб кетаётгани кўринди.

Эндрю тергов давомида қўйиб юборилди - бу нимани англатади?

Қирол Чарлзнинг укаси пайшанба оқшомида Темза водийси (Thames Valley ) политсияси томонидан тергов остида шартли равишда озод қилинди. У 66 ёшини қаршилаган туғилган кунининг асосий қисмини ҳибсда ўтказди.

Собиқ шаҳзода Норфолкдаги Айлшам политсия маҳкамасидан озод этилганидан сўнг, автомобил ўриндиғига ҳорғин суяниб ўтирган ҳолатда суратга тушган.

Одатда, иқтисодий жиноятлар (оқ ёқалилар жинояти) билан боғлиқ ҳибсга олишларда шахслар тинтув ўтказиш ва дастлабки сўроқ қилиш учун бир неча соат ушлаб турилади. Тергов остида озод қилиниши келгусида қайта сўроқ қилиниш эҳтимолини истисно этмайди.

Вақти келиб, Қироллик прокуратура хизмати ва Темза водийси политсияси Қиролнинг укасига нисбатан "давлат лавозимини суиистеъмол қилиш" айблови қўйилиши ёки қўйилмаслиги бўйича якуний қарорга келиши керак бўлади.

Бирор бир муҳим қарор қабул қилинишига қадар яна бир неча ҳафта вақт ўтиши мумкин.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Нима учун Эндрю ҳибсга олинди?

Маунтбаттен-Виндсор пайшанба куни Гринвич вақти билан тахминан соат 08:00 да Норфолкдаги қиролга қарашли Сандрингем мулкида ҳибсга олинди. У ўша ерда истиқомат қилаётган эди.

Полиция Британия қиролининг укасини 66 ёшга тўлган кунида ҳибсга олди.

Маълум бўлишича, Темза водийси полицияси ходимлари Маунтбаттен-Виндсорнинг ҳибсга олиниши ҳақида қиролни ҳам, Букингем саройини ҳам олдиндан огоҳлантирмаган.

Мансабни суиистеъмол қилиш бўйича унга қўйилаётган айбловлар тафсилотларини билмаймиз.

Бироқ, аввалроқ эълон қилинган айбловлар орасида унинг савдо ташрифлари бўйича ҳисоботларни бўлишгани, Афғонистонга сармоя киритиш бўйича махфий брифингни бошқа шахсга юборгани ва Молия вазирлиги брифингини шахсий бизнес ҳамкорига бергани каби ҳолатлар бор.

Полиция тергови Эпштейн ишига доир ҳужжатларда кенг тарқалган электрон хатлардан кўра кўпроқ қамровга эга бўлиши эҳтимоли бор.

Букингем саройи Темза водийси полициясига уларнинг суриштирув ишларида кўмаклашишини маълум қилди. Бу эса, полиция саройдан Эндрю ва бошқа шахслар ўртасидаги ёзишмалар далилларини тақдим этишни сўраган бўлиши мумкинлигини англатади.

Мансабни суиистеъмол қилиш нима?

Мансабни суиистеъмол қилиш жуда мураккаб жиноят тури, деб ёзади BBC News'нинг ички ва ҳуқуқий масалалар бўйича мухбири Доминик Кашиани.

Бу Британия жамоатчилиги номидан иш юритувчи шахснинг ўз ҳаракати нотўғри эканини била туриб, жиддий қонунбузарликка йўл қўйганини англатади.

Кейинчалик прокурорлар бирор шахсга айблов эълон қилиш ёки қилмаслик ҳақида қарор қабул қилиши учун полиция тергов давомида эътибор қаратиши керак бўлган тўртта "унсур" ёки омил бор.

Биринчидан, полиция тергов қилинаётган шахснинг "давлат амалдори" бўлган-бўлмаганини ва кўриб чиқилаётган иш унинг хизмат вазифалари доирасига киришини ишонарли аниқлаши керак.

Агар бу тасдиқланса, терговчилар гумонланувчининг ўз вазифасини "қасддан" бажармаганини ёки ўзини қасддан номақбул тутганини исботловчи далилларни излайди. Бу кенг қамровли таъриф узоқ вақтдан бери ҳуқуқий баҳсларга сабаб бўлиб келган.

Кейинги савол шуки, унинг қилмиши "жамоатчилик ишончини суиистеъмол қилиш" даражасида жиддий бўлганми?

Ниҳоят, агар далиллар ушбу учта босқичдан ўтса, полиция тергов қилинаётган шахс "узрли сабаб ёки асосларсиз" ҳаракат қилган-қилмаганини текшириши лозим.

Шу охирги савол ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Гумон қилинган шахсга ўзини оқлаш имкониятини бериш – одил судловнинг асосий тамойилидир ва бу жараён полиция келиб, унинг эшигини тақиллатганидан бошланади.

Маунтбаттен-Виндсор қаерга олиб кетилди ва энди нима бўлади?

Видео тагсўзи, Officers seen at Royal Lodge gates

Пайшанба куни эрталаб Темза водийси полицияси ҳибсга олишдан ташқари, "Беркшир ва Норфолкдаги манзилларда тинтув ишлари олиб борилаётганини" маълум қилди.

Маунтбеттен-Виндзор ҳибсга олинишидан аввал, Норфолкдаги Сандрингем мулкига (Sandringham Estate) махсус белгиларсиз полиция машиналари етиб келгани кузатилди.

Эндрю озодликка чиқарилганидан сўнг берилган янгиланган баёнотда, Темза водийси политсияси Норфолкдаги тинтув ишлари "якунланганини" билдирди.

Сўнгги ҳафталарда Эндрю ушбу ҳудуддаги доимий қароргоҳи -"Марш Фарм" таъмирланаётгани сабабли, вақтинча шу мулкда истиқомат қилаётган эди.

Шу билан бирга, жума куни эрталабки ҳолатга кўра, Виндзор боғидаги (Windsor Great Park) "Royal Lodge" қароргоҳида полиция тинтувлари давом этмоқда. Яқин вақтгача Беркширдаги ушбу улкан ҳовли Эндрю яшаб келган жой эди.

Метрополитен полициясининг собиқ бош суперинтенданти Дал Бабу BBC News га берган интервюсида, Қиролнинг укасини ҳибсга олиш орқали ходимлар "компютер жиҳозлари, файллар, фотосуратлар ва бошқа ҳар қандай далилларни қўлга киритиш" имконига эга бўлишини айтди.

Унинг таъкидлашича, полиция "у эгалик қиладиган, истиқомат қиладиган ёки назорат қиладиган ҳар қандай бинода тинтув ўтказишга ҳақли, шунинг учун бошқа ҳудудларда ҳам тинтувлар бўлиши эҳтимолдан холи эмас".

Қирол ҳибсга олиш ҳақида нима деди?

Қирол укаси ҳибсга олинганидан кейин "қонун ўз йўлидан бориши керак"лигини айтди.

Қирол ўз баёнотида шундай деди: "Мен Эндрю Маунтбаттен-Виндсор ҳақидаги хабарни ва унинг давлат лавозимини суистеъмол қилганликда гумон қилинаётганини чуқур хавотир билан қабул қилдим.

Энди бу масала тегишли органлар томонидан тўлиқ, адолатли ва тўғри тартибда тергов қилинади.

Бу борада, аввал айтганимдек, биз терговни тўлиқ ва чин дилдан қўллаб-қувватлаймиз ҳамда улар билан ҳамкорлик қиламиз.

Аниқ айтмоқчиман: қонун ўз йўлидан бориши шарт.

Бу жараён давом этар экан, мен ушбу масала юзасидан қўшимча изоҳ беришим тўғри бўлмайди.

Айни вақтда, оилам ва мен барчангизнинг олдингиздаги бурчимиз ва хизматимизни давом эттирамиз. Чарлз Р."