Ўзбекистон ва дунё: "Марказий Осиё кучлироқ қизиб бораяпти"

Сурат манбаси, Reuters
Яна бир халқаро ҳисобот иқлим ўзгариши Марказий Осиё мамлакатлари ҳаётини қийинлаштиришидан огоҳлантирди, таҳдидга қарши барча амалларни самарали мувофиқлаштириб курашиш зарурлиги таъкидланди.
Жаҳон Метеорология ташкилоти "2025-2029 йиллар учун иқлим истиқболи" узоқ муддатли прогнозини эълон қилди.
Ушбу ҳисоботга кўра, Марказий Осиё дунёнинг бошқа жойларига солиштирганда ҳам кучлироқ қизиб бораяпти.

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Марказий Осиё мамлакатлари зудлик билан қурғоқчилик, музликларнинг шиддат билан эриши ва беқарор ёғингарчиликлар шароитига мослашишлари лозим, акс ҳолда сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги ва энергетика билан боғлиқ таҳдидлар янада кучаяди.
Жаҳон Метеорология ташкилотига кўра, 2025–2029 йиллар давомида ҳар бир йил 1991–2020 йиллар нормасидан иссиқроқ бўлиши мумкин.
Глобал ҳарорат баъзи йилларда саноатгача бўлган даврга нисбатан солиштирганда +1.5°C дан кўтарилиб кетиш эҳтимоли бор.
Ҳароратнинг ошиши Қирғизистон ва Тожикистондаги кўп асрлик музликларнинг янада тез эришига олиб келади, минтақанинг икки йирик дарёси Сирдарё ва Амударё асосий сувларини ана шу музликлардан олади, уларнинг тез эриши эса сув манбаларига хавф солади.
Ўзбекистондаги "Сувчи" жамоат бирлашмаси раҳбари Тоҳир Мажитовнинг Kazinform ахборот агентлигига айтишича, минтақанинг энг йирик музлиги - Тожикистондаги Федченко музлигининг 40 фоизи аллақачон эриб бўлган.
Қирғизистон ўзининг асрий музликларининг 30 фоизидан айрилган.
Айни ҳолат Қирғизистон ва Тожикистон каби иқтисодиёти гидроэлектростанцияларга боғлиқ мамлакатлар учун катта муаммо.
Одатда май-сентябр ойларида минтақанинг аксар ҳудудида ёғингарчилик кузатилмайди, бундан буёғига эса Жаҳон Метеорология ташкилоти ёз ойларидаги вазиятнинг нормадан юқори бўлиши эҳтимоли 82% ни ташкил этиши мумкинлигидан огоҳлантираяпти, бу дегани ёзда ёғингарчилик, кейин эса қурғоқчилик рўй беради деганидир.

Сурат манбаси, .
2024 йил тарихдаги энг иссиқ йил сифатида қайд этилди — ҳарорат саноатгача бўлган даврга нисбатан +1.55°C га кўтарилган.
БМТ маълумотларига кўра, сув тақчиллиги Марказий Осиё иқтисодий ривожланишига тўсиқ бўлаяпти.
Асрий музликлар ҳозирги суръатда эришда давом этаверса, минтақа экологик фалокатга тўқнаш келиши мумкин.
Mercy Corps халқаро инсонпарварлик ташкилоти Афғонистон пойтахти Кобул шаҳри яқин орада дунёдаги тоза ичимлик суви манбасидан айрилган илк шаҳар бўлиши мумкинлигидан огоҳлантириб чиқди.
Айни пайтда Ўзбекистондаги kun.uz веб нашри хабар қилишича, мамлакатда табиий-иқлим шароити оғир бўлган ҳудудлар сони кўпаймоқда.
Вазирлар Маҳкамаси Қорақалпоғистоннинг Амударё ва Бўзатов туманларини туман коэффициентлари ҳамда йиллик қўшимча таътилнинг энг кам муддати қўлланадиган табиий-иқлим шароити оғир ва ноқулай бўлган ҳудудлар рўйхатига киритган.
Шу йил март ойи ойида Марказий Осиёни кутилмаган иссиқлик тўлқини қоплади.
Иқлим ўзгариши ва экстремал об-ҳаво ҳодисаларини ўрганадиган олимлар иттифоқи World Weather Attribution тадқиқотига кўра, март ойи давомида ҳаво ҳарорати саноат давригача бўлган ўртача кўрсаткичдан 10 даража юқори бўлган.
Гуруҳнинг таъкидлашича, иқлим ўзгариши иссиқлик тўлқинини тахминан 4 даражага оширган.
Бу эса минтақада аллақачон иқлим ўзгаришидан жиддий жабр кўраётган қишлоқ хўжалиги ва сув таъминотини хавф остига қўйиши мумкинлигидан огоҳлантириш билдирилган эди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост












