200 минг қурбон: Россиянинг Украинада тўрт йиллик уруш давомидаги йўқотишлари ҳақида нима биламиз

Украинага нисбатан бошланган тўрт йиллик кенг кўламли босқин давомида камида 200 186 нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлди. Бу ҳақда Би-би-си, «Медиазона»* ва кўнгиллилар жамоаси очиқ маълумотлар асосида биргаликда юритаётган ҳисоб-китоблардан маълум бўлди. Ҳалок бўлганларнинг аксарияти - 57 фоизи кўнгиллилар, сафарбар этилганлар ва ахлоқ тузатиш колонияларидан урушга кетган маҳкумлардир, яъни уруш бошланган пайтда армияга алоқаси бўлмаган шахслардир.
Сўнгги бир ой ичида рўйхатимиз яна 35 минг кишининг исми билан тўлди. Бу рекорд даражадаги кўпайиш фронтдаги ҳозирги вазият билан боғлиқ эмас.
Биз эълон қилинаётган некрологларни ўрганиш жараёнида бедарак йўқолганларни қидириш ҳақидаги барча эълонларни сақлаб борамиз. Ўтган бир ой ичида биз бир неча йил давомида тўпланган қайдларни давлат маълумотлар базаларидаги очиқ маълумотлар билан, биринчи навбатда, мерос ишлари реестри рўйхатлари билан солиштиришга муваффақ бўлдик (мерос учун мурожаат қилинганлиги шахснинг ўлимини тасдиқлайди).
Урушнинг тўртинчи йили якунларини сарҳисоб қилар эканмиз, лойиҳамиз туфайли аниқлашга муваффақ бўлган бешта асосий жиҳатни келтириб ўтамиз.
1. 2025 - йил урушнинг энг қонли йили бўлди
Охирги 12 ой ичида ҳалок бўлган аскарларнинг ўлими ҳақидаги эълонлар келиб тушишда давом этмоқда ва ўтган йилги талофатлар бўйича якуний хулоса чиқаришимиз учун яна бир неча ойлик иш талаб этилади. Шундай бўлса-да, намоён аллақачон намоён бўлган.
Ҳозирги вақтда бизга ўтган йили ҳалок бўлган 49 935 нафар россиялик ҳарбийларнинг исмлари маълум ( некрологда ўлимнинг аниқ санаси кўрсатилмаган ҳолларда, унинг эълон қилинган санасини асос қилиб олдик). Расман бу рақамлар ҳозирча 2024-йилги кўрсаткичлардан камроқ - ўшанда камида 83 706 нафар россиялик аскар ва офицер ҳалок бўлган эди. Бироқ, ўлим санаси ёки дафн этилган санаси сифатида 2025-йил кўрсатилган, ҳали қайта кўриб чиқилмаган некрологлар тўплами яна ўн минглаб қайдларни ўз ичига олади. Дастлабки баҳолашимизга кўра, 2025-йилда ҳалок бўлган россиялик ҳарбийлар сони 90 минг кишидан ошиши мумкин.
Ҳозирги вақтда маълумки, 2025-йилда ўтган йилга нисбатан 40 фоиз кўпроқ некролог эълон қилинган. Тўлиқ ишонч билан айтиш мумкинки, 2025-йил — бир қатор дипломатик учрашувлар ва эҳтимолий тинчлик ҳақидаги музокараларга қарамасдан Россия армияси учун энг қонли йилга айланади.
2. Кўнгиллилар - армия талофатлари ўрнини тўлдиришнинг асосий манбайи
2025-йилда ҳалок бўлган ўн минглаб россияликлардан бири - Волгограддан бўлган 46 ёшли Алексей Ситников. У соғлигидаги жиддий чекловларга қарамай, ўз хоҳиши билан шартнома имзолаган: яқинларининг айтишича, унинг ҳар икки оёғининг панжа қисмлари бўлмаган ва у фақат товонида юрган.

Сурат манбаси, collage BBC/Getty images
"Биз ўзимиз ҳам шокдамиз! У бир ой ўқув қисмида бўлган. 16-январ куни уни Донецк вилоятига олиб кетишди. 17-куни эса аллақачон жанговар топшириққа юборишган", - деб ёзган Ситниковнинг танишларидан бири унинг сафдошларини топишга уриниб.
Кейин маълум бўлдики, Алексей фронтда атиги уч кун бўлиб, ҳалок бўлган.
Ситниковнинг ҳикояси Россия аскарларининг олдинги чизиқда қўлланишига хос бир нечта одатий амалиётларни акс эттиради. Биринчидан, ҳарбийларнинг ўзлари айтишича, 2022-йилдан бери шартнома имзолаш вақтида соғлиқни текшириш кўпинча фақат расмиятчилик учун ўтказилади. Натижада фронтга турли сурункали касалликлари ва жисмоний чекловлари бўлган одамлар тез-тез юборилмоқда. Ҳозир ҳалок бўлган кўнгиллиларнинг ўртача ёши 43 га етмоқда. Бунга қадар эса урушнинг биринчи йилида, асосан, 32–34 ёшдаги эркаклар кўнгилли бўлиб ёзиларди.
Иккинчидан, кўплаб янги келганлар жуда минимал тайёргарликдан ўтадилар. Би-би-си билан гаплашган, Россия армияси билан шартнома имзолаганларнинг айтишича, ўртача тайёргарлик бир неча ҳафта давом этади, аммо баъзан одамлар шартнома имзоланганидан атиги беш кундан сўнг фронтга тушиб қолган. Кўнгиллиларнинг ўз шарҳларидан келиб чиқиб айтганда, машғулотлар кўпинча майдондаги саф тортиш ва полигонда икки кунлик отишма билан чекланади.
Шундан сўнг янгидан сафга қўшилган аскарларни одатда штурм гуруҳларига юборишади. Айнан мана шу бўлинмалар ҳозир - ҳам ҳалок бўлганлар, ҳам ярадорлар бўйича энг катта йўқотишларни бошдан кечирмоқда. Чунки уларнинг вазифаси Украина Қуролли Кучларининг мустаҳкамланган позицияларига ҳужум қилишдир.
Тайёргарликка вақтни тежаш, ярадорликдан кейинги қисқартирилган даволаш протоколлари ва ёши катта аскарларнинг мавжуд касалликлари Россия учун кўнгиллилардан тузилган бўлинмаларда йўқотишларнинг янада ошишига ҳамда бир қатор тактик хатоларга сабаб бўлмоқда.
Америка Урушни ўрганиш институти (ISW) ҳисоблашича, Россия армияси тобора камроқ мураккаб маневрлардан фойдаланмоқда. Чунки бундай тактикалар учун эса саводли ва яхши тайёрланган зобитлар зарур. Армия эса тобора кўпроқ кучли артиллерия ўқ ёғдиришларига ва штурмчиларнинг тинимсиз "тўлқинли" ҳужумларига таянмоқда.
ISW ва Британия ҳарбий разведкаси маълумотларига кўра, ҳозирда шартномани ихтиёрий равишда имзолаётган одамлар фронт чизиғидаги ҳолдан тойган бўлинмаларнинг ўрнини тўлдириш учун асосий манбага айланган.
Бизнинг маълумотларимизга кўра, 2024-йил февралига келиб, ҳалок бўлганларнинг қарийб 40 фоизи - уруш бошланганидан кейин Россия армияси билан контракт имзолаганлар. Бир йил аввал эса бу тоифа ўлимларнинг атиги 20 фоизини ташкил этарди.
Мутахассисларнинг фикрича, Москва армияга зарур бўлган кўнгиллилар оқимини сақлаб қолишга қодир.
"Ўйлашимча, Россия иқтисодиёти секинлашиб, иш ҳақи ўсиши пасая борар экан, шартнома имзолаш ва урушга боришни ўзига имконият деб биладиган одамлар сони кўпайиб боради", дея таъкидлайди Европа сиёсатини таҳлил қилиш марказининг таклиф этилган ходими Александр Коляндр.
3. Асосий йўқотишлар кичик ва ночор аҳоли пунктларига тўғри келди
Бизнинг маълумотларимизнинг батафсил таҳлили шуни кўрсатадики, кўпинча шартномани кичик шаҳарлар ва қишлоқлардан бўлган аҳоли имзолайди — бу жойларда барқарор ва яхши ҳақ тўланадиган ишлар етишмайди, маҳаллий ҳокимиятнинг тарғиботи эса йирик шаҳарлардагига қараганда анча кучли бўлиши мумкин.
Ҳудудлар бўйича ҳалок бўлганларнинг тақсимотида одатда бир қонуният кўринади: қашшоқлик даражаси қанчалик юқори бўлса, йўқотишлар кўрсаткичи ҳам одатда шунчалик юқори бўлади (бу мавзу бўйича Би-би-си ва "Медиазона" маълумотларига асосланган батафсил таҳлилни The Bell нашри эълон қилган).*
Ҳудудлар ва пойтахт ўртасида йўқотишлар даражасидаги тафовутлар — Россияда аллақачон мавжуд бўлган ички ижтимоий тафовутларнинг янада чуқурлашаётганини акс эттиради, дея тушунтирди Би-би-сига демография бўйича ихтисослашган россиялик олим. У мавзунинг нозиклиги сабабли аноним қолишни сўраган.
Қуйида келтирилган график-слайдларда ҳудудлар ўртасидаги боғлиқлик ва уларнинг ҳолатини батафсил ўрганиш мумкин (слайдларни юрғизиш учун экранининг чап юқори бурчагидаги ўқларни босинг, графикдаги нуқталарга сичқонча олиб борилганда қўшимча маълумотлар пайдо бўлади).
Би-би-си ва "Медиазона" маълумотларини таҳлил қилган демограф шундай хулосага келди: йўқотишлар улуши юқори бўлган ҳудудлар рўйхати кўп жиҳатдан умр кўриш давомийлиги паст бўлган ҳудудлар рўйхати билан мос келади. Бу эса армияда ва жанговар йўқотишлар орасида камбағал ҳудудлар аҳолиси, ҳамда этник озчиликлар улуши кўпинча уларнинг умумий аҳолидаги улушига нисбатан юқори бўлишини англатади.
Бошқача айтганда, ўлим хавфи аввалдан юқорироқ бўлган ҳудудларда яшовчилар урушга боришга кўпроқ мойил. Мутахассиснинг баҳолашича, ҳозир шартнома имзолаётган одамларни фақат қашшоқлик эмас, балки истиқболларнинг йўқлиги, "барибир йўқотадиган ҳеч нарса йўқ" деган туйғу ҳам ундаши мумкин.
Бошқирдистон ва Татаристон (аҳоли жон бошига эмас, балки умумий сон бўйича қаралганда) ҳалок бўлганлар сони энг кўп аниқланган ҳудудлар рўйхатида ҳануз юқорида туради. Бунга бир сабаб - бу республикаларда йўқотишлар ҳақидаги маълумотларни тизимли равишда йиғиб борадиган кўнгиллилар жуда фаол ишлайди.
Эркаклар аҳолисининг жон бошига йўқотишлар даражаси бўйича эса Тива ва Бурятия жуда катта фарқ билан етакчилик қилмоқда.
4. Йўқотишларнинг тақсимланишига хос хусусиятлар уларни россияликлар учун камроқ сезиларли қилади
Урушнинг дастлабки уч йили давомида Россиянинг Украинадаги йўқотишларининг қарийб ярми Россия жамияти ҳаётида деярли иштирок этмаган одамларга тўғри келган.
Урушнинг биринчи йилида ҳалок бўлганларнинг катта қисмини Россия томонидан босиб олинган Донецк ва Луганск вилоятларининг ҳудудларидан мажбуран сафарбар қилинган одамлар ташкил этган.
Ўзини "ДНР" ва "ЛНР" деб эълон қилган ҳудудлардан сафарбар қилинган кишиларни Россияда деярли дафн этишмайди, кўпчилиги Россия мактабларида ўқимаган ва россияликларнинг ўзига қараганда мамлакат ичида анча кам ижтимоий алоқаларга эга бўлган.
2023-йилда ва 2024-йил бошида эса фронтда кўпинча Россия колонияларидан урушга ёлланган маҳкумлар ҳалок бўлган. Бу одамларнинг катта қисми йиллар давомида колонияларда яшаган ва аслида жамиятнинг қолган қисмидан ажралган ҳолда истиқомат қилган.
2025 - йилда йўқотишларнинг энг катта қисми кўнгиллилар ҳиссасига тўғри келди. Аммо уларнинг аксарияти - кичик аҳоли пунктларидан чиққан одамлар. Ҳалок бўлган россиялик ҳарбийларнинг 67 фоизи қишлоқ жойлари ва аҳолиси 100 минг кишидан кам бўлган кичик шаҳарлардан урушга жўнаб кетган, гарчи статистикага кўра мамлакат аҳолисининг ярмидан кам қисми ана шундай ҳудудларда истиқомат қилса-да.
Москвада йўқотишлар даражаси бутун Россия бўйича энг паст бўлган: ҳар 10 минг эркак аҳолига атиги беш киши. Иқтисодий жиҳатдан кам таъминланган ҳудудларда масалан, Бурятия ва Тивада - бу кўрсаткичлар 27 ва 33 баравар юқори.
"Россия жамиятининг айнан ресурслари кам бўлган қисми — таълим, молиявий ва сиёсий имкониятлари чекланган қатлам энг кўп йўқотишларни кўрмоқда. Кремлнинг бошиданоқ стратегияси кўпроқ ресурсга эга жамият қатлами урушни имкон қадар кам сезиши бўлганга ўхшайди: ", - деб тушунтирган Би-би-сига Лондон Қироллик коллежининг Россияни ўрганиш институти директори Гулназ Шарафутдинова.
5. Зобитларнинг ўзгарувчан тақдири
Тўлиқ босқинчилик бошланганидан бери Россия, бизнинг маълумотларимизга кўра, қарийб 7000 нафар зобитни жангларда йўқотган, уларнинг 77 фоизи эса қуйи бўғин командирлари ҳисобланади. Айнан қуйи зобитлар (кичик лейтенантдан капитангача бўлганлар) жангда муҳим вазифани бажаради: улар операцияларни режалаштирувчи командирлар ва бу режаларни амалга ошириши керак бўлган аскарлар ўртасида алоқа бўғини бўлиб хизмат қилади.
Қуйи зобитлар буйруқларнинг бажарилишини назорат қилади, интизомни сақлайди, бошқа бўлинмалар ва қўшин турлари билан ҳаракатларни мувофиқлаштиради. Шу билан бирга, қуйи командирлар кўпинча етарли ёрдам ололмайди, натижада "тўп еми"га айланиб, армиядаги тизимли муаммоларнинг қурбони бўлишмоқда.
Ҳарбий билим юртлари етарли миқдорда зобит тайёрлаб улгурмаяпти: битта командирни тайёрлаш учун камида тўрт йил керак бўлади. Шу сабабли Мудофаа вазирлигига тобора кўпроқ кечаги оддий аскарларни - фронт тажрибасига эга бўлиб улгурган ва қисқа тайёргарлик курсларидан ўтганларни - тезкор равишда юқори унвонларга кўтаришга тўғри келмоқда.
Бу моделнинг кучли томонлари ҳам бор. "Штурмчи" бўлинмалардан чиққан зобитлар олдинги чизиқдаги ҳақиқий вазиятни яхшироқ тушунади, танқидий вазиятларда тез ҳаракат қилишга ўрганган бўлади ва аскарлар ишончига эга. Аммо бу жараённинг салбий томони ҳам мавжуд: кечаги оддий аскарлар штурмни урушни юритишнинг асосий усули деб қабул қила бошлайди. Бу эса қайта-қайта "пешона билан ҳужум" тактикаси мустаҳкамланишига ва йўқотишларнинг юқори бўлишига олиб келади.
Америка Урушни ўрганиш институти (ISW) ва Британия ҳарбий разведкаси бир неча бор таъкидлаганидек, катта йўқотишлар сабаб Россия қўшинлари қуйи ва ўрта бўғиндаги командирларга кескин эҳтиёж сезмоқда.
Ўтган йил давомида россиялик генераллар ҳаёти ҳам сезиларли даражада ўзгарди. Агар босқинининг дастлабки йилларида генераллар тез-тез олдинги чизиқда ҳалок бўлишган бўлса, ҳозирги йўқотишлар асосан Россиянинг ўзида юз бермоқда.
2024-йил декабридан бери Россия уч нафар генерални йўқотди ва уларнинг барчаси Москва ёки Москва вилоятида ўлдирилган. Тўртинчи генерал — ГРУ бошлиғининг биринчи ўринбосари, генерал-лейтенант Владимир Алексеев — суиқасд чоғида бир нечта оғир жароҳатлар олган, бироқ тирик қолган.
Умуман олганда, Украина босқинидан бери камида 13 нафар россиялик генерал ҳалок бўлган.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Ҳақиқий талофат рақамлари аслида қандай?
Россия томонининг ҳақиқий йўқотишлари биз очиқ манбалар орқали аниқлай олган рақамлардан анча юқори. Ҳарбий таҳлилчиларнинг баҳолашича, қабристонлар, ёдгорликлар ва некрологлар асосида қилган ҳисоб-китобимиз асл ҳалок бўлганлар сонининг 45–65 фоизини қамраб олади.
Бунинг сабаби шундаки, сўнгги ойлар ичида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг катта қисми ҳали ҳам жанг майдонида қолган бўлиши мумкин: уларни олиб чиқиш тирик аскарлар учун хавф туғдиради, аввало дрон зарбалари сабаб.
Юқоридаги баҳолашлардан келиб чиқиб, Россия томонидаги ҳақиқий ҳалок бўлганлар сони 308 000 дан 445 000 кишигача бўлиши мумкин.
Агар 2022-йил охиригача Украинага қарши ўзини эълон қилган ДНР ва ЛНР бўлинмалари таркибида жанг қилганларни ҳам ҳисобга олсак, якуний рақам янада ошади. Некрологлар ва узоқ вақт алоқага чиқмай қолган ЛДНР жангчилари ҳақида берилган қидирув эълонлари таҳлили шуни кўрсатадики, босқиннинг биринчи йилида 21 000 - 23 500 киши ҳалок бўлган.
Кейинроқ ҳалок бўлганлар Россия йўқотишлари таркибида "чет эллик фуқаролар" сифатида қайд этилади, чунки ЛДНР бўлинмалари Россия армияси таркибига қўшиб юборилган.
Натижада, барча пророссия кучларининг умумий йўқотишлари 329 000 - 468 500 киши оралиғида бўлиши мумкин.
Биз ҳалок бўлган ҳарбийлар ҳақидаги маълумотларни йиғишда давом этамиз. Агар сизда бу мавзу бўйича маълумот бўлса, илтимос, bbc.uzbek@bbc.co.uk манзилига ёзинг.
Россияда ҳар куни ҳалок бўлганлар исмлари ва дафн маросимларидан олинган суратлар эълон қилинади. Аксарият ҳолларда фамилияларни вилоят раҳбарлари, туман маъмуриятлари вакиллари, маҳаллий ОАВ, ҳалок бўлганлар ўқиган таълим муассасалари ёки уларнинг қариндошлари эълон қилади.
Би-би-си, "Медиазона" ва кўнгиллилар гуруҳи ушбу маълумотларни ўрганиб чиқади ва биз тўлиқ босқинчилик бошланганидан бери юритиб келаётган рўйхатга киритади.
Ҳалок бўлганликни тасдиқловчи манбалар сифатида қуйидагиларни қабул қиламиз:
Россиянинг расмий манбалари ёки ОАВдаги эълонлар
Давлат реестрларидаги маълумотлар
Қариндошлар томонидан берилган хабарлар
Бошқа манбалардаги постлар, агар улар дафн маросими суратлари билан бирга берилган бўлса
Асосий ҳисобда ўзини эълон қилган Донбасс "республикалари"нинг 2023-йилгача бўлган йўқотишлари инобатга олинмайди.
2023-йил январидан бошлаб эса, "ДНР халқ милицияси" Россия армияси таркибига қўшилгани учун, Донецк ва Луганск вилоятларидан ҳалок бўлганлар Россия бўлинмалари таркибида жанг қилган "чет элликлар" сифатида ҳисобга олинади.
Қўшин турларини ҳалок бўлганларнинг қаерда хизмат қилгани ҳақидаги хабарларга ёки униформадаги фарқлаш белгиларига қараб аниқладик.
Сафарбар қилинганлар, кўнгиллилар ва маҳкумлар алоҳида қўшин тури эмас, бироқ уларнинг йўқотишларини мунтазам армиянинг профессионал (контракт) қисмлари билан солиштириш учун алоҳида тоифада ажратдик.
* "Медиазона" ва Тhe Bell нашрлари Россия ҳукумати томонидан "хорижий агент" деб эътироф этилган.































