Трампнинг миллатга мурожаати. Демократ ҳайдаб чиқарилди. Хоккейчилар олқишланди. Яна нималар бўлди?

Доналд Трамп нутқ қилмоқда.

Сурат манбаси, Reuters

Ўқилиш вақти: 3 дақ

АҚШ тарихидаги энг узоқ давом этган миллатга мурожаат, дея таърифланаётган нутқида президент Доналд Трамп мамлакат келажаги ҳақидаги ўз қарашларини ғолибона оҳангда изҳор этди.

Ўз партияси - Республикачиларга таҳсинлар айтди.

Миллатга мурожаат анъанавий равишда Конгресс аъзолари, вазирлар ва Олий Маҳкама ҳакамлари ҳузурида қилинади.

Президент оиласи ва ва бошқа меҳмонлар ҳам таклиф этилади.

Бу галги мурожаат Эрон билан муносабатларининг танглашиши, жаноб Трамп томонидан илгари сурилган жаҳон бўйлаб тарифларни киритиш таклифи Олий Маҳкама томонидан рад этилгани ва мамлакат бўйлаб нархларнинг ошиб бораётгани юзасидан хавотирлар манзарасида қилинди.

Буларнинг ҳаммаси шу йил кутилаётган ўрта сайловларда Президентнинг Конгресс устидан тўлиқ назоратни йўқотишига сабаб бўлиши мумкин бўлган омиллардир.

Президент Трамп нутқининг асосий нуқталарига назар ташлаймиз.

1. Олий Маҳкаманинг ҳамма аъзолари келишмади

Олий Маҳкама аъзолари Трамп нутқини тинглашмоқда.

Сурат манбаси, Reuters

АҚШ Олий Маҳкамаси президент Трампнинг жаҳон бўйлаб ёппасига тарифлар киритиш таклифини рад этганидан сўнг бу уларнинг илк юзма-юз учрашувлари бўлди.

Одатда Маҳкаманинг ҳамма аъзолари миллатга мурожаатни тинглаш учун йиғилишади.

Аммо сешанба кунги нутқни Маҳкаманинг 9 ҳакамидан фақат 4 нафари эшитгани келишди.

Олий ҳакам Жон Робертс билан қўл сиқиб кўришар экан иккисининг нигоҳи ўртада танглик борлигидан далолат берарди. Чунки ҳакам Робертс тарифларга қарши овоз берганлардан биридир.

Ўз нутқида тарифлар масаласини тилга олган вақти президент Трамп Олий Маҳкама ҳакамларини танқид қилиб ўтди. Лекин бу галги танқид оҳанги аввалгиларидан юмшоқроқ эди.

Тарифларнинг рад этилишини жаноб Трамп "афсусланарли ва ачинарли" ҳолат дея, таърифлар экан ҳакамлар томон тўғридан-тўғри назар ташлади. Аммо улар пинакларини бузганлар. йўқ.

2. Демократлар яна ҳайдаб чиқарилди

Демократлардан бири “Қора танлилар маймун эмас” деган шиорни ушлаб турибди.

Сурат манбаси, Bloomberg via Getty Images

АҚШ президентларининг миллатга мурожаатлари вақтида мухолиф партия вакилларининг норозиликлари одатий ҳолга айланган.

Бу галги миллатга мурожаатга кўплаб Демократлар келишмади.

Келганлари эса ўз норозиликларини изҳор этишдан тийилишмади.

Техасдан Конгресс аъзоси Грин иккинчи йилдирки мажлис залидан қўриқчилар ёрдамида чиқариб юборилди.

Жаноб Трамп залга кириб келар экан Грин "Қора танлилар маймун эмас", дея ёзилган лавҳани ушлаб турганди.

Конгресс аъзолари Трамп томон норозиликларини айтишмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Илҳон Умар ва Рашида Тлайиб нутқ давомидан бир неча бор норозиликлар изҳор этишди.

Бу лавҳа яқинда президент Трамп томонидан Ижтимоий тармоқда чоп этилган ва кейинчалик олиб ташлаган видеога ишора эди.

Видеода собиқ президент Барак Обама ва унинг рафиқаси маймун сифатида кўрсатилганди.

Ана шу лавҳа ва бақириб норозилик изҳор этиши ортидан конгресс аъзоси Грин залдан чиқариб юборилди. Худди шундай уни ўтган йили ҳам миллатга мурожаат вақтида чиқариб юборишганди.

Конгресс аъзоси Миннесота штатидан демократ Илҳан Умар ҳам жаноб Трамп муҳожирлар масаласи ва Миннесотдаги сомалилик америкаликлар айбланган қаллобликларни тилга олган вақти бақириб ўз норозилигини айтди.

"Бу ёлғон, сиз ёлғончисиз", дея бақирди у.

Унинг ёнида ўтирган Мичиган штатидан демократ Конгресс аъзоси Рашида Тлайиб ҳам бир неча бор норозилик билдиришди.

3. 'U-S-A, U-S-A' - Ватанпарварлик ҳайқириқлари

Олтин медалларини ушлаб турган хоккейчилар.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Мажлислар залига хоккей бўйича АҚШ миллий жамоасининг кириб келиши эҳтиросли онлар бўлди.

ЙИғилганлар уларни қарсаклар билан кутиб олиб, "U-S-A", дея ҳайқира бошлашди.

Хоккей жамоаси Қишки Олимпия ўйинларида Канада устидан ғалаба қозониб, олтин медални қўлга киритишганди.

Жаноб Трамп ҳам йиғилганлар қарсакларига қўшилди.

Жамоа сардорига Президентнинг Озодлик медали берилишини эълон қилди.

Хоккей жамоасини шахсан президент Трамп улар кийим алмаштириш хонасида бўлган вақтлари унга телефон қилганларида Миллатга мурожаат маросимига таклиф қилганди.

Шу билан бирга жаноб Трамп қарама-қарши фикрларни уйғотган изҳоротни ҳам қилди.

"Биз аёллар хоккей жамоасини ҳам таклиф қилишимиз керак энди. Агар бундай қилмасам менга импичмент эълон қилишади", деди жаноб Трамп.

Трампнинг бу сўзлари Ижтимоий тармоқларда кенг танқидларга тутилмоқда. У ўз нутқида аёллар хоккей жамоаси ҳам олтин медални қўлга киритганини айтиб ўтди.

Жаноб Трамп нутқининг асосий нуқтаси ватанпарварлик эди. Аммо бу йил АҚШ 250 йиллигини нишонлаш маросимлари режалангани ҳақида айтар экан, мамлакатдаги бўлинишларга ҳам ишора қилиб ўтди.

Ўз нутқи мобайнида у асосан Конгресс аъзоларидан иборат бўлган йиғилганларга мурожаат қилиб, "Америка ҳукуматининг энг дастлабки вазифаси ноқонуний келгиндиларни эмас америкаликларни ҳимоя қилишдир", деган изҳоротни қўлловчиларни ўринларидан туришни сўради.

Шу онда камералар ўринлиларидан олқишлар билан турган Республикачиларни кўрсатди. Аммо залнинг бошқа қисми ўринларида жимгина ўтиришганди.

Трам Демократлар қарсак чалишмаётгани ёки уни қўлламаётганларини бир неча бор тилга олиб, "Улар ақлдан озган", дея айтди.