'Секс-камера саноати бизни мактаб ўқувчилигимиздан ёллаган'
- Author, София Беттиза
- Role, Глобал соғлиқни сақлаш масалалари бўйича мухбир. Жаҳон хизмати
- Ўқилиш вақти: 7 дақ
Бу каби студиялар ижрочиларни жинсий ҳаракатлар қилдириб, бутун дунё бўйлаб трансляция қилади. Кўрувчилар эса воситачиларга ёзма сўров орқали пул тўлаб, хизматдан фойдаланади.

Сурат манбаси, Jorge Calle / BBC
Бир куни тушдан кейин Изабелла мактабдан чиқиб кетаётганида, кимдир унинг қўлига варақча тутқазди. Унда: "Гўзаллигинг билан пул топишни хоҳлайсанми?", деб ёзилган эди.
Изабелланинг айтишича, модел қизларни қидираётган студия Колумбия пойтахти Боготада айнан унинг туманидаги ўсмирларни овлаган эди.
Икки ёшли ўғлини боқиши керак бўлган 17 ёшли Изабелла жуда эҳтиёжманд эди. Кўпроқ маълумот олиш учун у варақчада кўрсатилган манзилга борди. У ерда вайрона уйда жойлашган, бир эр-хотинга тегишли студияга йўлиқди. Бу уйда ҳар бири ётоқхонага ўхшаб жиҳозланган саккизта хона бўлиб, уларда веб-камералар, компьютерлар, ёритиш ускуналари ва интернет бор эди.
Бу каби студиялар ижрочиларни жинсий ҳаракатлар қилдириб, бутун дунё бўйлаб трансляция қилади. Томошабинлар эса воситачиларга ёзма сўров орқали пул тўлаб хизматдан фойдаланади. Бу воситачилар мониторлар деб ҳам аталади.
Изабелла айтишича, эртаси куниёқ у студияда иш бошлади. Аммо Колумбияда 18 ёшга тўлмаганларни бундай фаолиятга жалб қилиш қонунан тақиқланган. Унга ҳеч қандай ёзма шартнома таклиф қилинмаган, ҳуқуқлари тушунтирилмаган. "Улар менга: "Мана камера, бошладик", дейишди. Ҳеч нарса ўргатишмади", дейди у BBC Жаҳон хизматига.
Унинг айтишича, тез орада студия унга мактабдан ҳам тўғридан тўғри эфирга чиқишни сўраган. Синфда, бошқалар инглиз тили ўрганаётган пайтда, у телефонни ўрнатиб, эфирни бошлайди. "Томошабинлар мендан жинсий ҳаракатлар қилишни сўрай бошларди. Ўқитувчидан ҳожатхонага чиқиш учун рухсат сўрардим ва у ерда мижозлар талаб қилган ишни қилардим", дейди у.
"Ўқитувчим нима бўлаётганини билмасди, шунинг учун мен бундай ишни бошқа дарсларда ҳам давом эттирдим. Фарзандим ҳақида ўйлардим. Уни боқиш учун қиляпман, дердим. Бу менга куч берарди", дейди у.
Эски аккаунтлар ва сохта IDлар

Глобал секс-камера саноати тобора ўсиб бормоқда. SEMrush таҳлил компанияси маълумотларига кўра, бутун дунёдаги веб-камера платформаларининг ойлик кўришлари 2017 йилдан бери уч баравар ошган ва 2025 йил апрелида 1,3 миллиардга етган.
Колумбияда шундай фаолият билан шуғулланувчи 12 мингга яқин студия ва тахминан 400 мингта модель борлиги айтилмоқда. Студиялар ижрочиларни видеога олиб, контентни глобал платформага узатади. Миллионлаб томошабинлар эса уларни тўғридан-тўғри томоша қилади.
Уйида шароит йўқ ёки интернети барқарор бўлмаган кўплаб моделлар студияда ишлашга мажбур. Улар одатда ёш ва камбағал бўлиб, ота-онаси билан яшайди. Баъзи студиялар яхши шароит яратиши мумкин, аммо бошқалари одамларни алдаб, заиф ижрочилардан фойдаланади. Колумбия президенти Густаво Петро бундай студия эгаларини "қулдорлар", деб атаганди.
Европа ва АҚШда жойлашган асосий платформалар – BongaCams, Chaturbate, LiveJasmin ва StripChat – ижрочиларнинг 18 ёшдан катта эканлигини текширишлари керак. Европа Иттифоқи ва АҚШ қонунлари 18 ёшга тўлмаган шахс иштирокидаги шаҳвоний контентни тақиқлайди.
Аммо моделларнинг Би-би-сига айтишича, агар студия вояга етмаган қизларни ёллашни истаса, бу текширувларни осонгина четлаб ўтиши мумкин. Улардан бири – вояга етган, аммо энди ишламаётган моделнинг эски аккаунтини қайта фаоллаштириб, уни вояга етмаган қизнинг фойдаланишига бериш.
Изабелла: "Студия раҳбари ёшим етмагани муаммо бўлмаслигини айтди. У бошқа аёлнинг аккаунтидан фойдаланди. Кейин мен шу ном билан иш бошладим", дейди.
Бошқа моделлар эса студия уларга сохта шахсий гувоҳнома берганини айтишди. Кейни исмли ижрочи айтишича, у 17 ёшида BongaCams'да шундай йўл билан иш бошлаган.

BongaCams'нинг Колумбиядаги вакили Милли Ачинте Би-би-сига улар вояга етмаганларга эфирга чиқишни тақиқлашини ва қоида бузилганда аккаунтлар ёпилишини айтди. Шунингдек, платформа ҳукумат сайти орқали шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни текширади. Агар модель студияни тарк этган бўлса, у ўз аккаунтини ёпиши учун пароли қайтариб берилади.
Chaturbate ўз баёнотида сохта IDлардан фойдаланишни "қатъий" тақиқлаганини маълум қилди. Унга кўра, моделлар мунтазам равишда давлат томонидан берилган шахсий гувоҳномаси билан бирга тушган жонли тасвирларини юборишлари лозим. Бу тасвирлар рақамли ва қўлда текширилади. Компания таъкидлашича, "ўртача бир назоратчи 10 тача трансляцияни текширади" ва "ҳар бир эфир доимий текширувдан ўтиши" туфайли ёшни яширишга уринишлар фош қилинади.
StripChat ҳам "вояга етмаган моделларга нисбатан мутлақо тоқатсизлик сиёсати" борлигини маълум қилди. Унинг билдиришича, ижрочилар "шахсни ва ёшни тасдиқлаш жараёни"дан ўтиши шарт. Компания, шунингдек, шахсни аниқлаш учун учинчи томон верификаторлари билан ҳамкорлик қилишини ҳам билдирди.
StripChat қайд этишича, "эски аккаунтлар" платформадан фойдалана олмайди ва яқинда киритилган ўзгаришларга кўра, ҳар бир эфирда аккаунт эгасининг шахсан ўзи қатнашиши шарт. Агар ижрочи мустақил фаолият бошлаб, янги аккаунт очса, аввалги аккаунт автоматик равишда ёпилади ва студия уни ишлата олмайди.
LiveJasmin эса Би-би-сининг изоҳ сўровига жавоб қайтармади.
Томошабинларга "ёш кўриниш ёқади"
Tomoshabinlar mendan jinsiy harakatlar qilishni so‘ray boshlardi. O‘qituvchidan hojatxonaga chiqish uchun ruxsat so‘rardim va u yerda mijozlar talab qilgan ishni qilardim...
Кейни ҳозирда 20 ёшда ва у Меделлиндаги уйидаги ётоқхонасидан тўғридан тўғри эфирга чиқади. У катта халқаро платформаларга уланадиган бошқа бир студия орқали ишлайди.
Агар бир нечта ҳалқали чироқлар, камера ва катта экран бўлмаганида, бу хона болалар хонасига ўхшарди: унда ўнлаб юмшоқ ўйинчоқлар, пушти якшохли отлар ва айиқчалар бор.
Кейнининг айтишича, "томошабинларга ёш кўриниш жуда ёқади." У қўшимча қилади: "Баъзан бу менга муаммоли. Айрим мижозлар сиздан боладек тутишингизни сўрайди – бу тўғри эмас."
У ота-онаси ажрашиб кетганидан кейин оиласига молиявий ёрдам бериш учун бу соҳани танлаганини айтади. Отаси унинг бу ишидан хабардор ва қўллаб-қувватлашини айтади.
Кейни 17 ёшида бу ишни бошлаганини тан олади. Аммо у собиқ иш берувчиларидан рози. Аксинча, уларни ҳозир ойига тахминан 2000 доллар топишига сабабчи деб ҳисоблайди. Колумбиядаги энг кам иш ҳақи тахминан 300 доллар.
"Бу иш орқали мен онамга, отамга, синглимга – бутун оиламга ёрдам беряпман," дейди у.
Баъзи студиялар ўз ижрочиларига ғамхўрлик қиладиган яхши муҳит яратишга этишга ҳаракат қилади. Масалан, Би-би-си энг йирик студиялардан бири AJ Studios'га бориб, у ерда моделлар учун руҳий саломатликни қўллаб-қувватловчи ички психолог билан учрашди. Студияда педикюр, массаж, ботокс ва лаб тўлдириш хизматлари "чегирма" билан таклиф қилинади. Юқори даромадли ва бошқа моделларга ёрдам кўрсатувчилар эса бу хизматларни мукофот сифатида бепул олиши мумкин.
Ҳожатхонага боргани учун жарима
Аммо, мамлакат президенти таъкидлаганидек, ҳар бир ижрочига яхши шароит яратилмайди ёки улар яхши пул топа олмайди. Энди мазкур саноат янги меҳнат қонуни орқали қаттиқроқ назоратга олиниши мумкин.
Моделлар ва студиялар Би-би-сига билдиришича, стриминг платформалари одатда томошабин тўлаган маблағнинг 50 фоизини олади, студиялар 20-30 фоизини, моделларга эса қолгани тегади. Яъни, агар томоша $100 ишлаб топса, модель одатда $20-$30 атрофида олади. Уларнинг айтишича, виждонсиз студиялар кўп ҳолатда бундан ҳам кўпроғини ўзига олади.
Моделлар баъзи ҳолатларда саккиз соатлик сеансда атиги $5 ишлаб топишганини, бу кўпроқ эфирни кам одам кўрганда бўлишини айтишди.
Бошқалар эса 18 соатгача узлуксиз эфир қилишга мажбур қилингани, овқатланишга ёки ҳожатхонага чиққани учун жарима тўлашга мажбур бўлганини таъкидлади.
Бу айтилаётган ҳолатлар 2024 йил декабрида чоп этилган Human Rights Watch ҳисоботида ҳам қайд этилган. Ушбу мақола учун қўшимча тадқиқот олиб борган муаллиф Эрин Килбрайд Би-би-сига айтишича, баъзи аёллар қандала ва сувараклар босган ифлос, тор хоналарда тасвирга олинган ва оғриқли ҳамда қадр-қимматни камситувчи жинсий ҳаракатларга мажбурланган.

Сурат манбаси, Jorge Calle / BBC
Икки боланинг онаси меделинлик Софи аввал тунги клубда официант бўлиб ишлаган, аммо мижозларнинг ҳақоратларидан чарчаб, секс-камера моделлигига ўтган.
Аммо 26 ёшли Софи айтишича, ишлаган студияси ундан оғриқли ва таҳқирловчи жинсий ҳаракатларни, жумладан, яна учта қиз билан бирга чиқишни талаб қилган.
Унинг айтишича, бундай талаблар томошабинлардан келади ва студия мониторлари – модель ва томошабин ўртасидаги воситачилар томонидан тасдиқланади.
Софи айтишича, у бундай қилмаслигини айтганида, "улар менда танлов йўқлигини айтишди".
"Охири мажбур бўлдим. Йўқса аккаунтимни блоклашарди," дейди у. Бу эса ҳисобни йўқотиш билан баробар эди.
Софи ҳозир ҳам секс-камера студияларида ишлайди, чунки у Колумбиядаги оддий маош икки фарзанди ва уни боқишга етмаслигини айтади. У ҳозирда юридик таълим олиш учун маблағ йиғмоқда.

Эрин Килбрайд таъкидлашича, бундай муаммолар фақат Колумбия билан чекланмайди. У йирик тўртта стриминг платформаси Болгария, Канада, Чехия, Венгрия, Ҳиндистон, Руминия, Россия, Жанубий Африка, Украина ва АҚШдаги студиялардан ҳам контент қабул қилишини аниқлаган.
Унинг айтишича, платформа сиёсати ва протоколларидаги "бўшлиқлар инсон ҳуқуқлари бузилишига йўл очиши ёки оғирлаштириши мумкин".
Би-би-си платформалардан студиялардаги шароитлар ҳақида сўраганда, BongaCams вакили Милли Ачинте айтишича, у Колумбиядаги баъзи студияларга бориб, "моделларга ҳақ тўланишини, хоналар тозалигини ва моделлар зўравонликка учрамаслигини таъминлашга ҳаракат қилган" саккиз аёлдан иборат жамоа аъзоси бўлган.
StripChat ва Chaturbate студияларга бориб текширмасликларини ва ижрочиларнинг тўғридан-тўғри иш берувчиси эмасликларини айтди. Яъни улар студия ва моделлар ўртасидаги шартларга аралашишмайди. Бироқ ҳар икки платформа "бехатар иш муҳитини таъминлашга содиқ эканликларини" билдиришди. StripChat қўшимча қилишича, у студиялардан "қулай иш шароити"ни таъминлашни кутмоқда.
BongaCams, StripChat ва Chaturbate ҳаммаси, агар модель зўрланаётгани ёки мажбурланаётгани аниқланса, бунга аралашадиган жамоалари борлигини билдирди.
"Улар мени алдашди"
Изабелла икки ой давомида ҳар куни соат 5:00 да уйғониб, веб-камерада ишлади, мактабга борди ва фарзандига қаради. У биринчи маошини олиш учун жуда интиқ эди.
Бироқ унга бор-йўғи 174,000 колумбия песоси ($42) тўланган. Бу унинг кутганидан анча кам эди. У студия келишилган фоизни бериш ўрнига даромаднинг кўпини ўзлаштирган, деб ҳисоблайди.
"Бу пул жуда оз эди", дейди у. Шу пулнинг бир қисмини у сут ва тагликлар сотиб олишга сарфлаган. "Улар мени алдашди."
Изабелла, ҳали ҳам мактабда ўқишини давом эттираётганига қарамай, бир неча ой секс-камерада модель бўлиб ишлаган, сўнг ташлаб кетган.
Бу ёшда кўрган муносабатлари уни руҳан қаттиқ жароҳатлади. У йиғлашдан тўхтай олмасди, онаси психолог ёллади.
Изабелла ва яна олти нафар собиқ модель бирлашиб, давлат прокуратурасига расмий шикоят аризаси топширишди. Улар студияни вояга етмаганларни эксплуатация қилиш, меҳнат зўравонлиги ва иқтисодий зўравонликда айблашмоқда.
"Менинг видеоёзувларим интернетда ҳали ҳам бор. Улар ёшим етмаган пайтда ёзилган", дейди у. Уларни ўчиртиришга уринганда ўзини кучсиз ҳис қилган. "Бу менга қаттиқ таъсир қилган. Ҳозир бу ҳақда ўйлашни ҳам истамайман."
Мақолани тайёрлашда Вуди Моррисанинг ҳам ҳиссаси бор.












