Ўзбек фоҳиша: "Ҳиндистонда кунига минг доллар топаман, Самарқандда нимаям қилардим?"
Ҳиндистон матбуотида ўзбекистонлик аёлларнинг фоҳишаликда гумонланиб қўлга олинаётгани акс этган хабарлар тез-тез чиқади. Би-би-си уларнинг сонини аниқлашга уринди, аммо полицияда бу борада статистик маълумотлар йўқ. Ҳинд матбуоти эса минглаб марказий осиёлик аёллар мамлакатда ихтиёрий ёки мажбурий тарзда ўз баданини сотаётгани ҳақида ёзади. Би-би-сининг Деҳлидаги мухбири Зарина Бухорий шундай аёлларнинг бири билан суҳбатлашиб, ҳикоясини ёзиб олди.
"Асли Самарқанд вилоятининг чекка қишлоғиданман. Ўзимни Мафтуна деб таништираман. Паспортда бошқа исмим. Қашшоқлик, ҳаёт қайғуси ва бебошлик мени бу йўлга етаклади. Ватанда бойлар орзу қилган маблағни бир ойда эмас, бир кунда топаман. Кун, вақт, соатига қараб, 400 доллардан 1000 долларгача...
30 ёшлардаман. Ёш бўлганим бой мижозларни жалб қилишга қўл келади. Ишлаб топган маблағимнинг асосий қисмини икки қизимни вояга етказаётган опамга, Самарқандга юбораман. Тошкентда иккита квартира сотиб олдим. Қолган пулни эса, ижара, атир-упа, макияж, умуман айтганда, янада ёқимлироқ кўриниш учун косметик жарроҳликка сарфлайман...
Деҳлида Марказий Осиёдан 5-6 қиз бир том остида яшаймиз, лекин муқим манзилимиз йўқ. Ҳибсга олиниш ва қўшниларнинг шикоятидан қутулиш мақсадида, ҳар гал уйдан-уйга кўчишимизга тўғри келади.
Деҳлида ҳаёт ёмон эмас. Ўзбек мама ва ҳинд папаси қарамоғидамиз. Топганимизнинг тенг ярми уларники. Мижозлар бизларга яхшигина чойчақа ҳам беришади. Бизнесни мама ва папамиз интернетда олиб боришади, онлайн буюртма тушгандан кейин папамиз ўша адресга олиб бориб қўяди.

Сурат манбаси, NOAH SEELAM/Getty Images
Мижозлар билан вақтичоғлик даврида турар жой, озиқ-овқат ҳақида қайғурмайман. Бу эркаклар ўз хотинларига бошқа штатга семинарга ё конференцияга кетяпман деб, бизнинг олдимизга келишади. Алкогол, сигарет, наша, кокаинни кам дозаларда ичиб ё чекиб тураман. Виждоним жуда қийналган пайтлар бўлади, ўшанда ичсам ё чексам, ёрдам беради.
Мижозлар билан Ҳиндистоннинг турли экзотик шаҳарларида бўлдим. 15 ой аввал, Деҳлига келишимдан бурун, Туркия ва Бирлашган Араб Амирликларида фоҳишалик қилдим. Бироқ, Ҳиндистонни афзал кўраман, сабаби, ҳиндлар сахийдек... Белгиланган маблағдан ташқари қўшимча 200 доллар атрофида чойчақа ҳам тўлашади, ва асосий фарқли жиҳати - бизни аёл сифатида ҳурмат қилишади.
Ўзига яраша ёмон томонлариям бор. Яқинда баданимга нимадир тошиб кетти. Бир ой клиникада даволандим, бизнес тўхтаб қолди. Худога шукур, ҳали ҳеч ким мени зўрламади.
Ҳиндистонлик мижозларнинг кўпчилиги етук, катта ёшли ва уйланган. Дубайда эса 12-14 ёшли болалар ҳам мижозим бўлган. Каттароқ араблар ғалати усулларни кўп қўллашарди, икки оёғимни каравотга тортиб боғлаб қўйишарди.
Ҳиндистонликлар орасида юқори мартабалилари кўп. Судялар, сиёсатчилар, хусусий компаниясига эга ишбилармонлар... Баъзи адвокатлар бир неча ой аввал муддати тугаган визамни узайтиришни таклиф қилишади.
Бир вақтлар Самарқандда уй-жойим бор эди. Ўсмирлигимда севганимга узатишди. Тез орада икки болали бўлдим. Мен олий маълумотли эмасман. Шунинг учунми, оилада рус тилида мулоқот қиладиган қайнонам аввалданоқ мени хушламаган. Ҳар ишимдан айб топиб, эримга урдиришга одатланганди. Охир-оқибат икки норасида қизларим билан кўчага итдек улоқтирилдик. Эрим менга бегона бўлди. Болаларим отасиз қолди. Шу орада муштипар онам вафот этди. Кимнинг остонасига бош уриб борай? Боши берк кўчада қолдим. Борар жойим йўқ эди. Болаларни кўчага ташлаб, қочишни хоҳлардим.
Қўшнимнинг қистови билан Туркияда яшовчи ўзбек аёл билан танишдим. Авваллари ҳаёлимга келмаган фоҳишалик дунёси эшиклари мен учун очилди. Туркия Араб Амирликларига етаклади. Ҳиндистонда доимий буюртмачи харидорлар борлигини эшитиб, сўнг Деҳлига йўл олдим.
Деҳлида Марказий Осиё давлатларидан кўплаб қизларни учратдим. Аксарияти алданиб, одам савдоси қурбони бўлиб қолиб кетишган. Бир куни аэропортда маҳаллий қалбаки ҳужжат билан тутилдим. Полиция қамаб қўйди. Жазони аввал Тиҳар, сўнг Мандоли аёллар қамоқхонасида ўтадим. Болалигимда Болливуд филмларида ушбу қамоқхоналарни томоша қилганман, энди эса ўзим бош қаҳрамонга айлангандек эдим.
Ҳибсга олинганлар орасида кўплаб ўзбек, тожик, қозоқ, қирғиз, афғон ва туркларнинг кўплиги мени ҳайратга солди. Қамоқхона кичик Марказий Осиёдек. Уларнинг баъзилари мамлакатда тақиқланган олтин, кумуш контрабандаси, қолганлари мен каби қалбаки ҳужжат билан тутилганлар эди. Адвокат ёллаб 2000 доллар тўлагач, бир ойдан кейин озодликка чиқдим.
Кўпинча ёлғиз қолганимда қизларимни соғинаман. Ҳафтасига 2-3 марта телефонда суҳбатлашаман. Катта қизим мактабга, иккинчиси боғчага боради. Мен болалимда эришолмаган орзуларимга фарзандларим эришишини истайман.
Қачон қизларимни кўра оламан, бу ҳозирча номаълум. Ёшлик абадий эмаслигини яхши англайман. Келгуси ҳаётимни тасаввур қилолмайман. Лекин, болаларим билан яна юзлашиб, тотувликда яшашни хоҳлардим. Лекин, Самарқандга қайтсам, нимаям қилардим? Билмайман...
Олис денгизга ғарқ бўлаётгандек бўламан. Самарқандга энди қайтмасам керак... "
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













