Дунё тартиботи ўзгармоқдами - Ўзбекистон қаердан ўрин олади? Видео

Tramp va Mirzyoyev

Сурат манбаси, president.uz

Ўқилиш вақти: 6 дақ

Доналд Трамп ташаббуси билан тузилган ва Ўзбекистон ҳам аъзоси бўлган "Тинчлик кенгаши" дунё тизимида янги тартиб шаклланаётганини англатадими?

Ўзбекистон иттифоқчилари томонидан яккаланаётган Америкага яқинлашиб нима ютиши мумкин? Буни империалистик иштаҳалари очилаётган Россия қандай қабул қилмоқда?

"Диққат, BBC" дастурида ана шу мавзуни ўргандик.

Доналд Трампнинг барчага тарифлар ва ерларни қўшиб олиш билан таҳдид қилиши ортидан Бир вақтлар АҚШнинг ҳамкори бўлган ва доим ёнида турган Ғарб давлатлари бирма бир ундан масофа сақлаётгандек.

Ён қўшниси Канада Хитойга эшикларини очди. Доим ёнида турган Британия ҳам Хитой билан миллардлаб долларлик шартномалар имзолади.

Европа НАТОнинг ўрнига муқобил ҳарбий иттифоқ ҳақида гапирмоқда.

Ана шундай бир манзарада Трамп яна бир ташкилот "Тинчлик кенгаши"ни ташкил қилди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Бир йилнинг ичида Трамп ташқи сиёсатда нималар қилишга улгурди?

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг дунё коммунизм ва капитализм қутбига узил кесил бўлингач, Ғарб давлатлари АҚШ бошчилигидаги иттифоқдан жой олди.

Америка турли сабаблар билан бирор давлатга ҳарбий аралашув қиладими ёки бирор сиёсий томонни қўллаб қувватлайдими коллектив Ғарб доим ёнида турди.

Аммо Россиянинг Украинага уруш очиши ва Трампнинг иккинчи бор президент бўлиб келиши ортидан бу тартиб кескин ўзгара бошлади.

Трамп Америкаси бир йилнинг ичида янада тажоввузкор, аммо халқаро масъулиятларини бирин кетин рад қилувчи давлатга айланаётгани айтилмоқда.

Бу вақтда Америка Яман ва Эронни бомбалашга улгурди. Венесулада махсус амалиёт ўтказиб, мамлакат президенти Николас Мадурони қўлга олди.

Трамп ён қўшниси Канадани "АҚШнинг 51 чи штати", дея айта бошлади.

У шунингдек, Панама каналини ва Европа биқинидаги Гренландияни Америка бошқарувига ўтказиш ҳақида жиддий гапира бошлади.

Бунинг ҳаммаси бир вақтлар АҚШ ёнида турган иттифоқчиларида ҳимоя рефлексларини уйғотиб юборди.

Европадаги айрим давлатлар Грендландияга ҳарбий машғулот ўтказиш учун рамзий тарзда саноқли ҳарбий юборди.

АҚШ ушбу ҳаракатга дарров тарифларни ошириш таҳдиди билан жавоб берди.

Канада ва Британия савдо ва сармоя борасида шу вақтгача масофа сақлашга ҳаракат қилиб келган Хитойга юзланди.

Трамп бу ҳаракатларга ҳам бож тарифларни ошириш таҳдиди билан чиқди.

Трамп АҚШнинг 66 та турли халқаро ташкилотлар ва келишувлардан чиқишини маълум қилди. Шундан 31 таси БМТ таркибидаги ташкилотлардир.

Бу ҳаракатлар шусиз ҳам заифлиги туфайли танқидларга остида қолаётган БМТни янада оғир аҳволга солиб қўйди.

БМТ молиявий қулаш арафасида эканлигини баён қилди.

"Тинчлик кенгаши" қандай тузилма?

president.uz
O‘zbekiston AQSh bilan yaqinlashib olishni xohlayapti. Bu axir imkoniyat. Juda ko‘p mamlakatlar Amerika bilan to‘g‘ridan to‘g‘ri muloqot qilishni xohlaydi, lekin bu oson emas.
Alisher Taksanov
Sobiq diplomat (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Ана шундай бир манзарада Доналд Трамп икки йил Исроил бомбардимони остида қолган Ғазони тиклаш мақсадида "Тинчлик кенгаши" тузилишини маълум қилди.

Сиздирилган кенгаш низомида унинг мақсади фақат Ғазони тиклаш билан чекланмаслиги айтилади.

Низом "янада чаққон ва самарали халқаро тинчлик ташкилоти" заруриятини таъкидлаш билан бошланади ҳамда мустаҳкам тинчлик учун "кўпинча муваффақиятсизликка учраган институтлардан воз кечиш жасорати" кераклиги қайд этилган.

Унга 3 йиллик янгиланиб турувчи аъзо ёки 1 миллиард доллар тўлаб доимий аъзо бўлиш мумкин. Ҳозирча бу кенгашга 19 давлат аъзо бўлди.

БМТ Бош котиби Гутерришдан Трамп Тинчлик Кенгаши роли ҳақида сўралганда Қонунан кучга кирадиган қарорларни қандайдир ташкилотлар эмас, фақат БМТ Хавфсизлик Кенгаши қабул қилолади, деди.

Тинчлик жараёнида энг марказий ўринни БМТ, хусусан, Хавфсизлик Кенгаши эгаллайди, деб эслатди у.

"Шундай қилиб, тинчлик ва хавфсизликда марказий ўринни БМТ ва БМТ ичида Хавфсизлик Кенгаши эгаллайди. Ва айнан шунинг учун Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш муҳим. Шуниси қизиқки, БМТни самарасиз деб танқид қилаётган айрим танқидчиларнинг ўзлари Хавфсизлик Кенгаши ислоҳотига қарши чиқаётганлардир. Айнан шу нарса баъзан БМТнинг биз истаган даражада самарали эмаслиги сабаби бўлаяпти", деган Гуттериш.

Трамп ўйин қоидаларини бузмоқдами?

Трамп дунё сиёсий харитасини ўзгартириб, 2 жаҳон урушидан кейин шаклланган ўйин қоидларини бузиб юбормоқда деган фикрлар янграмоқда.

Собиқ дипломат Алишер Таксанов дунё Ялпи Ички маҳсулотининг 25 фоизини ташкил этувчи АҚШдаги ўзгаришлар дунё сиёсатига бевосита таъсир қилишини айтади.

"Бу дунёнинг биринчи армияси. Бу валюта – доллар – жаҳоннинг биринчи валютаси. Мана шундай иқтисодий имкониятлар, ресурслар билан Қўшма Штатлар бемалол дунё тартибини ўзгартиролади.

Европа билан қўшиб ҳисобланса, дунё Ялпи Ички маҳсулотининг 50 фоизи деганидир. Трамп АҚШни нафақат дунё мамлакати, балки БМТга муқобил қилишни истаяпти. Ва Ғазода бундан кейин нима бўлишини ҳал қиладиган "Тинчлик Кенгаши" тузилиши БМТдан ҳам йирикроқ тузилма тузиш йўлидаги илк қадам деб кўрилаяпти. Ва у жаҳондаги вазиятга таъсир қилади. Мен бу ташкилотни ҳарбий сиёсий блок бўлади, демайман. У Қўшма Штатларнинг йўриғига юрадиган мамлакатларнинг иттифоқи бўлиши мумкин", дейди у.

Сиёсий шарҳловчи Чори Кўчаров эса Трамп бошчилигида 19 давлатнинг Тинчлик кенгаши тузиши дунё тартиботини ўзгартирмайди, дейди.

"Бир сўз билан бу жаҳон тартиботини ўзгартирмайди, деган фикрга келаман. Чунки бу таклиф ҳали бутун дунё ҳамжамияти томонидан тўлиқ қўллаб-қувватлашга эришилмади", дейди у.

Кўчаровнинг айтишича, бунинг бир қатор сабаблари бор. Ташаббусни ҳали кўпчилик ёқламаяпти. Иккинчидан, бу таклифлар ҳали пишмаган

Кенгаш таркибидан Ўзбекистон ҳам жой олди. Расмий Тошкент ташкилот низомида сиздирилган даъволарни тилга олмаган.

Президент сайти кенгаш Ғазони тиклашда қулай шароит яратиши ва можаронинг кескинлашуви хавфини пасайтириши ва оқибатда Фаластин давлатини тузишда қўл келишини таъкидлаган.

Шунингдек, бу ташаббус БМТ сиёсатига ҳам мослигини айтган.

Кенгаш таркибида ҳозирча шу вақтгача АҚШ ёнида бўлган ғарб давлатлари йўқ. Унга аъзо бўлиш таклифига Россия президенти Владимир Путин илиқ қаршилик кўрсатган.

Бу нимани англатади?

Чори Кўчаровга кўра, бугунги халқаро дунёда, янги бир тенденция пайдо бўлди. Айнан Трамп ҳокимиятга келганидан кейин бу тенденция кучайди.

"Империалистик кайфиятдаги ҳолатлар кучайди. Хусусан, Россияни гўёки бугунги Украинага қилиб турган тажовузини тушунадиган давлатлар пайдо бўлди. Ёки Исроилни Фаластинга бўлган ҳужумлари, шунчаки ўзини мудофаа қилиш билан бир шарҳланди".

Сиёсий шарҳловчига кўра, Ўзбекистонга Россия томонидан қилинаётган таҳдидлар ёки Хитой томонидан қилинаётган иқтисодий экспансия – бу иккаласи ҳам Ўзбекистоннинг мавқеини анча пасайтириб келаяпти.

"Мана бу тинчлик кенгашига уларнинг тортилаётганлиги, қилинган таклифни бажонидил қабул қилаётганини бир қатор мана шундай, объектив сабаблари ҳам бор. Албатта, бунда субъектив ҳолатлар ҳам бор. Буни, демак, ўша ўзаро муносабатлар мисолида ҳам кўриш мумкин".

Кузатувчилар Трамп ташаббусида ҳозирча жавоблардан саволлар кўпроқ эканлигини айтишмоқда. Масалан, нега унда Америка президенти эмас, балки амалдан кетса ҳам Доналд Трамп раис бўлиб қолиши, бошқарув таркибига куёви Жаред Кушнерни қўшиши, унинг нима учун Ғазодаги оташкесимга қарамасдан Исроил томонидан бомбалашларга сукут сақлаётгани каби саволлар очиқ қолмоқда.

Шуларнинг ичида энг муҳимларидан бири АҚШнинг доимий ҳамкорлари бўлмиш Ғарб хайрихоҳлик билдирмай турган вақти, Вашингтон унча эътибор бермай келган давлатларнинг ҳам унга аъзо бўлиши.

Собиқ дипломат Алишер Таксановга кўра, бу дунё тартиботининг ўзгариши билан боғлиқ.

"Жаҳон тартиби 2001 йил 11 сентябрда Ню Йоркка террорчилик ҳужумларидан кейин кескин ўзгарди. Ҳодисалар АҚШда рўй берди, бироқ бу ҳодисалар дунёни ўзгартириб юборди. Ҳозир ҳам ҳокимиятга Доналд Трамп келганидан шундай ўзгариш юз берди. У янги муносабатларни йўлга қўйиш билан дунё тартибини ўзгартиришни бошлади. У сиёсий манфаатларни, шерик мамлакатлари манфаатларини инобатга олмасдан, бу нарсани бизнес структурага айлантирди. У АҚШ масалаларни нафақат сиёсий эҳтиёж, мисол учун, Россиядан келаётган таҳдиддан келиб чиқиб, балки бизнес манфаатидан келиб чиқиб ҳал этиши лозим, деган қарорга келди. Яъни, таҳдид қандайдир бизнес фойда, дивиденд ҳам келтириши мумкин. Шунинг учун асосий таҳдид Россиядан келаётганини англаётган Европа Доналд Трамп нима қилаётганини тушунмаслиги мумкин эмас. Муаммо шундаки, Трамп аниқ тиниқ англатиб қўйди: НАТО низомининг 5-банди унга НАТОга аъзо бошқа иттифоқчиларига ҳарбий ёрдам бериб, улар ҳимоясига чиқиш мажбуриятини бермайди. АҚШнинг ўзи ҳудудий даъволарни илгари сураётган бир пайтда табиийки, Европа Америка билан бирга бўлишни хоҳламаяпти". Таксановнинг айтишича, Европа АҚШ Тинчлик Кенгашини БМТга муқобил ташкилотга айлантириб, икки ҳокимиятчиликка ўхшайдиган вазият юзага келишидан хавотирланаяпти".

"Дунёда икки куч нуқтаси пайдо бўлиши мумкин. Бири Вашингтон раҳбарлигидаги Тинчлик Кенгаши ва АҚШ қатнашмайдиган БМТ. АҚШ аллақачон Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти ва яна бир неча халқаро ташкилотдан чиқиб кетишини эълон қилди. Молия бермай қўйди. Агар АҚШ БМТни молияламайдиган бўлса, БМТ қулайди. Чунки Қўшма Штатлар БМТга энг кўп взнос тўлайдиган мамлакат. У пул бермаса, қолган мамлакатлар БМТни молиялай олмайдилар. Тинчлик Кенгашига унча кўп пул керак эмас. Бу кенгаш иштирокчилари асосан ривожланаётган мамлакатлар ва уларнинг молиявий имкониятлари унча катта эмас. Вашингтон учун эса муҳими – қўллаб қувватлов. У ерда етакчи мамлакат Қўшма Штатлар ва у ўз шартларини илгари суради".

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Халқаро таҳлилчилар айтаётгандек, бу АҚШда ҳокимият алмашгунча бўладиган вақтинча феноменми ёки дунё янги тартибга ўтиш учун тамал тошими?

Чори Кўчаровнинг айтишича, АҚШ Сенатидаги бу йилги сайлов кўп нарсага ойдинлик киритади.

Алишер Таксанов эса ҳозир бир нарса деб бўлмаслиги айтади.

"Ҳозир АҚШнинг ўзи ҳам тушуниб туриптики, Доналд Трамп шериклар билан йўлга қўйилган муносабатларни бузиб, АҚШнинг иттифоқчилари бўлмайдиган янги тартибни барпо этаяпти"

У бу кенгаш бу вақтинчалик ташкилот бўлишини тахмин қилади.

"Трамп кетиши билан қулаб тушади, ё қайта ташкил қилинади, ёки айтишади: "кечирасизлар, ўша пайтлар шунақа манфаат бор эди, ҳозирга келиб бу манфаатлар ғойиб бўлди, энди муаммо йўқ ва биз ўз муносабатларимизни яна эски тартиб бўйича қурамиз", дейишлари мумкин. Булар ҳаммаси фақат бир киши – Трамп учун тузилаяпти. Қанчалар ғайриоддий кўринмасин, битта одам тартибни ўзгартира олиши мумкин экан. Худди бир замонлар Гитлер дунё тартибини ўзгартириб Иккинчи Жаҳон урушини бошлаб берганига ўхшаб", дейди Таксанов.

Ўзбекистонга нима фойда?

Mirziyoyev va Tramp

Сурат манбаси, president.uz

Таҳлилчилар Ўзбекистон бу ўзгаришлардан фойдаланиб қолмоқчи эканлигини айтишади.

"Лойқа сувда балиқ овлаш" деган ибора бор-ку. Шундай глобал жараёнлар кечаётганидан фойдаланиб, Ўзбекистон АҚШ билан яқинлашиб олишни хоҳлаяпти. Бу ахир имконият. Жуда кўп мамлакатлар Қўшма Штатлар билан тўғридан тўғри мулоқот қилишни, Доналд Трампнинг тўғри ўзига қўнғироқ қилишни хоҳлайди, лекин бунга эришиш осон эмас. Мана шундай пайтда Ўзбекистоннинг бевосита ўша жараёнларнинг ўзида иштирок этиш имконияти туғилиб қолди. У ўзини минтақанинг бир мамлакати деб эмас, жаҳон тартибини белгилаётган, овози инобатга олинаётган давлат сифатида тақдим қилолади", дейди Алишер Таксанов.

Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари Америкага сертқатнов бўлиб қолиши ва Тинчлик кенгашиши қўшилиши манзарасида Россияда яна бу ўлкаларнинг мустақиллиги савол остига олинувчи иғволи саволлар кўтарила бошлади. Россиянинг империалистик иштаҳаси очилаётган бир манзарада Ўзбекистон ва минтақанинг муқобил йўллар излаши суверенитетни сақлаб қолишда муҳимлиги айтилади.