Путин ва Трамп муносабатлари совуқлашган бўлса-да, саҳна ортида Украина бўйича келишув имконияти ҳали бор. Видео

Путин ва Трамп

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Стив Розенберг
    • Role, Би-би-си Россия муҳаррири
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ
Two treated images of close up shots of Vladimir Putin and Donald Trump

Доналд Трамп ва Владимир Путин ўртасидаги муносабат издан чиқдими? Россиядаги оммабоп нашрлардан бири – «Московский Комсомолец» шундай ёзди. Газета АҚШ-Россия муносабатларини поездларга ўхшатди.

"Тўқнашув муқаррар, – деб ёзди нашр. – Трамп локомотиви ва Путин локомотиви катта тезликда бир-бирига қараб кетаётгани аниқ. Иккаласи ҳам на бурилиш, на тўхташ ниятида."

Путин бошқараётган "локомотив" – Украинадаги уруш, яъни "махсус ҳарбий операция". Кремл бу кампанияни тўхтатиш ёки ўт очишни узоқ муддатга тўхтатиш ҳақида ҳозирча ҳеч қандай ишора бермаяпти.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар

Бу орада Трамп ўз "локомотиви"ни янада тезлаштирмоқда: Москвага босимни ошириб, урушни тўхтатиш учун муддатлар белгиламоқда, таҳдидлар, санкциялар ва Россиянинг савдо шерикларига – жумладан, Ҳиндистон ва Хитойга катта божлар қўймоқда.

Бундан ташқари, Трамп иккита Америка ядровий сувости кемасини Россияга яқинроқ жойлаштирганини ҳам маълум қилди.

Поездлардан сувости кемаларига ўтилаётган бўлса, демак, вазият жиддий.

A close up shot of US President Donald Trump

Сурат манбаси, WILL OLIVER/EPA/Shutterstock

Сурат тагсўзи, Трамп Москвага босимни кучайтирди: ултиматум илгари сурди, янги санкциялар билан таҳдид қилди, Россиянинг Ҳиндистон ва Хитойдек савдо шерикларини нишонга олди

Аммо савол шунда: бу воқеалар Оқ уйни Кремл билан Украина масаласида ҳақиқий тўқнашувга олиб кетяптими?

Ёки Трампнинг махсус вакили Стив Уиткоффнинг бу ҳафта Москвага ташрифи томонлар ўртасида ҳали ҳам муомала ва келишув эҳтимоли борлиги белгисими?

Трамп қайтди, муносабатлар ҳам илиқлашдими?

Дональд Трамп президентликка қайта келган дастлабки ҳафталарда Вашингтон ва Москва ўртасидаги муносабатлар бироз умидбахш кўринганди.

Тўқнашув эмас, балки яқинлашув кўп кузатилди.

Ҳатто шундай туюларди: Трамп ва Путин бир вагонда, бир йўналишда кетаётгандек.

Феврал ойида АҚШ БМТда Россиянинг тарафини олди ва Украинадаги тажовузни қораловчи Европа тайёрлаган резолюцияга қарши чиқди.

Ўша ойда Трамп ва Путин телефонда суҳбатлашиб, бир-бирининг мамлакатларига ташриф буюриш ҳақида гаплашишди.

ОАВда эса "Путин-Трамп саммити яқин" деган гаплар айлана бошлади.

 The site of a Russian drone strike on a market in the frontline city of Druzhkivka in the Donetsk region, Ukraine,

Сурат манбаси, PRESS SERVICE OF THE 24 MECHANIZED BRIGADE HANDOUT/EPA/Shutterstock

Сурат тагсўзи, АҚШ феврал ойида БМТда Россияни дастаклади. Европанинг Россиянинг Украинага тажовузи қораланган резолюциясига вето қўйди

Трамп маъмурияти ўша пайтда Москвага эмас, Киевга босим ўтказаётганди.

Шу билан бирга, Канада ва Дания каби анъанавий АҚШ иттифоқчилари билан тортишув, НАТО ва Европа етакчиларини танқид қилиш тенденцияси ҳам кучайганди.

Бу ҳолатлар Кремл учун жуда мақбул эди.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

"Америка ҳозирда Россияга Брюссел ёки Киевдан кўра яқинроқ", деганди Россия Фанлар академияси сиёсатшуноси Константин Блохин март ойида "Известия"га берган интервюсида.

Кейинроқ худди шу нашр шундай ёзди:

"Трампчилар – инқилобчилар. Улар тизимни бузувчилар. Уларга фақат қўллаб-қувватлов керак. Ғарбнинг бирдамлиги энди йўқ. Трампизм Транс-Атлантика бирдамлигини тез ва қатъият билан йўқ қилди."

US Special Envoy to the Middle East Steve Witkoff

Сурат манбаси, Chris Kleponis - Pool via CNP/POOL/EPA-EFE/Shutterstock

Сурат тагсўзи, Трампнинг махсус элчиси Стив Уиткофф икки ой ичида Россияга тўрт марта сафар қилди. Путин билан яккама-якка соатлаб музокаралар олиб борди

Москвага серқатнов элчи

Доналд Трампнинг вакили Стив Уиткофф сўнгги ойларда Россияга тез-тез қатнаяпти.

У икки ой ичида тўрт марта Москвада бўлди, Владимир Путин билан соатлаб суҳбутлашди.

Бир учрашувдан сўнг эса Путин унга Трампнинг портретини совға қилди – Оқ Уйга олиб кетиш учун.

Трамп бу совғани "жуда таъсирли ва ёқимли" деб баҳолади.

Бироқ Трампнинг Москвадан кутгани портрет эмас эди.

У Путиндан Украинада тўлиқ ва шартсиз ўт очишни тўхтатишга рози бўлишини истарди.

U.S. President Donald Trump and Russia"s President Vladimir Putin shake hands during a joint news conference

Сурат манбаси, REUTERS/Kevin Lamarque

Сурат тагсўзи, Трамп ва Путин 2018 йили Хелсинкида учрашдилар ва шахсан мулоқот қилдилар. Аммо бугунга келиб муносабатлар таранглашган кўринади

Трампнинг сабри тугаб боряпти

Ҳозир жанг майдонида ташаббус Россия қўлида, шунинг учун Москва дипломатик ечим тарафдори эканини таъкидлаб келаётган бўлса ҳам, Владимир Путин урушни тўхтатишга ҳеч шошилмаяпти.

Айни шу вазият Доналд Трампни тобора кўпроқ ранжитмоқда.

Сўнгги ҳафталарда у Россиянинг Украина шаҳарларига қилинган узлуксиз ҳужумларини "жирканч", "шармандагарчилик" деб атади ва Президент Путинни Украина бўйича "кўп аҳмоқона гапиряпти" дея танқид қилди.

Ўтган ой эса Трамп Путинга 50 кунлик ултиматум эълон қилди – уруш тўхтамаса, янги санкциялар ва юқори божлар қўллаш билан таҳдид қилди.

Кейин бу муддатни 10 кунга қисқартирди.

Муддат 8 августда тугайди, аммо ҳозирча Кремл Вашингтоннинг босимига ён берадиган кўринаётгани йўқ.

U.S. President Donald Trump and Russia's President Vladimir Putin

Сурат манбаси, REUTERS/Jorge Silva

Сурат тагсўзи, Трамп Россиянинг Украинага зарбаларини "жирканч" ва "шармандагарчилик" деб атади

Путин босимни ҳис қиляптими?

Бу ерда муҳим савол туғилади: Путин, умуман, бу босимни жиддий қабул қиляптими?

"Доналд Трамп неча бор муддатларни ўзгартириб, бир у томон, бир бу томонга бурилавердики, менимча, Путин энди уни жиддий қабул қилмаяпти," дейди Ню-Йоркдаги The New School университети профессори Нина Хрушёва.

"Путин урушни давом эттиради, Украина чарчаб, унинг шартларини қабул қилишга тайёрлигини айтмагунча."

Хрушёванинг фикрича, Кремлда ўтирган Путин ўзини гўёки Россия подшолари ва Сталин каби етакчилар орзусини амалга ошираётгандек ҳис қилади.

У Ғарбга "Россияни менсимаслик мумкин эмас" деган сигнални йўлламоқда.

Тўқнашув муқаррар эмас

Шундай манзарадан кейин Путин ва Трамп "локомотив"ларининг тўқнашуви муқаррар туюлиши мумкин. Лекин вазият унчалик ҳам оддий эмас.

Трамп ўзини "катта келишувлар устаси" деб ҳисоблайди ва афтидан у ҳали ҳам Владимир Путин билан келишувга эришиш умидидан воз кечмаган.

Трампнинг вакили Стив Уиткофф шу ҳафта яна Москвага бориб, Кремл раҳбари билан музокаралар ўтказди. У қандай таклиф олиб келган – ҳозирча махфий. Аммо Москвадаги баъзи таҳлилчилар бу сафар "чўпдан кўра сабзи кўпроқ бўлиши мумкин", деб тахмин қилишди.

Айтиш жоизки, якшанба куни Доналд Трамп "Россия санкциялардан анча яхши четланяпти, шекилли," деб айтди. Бу изоҳ таҳлилчилар эътиборидан четда қолмади.

Душанба куни эса Москвадаги МГИМО университети сиёсий назария бўйича доценти Иван Лошкарёв "Известия"га берган интервюсида шундай деди:

"Уиткофф Украина бўйича келишувдан сўнг Россияга фойдали ҳамкорлик имкониятларини таклиф қилиши мумкин – бу музокараларни енгиллаштиради."

U.S. President Donald Trump and Russia's President Vladimir Putin

Сурат манбаси, REUTERS/Marcos Brindicci

Сурат тагсўзи, Босимларга қарамасдан, Путин ўзининг асосий талабларидан воз кечганича йўқ. Булар Украина нейтралитети ва Украинанинг ҳарбий келажагига қаттиқ чеклов

Тинчлик яқинми ёки узоқ?

Бу таклиф Кремлни уч йилдан ортиқ давом этаётган урушдан сўнг тинчликка келишга ундай оладими?

Кафолат йўқ.

Чунки ҳозиргача Путин аннексия қилинган ҳудудлар, Украина бетарафлиги ва армиясининг келажакдаги шакли бўйича ўз қатъий талабларидан чекингани йўқ.

Доналд Трампга келишув керак, Владимир Путинга эса ғалаба.