Ўзбекистон, Марказий Осиё ва Кавказ: кимнинг қўли баланд? Россиями ёки АҚШ? Видео

Россия ва АҚШ ўртасидаги рақобатни намойиш қилувчи коллаж.

Сурат манбаси, ВВС

Сурат тагсўзи, Россия ва АҚШ ўртасида Марказий Осиё ва Кавказда ўз таъсирларини кенгайтириш юзасидан рақобат кузатилмоқда.
Ўқилиш вақти: 7 дақ

Ўзбекистон дохил Марказий Осиё ва Жанубий Кавказни ўз ичига олган сиёсий шахмат майдонида қайси ўйинчининг доналари илғорроқ ва журъатлироқ сурилмоқда? АҚШ ёки Россия?

DIQQAT BBC дастуримизда ана шу саволга жавоб қидирамиз.

Дастуримизни видео шаклда қуйида иловада кўришингиз мумкин:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Марказий Осиё ва Кавказ ҳануз Россиянинг "дала ҳовлиси"ми?

Россия Марказий Осиё ва Жанубий Кавказни Совет Иттифоқидан ўзига қолган мерос сифатида кўриб келган. Яъни бу менинг дала ҳовлим, бу ерга фақат бизнинг рухсатимиз билан кирасиз қабилида.

Лекин Марказий Осиёнинг дашту водийлари ва Жанубий Кавказ тоғларидан иборат шахмат тахтасида ҳозирда вазият ўзгаряптими?

Энергия ва табиий бойликлар учун рақобат, янги транспорт йўналишлари, бир ўчиб бир ёниб турган можаролар ва региондаги давлатларнинг ўз мавқеларини мустаҳкамлаш уринишлари манзарасида анъанавий равишда ҳамиша қўли баланд бўлиб келган Россия таъсирини камайтириш ҳаракатлари ҳар томондан назарга ташланаётгандек.

Бу борада ББС Ўзбек хизмати DIQQAT BBC дастурида Рус хизмати муҳаррири, асли Озарбайжонлик журналист Фамил Исмоилов билан суҳбатлашди.

ВВС: Яқинда АҚШ вице-президенти Ж.Д, Ванс Арманистон ва Озарбайжонга сафар қилди. АҚШнинг минтақада ўз таъсирини кенгайтириш ҳаракатлари манзарасида бу сафар нимани англатади?

Фамил Исмоилов: Дастлаб, айтиб ўтишимиз керак, Ж.Д. Ванс Озарбайжонга Арманистондан сўнг етиб келди. Яъни бу Ереван ва Бакуни ўз ичига олган қўшма ташриф эди.

Лекин энг асосийси шуки, бу сафар биз ўтган йили кузатган ҳодисалар ривожи эканлиги. Ўшанда Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Вашингтонда Тинчлик битими ҳақидаги декларацияни имзолашганди. Тинчлик битимига ҳали эришилмаган, лекин декларация АҚШ президенти Доналд Трамп ҳомийлигида имзоланди. Бу Москвага бир аниқ муждани берди. Яъни, ҳозирда Кавказда ишларни Россия эмас АҚШ ҳал қилмоқда, деган мужда.

Биламизки, икки давлат Тоғли Қорабоғ устидан 30 йил уруш вазиятида бўлиб келишган. 1994 йилдан бери Арманистон Тоғли Қаробоғ ва унинг атрофидаги Озарбайжон ҳудудларини ўз назорати остида ушлаб келганди. 2020 йили Озарбайжон 44 кунлик ҳарбий амалиёт натижасида Тоғли Қорабоғнинг аксар қисмини қайтариб олишга муваффақ бўлди, лекин ҳарбий амалиётлар Россия воситачилигида тўхтатилганди.

2020 йил 10 ноябрида Россия президенти Владимир Путин билан телефон суҳбатидан сўнг икки томон ҳарбий амалларни тўхтатишга рози бўлишди ва шу заҳотиёқ Тоғли Қорабоғда Россия тинчликни сақлаш кучлари пайдо бўлишди. Ана ўшанда Кавказда ишларни Россия ҳал қилаётганди.

Бугунда вазият ўзгарди. Эндиликда у ерда АҚШ, ёки ҳатто шахсан жаноб Трамп қарорларни олмоқда. Ана шу нуқта жуда муҳим ва жаноб Ванснинг сафари худди ана шу сиёсатнинг давоми эди.

Вашингтонда Тинчлик декларациясини имзолаш.
Сурат тагсўзи, Тоғли Қорабоғ урушини тўхтатиш борасидаги Тинчлик декларацияси Вашингтонда имзоланди.

"Минтақада ишларни энди АҚШ бошқаради"

ВВС: Жаноб Ванс ўз сафари натижасида "Минтақада энди ишларни АҚШ бошқаради", деган муждани атрофдаги кучларга етказиш мақсадига эриша олди, деб айта оламизми?

Фамил Исмоилов: Яна жаноб Ванснинг Арманистонга сафари тафсилотларига тўхталсак. Ереванга сафарида АҚШ вице-президенти бош вазир Пашиняннинг сайловларда номзоди қўллаб қувватланишини билдирди. Арманистонда Америка ширкатлари фаолиятини кенгайтирувчи қатор шартномалар имзоланди. Улар орасида Арманистон қуролли кучларини қўллаш соҳасида ҳам қатор шартномалар бор эди. Жосуслик соҳасида ишлатиладиган дронлар берилиши айтилди.

Бу жуда муҳим жиҳат. Чунки Озарбайжон билан урушдан сўнг Арманистон қуролли кучлари жуда аянчли аҳволда. Яна бир эътиборга молик жиҳати - бу Арманистонда Атом электр станциясини қуришда Америка ёрдам бериши борасидадир. Бу Арманистонга Шўролар давридан қолган ва эскирган қатор гидро ва атом электростанциялари таъминлаб турган электр энергиясига қарамликдан чиқишни англатади.

Шундан сўнг жаноб Ванс Бакуга келди ва у ерда ҳам меморандум ва қатор шартномалар имзоланди. Озарбайжон қуролли кучларига ҳам ёрдам бериш ҳақида келишувларга эришилди. Энг аввало Каспий денгизидаги давлат чегараларини қўриқлаш учун катерлар берилиши ҳақида келишиб олинди.

Бу жиҳат ҳам муҳим, чунки минтақадаги ўйинчиларни назарга олиб гапирадиган бўлсак, Каспий денгизи алоҳида аҳамият касб этади. Эрон ҳам, Россия ҳам Каспийда анчайин кучли ҳарбий ҳозирликка эгалар. Озарбайжон эса у қадар кўп эмас. Шунинг учун бу каби ёрдам Озарбайжон учун катта аҳамиятга эга.

Ва яна бир энг муҳим жиҳати бу Ўзбекистон дохил Марказий Осиёдан Озарбайжон ва Арманистон орқали Туркияга қадар ва у ердан Ғарб томон йирик транспорт даҳлизининг яратилиши лойиҳасидир. Яъни бу йўлак орқали нафақат Марказий Осиёдан энергия дохил товарлар Ғарб томон оқиши мумкин, балки шу билан бирга Озарбайжон ва Арманистонни ҳам боғловчи транспорт йўли вужудга келади. Ҳозирда Марказий Осиёдан мавжуд савдо йўллари асосан Хитой томон бошқа томонга, ёки Россия назорати остида у томонга бўлса , эндиликда Марказий Осиёдан Озарбайжон орқали Ғарб томон вужудга келтирилажак бу йўлак мутлақо янги ва унинг устидан Россия назорати бўлмайди.

BBC
Markaziy Osiyo va Kavkazda ishlarni endi AQSH hal qilmoqda. Rossiya emas.
Famil Ismoilov
BBC.COM/RUSSIAN

Арманистонлик қурбонлар ва англашилмовчилик

BBC: Жаноб Ванснинг Ереванга сафари мобайнида 1915 йили арманларнинг Туркиядан ёппасига чиқарилишлари жараёнида ҳалок бўлганлар хотирасига барпо этилган мажмуани бориб кўргани катта шов-шувларга сабаб бўлди, шундайми?

Фамил Исмоилов: Ҳа, бу ҳам муҳим жиҳат. 1915 йил ҳодисалари минтақа учун катта аҳамиятга эга. Ереванда у Усмонийлар давридаги Туркияда арманларнинг ёппасига ҳалок бўлишлари хотирасига бунёд этилган Цицернакаберд мажмуасига бориб, гулчамбар қўйди ва меҳмонлар қайди китобида ўз хотираларини ёзиб қолдирди.

Лекин қизиқ жиҳати шуки, хотира мажмуасига ташрифи туширилган сурат изоҳи билан бирга жаноб Ванснинг Х (Твиттер) саҳифасида дастлаб пайдо бўлди. Аммо кейинчалик ўчириб ташланди. Бу ҳолат ходимлар хатоси, дея тушунтирилди. Лекин минтақа билан таниш бўлганлар билишадики, бу АҚШнинг минтақадаги яна бир иттифоқчиси кўрилган Туркияни ғазаблантирмаслик учун қўйилган қадам эди. Маълумки, Туркия 1915 йилги ҳодисаларни "ирқий қирғин – геноцид", дея таърифланишига жуда қарши.

BBC: Бу каби ташрифлар кун тартиби аввалдан синчковлик билан пухта режаланади. Агар АҚШ минтақадаги иттифоқчиларини ғазаблантиришни истамаган бўлса, нима учун бу ҳолат рўй берди, деб ўйлайсиз?

Фамил Исмоилов: Тўғри айтасиз. Лекин расмий ташрифларда протокол маросимлари деган нарса бор. Масалан, Бакуга келган хориж раҳбарлари учун «Шаҳидлар хиёбони»га бориш бу протоколга киритиладиган сафар. Арманистонда эса бу каби протокол ташрифлари орасида 1915 йил қурбонлари хотирасига барпо этилган мажмуа ҳам киритилади. Деярли ҳамма олий рутба меҳмонлар у ерга боришади. Бу одатий ҳолат.

Бу ерда гап жаноб Ванснинг у ерга боргани ҳақида эмас, унинг бу борадаги Ижтимоий тармоқдаги изоҳи олиб ташлаганидадир. Бу шунчаки ПиАр хатоси. Улар изоҳдаги таърифда хатога йўл қўйишган. Бу АҚШнинг Озарбайжон ёки Арманистон билан муносабатларига таъсир кўрсатган, деб ўйламайман.

Қаранг, жаноб Ванс Бакуга Арманистонга дронлар берилишини ваъда қилганидан сўнг келди. Шуни ёдда тутиш керакки, икки мамлакат ўртасида Тоғли Қорабоғ устидан урушда айнан Баку биринчи бўлиб ҳарбий дронларни ишга солганди. Бу Туркияда ишлаб чиқарилган «Байрактар» дронлари эди. Ва бу дронлар уруш йўналишининг Озарбайжон фойдасига ўзгаришида асосий омил бўлганди.

Лекин Озарбайжон АҚШнинг Арманистонга дронлар беришини савол остига олгани ҳақида мен хабарларни кўрганим йўқ. Фикримча, АҚШнинг минтақа давлатлари билан муносабатлари ва шартномалари тинчлик жараёнининг таркибий қисми сифатида кўрилмоқда ва баъзи нарсаларга атайлаб кўз юмилмоқда.

Каспий денгизидаги Россия кемаси.

Сурат манбаси, Ministry of Defence of the Russian Federation

Сурат тагсўзи, АҚШ Арманистон ва Озарбайжонга ҳарбий ёрдам ҳам бермоқда.

Рақобат борасида халқ фикри

ВВС: Демак иккала пойтахтда ҳам расмий доиралар ўзларини дипломатик тарзда тутишга уринаётганларига гувоҳ бўлмоқдамиз. Лекин оддий одамлар йирик кучларнинг ўз таъсирини кенгайтириш уринишларини қандай қабул қилишяпти?

Фамил Исмоилов: Бу жуда қизиқ савол. Бунга шундай жавоб берган бўлардим, омма фикри Озарбайжонда мамлакат юритувчи сиёсатга деярли ҳеч қандай таъсир кўрсата олмайди.

Лекин Арманистонда бу жараён қайсидир миқёсда мавжуд. Масалан, Пашинянни Озарбайжон билан урушда ютқазган шахс сифатида кўрувчилар томонидан норозилик кайфиятлари ва чиқишлари кузатилса, Озарбайжонда расмий сиёсатга қаршилик деярли кузатилмайди.

Озарбайжонда президент Алиев жаноб Трампга яқин шахс сифатида кўрилиши айтилади ва шундай кўрилмоқда ҳам. Арманистон раҳбари ҳам шундай.

Агар эсласангиз, Тинчлик кенгаши ҳақидаги битим имзоланганда Вашингтонда Трампнинг бир ёнида жаноб Алиев, бошқа тарафида жаноб Пашинян ўтиришганди. Иккала давлатда ҳам раҳбарлари Путин эмас жаҳонда энг қудратли шахс сифатида кўрилган Трамп атрофида бўлганлари ғурур билан қабул қилинган.

Озарбайжон ва арманлар мулоқотдами?

ВВС: Тоғи Қарабоғ уруши тўхтаганидан сўнг оддий халқ орасида муносабатлар ҳам тиклана бошладими? Улар бир бирларини ўнлаб йиллар душман сифатида кўриб келишганди.

Фамил Исмоилов: Ҳали биринчи Тоғи Қарабоғ уруши кетаётган вақтда, кўп йиллар аввал мен Бакудаги шахсий бир телеканал муҳаррири билан суҳбатлашгандим. Мен ундан «сизнинг кундалик янгиликларингиз жабҳада ҳеч нима юз бермаётган бўлса ҳам ҳамиша «бугун жабҳада нималар рўй бермоқда», деган ибора билан бошланади.

Яъни ҳар бир дастур арманларни душман қилиб кўрсатиш билан бошланади. Уруш тўхтатганда муносабатларни қандай тиклайсизлар», деб сўрагандим. Ўшанда у « агар президент бир кун келиб арманлар бизнинг биродарлармиз деса, биз ҳам шундай деймиз», деб жавоб берганди.

Афсуски ҳеч нима бу каби тезлик билан ўзгармайди. Ўйлайманки, Қорабоғ уруши даврида тўхтовсиз олиб борилган тарғибот ўз таъсирини қолдирган. Бугунги кунда на Арманистонда ва на Озарбайжонда ҳеч ким кўчада туриб «биз биродарлармиз» демаяпти. Озарбайжонда «арман» сўзи ҳануз ҳақорат сифатида ишлатилади. Арманистонда озарбайжонларни улар тилида камситиш оҳангига эга бўлган «турклар», дея аташади. Афсуски бу ҳолат давом этмоқда.

Икки раҳбар мулоқот қилиб, суратларда бир-бирлари билан жилмайиб, мулоқот қилаётганларини кўряпмиз, аммо халқ орасидаги кайфиятда буни кўрмаяпмиз. Раҳбарлар муносабати оммани ўзгартириши учун жуда кўп ҳаракат қилиниши керак. Ҳозирда бу уринишлар деярли йўқ. Агар иккала халқ вакилларига бир-бирлари билан суҳбатлашиш, савдо қилиш, учрашиш имконлари яратилса муносабатларни ўзгартириш мумкин бўларди.

Озарбайжон ва Арманистон раҳбарлари мулоқоти.
Сурат тагсўзи, Раҳбарлар учрашиб, камералар ўнгида жилмайсалар ҳам икки халқ ўртасида душманона кайфиятлар ҳануз бардавом.

ВВС: Ана шу сиз тилга олаётган учрашув, гаплашиш, мулоқот қилиш имконлари борми?

Фамил Исмоилов: Фақатгина икки мамлакатдан ташқарида. Москвада арманлар билан озарбайжонлар ўзаро мулоқотда. Ишончим комилки, хориж давлатларида яшаётганлар ҳам ўзаро мулоқот қилишади. Лекин иккала давлатда ҳам омма фикрини «бўлди, уруш тўхтатди, келинг дўстона яшаймиз», деб максимал даражада ўзгартириш учун ҳали кўп авлодлар ўзгариши керак ва бу осон бўлмайди.

Озарбайжонда ҳануз арманлар билан мулоқот учун «ватанга хиёнат» моддаси асосида қамоқ жазосига ҳукм қилиш мумкин. Мана яқинда фаол ва тадқиқотчи Беҳруз Самедовни арманистонлик ҳамкасблари билан ёзишмада бўлгани учун 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилишди. Ёки Қозоғистондаги қўшиқ конкурсида арманистонлик қўшиқчига юқори бал бериб, уни қучган озарбайжонлик қўшиқчини омма даҳанаки сазойи қилди. Бу эса омма кайфияти белгиси.

Тоғли Қорабоғдаги Россия тинчликни сақлаш кучлари.
Сурат тагсўзи, 2000 га яқин Россия тинчликни сақлаш кучлари 2024 йилда Тоғли Қорабоғни тарк этишди.

Россия учун хавотир

ВВС: АҚШнинг минтақада ўз таъсирини кучайтириш ҳаракатлари Россияни хавотирга соляпти, деб ўйлайсизми?

Фамил Исмоилов: Мен Россиядаги кузатаётганларим асосида шуни айтишим мумкинки, у ерда АҚШ Жанубий Кавказ шунингдек, Марказий Осиёда ўз таъсирини кенгайтириб, томонларни ўзига тортаётганини катта хавотир билан кузатишмоқда. Ўтган йили 5 Марказий Осиё давлати раҳбарлари Вашингтонга келиб, жаноб Тармп билан учрашганларига гувоҳ бўлдик. Бу йил АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Марказий Осиёга сафар билан келишни режалаганини ҳам биламиз.

Аввалроқ суҳбатимизда мен тилга олган Марказий Осиё, Кавказ ва Ғарб томон транспорт йўлагини назарда тутсак, АҚШнинг минтақа билан ҳамкорлиги ошиб боришини айтишимиз мумкин.

Россиянинг Украинага қарши хуружи минтақа давлатларининг ҳамма пойтахтларида хавотир ва балкида, қўрқув уйғотган, деб ўйлайман. Албатта Россиядан ҳеч қаерга бир зумда қочиб бўлмайди. Тарихан Россия бу мамлакатлар ташқи сиёсати ва иқтисодида катта омил бўлиб келган. Лекин 10-15 йил аввалгига қараганда бу омил ҳозир анчайин камайган. Бу манзарада АҚШ ўз таъсирини кенгайтирмоқда.

Марказий Осиё учун эса Хитой фактори ҳам бор. Иқтисодий ресурслар нуқтаи назридан минтақа давлатлари ҳам АҚШ, ҳам Россия ва ҳам Хитой билан алоқаларни олиб боришга қодир. Лекин ташқи сиёсат нуқтаи назаридан бу мамлакатлар раҳбариятлари Россия таъсирини мувозанатлаштириб турадиган ҳамкорга эга бўлишга ҳаракат қилишади. Фикримча, минтақа давлатлари тобора кўпроқ Россияни узоқлаштиришга ҳаракат қилишади. Россия эса таъсирини сақлаб қолишни истаса тобора кўпроқ куч ва ресурс сарфлашга мажбур бўлади.