Россиялик аскарлар ўз сафдошлари қўмондонлар буйруғи билан қатл этилганини айтиб беришди

- Author, BBC yangiliklar bo'limi
- Ўқилиш вақти: 7 дақ
Диққат: Мақолада ўта шафқатсизлик тафсилотлари ва суицидга ишоралар бор.
Тўрт нафар россиялик аскар Украинадаги фронтнинг Россия томонидаги даҳшатли ва шафқатсиз шароитни фош қилди. Улардан икки нафари Би-би-сига буйруқни бажаришдан бош тортган аскарлар жойида-ёқ қатл этилганига гувоҳ бўлганини айтиб берди.
Аскарлардан бири ҳужжатли фильм ижодкорларига 2024 йилда "Россия Қаҳрамони" унвони берилган қўмондоннинг буйруғи билан бир аскар қатл этилганини кўрганини сўзлаб берди.
"Кўриб турибман, атиги икки-уч метр нарида... чирт, чирт, пақ", деди у.
Бошқа бир бўлинмадаги аскар эса қўмондонининг ўзи тўрт кишини отиб ташлаганини кўрганини айтди.
"Мен уларни танирдим, – дейди у қатл этилган аскарлар ҳақида. – Улардан бирининг "Отманг, нима десангиз қиламан!" деб бақиргани эсимда".
Яна бир аскар ўз сафдошлари томонидан ноллаштирилган 20 нафар аскар жасади чуқурда ётганини кўрганини билдирди. "Ноллаштириш" ("Обнуление") атамаси рус ҳарбийлари жаргонида ўз сафдошини қатл этишни англатади.
"Нол чизиғи: Россия уруши ичкаридан" номли ҳужжатли фильмда аскарлар, ўз таъбирларида, "ўлимга бориш" ҳужумларида қатнашишдан бош тортганлари учун қандай қийноқларга солингани ҳақида батафсил сўзлаб берди. Россия қўшинлари бундай ҳужумларни "гўшт бўрон" деб атайди, чунки Украина кучларини ҳолдан тойдириш учун фронт чизиғи бўйлаб тўхтовсиз аскарлар тўлқини жўнатилади.
Би-би-си ишонишича, фронтдаги россиялик аскарлар қўмондонлар ўз одамларини қатл этишга буйруқ берганига гувоҳ бўлганликларини биринчи марта очиқ айтмоқда.
Вазифаси ҳалок бўлган аскарларни аниқлаш ва санаш бўлган аскарлардан бири у билан бирга сафарбар қилинган 79 кишилик гуруҳдан фақат ўзи тирик қолганини тасдиқловчи батафсил рўйхатни тақдим этди. Унинг айтишича, фронт чизиғига боришдан бош тортгани учун уни қийноққа солишган ва устига сийишган. Бўлинмасида буйруқни рад этган бошқаларни эса электр токи билан қийнашган, оч қолдиришган, сўнг қуролсиз ҳолда "гўшт бўрон"га мажбурлаб жўнатишган.
Ҳозир яшириниб юрган бу тўрт киши Россиядан ташқаридаги номаълум жойда ўзлари гувоҳ бўлган даҳшатлар ҳақида сўзлаб берди.
Россияда президент Владимир Путиннинг Украинага бостириб киришига қарши деярли барча оммавий норозиликлар бостирилган. Москва қурбонларнинг расмий сонини эълон қилмайди, бироқ Буюк Британия Мудофаа вазирлиги 2022 йил 24 февралдаги кенг кўламли босқиндан буён 1,2 миллиондан ортиқ россиялик аскар ҳалок бўлгани ёки яраланганини маълум қилди.
Россия ҳукумати эса ўз қуролли кучлари "шиддатли тўқнашувларда имкон қадар вазмин ҳаракат қилишини, ўз шахсий таркибига максимал даражада ғамхўр муносабатда бўлишини" таъкидлайди.
"Тахмин қилинаётган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар ҳақидаги маълумотлар тегишли тартибда текширилади", дея қўшимча қилди ҳукумат.
"Биз сиз тақдим этган маълумотларнинг тўғрилиги ёки ҳаққонийлигини мустақил равишда текшира олмаймиз", дейилади баёнотда.

Сурат манбаси, Ben Steele/BBC
Тўрт кишининг батафсил гувоҳликлари ҳам фронтда қонун ва тартиб издан чиққани ҳақидаги хабарларни тасдиқлайди.
Ҳалок бўлган аскарларни аниқлаб, санаган аскар Иля ўз сафдошларининг қўмондонлар томонидан ўлдирилганига гувоҳ бўлганини айтганлардан бири.
Урушдан олдин 35 ёшли Иля Урал тоғларидаги Кунгур шаҳрида алоҳида эҳтиёжли, аутизми бор болаларга дарс берган. 2024 йил май ойида эса полиция унинг ота-онасининг уйига келиб, армияга чақирилаётганини айтган.
Унинг таъкидлашича, у Перм шаҳридаги чақирув пунктида яна 78 киши билан бирга сафарбар қилинган.
"Деярли ҳамма маст эди. Олға, жангга! Зеленскийни ушлаймиз ва байроғимизни тикамиз, деб қичқирган эдик", эслайди у.
"Мен уларни кузатиб, "бу ерга қандай келиб қолдим ўзи?" деб ўйлардим. Жуда қўрқиб кетгандим".
Илянинг айтишича, Украинага етиб келгач, аскарларнинг аксарияти тўғридан-тўғри фронт чизиғига жўнатилган. У ҳеч кимни отишни ёки ўлдиришни истамагани учун қўмондонлик пунктида қолган.
Унинг айтишича, шароитлар жуда оғир бўлган. У қўмондон тўрт кишини яқин масофадан отиб ташлаганига гувоҳ бўлган. Улардан бири Пантелеймоновкада, учтаси эса Новоазовскда (ҳар иккиси ҳам Украина шарқидаги Россия босиб олган Донецкда) юз берган, чунки улар фронт чизиғидан қочиб, яна боришдан бош тортган эди.
"Энг ачинарлиси, мен уларни танирдим. Улардан бирининг "Отманг, нима десангиз қиламан!" деб бақиргани эсимда, лекин у [қўмондон] барибир уларни ноллаштирди", дейди Иля.
Аскарларнинг айтишича, "ноллаштириш" одатда буйруқни рад этганлик учун жазо сифатида қўлланади ва бошқаларни қўрқитиш воситаси бўлиб хизмат қилади.
"Тақдирингиз қўмондонга боғлиқ эди. Қўмондон рацияда: "Буни ноллаштир, уни ноллаштир", деб буйруқ берарди", дейди Иля.
Буйруқдан бош тортган аскарлар қатл этилиши фақат Иля хизмат қилган бўлинмада кузатилмаган.

Сурат манбаси, Ben Steele/BBC
"Албатта, улар ўз одамларини ўлдиришади, бу одатий ҳол", дейди Дима.
Урушдан олдин 34 ёшли Дима рафиқаси ва қизи билан яшаган, Москвада идиш ювиш машиналари устаси бўлиб ишлаган.
Унинг айтишича, 2022 йил октябрида у ишдан-ишга кетаётганида бир гуруҳ полициячи уни тўхтатиб чақирган.
"Улар шунчаки паспортимни кўриб, ноутбукларида ниманидир текширишди-да, менга: "армияга бормасанг, қамаласан", дейишди", деб эслайди у инглиз тилида.
Диманинг айтишича, у ҳеч кимни ўлдиришни истамаган, шунинг учун тиббий тажрибаси бўлмаса ҳам, фельдшерлар бўлинмасига қўшилган. Кейинроқ у ярадор аскарларни фронт чизиғидан эвакуация қилиш вазифаси юкланган бригадага ўтказилган.
Диманинг айтишича, у сафдошларининг ўз қўмондони буйруғи билан қатл этилганига айнан шу ерда, 25-бригадада гувоҳ бўлган.
"Кўриб турибман – атиги икки, уч метр нарида. Шунчаки қотилликлар, шунчаки шиқ, тақ, пақ. Бу драма эмас, кино ҳам эмас, бу – ҳақиқий ҳаёт", дейди у.
Диманинг қўмондони Алексей Ксенофонтов 2024 йилда давлатнинг энг олий медали – "Олтин юлдуз" билан тақдирланган ва "Россия Қаҳрамони" унвонига сазовор бўлган.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Бироқ Ксенофонтовни ўз бўлинмасида ҳалок бўлган аскарларнинг оилалари қоралаб чиққан. 2025 йил январида ёзилган қўшма хатда улар Путинга тўғридан-тўғри мурожаат қилиб, унинг бўлинмасидаги шафқатсизликка оид даъволарни текширишни сўраган.
"Улар Ватанимизни шараф ва ғурур билан ҳимоя қилишди!!! Аммо улар ўн минглаб ўлган ва бедарак йўқолганлар эвазига мукофот олган ана шу қўмондонлар тўдасига тушиб қолишган!" дейилади хатда.
"Улар жазоланмасликларини билиб, йигитларимизни қиришда давом этмоқда!"
Дима Ксенофонтовни "қассоб" деб атайди.
"У аскарларни ўлдиришга ҳаддан ташқари кўп буйруқ берган, қўллари жуда қонга ботган, жуда ҳам".
Дима бир кун аввал кечаси базага келган 20 кишининг отиб ўлдирилган жасадлари хандақда ётганини кўрганини ҳам тасвирлаб беради.
Унинг айтишича, эртаси куни эрталаб олиб кетилишларидан олдин, ҳаммаси собиқ маҳбус бўлган бу йигитларнинг бир нечтаси билан гаплашган.
Тиббий хизматда бўлгани учун Димага ўлганлар ҳақида мунтазам хабар бериб туришган. Унинг айтишича, унга бу одамларни бир қўмондон отиб ўлдиргани ва уларнинг банк карталарини олиб қўйгани айтилган.
"Бизга йигирмата йигитни олиб келишди. Шунчаки банк карталарини олиб, ўлдириб юборишди, – деб эслайди у. – Кимнидир ҳисобдан чиқариш муаммо эмас. Шунчаки ҳисобот ёзиб қўясан, тамом".
Диманинг айтишича, банк карталарини қўмондонлар олиб қўйганини унга айтишган.
Би-би-си ҳужжатли фильмида яна бир собиқ аскар – ўн етти йил Россия армиясида хизмат қилганини айтган юқори мартабали штаб офицери ҳам сўзлаган. Исмини ошкор қилмаётганимиз мазкур собиқ офицернинг айтишича, у юқори мартабали офицерлар гуруҳини ўлдиришга ёрдам берган одам билан гаплашган.
"У омон қолганларни йўқ қилиш учун юборилган "тугатиш отряди" таркибида бўлганини айтганди", деб эслайди собиқ офицер.
"Шунча йиллик хизматим давомида бунақасини ҳеч кўрмаганман".

Сурат манбаси, Ben Steele/BBC
Тўртала аскар бизга Украина жанг майдонларидаги рус ҳарбийларининг кенг кўламли "гўштқиймалагич" тактикасининг бир қисми бўлган даҳшатли "гўшт бўрон" миссиялари ҳақида батафсил сўзлаб берди.
Бу ҳужумлар шунчалик ҳалокатлики, уларни худкушлик миссияларига қиёслашади.
"Қўмондонлар тўлқин ортидан тўлқин юбориб, одамларни украиналикларга гўшт каби отаётганини кўрдим. Мақсад, душманнинг ўқ-дорилари ва дронларини тугатиш, шунда кейинги тўлқин ўз манзилига етиб бориши мумкин бўлади", дейди яна бир собиқ аскар Денис.
Буюк Британия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йилда ҳар куни Украинада 900 дан 1500 нафаргача россиялик ҳалок бўлган ёки яраланган.
Дима ҳужумларнинг амалда қандай ишлашини тушунтиради.
"Учта йигитни юборасан, кейин яна учтасини. Ўхшамаса, ўнтасини жўнатасан. Ўнтаси билан ҳам бўлмаса, элликтасини", дейди у.
"Охир-оқибат ёриб ўтасан. Ҳарбийларнинг мантиғи шундай".
"Уч кун ичида 200 та ўлигимиз бор эди. Полкимизнинг биринчи "гўшт бўрони"даёқ бизни синдиришди, полкимиз атиги уч кунда йўқ қилинди", дейди у.
Сўнг Дима 2023 йил октябрида ижтимоий тармоқларга юкланган видеони кўрсатади: унда ўз бўлинмасида ҳалок бўлган аскарларнинг оналари ва хотинлари катта йўқотишлардан шикоят қилиб гапираётган эди.
Бир аёлнинг: "Йигитларимизга фақат автомат ва белкураклар билан қуролланиб, олдинга юриш буюрилган", дегани эшитилади. Бошқаси эса: "Йўқотишлар даҳшатли. Йигитларимизни қириб юборишяпти", дейди.
"Гўшт бўрон"дан бош тортгани учун ўлдирилмаганлар кўпинча даҳшатли ва ғайриинсоний оқибатларга дучор бўлади, дейди Иля.
У Telegram'да Донецкдаги Пантелеймоновка қишлоғида олинган, ўз бўлинмаси йигитлари акс этган видеони кўрсатади.
"Қани, ҳайвонларни боқайлик", дейди бир киши ва чуқурда чўккалаб ўтирган уч одамни кўрсатиш учун қопқоқни кўтаради.
"Ие, қорнинг очдими? Емиш хоҳлайсанми?" – деб сўрайди видеога олаётган одам. Шунда эркаклардан бири бошини кўтариб, қўлларини чўзганча бош ирғайди, чуқурга бироз қуруқ дон сепилади.
"Қара, қандай еяпти", дейди видеога олаётган одам, чуқурдаги киши донни ер экан.
Илянинг айтишича, айримларни қуролсиз ҳолда "гўшт бўрон"га жўнатишдан олдин "кунлаб оч қолдириб", электр токи билан қийнашган.
Унинг айтишича, бир ҳужумда қатнашишдан бош тортганидан сўнг, ўзини ҳам қийноққа солишган.
"Мени дарахтга боғлаб, таёқ билан бир-икки марта уришди, бошимга тўппонча тирашди".
"Буни қандай айтишни ҳам билмайман... устимга ҳожат қилишди. Қўмондон ҳаммага: "Бизда янги ҳожатхона пайдо бўлди", деди. Ярим кун боғланган ҳолда турдим".
Ечиб юборишганидан сўнг Иля ўз жонига қасд қилишга уринган.

Сурат манбаси, Ben Steele/BBC
Бир пайтлар чуқурдаги аскарларга яширинча озиқ-овқат ва сув олиб борганини айтган Денис ҳужжатли фильм гуруҳига дезертирликда айбланган аскарнинг устига пешоб қилинаётгани акс этган видеони кўрсатади. Би-би-си бу видеонинг ҳақиқийлигини мустақил текшира олмаган.
"Бу инсон шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш. Россия армиясида бу оддий ҳолга айланиб қолган", дейди у.
"Бу ноқонуний, аммо бунинг учун ҳеч ким жазоланмайди. Аксинча, йигитлар бунга рағбатлантирилади".
27 ёшли Денис йўқолган дронни қидиришни истамагани учун бошлиқларидан бири унинг иккита олдинги тишини уриб туширганидан кўп ўтмай олинган суратини кўрсатди.
"Бу даҳшат. Шундай бўлса ҳам, хизматни давом эттиришга мажбур бўлдим".
Дима офицер бўлишни истамаслигини айтганига қарамай, охир-оқибат унвонини оширишди. У ўзига унвон топширилган маросимдаги суратни кўрсатди.
Унинг айтишича, мансаби ошгач, ўз одамларини "гўшт қиймалагич"га жўнатмаган бўларди.
"Мен буни қилишдан бош тортдим. Ўзим фронтга боришим шарт бўлмасди, лекин уларга шунчаки буйруқ бериб юбора олмасдим".
Унинг сўзларига кўра, шу сабабли уни ҳарбий полиция ҳибсга олиб, вақтинчалик қамоқхона – Зайцевога олиб борган.
"У ерда мени электр токи билан қийнашди", деб эслайди у ва биринчи зарба кучидан ўзини тутолмай, ичи ўтиб кетганини қўшимча қилади.
Унинг айтишича, уни 72 кун давомида ҳар куни қийнашган.
"Ҳар куни фақат қийноқ, юзларида ҳеч қандай ҳис-туйғу йўқ. Ҳеч қандай ҳиссиёт йўқ, бу ақлдан озиш", дейди у.
Биз суҳбатлашган барча эркаклар ҳозир Россиядан ташқарида, бироқ уларнинг қалбида Украинадаги фронтдан қолган чандиқлар бор.
"Тушлар кўраман. Жасадларга тўла ўрмонни, юзлари мажақланган, қонга беланган ифлос оғизли одамларни кўраман. Унинг ҳиди... у ҳидланмайди, унинг таъми келади", дейди Дима.
"Мен жиноятчиман ва бу ҳеч кимни қизиқтирмайди. Менинг жиноятим шунчаки одам ўлдиришни истамаганим", дейди у.
"Россия армиясида бу урушни истамайдиган, қўмондонларни, Путинни, бизнинг тизимимизни ёмон кўрадиган йигитлар жуда кўп ва улар бизни синдирмоқчи".
Иля ўз ватанини севишини, "аммо Путиннинг ватанига қилган ишларини эмас"лигини айтади.
"У ерда ҳар қандай одамни синдиришлари мумкин, кучли ёки кучсиз эканингиз фарқи йўқ".
"Мени деярли синдиришди, лекин тўлиқ эмас".

Сурат манбаси, Ben Steele/BBC





























