"Деярли ҳар бир оиладан кимдир урушда" – Эркакларини урушда йўқотган рус қишлоғи

тасвирда Владимир Аккеев ҳарбий кийимда, орқа фонда эса крестлар ва гуллар қўйилган қабристон акс этган.

Сурат манбаси, Камчатка ҳокимияти

Сурат тагсўзи, Россиянинг Узоқ Шарқидаги Седанка қишлоғидан бўлган Владимир Аккеев Украинадаги урушга ихтиёрий борганидан тўрт ой ўтиб вафот этгани ҳақида хабар берилган
    • Author, Olga Ivshina
    • Role, BBC News Russian
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Россиянинг Узоқ Шарқидаги балиқчилар қишлоғи Седанкада ҳаёт оғир.

Аксар уйларда оддий сув таъминоти, ички ҳожатхоналар ва марказий иситиш каби асосий қулайликлар йўқ, ваҳоланки, қиш ойларида ҳарорат мунтазам равишда -10C ёки совуқроқ бўлади.

Ўрмон-тундра ва ботқоқликлар билан ўралган туман марказига фақат майдан октябргача дарё қайиқлари ёки гусеницали транспорт орқали бориш мумкин. Қишда фақат моторли чана ёки вертолётда.

Маҳаллий иш ўринлари кам, қишлоқ аҳлининг аксарияти балиқчилик билан ва ўз озиқ-овқатини етиштириб кун кечиради.

Ахлатхоналар эса дунёдаги энг йирик айиқлардан бири – Камчатка қўнғир айиқларини ўзига жалб қилади.

Шунга қарамай, Седанка яқинда яна бир мушкулотга йўлиқди.

Маҳаллий аҳоли айтишича, 18 ёшдан 55 ёшгача бўлган эркакларнинг деярли барчаси Россиянинг Украинадаги урушига кетган.

"Ўтин ёргани одам йўқ"

"Бу юракни эзади, қанчадан-қанча одамларимиз ҳалок бўлди", дейди биз хавфсизлиги учун исмини ўзгартирган қишлоқлик Наталя Би-би-си Жаҳон хизматига берган интервьюсида.

"Синглимнинг эри ва амакиваччаларим фронтда. Деярли ҳар бир оиладан кимдир урушда."

Камчатка ярим оролининг шимоли-ғарбий чеккасида, Охота денгизи яқинида жойлашган Седанка Украинадаги уруш фронтидан 7000 километр олисда жойлашган.

Океан ортидаги Американинг Анкориж шаҳри бу масофанинг тахминан ярмига тенг.

Қишлоқнинг 258 нафар аҳолисидан ўттиз тўққиз нафари урушда қатнашиш учун шартнома имзолаган.

Улардан 12 нафари ҳалок бўлган, яна етти нафари бедарак кетган.

"Бизнинг барча эркакларимиз махсус ҳарбий операцияга жўнаб кетди", дейди бир гуруҳ аёллар 2024 йил март ойида келган вилоят губернаторига.

"Қишда печларимизни иситиш учун ўтин ёрадиган ҳеч ким йўқ", дея қўшимча қилди улар давлат телеканалида намойиш этилган ўзаро мулоқотда.

Би-би-си, Россиянинг «Медизона» нашри ва кўнгилли тадқиқотчилар ҳозирча 2025 йилда 40 201 нафар россиялик аскар ҳалок бўлганини аниқлади.

Таҳлилларимизга кўра, 2025 йилда ҳалок бўлганларнинг умумий сони 80 мингга етишини тахмин қилмоқдамиз, бу 2022 йил 24 февралда кенг кўламли босқин бошланганидан бери Россиянинг Украинадаги йўқотишлари учун энг ҳалокатли йил бўлади.

Ушбу ҳисоб-китобларда 2025 йилда вафот этган ёки дафн этилган деб кўрсатилган некрологлар ҳисобга олинган, аммо маълумотларни ҳали тўла қайта ишлаганимиз йўқ.

2024 йил учун тасдиқланган ўлим ҳолатлари ҳозир 69 362 тани ташкил этмоқда – бу тахминан 2022 ва 2023 йиллардаги умумий кўрсаткичлар билан таққосланади. Кўрсаткичлар 2024 йил охиридан кескин кўтарилган.

Биз расмий ҳисоботлар ва васиятномалар реестри – ўлимдан кейинги ҳолатлар расмий реестри, шунингдек, газета мақолалари, қариндошлар ёки яқин дўстларнинг ижтимоий тармоқлардаги постлари, янги ёдгорлик ва қабрлардан олинган маълумотлар ёрдамида ўлим ҳолатларини тасдиқладик.

Умуман олганда, Би-би-си урушда ҳалок бўлган 186 102 нафар россиялик аскар исмини аниқлади.

Бироқ, ҳақиқий қурбонлар сони одатда анча юқори деб тахмин қилинади, чунки жанг майдонида кўплаб ўлимлар қайд этилмайди.

Ҳарбий экспертлар фикрича, бизнинг таҳлилимиз умумий кўрсаткичнинг 45-65 фоизини ташкил этиши мумкин ва россияликларнинг эҳтимолий ўлим сони 286 мингдан 413 500 нафаргача бўлиши мумкин.

Украина ҳам катта йўқотишларга учради.

Ўтган ойда президент Володимир Зеленский Франциянинг France 2 телеканалига жанг майдонида 55 минг украиналик ҳалок бўлганини "расман" айтди.

Бундан ташқари, "кўплаб одамлар" расман бедарак йўқолган деб ҳисобланади, деди у, аммо аниқ рақамни айтмади.

UA Losses веб-сайти каби манбалар ҳисоб-китобларига асосланиб, биз ўлдирилган украиналиклар сони 200 минг кишини ташкил этишини тахмин қилмоқдамиз.

Қалин курткалар кийган одамлар Аккеевнинг тобути атрофига тўпланган — тобут ёғоч чанада маҳкамлаб қўйилган. Ер қор билан қопланган, ҳарбий формадаги эркаклар ҳам халқ орасида кўринган. Кимдир қўлида Россия байроғини ушлаб турган.

Сурат манбаси, Камчатка ҳокимияти

Сурат тагсўзи, Владимир Аккеев ҳарбий шартнома тузганидан тўрт ой ўтгач, уруш давомида ҳалок бўлгани хабар қилинган

Урушда ҳалок бўлган русларнинг аксарияти славянча фамилияли.

Аммо аҳоли жон бошига ҳисоблаганда, йўқотишлар кичик маҳаллий гуруҳлар орасида номутаносиб равишда юқори, айниқса, Сибир ва Узоқ Шарқнинг Седанка каби иқтисодий жиҳатдан қолоқ ҳудудларида.

Седанкада асосан коряклар ва ителменлар – уруш қоидаларига кўра сафарбарликдан озод қилиниши мумкин бўлган маҳаллий гуруҳлар яшайди.

Урушга қарши фаоллардан Мария Вюшкованинг айтишича, Россия давлат телевидениеси маҳаллий халқларни урушга қўшилишга қизиқтириш учун уларни "туғма жангчилар" ва моҳир мерганлар деган стереотипларни кучайтирмоқда.

"Кўплаб маҳаллий жамоалар бу меросдан ўз шахсиятининг бир қисми сифатида фахрланади. Кремль бу ғурурни урушга ёллаш учун ишлатмоқда", дейди Вюшкова.

Урушга қўшилган седанкалик эркаклардан бири овчи ва балиқчи, 45 ёшли Владимир Акеев бўлиб, у 2024 йил ёзида армия билан шартнома имзолаган.

Тўрт ойдан сўнг у жангда ҳалок бўлди.

2024 йил ноябрь ойида унинг дафн маросимида мотам тутганлар қабристонга фақат қорда юрадиган машинада етиб боролган.

Акеевнинг тобутини у ерга кенг ёғоч чаналарда олиб кетишди.

Бошқа жойларда тубжой гуруҳлардан тасдиқланган йўқотишлар орасида 201 ненец, 96 чукчи, 77 ханти, 30 коряк ва етти нафар инуит бор.

18 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар улуши сифатида бу чукчиларнинг тахминан 2%, рус инуитларининг 1,4%, корякларнинг 1,32% ва хантиларнинг 0,8% ни ташкил қилади.

Би-би-си таҳлилига кўра, ҳалок бўлганларнинг 67 фоизи қишлоқлар ва аҳолиси 100 минг кишидан кам бўлган кичик шаҳарлардан бўлиб, аслида у ерларда Россия аҳолисининг атиги 48 фоизи истиқомат қилади.

Йўқотишлар даражаси йирик шаҳарларда энг паст бўлган. Хусусан, Москвада аҳоли жон бошига энг кам ўлим қайд этилган: ҳар 10 000 эркакка беш киши, яъни 0,05 фоиз тўғри келган.

Шарқий Сибирдаги Бурятия ва Жанубий Сибирдаги Тува каби ночорроқ ҳудудларда ўлим даражаси пойтахтдагига қараганда мос равишда 27 ва 33 баравар юқори.

Шаҳарлар ва қишлоқлар ўртасидаги бу тафовутнинг асосий сабаби иқтисодий ривожланиш, маош ва таълим даражасидаги фарқлардир, дейди демограф Алексей Ракша.

Натижада, камбағал ҳудудлар ва этник озчиликлардан бўлган аскарлар армия таркибида ҳам, ҳалок бўлганлар орасида ҳам умумий аҳоли сонига нисбатан кўпроқ улушни ташкил этади, дейди у.

Йўқотишлар юқори бўлган ҳудудларда эркаклар урушга кетишидан олдин ҳам ўртача умр кўриш давомийлиги паст бўлган, дейди Би-би-сига бошқа бир россиялик демограф.

"Кўпчилик учун бунга туртки берган нарса нафақат қашшоқлик, балки истиқболнинг йўқлиги – йўқотадиган ҳеч нарсам йўқ, деган ҳиссиётдир", дейди у.

Седанкадаги яшил рангдаги уй — атрофини қор, яланғоч дарахтлар ва тоғ этиги ўраб турган ҳолда тасвирланган.

Сурат манбаси, Камчатка ҳокимияти

Сурат тагсўзи, Седанка қишлоғидаги совет даврида қурилган уйларнинг ҳар бештасига биттаси давлат томонидан яшаш учун хавфли, деб баҳоланган

2024 йил кузида Седанка қишлоғида "махсус ҳарбий амалиёт иштирокчилари"га аталган ёдгорлик очилди.

Ўтган йили вилоят ҳокимияти эркакларининг урушдаги иштироки учун қишлоққа "Ҳарбий жасорат қишлоғи" фахрий унвонини беришга ваъда қилганди.

Шунингдек, седанкалик аскарларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш дастури ҳам ваъда қилинган.

Бироқ қишлоқ ҳали ҳам фахрий унвонни олгани йўқ, аскарлар оилаларига ваъда қилинган ёрдамнинг ҳам аксарияти етиб келмаган.

Тўрт нафар шартномачи аскарнинг яроқсиз ҳолга келиб қолган уйи томи фақат ОАВнинг жиддий эътиборидан сўнг таъмирлаб берилди.

Совет даврида қурилган ҳар бешта уйдан биттаси расман яшаш учун хавфли деб топилган.

Қишлоқнинг ягона мактаби расмийлар томонидан авария ҳолатида деб белгиланган, баъзи деворлари қулаш хавфи остида.

Буларга қишлоқнинг меҳнатга лаёқатли эркакларининг Украинадаги урушда ҳалок бўлаётгани ҳам қўшилди.