Ўзбекистонлик фермерлар қанчалик эркин? Инсон ҳуқуқлари ташкилотининг ҳисоботи нималар дейди?

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида сўнгги йилларда амалга оширилган ўзгаришлар халқаро миқёсда, айниқса мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида юқори баҳоланади.
Сурат тагсўзи, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида сўнгги йилларда амалга оширилган ўзгаришлар халқаро миқёсда, айниқса мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида юқори баҳоланади.
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида сўнгги йилларда амалга оширилган ўзгаришлар халқаро миқёсда, айниқса мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида юқори баҳоланади. Бироқ, тизимнинг ички қатламларидаги муаммолар ва фермерларнинг ҳуқуқий ҳолати ҳамон жиддий хавотирларга сабаб бўлаётгани айтилади.

Human Rights Watch (HRW) ташкилотининг 2026-йил феврал ойида эълон қилган "Фермерларда эркинлик йўқ: Ўзбекистонда пахта ва буғдой етиштирувчиларнинг эксплуатация қилиниши" номли ҳисоботида мамлакатда фермерлар айрим чалкашликларга дуч келаётгани таъкидланган.

Ҳисоботда таъкидланишича, Ўзбекистон ҳукумати пахта теримидаги мажбурий меҳнатни тугатган бўлса-да, бу "эркинлик" ернинг ҳақиқий ижрачилари бўлган фермерларгача етиб бормаган; аксинча, улар давлат ва хусусий кластерлар ўртасидаги қатъий буйруқбозлик тизимининг қурбонига айлангани даъво қилинади.

Ҳукумат аралашуви деҳқонларнинг пахта ва ғалла сотишдан оладиган даромадини чекламоқдами?

Айни ҳисобот учун интервю берган деҳқонлар "Ўзбек форуми" ва "Human Rights Watch" ташкилотларига ҳукумат уларнинг ерларида пахта ва ғалла етиштиришни кенг кўламда назорат қилиши сабабли, ўз маҳсулотларини сотиш шартлари бўйича музокара олиб бориш имкониятига эга эмасликларини билдиришган.

"Деҳқон кластер билан келишиб, шартнома тузиши керак. Бизни бунга маҳаллий ҳокимият мажбурлайди. Деҳқон ҳеч қандай шарт қўя олмайди, ўз талабларини айта олмайди... Гўё биз маҳсулотимизни кластерга ёлвориб сотаётгандекмиз. Агар [кластер] хоҳласа пул беради, хоҳламаса йўқ", - деган Олтинкўллик деҳқон.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотига мурожаатчилар, шунингдек, илгари фермерлар ва кластерлар ўртасида шартномаларни имзолашда деҳқонларга пахта ёки ғалла нархи кўрсатилмаган бўш шартномалар тақдим этилиб келингани ҳақида гапирган. Улар бу ҳолат узоқ вақт давом этгани ва кенг тарқалган муаммо бўлганидан ёзғирган.

Сўнгги икки йил ичида эса Ўзбекистон ҳукумати ушбу муаммони ҳал қилиш чораларини кўргани ҳам ташкилот ҳисоботида алоҳида урғуланади.

2024-йилдан бошлаб, илгари қўлда тузилган келгуси режалар бўйича шартномалар пахта ва ғалланинг сотиш нархини кўрсатишни талаб қилувчи онлайн тизимга ўтказилди. Human Rights Watch'га кўра, бу амалиёт муаммони самарали ҳал қилган. Эндиликда деҳқонлар электрон тизимга ўз логин ва пароллари билан киришлари ҳамда исталган вақтда шартнома нусхасини юклаб олишлари мумкин.

Бироқ, деҳқонлар нафақат шартномаларда белгиланганидан пастроқ нархни қабул қилишга мажбурланганидан, балки ўз хоҳишларига қарши маълум бир кластер билан шартнома тузишга ҳам ундалганидан шикоят қилган. Наманган вилоятининг Поп туманидаги деҳқонлардан бири "Ўзбек форуми" ва "Human Rights Watch"га 2025-йил бошида маҳаллий ҳокимият органлари уни ва бошқа деҳқонларни, кластер ҳали ҳам 2024-йилги ҳосил учун ғалла ва пахтадан қарздор бўлишига қарамай, айни қарздор кластер билан келажак шартномаларини тузишга мажбурлаганини маълум қилган.

"Ҳокимият Поп туманидаги барча деҳқонларнинг 100 фоизини 'Чуст' кластери билан шартнома имзолашга мажбур қилмоқда. [Лекин] кўплаб деҳқонлар буни хоҳламайди", — дея таъкидлаган у инсон ҳуқуқлари ташкилотига берган интервюсида.

Ерларнинг ноқонуний олиб қўйилиши

Ўзбекистондаги барча қишлоқ хўжалиги ерлари давлат мулки ҳисобланади. Ўзбекистон Ер кодексида ер "умуммиллий бойлик" эканлиги ва у "аҳоли ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси сифатида давлат томонидан муҳофаза қилиниши" белгилаб қўйилган.

Ер кодексига кўра, деҳқон қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш учун туман ҳокими билан 30 йил муддатга (қонуннинг аввалги таҳририга кўра 49 йил эди) узоқ муддатли ижара шартномасини тузиши мумкин.

Ўзбекистоннинг "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги қонунида деҳқон "қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини қонун ҳужжатларида белгиланган норматив ҳосилдорликдан кам бўлмаган даражада таъминлаш мажбуриятини олади" деб кўрсатилган бўлиб, бу одатда "квота" деб аталади ва "ер ижараси шартномасида мустаҳкамланади".

Ер кодексига кўра, деҳқон қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш учун туман ҳокими билан 30 йил муддатга (қонуннинг аввалги таҳририга кўра 49 йил эди) узоқ муддатли ижара шартномасини тузиши мумкин.
Сурат тагсўзи, Ер кодексига кўра, деҳқон қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш учун туман ҳокими билан 30 йил муддатга (қонуннинг аввалги таҳририга кўра 49 йил эди) узоқ муддатли ижара шартномасини тузиши мумкин.

Шунга қарамай, Human Rights Watch'нинг ёзишича, ҳисобот учун интервю берган айрим деҳқонлар маҳаллий ҳокимият органлари уларни квотани бажармаганликлари учун жазолаш мақсадида кўпинча ягона даромад манбаи бўлган ерларини олиб қўйиш билан мунтазам равишда таҳдид қилишларини тасвирлаб берган.

"Баъзи деҳқонлар, шунингдек, маҳаллий ҳокимият органлари уларни ерларининг ҳаммасидан ёки бир қисмидан "ихтиёрий равишда" воз кечишга мажбур қилганликларини маълум қилишди. Маҳаллий ҳокимият органлари деҳқонларнинг ижара шартномаси шартларини бузганлиги ёки ердан мақсадсиз фойдаланганлиги тўғрисида ҳеч қандай далилсиз уларнинг ерларини олиб қўйиш билан таҳдид қилганлар", - дейилади айни ўрганишда.

Ҳисоботда келтирилишича, Улуғнор туманидан бўлган деҳқонлардан бири "Ўзбек форуми"га 2024-йил охирида ҳоким "Президент топшириғи билан" дея унинг ерини олиб қўйиш билан таҳдид қилганини ва бу унинг келажаги борасида қўрқув ва ноаниқлик ҳиссини уйғотганини айтган:

"Нима қилишни билмай қолдим. Туманимизда ердан бошқа иш йўқ. Бутун оила ер орқасидан кун кўради. Кейин ерни олиб қўймасликка қарор қилишгандек туюлди. Лекин келаси йили нима бўлишидан доимий қўрқувдаман. Ер 49 йилга ижарага берилган бўлса-да, улар исталган вақтда ижара шартномасини бекор қилишлари мумкин", - дея хавотир билган маҳаллий фермер.

Ҳақоратлар ва жисмоний зўравонлик

Шу билан бирга, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистонда давлат мулозимлари ва деҳқонлар ўртасидаги ижтимоий муносабатга ҳам эътибор қаратган ва айно ўртадаги мулоқотда деҳқонларнинг ҳақорат ва тажовузга учрашини "узоқ тарихга эга" ҳодиса ўлароқ тасвирлаган.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларида бундай ҳодисалар ҳақида учратиш мумкин. Бироқ амалдорларнинг бу каби хатти-ҳаракатлари юзасидан текширувлар ўтказилиши доим ҳам кузатилмайди. Инсон ҳуқуқлари ташкилоти эса мамлакатдаги амалдорлар бундай ҳолатларда "кўпинча жазосиз қоладилар", дея хулоса қилган.

Ҳисобот муаллифларига ўз тажрибасини бўлишган Зарбдорлик деҳқон 2024-йил июль ойида у қатнашишга мажбур бўлган йиғилишлардан бирида туман ички ишлар бўлими бошлиғи унга тарсаки туширганини айтган.

"Фермерларга нисбатан жисмоний зўравонлик одатий ҳолга айланган", — дея тушунтирган деҳқон. "Июль ойи бошида ўтказилган йиғилишда барча деҳқонлар ва туман ҳокими кўз ўнгида Зарбдор тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи юзимга тарсаки туширди... Бу менга жуда қаттиқ ботди".

Деҳқоннинг "Ўзбек форуми"га билдиришича, у дуч келган бу зўравонлик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотдан ёрдам сўрагани билан боғлиқ. "Ўтган йили инсон ҳуқуқлари ташкилотига мурожаат қилганим учун менга ёмон муносабатда бўлишган эди. Ўшандан бери мен босим остидаман", - деган у.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Ўрганиш сўнгида эса ҳисобот муаллифлари "Human Rights Watch" ва "Ўзбек Форуми" Ўзбекистон ҳукуматини фермерларга нисбатан айни вазиятни тузатишга чақирган.
Сурат тагсўзи, Ўрганиш сўнгида эса ҳисобот муаллифлари "Human Rights Watch" ва "Ўзбек Форуми" Ўзбекистон ҳукуматини фермерларга нисбатан айни вазиятни тузатишга чақирган.

Айни тумандаги яна бир бошқа деҳқон эса 2024-йил июн ойида, туманидаги барча деҳқонлар иштирокида ғалла квотасини бажариш талаб қилинган тунги йиғилиш пайтида туман ҳокими ўринбосари унга қилган муносабатни тажавоуз деб атаб, ҳолатни шундай тасвирлаб берган:

"Деҳқонлар билан учрашувда у менга ярим литрлик тўла кола идишини отди, идиш шундоқ юрагимнинг ёнига қаттиқ тегди... Анча пайтгача ўзимни ёмон ҳис қилдим, қаттиқ оғриқ бор эди... Менга идишни отганидан кейин, у ҳатто уришга ҳам ҳаракат қилди. Аммо соғлиғим ёмонлашганини кўриб, тўхтади. Шунга қарамай, ҳоким ўринбосари: 'Қаманглар буни, прокурор қаерда?' деб бақирди", - деган маҳаллий фермер. У ҳибсга олинмаган бўлса-да, "Ўзбек форуми"га ушбу воқеадан кейин қон босими кўтарилгани сабабли бир муддат касал бўлиб қолганини билдирган.

Давлатнинг мажбуриятлари ва деҳқонларнинг ҳуқуқлари

Ўрганиш сўнгида эса ҳисобот муаллифлари "Human Rights Watch" ва "Ўзбек Форуми" Ўзбекистон ҳукуматини фермерларга нисбатан айни вазиятни тузатишга чақирган:

"Ҳукуматлар деҳқонларнинг инсон ҳуқуқларини, жумладан, меҳнат ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, ҳимоя қилиш ва таъминлашга мажбурдирлар. Ўзбекистондаги деҳқонлар пахта ва ғалла етиштириш жараёнида давлат амалдорлари томонидан ҳеч қандай зўравонликка, қўрқитишга ёки асоссиз ҳибсга олинишга дуч келмасликлари керак ҳамда улар ўз меҳнатлари учун адолатли ва ўз вақтида ҳақ олиш ҳуқуқига эгадирлар. Шунингдек, деҳқонлар кооперативлар тузиш ва уларга аъзо бўлиш, шунингдек, Фермерлар кенгашига ёки бошқа давлат томонидан ҳомийлик қилинадиган уюшмаларга аъзо бўлиш-бўлмасликни ҳеч қандай таъқиблардан қўрқмасдан, эркин танлаш ҳуқуқига эгадирлар", - дейилади ҳисоботда.