Ўзбекистон: Таниқли ҳуқуқ фаоли нимада айбдор деб топилди?

Abdurakhmon Tashanov

Сурат манбаси, Facebook/Abdurakhmon Tashanov

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Тошкент шаҳридаги Миробод туман маҳкамаси "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташановни айбдор, деб топган.

Ушбу иш мамлакатда Ўзбек тили, суд тизимида иш юритиш билан боғлиқ кенг акс-садо берган ишлардан бири бўлди.

Томонларнинг талабларига қарамай, маҳкама ёпиқ ўтказилган.

Ўзбекистонлик таниқли ҳуқуқбон устидан иш Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрни пасайгани кузатилаётган, сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият ёмонлашиб бораётгани таъкидланаётган вақтда кузатилмоқда.

Алоқадор мавзулар

Тошкент Давлат Юридик университетининг икки ўқитувчиси Р. Алтаев ва О. Нарзиев ҳуқуқбон Абдураҳмон Ташановни Фейсбук тармоғида 28 февралдаги "Сизга ачинаман, жаноблар!" деб сарлавҳаланган пости учун судга бергандилар.

Ўқитувчилар ушбу пост ўзларининг шаънлари, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўларини камситган, деб даъво қилганлар.

Суд даъвогарларнинг талабларини қисман қаноатлантирган ва А. Ташановни маънавий зарар учун 50 миллион сўм, шунингдек, икки баравар миқдорда давлат божи ва почта харажатларини тўлашга ҳукм этган.

Шу билан бирга, А. Ташановга "Сизга ачинаман, жаноблар" номли ижтимоий тармоқдаги постини ўчириш ва даъвогарлардан расман узр сўраш мажбурияти юклатилган.

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти Миробод суди қарорини ўз фаолиятига нисбатан таҳдид, сифатида баҳолаб, баёнот тарқатган.

"Жорий йилнинг 23 май куни фуқаролик ишлари бўйича Миробод туман суди Тошкент давлат юридик университети ўқитувчилари Р. Алтиев ва О. Нарзиев томонидан Ўзбекистон "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташановга қарши берилган туҳмат даъвосини қаноатлантирди" - деб бошланади "Эзгулик" баёноти.

"Жамоатчилик вакиллари, журналистлар, дипломатик корпус, Ташановнинг ҳуқуқий вакиллари ва "Эзгулик" жамияти тайинлаган жамоат ҳимоячилари суд залига киритилмади. Ҳолбуки, ҳар икки тараф суд мажлисларини очиқ ўтказиш тўғрисида илтимоснома киритган. Судьянинг холис эмаслиги бўйича берилган раддиялар ҳам айнан ўша судьянинг ўзи томонидан рад этилди" - деб давом этади "Эзгулик" ўз баёнотида.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

"Эзгулик" баёнотида ёзилишича, "суд Ташановнинг асосли эътирозларига қарамасдан, постда ҳақоратли сўзлар йўқлигига қарамай, уни даъвогарларни камситувчи деб баҳолаган".

"Сўнгги икки йил ичида "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамиятининг камида уч нафар фаоли қонунга хилоф равишда жиноий жавобгарликка тортилиб, жамиятнинг халқаро грантлардан фойдаланиши чекланди ва фаолияти фалаж қилинди. Шу билан бирга, жамият фаолларига қарши ижтимоий тармоқларда мунтазам қораловчи троллинг кампанияси олиб борилмоқда" - деб урғуланади айни баёнотда.

"Эзгулик" жамиятига кўра, А. Ташанов суд қарори юзасидан Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари судига апелляция шикояти билан мурожаат қилишни режалаштирмоқда.

Ҳақорат йўқ, камситиш борми?

Ўзбекистонлик фаоллар ва журналистлар

Сурат манбаси, Facebook/Abdurakhmon Tashanov

Ҳуқуқбон Абдураҳмон Ташановга нисбатан чиқарилган суд ҳукми ўзбекзабон ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда.

"Камситишнинг клиник ташхиси: Суд ҳақоратни топа олмади, лекин хафа бўлди" - деб ёзди Фейсбукдаги саҳифасида ўзбекистонлик адвокат, "Эзгулик" инсон ҳақлари жамияти фаоли Зариф Мирзахмедов.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Суд ҳукмини жамият қандай қабул қилди?

Kamoliddin Rabbimov

Сурат манбаси, Facebook/Kamoliddin Rabbimov

Ўзбекистонлик таниқли сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида шундай пост қолдирди. "Сиз ноҳақ бўлиб ғолибсиз, мен эса ҳақ бўлиб мағлубман! "Меҳробдан чаён" Абдулла Қодирий.

"Қачонки жамият суд ҳукмини мутлақ қабул қилмаса, унинг адолатли ва асосли эканлигига ишонмаса, бу суд тизимига, суд ҳокимиятига, демакки, давлатнинг энг йирик устунларидан бирига ўз ишончини инкор қилган бўлади. Демакки, давлатнинг бир қисми тўлиқ легитимлигидан маҳрум бўлган бўлади" - деб ёзди сиёсий таҳлилчи.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Ўзбекистон узоқ йиллар сўз ва фикр эркинлиги чекланган мамлакатлар рўйхатида бўлиб келган.

Бироқ 2016 йил Шавкат Мирзиёев президент бўлиши билан бошқа соҳалар каби бу жабҳада ҳам йирик ўзгаришлар қилишини айтган.

Айни шу манзарада мамлакатдаги ўзгаришлар қаторида жамиятдаги турли муаммо ҳамда камчиликларни ёритадиган журналистлар, блогерлар ва веб-саҳифалар пайдо бўлди.

Президент Мирзиёев доимо журналист ва блогерларни қўрқмай ишлашга чақириб, улар ортида ўзи туришини урғулаб келади.

Айни дамда, ўтган йиллар давомида Ўзбекистонда бир неча нафар блогернинг қамоққа олиниши сўз эркинлигини таъминлаш борасида президент бошлаган жараёнларнинг ҳали тўлиқ амалга ошмаганини кўрсатиши мумкинми каби саволларни ҳам пайдо қилиши эҳтимоли йўқ эмас.