Мирзиёев эркин матбуот тарафида, калтакланган директорни ҳоким бориб кўрди, ҳокимлар сайланади, фақат Ўзбекистонда эмас O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мустақилликнинг 32 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанада нутқ сўзлаётган пайт

Сурат манбаси, Telegram/Shavkat_Mirziyoyev_press_service

Ўзбекистон мустақиллиги 32 йиллиги муносабати билан табригида Президент Мирзиёев эркин матбуотни қўллаб-қувватлашини яна бир марта таъкидлади.

Президент Мирзиёев: мен эркин фикрли журналистлар тарафида бўлганман ва доимо шу позицияда бўламан

Алоқадор мавзулар:

Ушбу баёнот Ўзбекистон халқаро сўз эркинлиги рейтингида пастлаган, конституцияга ўзгартиришлар киритиш мақсадидаги референдум ва муддатидан олдинги президентлик сайлови арафасида сўз эркинлиги билан боғлиқ хавотирлар юзага келган, бундан кейин Президент Мирзиёев "гайкаларни қотиришни бошлайди" деган башоратлар айтилган, "Компроматузб" журналистлари ва мустақил блогер Абдуқодир Мўминов судга тортилган, яна бир блогер Олимжон Ҳайдаров устидан жиноят иши қўзғатилгани ортидан янгради.

"Бугун ривожланган фуқаролик жамиятини шакллантириш ҳақида гап борар экан, буни сўз ва матбуот эркинлигисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бутун дунёда журналистлар ўзлари ва жамиятни ўйлантираётган, хавотирга солаётган мавзулар ҳақида гапириш ва ёзиш ҳуқуқи учун, ҳақиқат учун курашганлар ва бундан кейин ҳам курашадилар.

Аммо, ишонч билан айта оламанки, мен эркин фикрли журналистлар тарафида бўлганман ва доимо шу позицияда бўламан. Айни вақтда ахборот маконида ҳаққонийлик ва холислик бош мезон бўлиши керак", деди Президент Мирзиёев.

Калтакланган мактаб директорини вилоят ҳокими бориб кўрди

Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Сариосиё туманидаги мактаб директори Умида Турсуновани шифохонада бориб кўрган пайт

Сурат манбаси, Surxondaryo viloyat hokimligi matbuot xizmati

Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Сариосиё туманидаги 28-мактаб директори Умида Турсуновани шифохонага бориб кўрди.

Вилоят прокуратураси хабар қилишича, Умида Турсуновани 28-мактабда ишлайдиган ўқитувчининг турмуш ўртоғи қаттиқ калтаклаган.

"Аниқланишича, мактаб директори У.Т. мактаб ўқитувчиси Д.К.нинг дарс соатларини асоссиз равишда камайтирганлиги сабабли турмуш ўртоғи Й.М. томонидан уриб, тан жароҳати етказилган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга шикаст етказиш) 2-қисми ва 277-моддаси (безорилик) 3-қисми "г" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Гумон қилинувчи шахс процессуал тартибда ушланган.

Жиноят ишининг тергови вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган", деб хабар тарқатди Сурхондарё вилоят прокуратураси.

Калтакланганидан кейин Умида Турсунова шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Умида Турсунованинг Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовга қарши чиққан мажлиси видеосидан кадр

Сурат манбаси, Screenshot

Вилоят ҳокимлиги мактаб директорини Термиз шаҳридаги шифохонага ўтказилишини хабар қилди.

Бундан олдин Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Умида Турсуновани лавозимидан бўшатган, бироқ Ўзбекистон мактаб ва мактабгача таълим вазири Ҳилола Умарова аралашуви билан яна ишига тикланган эди.

Ушбу ҳодиса жамиятда ҳокимларнинг ваколатлари борасидаги катта баҳсу мунозараларга сабаб бўлди.

Умида Турсунова етти кун қамоқда ҳам сақлангани ошкор бўлди, Ўзбекистонда судьяларнинг мустақиллиги масаласи ҳам долзарблигига эътибор қаратилди.

Қозоғистонда туман ва шаҳарлар ҳокимларини сайлашмоқчи

Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев вилоят миқёсидаги туман ва шаҳарлар ҳокимлари сайлови синаб кўрилишини айтди.

1 сентябр куни Президент Тоқаев Қозоғистон халқига мурожаат билан чиқди.

Бу мурожаатида у ҳокимлар сайлови масаласини кўтарди.

"Мана икки йилдан ортиқ вақтдан буён фуқароларимиз ўз қишлоқлари, посёлкалари ва қишлоқ округлари ҳокимларини сайлаяптилар. Энди биз вилоят аҳамиятидаги туман ва шаҳарлар ҳокимларининг сайловини синаб кўришимиз керак", деди Президент Тоқаев.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002