Ўзбекистон: ДХХ “Компроматузб” ишини қатъий махфийликда ушламоқда – ҳибсга олинган журналистлар тақдири эса номаълум қолмоқда O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Орадан бир ҳафта ўтдики, "Компроматузб" иши доирасида ҳибсга олинган журналистлар Хуршид Далиев ва Мавжуда Мирзаеванинг аҳволи бўйича бирор расмий маълумот берилмади. ДХХ мазкур ишни қатъий махфийлик шароитида олиб бормоқда.
27 январь куни Human.uz сайти таҳририятига рейд уюштирилиб, интернет нашри директори Хуршид Далиев олиб кетилгани хабар қилинганди.
Шу куни ДХХ журналист Далиев Телеграмдаги "Компроматузб" каналига алоқадор иш бўйича тергов қилинаётганини маълум қилган.
Ҳеч қанча вақт ўтмай, яна бир журналист - собиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот котиби Мавжуда Мирзаева ҳам айни иш бўйича ушлаб кетилгани айтилган норасмий хабарлар чиққан.
Би-би-си ихтиёридаги маълумотларга кўра, Мирзаеванинг уйида 27 январь куни тинтув ўтказилган.
Тинтув ўтказишга Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова рухсат берган.
Алоқадор мавзулар:
Махфийликдаги тергов

Сурат манбаси, Facebook
ДХХ маълумотида айтилишича, "Компроматузб" канали орқали "амалга оширилган жиноятлар" бўйича ЖКнинг 165-моддаси (Товламачилик) билан жиноят иши очилган.
Бироқ ҳозиргача ҳибсда ушлаб турилган журналистлар айнан қандай ҳаракат(лар)ни содир этганликда гумон этилаётганига бирор изоҳ берилмаган.
Бу эса Ўзбекистонда матбуот ва сўз эркинлиги билан боғлиқ вазиятга бефарқ бўлмаган фаолларнинг хавотирига сабаб бўлмоқда.
Бундан ташқари нега товламачилик билан боғлиқ жиноятни айнан президентга тўғридан тўғри бўйсунувчи ДХХ ўта махфий мақомда назорат қилаётгани ҳам турли саволларни уйғотган.
Ҳибс этилган журналистлар давлатга хавф солувчи қандай ҳаракат содир этишган, деган масалада расмийлар ҳалича ҳеч қандай изоҳ беришгани йўқ.
Махфийлик ва хабарлар
Жорий махфийлик манзарасида эса ҳолат бўйича қатор тасдиқланмаган хабарлар ўртага чиққан.
Бундай маълумотларда "Компроматузб" иши доирасида 10 дан ортиқ шахс тергов қилинаётгани, улар орасида давлат ҳокимияти мулозимлари, хусусан, "Ўзбекнефтгаз" компанияси матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов ҳам борлиги айтилади.
Ишнинг ёпиқ кўрилаётгани, расмийларнинг бу масалада матбуот билан мулоқот қилмаётгани туфайли Би-би-сида айни хабарларни мустақил тасдиқлаш имкони мавжуд эмас.
Шу тариқа, "Компроматузб" иши Ўзбекистоннинг иккинчи ҳукумати даврида журналистлар ҳуқуқ-эркинлиги билан боғлиқ энг жиддий ва хавотирли ишлардан бирига айланаётгандек.
Президент Мирзиёев ҳукумати йиллардан буён таъкидлаб келаётган очиқлик ва шаффофлик ваъдалари журналистлар билан боғлиқ айни ишда ҳали ўз тасдиғини топмади.
"Ҳуқуқ ва эркинликлар таъминланади"

Сурат манбаси, Facebook
27 январь куни Human.uz сайти офисида "орган ходимлари" рейд уюштиргани тезда жамоатчилик эътиборини тортганди.
Би-би-сига маълум бўлишича, ўша куни сайт директори Хуршид Далиев, бош муҳаррир Муслим Мирзажанов, тасвирчилар ҳамда монтаж усталари дохил етти инсон ушлаб олиб кетилган, офисда тинтув ўтказилиб, компьютер, ноутбук ва бошқа техник ускуналар хатланган.
Аммо орадан бироз вақт ўтгач, ДХХ мазкур рейд Human.uz интернет нашри фаолияти билан боғлиқ эмаслиги, сайт ходимлари "Компроматузб" иши доирасида қўлга олинганини маълум қилган.
ДХХ ижтимоий тармоқда "Мухбир Далиев" номи остидаги танқидий постлари билан танилган журналист Хуршид Далиевнинг қўлга олинишига оид расмий маълумотда тергов давомида процесс иштирокчилари "адвокат билан таъминланган"ини таъкидлаган.

Сурат манбаси, ...
"Тергов жараёнларини олиб боришда уларнинг қонун билан белгиланган ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши кафолатланади", дейилади 27 январь куни чиққан ДХХ хабарида.
Орадан бир неча кун ўтгач, маҳаллий матбуот собиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизматига раҳбарлик қилиб келаётган журналист Мавжуда Мирзаева ҳам мазкур иш доирасида ҳибс этилгани ҳақида ўз манбаларига таяниб хабар берганди.
Бироқ ҳозирга қадар Мирзаеванинг қўлга олиниши борасида ҳеч қандай расмий маълумот берилмади.
ДХХ 27 январь куни куни ёйинлаган расмий изоҳда эса ушбу жараён билан боғлиқ маълумотлар доимий равишда эълон қилиниб борилиши айтилган эди.

Сурат манбаси, Facebook
Би-би-си ихтиёридаги маълумотга кўра, Мирзаеванинг хонадонида ҳам айни 27 январь куни ДХХ томонидан тинтув ўтказилган.
Мавжуд маълумотларга кўра, тинтув ўтказишга Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова рухсат берган бўлиши мумкин.
Бир вақтнинг ўзида, журналистнинг қизи қўлга олинганидан буён онаси билан кўриша олмаётгани ҳақида ижтимоий тармоқда мунтазам хабар берган.
30 январь куни Би-би-си билан гаплашган Мирзаеванинг қизи онаси ДХХнинг Тошкентдаги "Гвардейский" номи билан маълум тергов изоляторида сақланаётгани ва унинг ёнига адвокат ҳам кира олмаётгани ҳақида гапирган эди.
Шундан сўнг Мавжуда Мирзаеванинг қизи билан қайта боғланишнинг имкони бўлмади ҳамда 3 февраль куни у бонг уриб келаётган Facebook тармоғидаги саҳифа ҳам ўчирилди.
Журналистнинг адвокати эса Би-би-сига махфийликда ушланаётган мазкур иш бўйича мижозининг оила аъзоларидан бошқа ҳеч кимга маълумот беролмаслигини билдирди.
Би-би-си тинтувига ўзи рухсат берган жиноят иши тўғрисида атрофлича маълумот бериш ва ошиб бораётган мавҳум вазиятга ойдинлик киритишни сўраб, Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова номига хат йўллади ва, айни вақтда, берилган саволларга жавоб кутмоқда.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.














