Ўзбекистон: Журналист Мавжуда Мирзаева “ғойиб бўлди” – у “Компроматузб иши” доирасида ҳибсга олинган бўлиши мумкин O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

journo

Сурат манбаси, Facebook

Сурат тагсўзи, Мирзаеванинг қизи онасини ўтган жума кунидан бери кўролмаётганини айтмоқда.

Таниқли журналист Мавжуда Мирзаева ўтган шанба кунидан бери алоқага чиқмаётгани ҳақида хабарлар тарқалган. Журналистнинг қизи Би-би-сига онаси "Гвардейский"да тергов қилинаётганини маълум қилди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Мирзаева "Компроматузб иши" доирасида ҳибс қилинган бўлиши мумкин.

Собиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот котиби, ижтимоий тармоқ фаоли бўлмиш журналистнинг "ғойиб бўлгани" ҳақида уни яқиндан таниганлар 28 январдан хабар бера бошлаган.

Ўтган дам олиш кунлари давомида ижтимоий тармоқда бир қанча фаоллар унинг қаерда эканини сўроқлаб, ташвиш билдирган.

Бу орада Мирзаеванинг ДХХ очган "Компроматузб иши" доирасида ҳибсга олинганига оид тасдиқланмаган маълумотлар пайдо бўлган.

Алоқадор мавзулар:

"Аям Гвардейскийда"

Журналист Мирзаеванинг "йўқолиб қолгани" ҳақидаги тасдиқланмаган хабарлар 28 январь кунининг биринчи ярмида пайдо бўла бошлаган.

Бир қатор фаоллар журналист билан боғланиб бўлмаётгани айтилган постлар қўйган.

Дам олиш кунлари давомида Мирзаева ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳибс қилингани айтилган норасмий хабарлар чиққан.

Бундай хабарларда Мирзаева 27 январь куни қўлга олинган Human.uz интернет нашри ходимлари иши доирасида олиб кетилгани айтилади.

30 январь куни ҳам журналистнинг тақдирига оид расмий маълумот берилмаган.

Би-би-си шу куни Мирзаеванинг қизи билан боғланди ва у онасининг ДХХ ҳибсхонасида сақланаётгани ҳақида гапирди.

"Аямни беришмаяпти - аям Гвардейскийда. Жума кундан бери кўрмадим. Адвокат ҳам киролмаяпти, ҳеч ким киролмаяпти. Илтимос, аяжонимни олиб беринглар", дея йиғлаганча қўнғироққа жавоб берди журналистнинг қизи.

Бир вақтнинг ўзида, Kun.uz нашри ўз манбалари берган маълумотларга таяниб, Мавжуда Мирзаева ҳам "Компроматузб иши" доирасида қўлга олиниб, ДХХ ҳибсхонасида сақланаётгани ва унга нисбатан 10 кунлик ҳибс бўйича суд санкцияси борлиги ҳақида хабар қилган.

Мазкур ишни ўрганаётганини айтган Инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Би-би-сига ҳозирга қадар ҳолат юзасидан бирор маълумотни қўлга кирита олмаганини айтди.

"Суриштиряпмиз. Ҳозирча, бирор нарса билганимиз йўқ. Кўряпсиз-ку, ҳамма нарса ёпиқ бу ишда", деди у.

Би-би-си ўтган йилнинг сўнгги кунларида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига айлантирилганига қадар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот котиби ўлароқ ишлаб келган Мирзаеванинг тақдирига кўпроқ ойдинлик киритиш мақсадида янгиланган вазирлик матбуот хизмати билан боғланишга ҳаракат қилди, аммо бундан бирор натижа чиқмади.

Би-би-сининг мазкур вазирлик тизимида фаолият юритувчи манбаси эса Мирзаева ҳамон у ерда ишлашини билдирди.

"Вазирлик ўзгаргандан кейин ҳали матбуот котиби расман тасдиқланмаган, лекин у ҳали ҳам ишлайди".

Шунингдек, ушбу манба Мавжуда Мирзаеванинг яшаш уйида ўтган ҳафта тинтув ўтказилганини ҳақида гапирди.

Айни дамда, Би-би-си ушбу маълумотларни тасдиқлаш имконига эга эмас ҳамда юқорида тилга олинган хабарлар бўйича ахборот сўраб, ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат қилди ва жавоб кутмоқда.

"Компроматузб иши"

human

Сурат манбаси, Facebook

Сурат тагсўзи, Human.uz сайти директори Хуршид Далиев ва Бош муҳаррири Муслим Мирзажонов 27 январь куни ҳибсга олинган эди.

27 январь куни Human.uz интернет нашрининг сайт директори Хуршид Далиев ва бош муҳаррир Муслим Мирзажонов дохил етти нафар ходими ҳибсга олингани хабар қилинган эди.

Шу куни кечга томон ДХХ Далиев ва бошқалар Телеграмдаги "Компроматузб" ва бошқа каналлар орқали "амалга оширилган жиноятларга алоқадорликлари сабаб" ушлангани ва тергов қилинаётганини маълум қилган.

Хабарда ҳолат бўйича ЖКнинг 165-моддаси (Товламачилик) 2-қисми "в" банди билан жиноят иши қўзғатилгани ҳам қўшимча қилинган.

Айни куни таниқли юрист-блогер, ЎзА Бош директори ўринбосари Хушнудбек Худойбердиев ўз манбалари маълумотларига таяниб, "Компроматузб" канали маъмурлари орасида "бошқа ташкилот вакиллари ҳам борлиги ва уларнинг шахсини ҳозирча аниқлаштириш имкони бўлмаётгани" ҳақида ёзган.

"Айтишларича, ушбу канални юритувчи шахслар товламачилик, солиққа оид жиноятларни содир этиш ва бошқа шу каби иқтисодий жиноятларда айбланмоқда", дейилади Худойбердиевнинг 27 январь кунги хабарида.

Эндиликда, Kun.uz журналист Мавжуда Мирзаева ва "Ўзбекнефтгаз" матбуот хизмати раҳбари Сиёвуш Ҳошимов ҳам "Компроматузб иши" доирасида тергов қилинаётганини ёзмоқда.

"Компроматузб" қандай канал ўзи?

channel

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи, Диққат марказидаги "Kompromatuzb" канали 30 январь куни ҳам ишлаб турибди.

Телеграмдаги "Компроматузб" канали очиқ маълумотларга кўра, 2021 йил 30 август куни очилган ва айни хабар ёзилаётган пайтда ҳам ишлаб турибди.

30 январь ҳолатига кўра, канал обуначилари сони 135 мингдан зиёдроқ.

Каналда, асосан, ўрта ва қуйи бўғиндаги идора-ташкилотлар раҳбарлари ҳамда мансабдор ходимларининг эҳтимолий коррупцион амаллари, ноқонуний хатти-ҳаракатлари, ваколати доирасидан четга чиқиш ҳолатлари борасида тасдиқланмаган маълумотлар чиқариб келинган.

Номи юқорида тилга олинган журналистларнинг мазкур канал юритувига алоқаси бўйича на тасдиқловчи, на рад этувчи маълумотлар Би-би-сида мавжуд эмас.

Ҳозирча, расмийлар "Компроматузб"да чиқарилган айнан қайси хабар(лар) бўйича жиноят иши очилганига ойдинлик киритмаган.

Мавжуд Мирзаева ким?

journo

Сурат манбаси, Facebook

Сурат тагсўзи, Мавжуда Мирзаева 2021 йил апрелидан то қайта ташкил этилганига қадар собиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизматига раҳбарлик қилган.

Журналист Мавжуда Мирзаева 2018 йил ноябрь ойида ўзи ишлаб келган "Ўзбекистон 24" телеканалидаги ички вазият бўйича очиқ чиқиш қилиши ортидан омма назарига тушган эди.

Ўшанда Мирзаева телеканалда цензура мавжудлиги, томошабинга "ёлғон ва енгил-елпи" хабарлар тарқатилиши ҳақида гапирганди.

Кейинроқ, Мирзаева Human.uz сайти, Тошкент вилояти ҳокимлигида фаолият юритган.

У 2021 йилнинг апрель ойида собиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари матбуот котиби лавозимига тайинланган эди.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek