Ўзбекистон: Фарғоналик блогер ўзи нега қамалган эди?

Усмонжон Қодиров

Сурат манбаси, Facebook

Ўқилиш вақти: 4 дақ

15 суткага қамалиб, икки кундан сўнг қўйиб юборилган фарғоналик мухбир ва блогер Усмонжон Қодировнинг масаласи охирги кунларда кенг шов-шувларга сабаб бўлди.

"Фарғона вилоятида Президент ташрифига тайёргарлик юқори даражада. Лекин, карантин вақтида, иссиқ ҳавода завод ходимларининг «хашар» га чиққани ачинарли. Фарғона Нефтни қайта ишлаш заводининг йўлида ходимлар меҳнатда. Улар қайси завод ишчилари эканлигига ойдинлик кирита олмадик. Чунки у ерда заводлар кўп… Қачонгача бундай ишлар давом этади. Қонуний йўл билан, ҳеч кимни мажбур қилмасдан қилиш мумкинми бундай ишларни? Ёки биз рахбарлар айтмаса, ён атрофимизни тоза, покиза қилимаймизми? Албатта катта раҳбар келса, шунга тайёрланиш керакми?" дея ёзгани учун 22 яшар блогер жазога тортилганига ишонилади.

Расмийларга кўра, у 27 май куни маъмурий қамоқ жазосига тортилган, аммо 29 май куни қўйиб юборилган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Айни вақтда яқинлари Усмонжоннинг озод этилганидан хурсанд бўлаётган бир пайтда, жамоатчилик блогер нега қамалдию, белгиланган жазо муддати тугамасдан нега яна қўйиб юборилди, деган саволни ўртага ташламоқда.

Ҳокимликдаги суҳбат

Би-би-си олиб борган суриштирувлар ортидан ушбу масала бир вақтнинг ўзида ҳам қизиқ, ҳам мавҳум жиҳатларга бой экани аён бўлди.

Блогернинг Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Муҳаммаджон Обидов билан учрашгандан сўнг 15 суткага қамалган бўлиши мумкинлиги тўғрисида 28 май куни журналист Мавжуда Мирзаева биринчилардан бўлиб хабар берган эди.

Шундан сўнг жамоатчилик Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг 27 май куни эълон қилинган ва Усмонжоннинг маъмурий жазога тортилгани мутлақо тилга олинмаган баёнотига эътибор қарата бошлади.

Баёнотда 27 май куни Усмонжон Қодировнинг бир завод ишчилари президентнинг Фарғонага ташрифи арафасида қўштирноқ ичидаги хашарга олиб чиқилганини танқид қилгани, аммо тозалов ишларини олиб бораётганлар ободонлаштиришга масъул идоралар ходимлари бўлгани, шу тариқа блогер ёлғон ахборот тарқатгани таъкидланади.

"Маълум бўлишича, Фарғона шаҳридаги йўлларни асфальтлаш, гулларни суғориш, йўл четларини тозалаш ва ободонлаштириш шу ишларга масъул идораларнинг ишчилари томонидан амалга оширилган. Телемухбир Усмонжон Қодиров улар ким, аслида қаерда ишлашини сўраб сўриштирмай, аниқлик киритмай туриб "завод ишчилари" дея ахборот тарқатган", дейилади баёнотда.

Бундан ташқари, баёнотда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати блогер билан юзма-юз суҳбатлашгани, суҳбат давомида Усмонжон "ёшлик қилиб" ёлғон ахборот тарқатганини тан олганини ҳам маълум қилинади. Мазкур баёнотда блогернинг кечирим сўраган видеоси ҳам илова қилинган.

Карантин қоидаларини бузиш ёки…

Би-би-си Усмонжон Қодиров ҳокимликдаги суҳбат ортидан қамалдими, деган саволларга ойдинлик киритиш мақсадида Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Муҳаммаджон Обидов билан боғланди.

Муҳаммаджон Обидов ҳақиқатан Усмонжон билан суҳбат ўтказилгани, суҳбат давомида у "нотўғри ахборот тарқатганини англаб етгани" ва ўзи кечирим сўраш ташаббуси билан чиққани, аммо Қодировнинг маъмурий жазога тортилишига ўзининг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини маълум қилди.

Блогернинг қамалгани тасдиқлангандан сўнг жамоатчилик бу ҳолатни сўз эркинлиги бўғилишининг навбатдаги намунаси ўлароқ тасвирлай бошлади.

Тармоқ фойдаланувчилари нега 22 яшар блогер узр сўраган бўлсада, маъмурий қамоқ жазосига тортилди, бундай ҳолатлар ёш блогер ва журналистларнинг ишчанлик кайфиятига салбий таъсир ўтказмайдими, деган саволларни ўртага ташлади.

Суд қарори

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Аммо Би-би-си ихтиёрида мавжуд Фарғона шаҳар маъмурий судининг 27 май кундаги қарори нусхасида Усмонжон Қодировга умуман бошқа айблар асосида 15 суткали маъмурий қамоқ жазоси тайинлангани ҳақида гап боради.

Қарорда айтилишича, 27 май куни Фарғона вилоят ҳокимлиги биноси ёнида карантин қоидаларига риоя қилмай ниқобсиз юрган блогерни профилактика нозири М. Ҳамралиев тўхтатади ва ундан ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини тўхтатишни талаб қилади. Бунга жавобан эса Қодиров нозирни уятли сўзлар билан сўкиб, бақир-чақир қилади. Бунинг ортидан суд блогерга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 1-қисми, 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисми асосида тегишли жазо тайинлайди ҳамда Қодировни жами 1.561.000 сўм миқдорида жаримага тортади.

Ушбу суд қарорида Усмонжон Қодировни "фақат жамиятдан ажратган ҳолда қамоқ жазоси тайинлаш орқали тарбиялаш мумкинлиги аниқлангани ҳам алоҳида таъкидланади.

Бироқ 29 май куни Фарғона вилоят маъмурий суди чиқарган қарорда кассация шикояти асосида мазкур иш қайта кўриб чиқилиб, биринчи инстанция суди Усмонжон Қодировнинг айбига иқрорлиги, оилада ягона боқувчи эканини ҳисобга олмай бирмунча оғир жазо қўллаганини билдирган ҳолда блогерга тайинланган 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси 2 суткага ўзгартирилганини кўриш мумкин.

Шунингдек, суд қарорида вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Муҳаммаджон Обидовнинг блогерни ижобий тавсифлаб, унга нисбатан енгиллик берилишини сўрагани ҳам инобатга олингани тўғрисида сўз боради.

Блогер зудлик билан озод этилган бўлсада, ўтган икки кун ичида у боғлиқ айрим ҳолатлар жамоатчиликни таажжубга солган.

Мубҳамлик

Хусусан, Усмонжон Қодиров расман қамоқда ўтирган 28 май куни унга тегишли эканига ишонилган аудиоёзув тарқалган.

Аудиоёзувда блогер ўзининг йўқолиб қолгани тўғрисидаги хабарларга ойдинлик киритишга ҳаракат қилади, аҳволи яхши эканини маълум қилиб, янги лойиҳа устида иш бошлагани ҳақида гапиради.

Ижтимоий тармоқларда эса блогер ушбу гапларни босим остида гапирган бўлиши мумкинлиги тўғрисида фаразлар пайдо бўлган.

Мазкур аудио Усмонжон Қодиров ишлаб келган Vodiy24.uz сайтининг расмий Телеграм каналига қўйилган. Бироқ 29 май куни ушбу каналда қуйидаги раддия эълон қилинган.

"Ушбу аудиоёзув жамоатчиликни чалғитиш учун мажбуран ёздирилиб, каналга қўйдирилган. Чунки, Усмонжоннинг телефони 27 май куни 16:38да ўчган ва 28 май куни 18:46да ижтимоий тармоққа кириб мазкур аудио жойланган. Биз билан ҳеч қандай алоқа чиқмаган. Кеча уйига қўнғироқ қилганимизда онасига 15 кунга Сардобага кетяпмиз, ҳавотир олманг, деб қўнғироқ қилганини айтишди. Шундан кейин тегишли идоралардан суриштирганимизда ҳақиқатдан 15 суткага қамалганини маълум қилишди".

Блогернинг озод этилишини талаб қилиб, ижтимоий тармоқларда бонг урган журналист Мавжуда Мирзаева эса Би-би-си билан суҳбатда 29 май куни билан кўришиб гаплашгани, Усмонжоннинг ўзи эса қамалганини инкор қилгани ҳақида сўзлаб берди.

"Мен ўша изоляторга бордим. Ички ишлар ходими қарорни рўйхатга олиш китобига тиккани ва бу болани чиқариб юборганини менга айтди. Кейин бу болани қидириб топдик. Ундан қаердасан, деб сўраганимда, кўчадаман, иш билан юрибман, деди. У ҳеч қанақасига у ерда эмасдим, ўртоғимнинг уйида эдим, деб тан олмади", дейди Мирзаева.

Бундан ташқари, Мирзаева Би-би-сига блогернинг яқинлари у расман қамоқда бўлган кунлари унинг Сирдарёга хизмат сафарига кетгани тўғрисида хабар олганликлари, аммо Усмонжоннинг ўзи билан гаплаша олмаётганликлари тасвирланган видеони ҳам тақдим этди.

Би-би-сининг мазкур саволларга ойдинлик киритиш мақсадида блогернинг ўзи билан боғланиш ҳаракатлари ҳозирча натижа бермади.

29 май куни кечга томон блогер ўзининг уйда, оила даврасида эканини билдирган видеоси тарқалди.

Видеомурожаатда Усмонжон ўзидан хавотир олмасликларини сўраб, уни қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорлик изҳор этади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek