Ўзбекистон: Блогер Андижон мансабдорлари томонидан тил бириктирилиб жазоландими?

Отабек Нуритдинов

Сурат манбаси, Facebook/Otabek Nuritdinov

Сурат тагсўзи, Отабек Нуритдинов Асакадаги бюджет чиқимларини суриштираётган бўлган
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев андижонлик блогер Отабек Нуритдинов масъуллар ишини танқид қилганидан сўнг, масабдорлар томонидан ўзаро тил бириктириб жазоланганини айтди. Андижон вилоят ҳокимлиги суд, прокуратура ва ИИБ иштирокида блогернинг айбдор эканлиги тўғрисида видео тайёрлади.

"Отабек Нуриддиновнинг масъуллар ишини танқид қилгани учун Асакадаги бир гуруҳ мансабдорлар томонидан ўзаро тил бириктириб жазолатгани яна ҳам ойдинлашмоқда", деб ёзди депутат Расул Кушербаев.

Олий мажлис депутати Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизматида томонидан баёнотни "ўта нохолис, ишончсиз ва бир ёқлама" дея баҳолаган.

"Биринчидан, фуқаро-блогер ишлатган ҳароми, деган сўз ҳақоратга кирмайди. Бу Фарғона мисолида ўз исботини топган.

Иккинчидан, бир фуқаронинг ортидан пойлаб қадамба қадам юриб, материаллар тўплаш ИИБ ходими учун пасткаш иш".

Депутат фуқаро-блогер устидан арз қилганлар ушбу фуқаро томонидан танқидга учраган шахслар бўлгани боис, бу ишни кўриб чиқиб, қарор қабул қилинишида холислик бўлмаган, деб ҳисоблайди.

"Айланиб ҳам ўргилиб ҳам фуқаро масъулларнинг фаолиятини танқид қилгани учун жазолангани фактлигича қоляпти. Бу фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида жуда ёмон сигнал", дейди Расул Кушербаев.

Олий мажлис депутати қонунларни амалга татбиқ қилишда тенгликка риоя қилинмаётганига эътибор қаратган.

"Мансабдорлар учун ўта енгил ёндашув фуқаро учун ўта оғир ёндашув бўлмоқда. Ҳоким ҳақорат қилса исботланмайди ёки нари борса кечирим сўралади, фуқаро ҳақорат эмас танқид қилса ҳам қамалади".

Депутат танқидни кўтара олмаган Асака тумани масъулларини истеъфога чиқишини сўраган.

"Асака масъуллари ҳайф сизга, сиз адолатсиз, танқидни кўтара олмайдиган, давлат раҳбари намуна бўлиб олиб бораётган очиқлик йўлидаги ислоҳотларни тушунмайдиган, ўз ўрнига номуносиб шахслар экансиз. Яхшиси ўрнингиз халқпарвар, адолатли, давлат раҳбарининг сиёсатини тўғри англаб қўллаб қувватлайдиганларга бўшатиб беринг!", дейди Расул Кушербаев.

Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан тайёрланган қарийб 15 дақиқалик видео баёнотда 7 мансабдор шахс 15 суткага қамалган блогер Отабек Нуритдиновга қоралаб гапирган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Шунингдек, 3 ҳуқуқ тартибот идораси Андижон вилоят ИИБ, Андижон вилоят маъмурий суди судьяси ва Андижон вилоят прокурор ўринбосари Нуритдиновга берилган жазо тўғри бўлганини айтган.

Xabar.uz сайти ҳокимлик томонидан чиқарилган раддияни "қовун тушириш", дея баҳолаган.

"Маҳаллий ҳокимлик — ижро органининг тармоғи ҳисобланади. Шахсни қамоққа равона қилган суд қарорининг нечоғлиқ қонуний эканига юқори босқич суди ҳуқуқий баҳо беради. Илло маҳаллий ҳокимлик эмас", деб ёзади нашр.

Ҳокимлик баёнотида Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот котиби ва ҳокимнинг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси Мирзоҳид Ботиров блогер "Отабек Нуритдинов томонидан содир этилган ноқонуний хатти-ҳаракатлар ўз исботини топганлиги сабабли унга нисбатан қонуний чора кўрилган"лигини айтган.

Шунингдек, ҳоким маслаҳатчиси ижтимоий тармоқларда Отабек Нуритдинов ҳимоясига ёзилган постларни асоссиз деган ва уларни Андижон имижига путур етказиш, дея баҳолаган.

"Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган асоссиз ва тусмолий айбловлардан иборат постлар Андижон вилояти имижига путур етказишдан бошқа нарса эмас, деб баҳолаймиз", дейди Мирзоҳид Ботиров.

Ҳокимлик томонидан тайёрланган видеода амалдор Баҳодир Қаҳҳоров жабрланувчи сифатида гапирган.

"Сувоқова" ДУК раҳбари блогер Отабек Нуритдиновга ҳаммага ишлаш осон бўлмаётгани ҳақида шикоят қилган.

Қаҳҳоровнинг айтишича, блогер унга "сизлар ҳаромдан ойлик олиб, ҳаромхўрлик қилиб у бу" деб гапирган.

Яна бир амалдор "ҲудудГазАндижон" Асака тумани филиали раҳбари Жавлонбек Исмоилов гувоҳ сифатида Баҳодир Қаҳҳоровнинг сўзларини тасдиқлайди.

Исмоиловнинг айтишича, воқеа жойига келган 2 нафар ички ишлар ходимлари келиб уларни ажратиб идорага олиб кетишган.

Видеода гапирган мансабдорларнинг барчаси блогерни айблаганини кўриш мумкин.

Асака туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Алишер Парпиев қабристонни таъмирлашда Отабек Нуритдинов уларга туҳмат қилганини айтган.

Андижон вилоятининг Асака туманида фаолият олиб борган блогер Отабек Нуритдинов (асли исми Абдуфатто Нуритдинов) 30 декабрда ҳибсга олинган.

31 декабр куни унинг онаси Матлуба Қурбонованинг Би-би-сига айтишича, ўғлининг қаерда суд қилингани ва қай аҳволда, қаерда сақланаётгани ҳақида қатор маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига қилган мурожаатлари жавобсиз қолмоқда.

Блогер онасининг Асака ҳокимиятидаги ўз манбасига таяниб айтишича, 30 декабрь куни Отабек ҳокимиятнинг Молия бўлимига чақирилган ва у ерда муштлашув келиб чиққан. Отабек бунинг ортидан 15 суткага қамалган.

Аслида, онасига кўра, Отабек Молия бўлимига йўллаган шикоятлари бўйича чиқарилган жавобни олиб кетишга таклиф қилинган.

2 январ куни блогер яқинларининг Би-би-сида мавжуд рақамлари ишламади.

"Абонент аппарати ўчирилган", деган авто жавоб берилди.

Отабек Нуритдинов ўз Фейсбук саҳифасида маҳаллий бюджет пулларининг қандай сарфланаётгани, хусусан Халқ таълими бўлимидаги молиявий ишлар, 22 декабрда бўлиб ўтган парламент сайловларидаги қонунбузарликлар ҳақида маълумотларни чоп қилиб келган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шу йил Конституция куни муносабати билан қилган чиқишида шахснинг оила аъзолари дарҳол хабардор қилиниши кераклигига тўхталганди.

"Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушланган шахснинг оила аъзолари бу ҳақда дарҳол хабардор қилиниши кераклиги, буни суриштирувчи, терговчи ва бошқа ваколатли шахснинг мажбурияти сифатида қонунда аниқ белгилаб қўйиш таклиф этилди. Бундан ташқари, шахсни ушлаб туриш ва унинг ҳуқуқини чеклайдиган бошқа процессуал мажбурлов чораларини қўллаш ҳолатларини ҳисобга олишнинг электрон тизимига ўтиш зарурлиги, бу жараёнда инсон омили иштирокини иложи борича камайтириш лозимлиги қайд этилди", — деб айтган президент.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek