Асакадаги бюджет чиқимларини тергов қилаётган блогер қамалди - Ўзбекистон, Андижон

Отабек Нуритдинов қатор давлат идораларидаги бюджет чиқимларини тергов қилган

Сурат манбаси, Otabek Nuritdinov/Facebook

Сурат тагсўзи, Отабек Нуритдинов қатор давлат идораларидаги бюджет чиқимларини тергов қилган
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Андижон вилоятининг Асака туманида фаолият олиб борган блогер Отабек Нуритдинов (асли исми Абдуфатто Нуритдинов) 30 декабрда ҳибсга олинганидан бери қаерда сақланаётгани оиласига маълум қилинмаяпти.

Унинг онаси Матлуба Қурбонованинг Би-би-сига айтишича, ўғлининг қаерда суд қилингани ва қай аҳволда, қаерда сақланаётгани ҳақида қатор маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига қилган мурожаатлари жавобсиз қолмоқда.

Блогер онасининг Асака ҳокимиятидаги ўз манбасига таяниб айтишича, 30 декабрь куни Отабек ҳокимиятнинг Молия бўлимига чақирилган ва у ерда муштлашув келиб чиққан. Отабек бунинг ортидан 15 суткага қамалган.

Аслида, онасига кўра, Отабек Молия бўлимига йўллаган шикоятлари бўйича чиқарилган жавобни олиб кетишга таклиф қилинган.

Отабек Нуритдинов ўз Фейсбук саҳифасида маҳаллий бюджет пулларининг қандай сарфланаётгани, хусусан Халқ таълими бўлимидаги молиявий ишлар, 22 декабрда бўлиб ўтган парламент сайловларидаги қонунбузарликлар ҳақида маълумотларни чоп қилиб келган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шу йил Конституция куни муносабати билан қилган чиқишида шахснинг оила аъзолари дарҳол хабардор қилиниши кераклигига тўхталганди.

"Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушланган шахснинг оила аъзолари бу ҳақда дарҳол хабардор қилиниши кераклиги, буни суриштирувчи, терговчи ва бошқа ваколатли шахснинг мажбурияти сифатида қонунда аниқ белгилаб қўйиш таклиф этилди. Бундан ташқари, шахсни ушлаб туриш ва унинг ҳуқуқини чеклайдиган бошқа процессуал мажбурлов чораларини қўллаш ҳолатларини ҳисобга олишнинг электрон тизимига ўтиш зарурлиги, бу жараёнда инсон омили иштирокини иложи борича камайтириш лозимлиги қайд этилди", - деб айтган президент.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Би-би-си Отабек Нуритдинов иши борасида, хусусан нега унинг суд иши оиласидан яширин ҳолатда ўтказилганига муносабат олиш учун Ўзбекистон Бош прокуратурасига мурожаат қилганида, Бош прокуратуранинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Би-би-сига Андижон вилояти прокуратурасининг баёнотини йўллади ва қуйидагини қўшимча қилди:

"Материални ИИБ ҳал қилган, суд қарор чикарган. Прокуратура суд қарорини назорат тартибида ўрганиб чиқди ва келишилди."

Андижон вилояти прокуратураси тарқатган баёнотда айтилишича:

"Андижон вилоят маъмурий судининг 30.12.2019 йилдаги қарорига кўра, А.Нуритдинов МЖтКнинг 40-моддаси (туҳмат), 41-моддаси (ҳақорат қилиш) ва 183-моддасида (майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилиб, МЖтКнинг 34-моддаси тартибида узил-кесил ўташ 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган."

Баёнотда айтилишича, Асака тумани ҳокими Э.Якубов, Асака туманидаги 27-умумий ўрта таълим мактабининг директори М.Исақова ва Андижон вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ф.Бузруковлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ишонч телефонига мурожаат қилиб, интернетнинг «Facebook» ижтимоий тармоғи орқали 2019 йил 4 август, 2019 йил 7 октябрь ва 2019 йил 18 октябрь кунлари «Отабек Нуритдинов» номли аккаунт фойдаланувчиси томонидан уларни обрўсизлантирувчи, шахсиятини шарманда қилувчи, ҳақоратли уйдирмалар ҳамда туҳмат ва бўхтондан иборат маълумотларни тарқатганлиги учун қонуний чора кўришни сўраганлар.

Бундан ташқари, Б.Қоххоров Асака туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, 2019 йил 30 декабрь куни соат 10.30 ларда Асака туман Молия бўлими олдида А.Нуритдинов уни жамоат жойида уятли сўзлар билан сўкканлиги учун унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

"Гарчанд, А.Нуритдинов судда айбига иқрор бўлмасдан, интернетнинг «Facebook» ижтимоий тармоғи орқали «Отабек Нуритдинов» номли аккаунт очиб фойдаланишини, юқоридаги шахсларга нисбатан «Facebook» ижтимоий тармоғида билдирган ўзининг фикрларини ҳокимият вакилларини ҳамда фуқароларни обрўсизлантириш ва ҳақорат қилиш деб билмаслигини, 30.12.2019 йилда ҳеч кимга сўкинмаганлигини билдирсада, унинг айби жабрланувчи Б.Қоххоров, гувоҳлар Д.Расулов, Ж.Исмоилов, жабрланувчи М.Исақова, гувоҳ Ф.Рахимова, гувоҳ Ш.Усмонов ва бошқаларнинг тушунтиришлари ҳамда суриштирув жараёнида тўпланган "Facebook" ижтимоий тармоғидан олиниб, нусхалари илова қилинган ёзишмалар ва фотолавҳалар, ўрганиш маълумотномалари ва уларга илова қилинган ҳужжатлар ҳамда иш бўйича тўпланган бошқа далиллар мажмуи билан ўз исботини топган", - дейилади прокуратура баёнотида.

Прокуратура баёнотида суд иши нега бу каби тезкор усулда ўтказилгани, Нуритдиновга адвокат хизматларидан фойдаланиш таклиф этилгани ё этилмагани, нега унинг суд иши борасида оиласига хабар қилинмагани борасида маълумот йўқ.

Нуритдиновнинг онасига кўра, ўғлининг машинасида маҳаллий бюджет талон-тарож қилинаётганини тасдиқловчи ҳужжатлар, ҳамда ўғлининг телефонида унга қилинган тазйиқлар аудио ёзилмалари бўлган, аммо бу ашёлар ҳозир қаерда экани номаълум.

Би-би-си Нуритдинов иши бўйича Асака туман Ички ишлар бошқармаси, Асака туман прокуратураси, Асака туман ҳокимлигидан муносабат олишга уринди, аммо мазкур идоралар сайтларидаги рақамлар орқали ҳеч ким билан боғлана олмади. Андижон вилоят ҳокимлигидаги аёл ходим байрам туфайли ҳамма дам олишда эканини билдирди.

Би-би-си мазкур иш тафсилотларини ўрганишда давом этади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek