Ўзбекистон: 2023 йил Мирзиёев ислоҳотлар йўлидан воз кечаётганини кўрсатмоқдами? – Янгиликлар, жаҳон матбуоти

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Нуфузли Foreign Policy журнали вебсайтида эълон қилинган мақолада Ўзбекистонни янги замонга етаклаши кутилган президент Мирзиёевнинг ислоҳотлари бир жойда депсиниб қолгани ҳақида сўз боради. Муаллифга кўра, ислоҳотлар йўлидан қайтиш, айниқса, жорий йилда анчайин сезилган.
28 июль куни Foreign Policy журнали вебсайтида чоп этилган мақолага "Ўзбекистоннинг ислоҳотчи президенти ортга бурилмоқда" номли сарлавҳа танланган.
Муаллиф Броули Бенсон ўз мақоласини, халқаро матбуотда анъанага айлангандек, Шавкат Мирзиёев ўтган йилларда амалга оширган кўзга кўринарли ислоҳотларни санаб ўтишдан бошлайди: мажбурий меҳнатга барҳам бериш, инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш каби.
Аммо охирги юз бераётган жараёнлар Ўзбекистон президенти "ортга қайрилмоқда" деган хавотирларни оловлантирмоқда, ёзади Бенсон.
Референдум, президент сайлови ва микроскоп остидаги эркинлик

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati
Кўплаб маҳаллий фаоллар 2022 йил июлидаги Қорақалпоғистон воқеаси ортидан Ўзбекистонда фуқаровий эркинликларга нисбатан рўйихушлик камая бошлаганини сезганини айтади.
Мазкур йилда Шавкат Мирзиёев ҳукумати янада кўпроқ марҳум Ислом Каримов режимига ўхшаб бораётганига доир хавотирлар ҳам ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида кўпроқ билдира бошланган, ҳам халқаро матбуотда чиққан бир қатор мақолаларда ўхшаш фикрлар ўртага ташланган.
Алоқадор мавзулар:
Фаолларни ташвишга солган нохуш вазият, айниқса, матбуот эркинлигида кўпроқ сезилгани айтилган.
Апрелда ўтган умумхалқ референдуми олдидан Би-би-си билан микрофонсиз суҳбатлашган бир қатор маҳаллий журналист ва жамоатчи фаоллар ҳукумат матбуот эркинлигини очиқдан очиқ, аммо норасмий тарзда жиловлашга ўтгани ҳақида гапирган эди.
"2023 йилни "Каримов даврини кўпроқ ёдга олиш йили" деб эълон қилишни таклиф қиламан", дея кинояли изоҳ қолдирган Facebook фойдаланувчиларидан бири фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаровнинг ҳибсга олингани тўғрисидаги хабарлардан бири остида.
Foreign Policy'да эълон қилинган мақолада ҳам Мирзиёевнинг икки етти йиллик муддатга ҳокимиятда қолишига замин яратган умумхалқ референдуми, муддатидан илгари ўтказилган президент сайлови ҳамда матбуот вакиллари билан юз бераётган сўнгги воқеалар туфайли "бу йил Мирзиёев ислоҳотлар йўлидан воз кечаётганининг энг ёрқин далили бўлгани" ҳақида сўз боради.

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati
Муаллиф "яккаҳокимлик, зулм ва турғунлик мерос қолган" Ўзбекистон тепасига келган Шавкат Мирзиёев Ислом Каримовнинг 27-йиллик қаттиққўл бошқарувига барҳам берадигандек кўрингани, аммо халқаро кузатувчилар бу кутилманинг аксини кўраётгани ҳақида ёзади.
"… [Инсон ҳуқуқлари бўйича] Ўзбек форуми ўзининг [2023 йил июнь ойидаги] ҳисоботида шундай хулоса қилади: ʼЎтган икки йилда фикр, йиғилиш ва уюшиш эркинлиги билан боғлиқ вазият ёмон томонга ўзгарар экан, президент Мирзиёевнинг ислоҳотларига нисбатан дастлабки умид сўндиʼ".
Мазкур мақолада ҳам Мирзиёев ҳукуматининг фуқаровий ҳуқуқ-эркинликларга бўлган тоқати, айниқса, Қорақалпоғистон воқеаси ортидан кескин сўнгани тилга олинади.
"Қорақалпоғистондаги намойишлардан сўнг матбуот эркинлиги микроскоп остига олина бошланди. Каримов даврида буткул цензура ҳукмрон эди. Мирзиёев ҳали бундай қилмади, лекин унинг назорати остида тараққиёт яқин-яқиндан буён тўхтаб қолганга ўхшамоқда".
Мазкур ёзда халқаро ҳамжамият Ўзбекистонда журналистлар устидан ўтаётган суд ишларини кузатаётгани тилга олинган мақолада матбуот кўмир конидаги хавф-хатардан олдиндан огоҳлантирувчи канарейкага менгзанилади - агар туннель ичида кўринмас хавф яширин ётган бўлса, канарейка муқаррар ўлимга юз тутади:
"Мамлакат ҳали ўтган йиллардаги ислоҳотчилик суръатини қайтариши ёки ундан бутунлай воз кечиши мумкин".
Америкалик бўлмиш муаллиф Броули Бенсон ҳам мамлакат ичидаги, ҳам халқаро хавотирларга қарамай, АҚШ Мирзиёев ҳукуматини қўллаб-қувватлашда давом этаётганидан таажжуб билдиради.

Бир вақтнинг ўзида у, ушбу дастакнинг сабаби мамлакатнинг геосиёсий аҳамиятига боғлиқ бўлиши мумкинлигига ишора қилади.
"Охирги ортга қайтишга қарамай, Мирзиёевга ўжарлик билан ишонч билдириб келаётган Вашингтон учун Ўзбекистон Марказий Осиё шахмат тахтасидаги энг муҳим майдонлардан биридир. АҚШнинг Афғонистондаги уруши даврида Ўзбекистон ҳаётий зарур логистикани тақдим этди. Ҳатто, урушдан сўнг ҳам мамлакат Қўшма Штатлар, Россия ва Хитой ўртасидаги таъсир доирасини кенгайтиришга доир урушсифат вазиятнинг муҳим фронтига айланган кўринади".
"Ислоҳотлар учун йўқолган умидлар"
Халқаро матбуот ва кузатувчилар 2019 йилда The Economist нашри томонидан "йилнинг энг яхши томонга ўзгарган мамлакати" дея эътироф этилган Ўзбекистонда вазият хавотирли тус ола бошлаганини илк бор тилга олмаётир.
Хуршид Далиев, Мавжуда Мирзаева, Абдуқодир Мўминов каби кўзга кўринган матбуот вакилларининг қўлга олиниши билан бошланган йил давомида дин ва сўз эркинлигига боғлиқ бошқа ташвишли хабарлар ҳам бот-бот чиқиб турди.

Сурат манбаси, Ijtimoiy tarmoq
Нашида тарқатишда айбланган Сардор Раҳмонқулов ва Жаҳонгир Улуғмуродов каби ёшларнинг ишлари диний эркинликни таъминлашга оид давлат сиёсатининг жамоатчилик томонидан саволга тутилишига сабаб бўлди.
Фарғона водийсининг энг муҳим мустақил хабарчиси дея ном қозонган блогер Олимжон Ҳайдаровнинг 29 июль куни товламачиликда гумонланиб ҳибсга олиниши ўзбек жамоатчилигини яна бир бор жунбишга келтирди.
1 август куни ўтган навбатдаги суд мажлисида прокурор блогер Абдуқодир Мўминовга нисбатан 11 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси берилишини сўрагани тўғрисидаги хабар ортидан айрим фаоллар ислоҳотларга ишончи қолмаганини ёзиб чиқди.
Freedom House ташкилотининг 2023 йил апрелида эълон қилинган янги ҳисоботида эса Шавкат Мирзиёев 2016 йилдан бери мамлакатдаги айрим масалаларни ислоҳ қилишга муваффақ бўлганига қарамай, Ўзбекистон демократиянинг баъзи белгилари мавжуд авторитар давлатлигича қолаётгани тилга олинади.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.















