Трампнинг Тинчлик Кенгаши аъзолари Ғазо учун 7 миллиард доллар ёрдам ваъда қилди

Ғазо секторида бомбаланиб вайрон қилинган бинолар ўраб турган йўл бўйлаб бир нечта одам юриб кетаётгани кўринди.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, БМТ Ғазодаги зарар қийматини 70 миллиард доллар деб баҳолайди
    • Author, BBC янгиликлар бўлими
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Қўшнилар нима дейди?

Доналд Трампнинг Тинчлик кенгашига аъзо бўлган бир қанча давлатлар Ғазо учун "ёрдам пакети"га 7 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратди, деб маълум қилди АҚШ президенти.

Трамп бу ҳақда ташкилотнинг илк йиғилишида эълон қилди. АҚШнинг кўплаб Ғарбий иттифоқчилари ушбу органга қўшилишдан бош тортишмоқда; улар аслида Исроил ва Ҳамас ўртасидаги урушни тугатишга ёрдам бериши керак бўлган ушбу тузилма БМТ ўрнини эгаллаш учун мўлжалланган бўлиши мумкинлигидан хавотирда.

АҚШ воситачилигидаги Ғазода ўт очишни тўхтатиш режасининг иккинчи босқичи Ҳамасни қуролсизлантириш ва Ғазони қайта тиклашни ўз ичига олади.

Трамп иштирокчиларга Ҳамас қуролсизланадиганга "ўхшаб кўринаётганини" айтди. Бироқ, Фаластин гуруҳининг қуролсизланаётганидан далолат берувчи белгилар жуда кам. Ғазоликларнинг таъкидлашича, гуруҳ аксинча Ғазо сектори устидан ўз назоратини янада кенгайтирмоқда.

Пайшанба куни Тинчлик кенгаши йиғилишида сўзга чиққан Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху: "Иттифоқчимиз АҚШ билан Ғазо демилитаризатсия қилинмагунча, у ерда қайта тиклаш ишлари олиб борилмаслигига келишиб олдик", - деди.

Уруш 2023-йил 7-октабрда Ҳамас бошчилигида Исроил жанубига уюштирилган ҳужум натижасида бошланган эди. Ўшанда 1200 га яқин одам ҳалок бўлган ва 251 киши гаровга олинган эди. Исроил бунга жавобан Ғазода ҳарбий амалиёт бошлади. Ғазодаги Ҳамас назоратидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, амалиёт давомида 72 000 дан ортиқ киши ҳалок бўлган.

Эксклав иқтисодиёти вайронага айланган, бинолар ва инфратузилма йўқ қилинган. БМТ етказилган зарарни 70 миллиард долларга баҳоламоқда. Буюк Британия, Канада, Франция ва Германия каби давлатлар ўтган ойда тузилган Тинчлик кенгашига қўшилишдан бош тортди.

Ташкилот БМТни четга суриб қўйиш учун тузилгани ҳақидаги хавотирларни бартараф этиш мақсадида, Трамп Вашингтондаги илк йиғилишда: "Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан жуда яқин ҳамкорлик қиламиз, биз уларни қайтарамиз", - деди.

АҚШ президентининг сўзларига кўра, Ғазо энди "радикализм ва террор ўчоғи эмас".

"Бунга чек қўйиш учун бугун Қозоғистон, Озарбайжон, БАА, Марокаш, Баҳрайн, Қатар, Саудия Арабистони, Ўзбекистон ва Қувайт ёрдам пакети учун 7 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратганини эълон қилишдан мамнунман", - деди у.

"Сарфланган ҳар бир доллар барқарорликка киритилган сармоядир", - дея қўшимча қилди у. Шунингдек, БМТ гуманитар ёрдам учун 2 миллиард доллар ажратиши, ФИФА эса сектордаги футбол лойиҳалари учун 75 миллион доллар йиғиб беришини айтди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Ҳамас қуролсизланадими ёки яна кучаймоқда?

Кенгаш доирасида Ғазо бўйича олий вакил этиб тайинланган болгариялик сиёсатчи Николай Младеновнинг айтишича, Фаластиннинг янги ўтиш даври полиция кучларини шакллантириш жараёни бошланган ва "дастлабки бир неча соатнинг ўзида 2000 киши ариза топширган".

Бироқ, Исроил ҳам, АҚШ ҳам бу кучлар Ҳамас назоратидаги мавжуд полициядан қатъий текширувсиз олинмаслигини ва Ғарбий соҳилдаги Фаластин маъмурияти хавфсизлик кучларидан иборат бўлиб қолмаслигини талаб қилмоқда. Бу эса ҳаммасини нолдан бошлаш кераклигини англатади ва бу жуда оғир вазифадир.

Младенов аввалроқ Ғазода асосий хавфсизлик органи Фаластин политсияси бўлиши кераклигини, Халқаро барқарорлаштириш кучлари эса унга фақат кўмакчи бўлиши лозимлигини, аксинча эмаслигини айтган эди.

АҚШ режасига кўра, Халқаро барқарорлаштириш кучлари Исроил ва Миср, шунингдек, янги ўқитилган ва текширилган Фаластин полицияси билан биргаликда чегара ҳудудлари хавфсизлигини таъминлаш ва нодавлат қуролли гуруҳларни, жумладан Ҳамасни бутунлай қуролсизлантиришга ёрдам беради.

Аммо бундай кучлар ҳозирча Ҳамас ва бошқа Фаластин гуруҳларини қуролсизлантиришни назорат қила олишига далиллар кам. Шу билан бирга, йиғилишда Ҳамас қуролларини топширишга тайёр эканлиги ҳақида ҳеч қандай белги кўринмади, гарчи Трамп бу борада ҳам оптимистик, ҳам таҳдидли оҳангда гапирган бўлса-да. Ҳозиргача Ҳамас қурол топширишни камида Исроил қўшинларининг Ғазодан чиқиб кетишига боғлиқ деб ҳисобламоқда.

Бу масаладаги силжиш жуда муҳим, чунки Трампнинг қайта тиклаш ва бошқарув бўйича таклифларининг ҳеч бири Фаластин аҳолисининг кенг қўллаб-қувватлашига эга бўлган хавфсизлик кучларисиз амалга ошмайди. Вашингтондаги йиғилиш Трампнинг икки президентлик муддати давомидаги Исроил-Фаластин тинчлик жараёнига ёндашувига хос тарзда ўтди. У Фаластин келажагини кўпинча кўчмас мулкни ривожлантириш ва бой инвесторлар томонидан молиялаштириш призмаси орқали кўради.

Шу билан бирга, Исроил раҳбарияти Трампнинг айрим саъй-ҳаракатларига, хусусан, Туркия ва Қатарни кенгашга таклиф қилганига шубҳа билан қарамоқда, чунки Исроил бу давлатларнинг Ғазо келажаги бўйича қарорларда муҳим рол ўйнашини истамайди. Трамп ва унинг жамоаси бу ноанъанавий ёндашувни можарони ҳал қилишга қаратилган "янгича фикрлаш" деб ҳимоя қилмоқда.

Бироқ, Младенов тезкор натижага эришилмаса, Ғазо икки ҳудудга бўлинган ҳолда қолиши ҳақида огоҳлантирди: бири Исроил ишғоли остида, иккинчиси Ҳамас назоратида.

Шунингдек, Ғазонинг Ғарбий соҳилдан узилиб қолиши келажакда мустақил давлат қуришни имконсиз қилади ва на фаластинликлар, на исроилликлар хавфсизлигини таъминлайди.

Ўзбекистоннинг позицияси ва икки фуқаролик қалтис ҳолати: Исроил томонидан жанг қилганлар

Ўзбекистон расман Ғазода урушдан кейинги тиклаш ишларини қўллаб-қувватлаётган бўлса-да, тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Исроилда яшовчи айрим ўзбекистонликлар Ғазодаги ҳарбий амалиётларда Исроил армияси таркибида қатнашгани айтилмоқда. Al Jazeera текширувига кўра, турли мамлакатлардан бўлган 50 мингга яқин хорижий фуқаролар орасидан 264 нафар исроил-ўзбекистон фуқаролигига эга шахслар Исроил армиясига унинг Ғазодаги уруши давомида қўшилган.