Трампнинг Ғазо режаси халқаро ҳуқуқ юзига тарсакидир

Сурат манбаси, EPA
АҚШ Президенти Доналд Трампнинг "Ғазони Америка қўлига олиш" режаси фаластинликларнинг ўзлари, Саудия Арабистони, Миср ва бошқа кўплаб мамлакатлар раҳбарлари томонидан рад этилдилар, ҳатто Буюк Британия бош вазири фаластинликлар Ғазонинг ўзида қолишлари керак деб айтди.
Рамаллоҳдаги Би-би-си мухбири хабар қилишича, Ғарбий Соҳилдаги фаластинликлар Трампнинг сўнгги баёнотидан хавотирга тушганлар, бу қуруқ гап эмас, нимадир янада даҳшатли нарсанинг бошланиши бўлмаса эди, деб ўйланиб қолганлар.
Чунки Иордан дарёси Ғарбий Соҳилидаги ҳудудларга охирги ҳафталарда Исроил ҳарбий рейдлари кўпайган, Трампнинг охирги гапи бу ердан ҳам одамларни яшаб турган жойларидан қувиб солиш, бу ерлардан фаластинликларни тўлиқ сиқиб чиқариб Исроил келгиндилари ҳудудларини кенгайтириш, кўпроқ ҳудудлар аннексиясига рағбатлантиради, деган қўрқув пайдо бўлган.
4 феврал куни Доналд Трамп АҚШ президенти лавозимига киришганидан буён илк хорижий меҳмон - Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳуни Оқ Уйда қабул қилди.
Икки раҳбар музокараларидан кейинги матбуот анжуманида Трамп айтган сўзлар журналистларни ҳайратга солди.
"АҚШ Ғазо бўлгаси устидан назоратни қўлга олади. Биз унга эгалик қиламиз ва у ерда портламай қолган хавфли бомбалар ҳамда қуролларни йўқ қилиш, вайрон бўлган биноларни бутунлай бузиб, текислаб ташлаш масъулиятини ҳам ўз зиммамизга оламиз. Биз у ерда иқтисодий тараққиёт ва саноқсиз иш жойлари, минтақа одамлари яшашлари учун турар-жой барпо этамиз", деди Доналд Трамп.

Сурат манбаси, .
У Ғазони "Яқин Шарқ Ривераси"га айлантиришни исташини айтди.
Доналд Трамп бундан олдин ҳам Ғазони "бузилишга тушган ҳудуд" деб атаган эди.
Унинг фикрича, Ғазо бўлгасида яшаётган инсонларни бошқа жойга кўчириш керак.
Фаластинликлар Иордания ёки Мисрга, ёки Яқин Шарқдаги бошқа бирор мамлакатга кўчиб ўтишлари мумкин, бунинг учун кетадиган харажатларни АҚШ бўйнига олиши мумкин.
Бунга жавобан фаластинликлар "ватан савдолашадиган матоҳ эмас" дея ғазабнок муносабат билдирдилар, айрим ғазоликлар бошқа жойга кўчгандан шу ерда ўлишни афзал кўришларини айтдилар.
Би-би-си мухбирлари Трамп таклифи ҳақида оддий исроилликларнинг ҳам фикрини ўрганишга ҳаракат қилдилар.
Кимгадир бу ғоя маъқул келган, яна бир бошқа исроиллик аёл буни ҳаётга татбиқ этиб бўлмайдиган режа деб атаган.

Сурат манбаси, .
Трамп таклифи ҳақида Исроил Бош вазири Нетаянҳудан сўралганида, "эътиборга молик ғоя" деб муносабат билдирди.
Ғазо бўлгасини назорат қиладиган Ҳамас гуруҳи Трампнинг ғазоликлар ҳудудни тарк этишлари керак деган гапи "минтақада бошбошдоқлик ва тарангликни юзага келтириш рецепти" деб таърифлади.
"Ғазо секторидаги бизнинг халқимиз бу режаларни ҳаётга татбиқ этилишига йўл қўймайди. Оккупацияга ва халқимизга қарши тажовузга якун ясаш керак, халқимизни ўз еридан қувиш ўрнига", деб айтган Хамас сўзчиси Сами Абу Зуҳрий.

Сурат манбаси, .
Мухбирларнинг ёзишича, Трампнинг "Ғазо бўлгасини Америка қўлига олиш" режаси қандайлиги ва уни қандай ҳаётга татбиқ этмоқчи бўлаётганлари ҳақида Оқ Уй тушунтириш бериши талаб қилинади.
Ғазо қирғини бўйича тутган позицияси учун АҚШдаги кўп сайловчилар Жо Байден ёки Камала Ҳаррисга эмас, Трампга овоз берган эдилар, Трампнинг ушбу сўзлари уни дастаклаган сайловчиларни ҳам ташвишга солиб қўйди.
Демократик партия вакиллари Трамп таклифига кескин қаршилик билан муносабат билдирдилар.
Би-би-си таҳлилчисига кўра, Трамп ғояси халқаро қонунчилик юзига тарсакидир.
Чунки АҚШ узоқ йиллар мобайнида ёнма-ён икки давлат ечимини қўллаб-қувватлаб келган.
"Икки давлат ечими"ни дунёнинг кўп мамлакатлари дастаклайди, бунда Фаластин ва Исроил ёнма-ён тинч яшаши кўзда тутилади.
Бироқ Исроил икки давлат ечимини рад этади.
Би-би-сининг Шимолий Америка бўйияа мухбири Энтони Зуркер ёзишича, кўчмас мулк қурувчиси президент бўлиб қолганида, унинг бундай таклифларидан ҳайратланиш керак эмас.
Бу биринчи марта эмас, у 2018 йили Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин билан учрашганида, бу мамлакатнинг "буюк пляжларида" бир кун келиб "энг зўр меҳмонхоналар" қурилиб қолар, деб айтганди.
"Трампнинг Ғазо бўйича таклифи Американинг Фаластин муаммосини икки давлат ечими билан ҳал қилиш мавқеъсида кўзга кўринарли силжиш бўлганини англатади.
Ушбу Америка стратегиясининг талқини шуки, Яқин Шарқ давлатларини силкиб ташлаб, уларни Ғазодаги вазиятнинг узоқ муддатли ечимига кўпроқ ўз ресурслари ва сиёсий иродасини сарфлашга мажбурлашдир", деб ёзади мухбиримиз.












