"Қизимнинг суяклари ерда сочилиб ётарди" – Ғазоликлар бедарак йўқолганларни қандай қидирмоқда?

- Author, Фергал Кин
- Role, Махсус мухбир
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Диққат: Бу мақолада дилни хира қилувчи тасвир ва жумлалар бор
Ҳамма нарса аралашиб кетган... Боланинг ранг-баранг рюкзаги. Югуриш пойабзали. Снаряд парчаси тешиб юборган пўлат қозон. Каравот, стул, плита, чироқ бўлаклари; cинган дераза ойналари, кўзгулар, стаканлар. Кийим-кечак парчалари. 10,000 ғазолик бедарак йўқолгани тахмин қилинар экан, уйга қайта бошлаган яқинлар уларни ҳар ердан излай бошлаган.
Бу сўнгги парчаланган, чанг қоплаган буюмлар белги бўлиши мумкин. Кўпинча улар вайроналар юзасига яқин ётган марҳумларга тегишли бўлади.
"Исроил ишғолчи кучлари Рафаҳдан чиқиб кетганидан бери фуқаролардан 150 га яқин қўнғироқ бўлди, уларнинг қариндошлари жасадлари уйлар остида қолганини хабар қилишди," дейди Ғазо секторининг энг жанубий чеккасидаги Фуқаро мудофааси агентлигининг Фавқулодда ва тез тиббий ёрдам хизмати директори Ҳайсам ал-Ҳомс.
Фаластин соғлиқни сақлаш идоралари 10 минг киши бедарак йўқолганини тахмин қилмоқда. Юзада кийим каби аниқ белги бўлмаган жойларда, қидирув гуруҳлари қариндошлар ва қўшниларнинг маълумотларига таянади ёки вайроналардан тарқалаётган жасад ҳидини текширади.

Исроил ҳукумати Би-би-си ва бошқа халқаро ахборот ташкилотларига Ғазога киришни ва мустақил равишда хабар беришни тақиқлаган. Биз йўқолганларни қидираётган одамлар каби инсонлар тажрибаларини ёзиб олиш учун ишончли маҳаллий журналистларга таянамиз.
Ҳар кун охирида жаноб Ҳомс топилганлар рўйхатини янгилайди. Унинг жамоаси вайрон бўлган инсон парчаларини қидираётганини билиб, вайроналарни эҳтиёткорлик билан қазиб олади. Кўпинча топилгани бир уюм суякдан бошқа нарса эмас.
Исроилнинг кучли портловчи бомбалари кўплаб ўликларни парчалаб ташлаган.
Суяклар ва кийим-кечак парчалари жаноб Ҳомс арабча "мажҳул" сўзини ёзиб қўйган оқ қопларга жойлаштирилади. Бу "ноаниқ" деган маънони англатади.

Рафаҳ шаҳрида яшовчи Усома Солиҳ ўт очишни тўхтатишдан сўнг уйига қайтиб, ичкаридан скелет топган. Бош суяги cинган экан. Солиҳнинг ҳисоб-китобига кўра, жасад у ерда тўрт-беш ой ётган. "Биз ҳис-туйғули инсонлармиз... фожиа қанчалик аянчли эканини сизга тушунтира олмайман," дейди у.
Ҳар куни чириётган таналарнинг ҳиди анқиб туриши – бу жуда ташвишли тажриба, оммавий ўлим оқибатларини кўрган одамлар бунга кўп гувоҳ бўлишади.

"Жасадлар даҳшатли. Ваҳимали, – дейди Усома Солиҳ. – Қасам ичаман, бу оғриқли туйғу, йиғладим."
Оилалар ҳам жасадларни қидириш учун шифохоналарга келишмоқда. Ғазо жанубидаги Европа касалхонаси ҳовлисида жасад қопларига суяк ва кийим-кечак тўпламлари ёйиб қўйилган.
Рафаҳлик 19 ёшли Абдус Салам ал-Муғаер Шабура ҳудудида бедарак йўқолган; амакиси Закийнинг айтишича, уруш пайтида у ерга борган бўлсангиз, қайтиб келмайдиган жой бўлган.
"Шунинг учун биз уни қидиргани боролмадик. Қайтиб келолмаган бўлардик."
Закий олдидаги суяклар ва кийимлар тўплами йўқолган Абдус Саламга тегишли деб ўйлайди. У Абдус Саламнинг акаси келишини кутиб, шифохона ходими Жиҳод Абу Храйс билан бирга турибди.
"Жасад унинг жасади эканига 99 фоиз ишонч бор, – дейди жаноб Абу Храйс, – аммо ҳозир бизга унинг акаси, яъни энг яқин кишисидан жасадни уники эканига ишонч ҳосил қилиш учун узил-кесил тасдиқ керак."

Кўп ўтмай, ака Ғазо жанубидаги ал-Мавоси қочоқлар лагеридан етиб келди. Унинг телефонида Абдус Саламнинг сурати бор эди. Унда унинг пойабзалининг ҳам сурати бор эди.
У жасад қопи олдида тиз чўкиб, уни очди. У бош суягига, кийим-кечакка қўл теккизди. У оёқ кийимларини кўрди. Кўзларига ёш келди. Шахсни аниқлаш якунланди.
Бошқа бир оила жасад қоплари қаторидан юриб ўтди. Буви, унинг ўғли, катта қизи ва кичкина боласи бор эди. Болани гуруҳнинг орқасида ушлаб туришди, кекса аёл ва унинг ўғли жасад қопи остига қараб туришди. Улар бир неча сония тикилиб туришдида, кейин қайғу билан бир-бирларини қучоқлашди.
Шундан сўнг оила шифохона ходимлари ёрдамида жасадларни олиб кетди. Улар йиғлашарди, лекин ҳеч ким овоз чиқариб йиғламасди.

Сурат манбаси, Handout
Ая ал-Дабеҳ 13 ёшда эди, оиласи ҳамда юзлаб бошқа қочқинлар билан шимолда Ғазо шаҳридаги Тал ал-Ҳава мактабида яшарди. У тўққиз фарзанднинг бири эди.
Уруш бошланишида бир куни Ая мактабнинг юқори қаватидаги ҳожатхонага бормоқчи бўлганида, оиласининг айтишича, исроиллик мерган уни кўкрагидан отиб қўйибди.
Исроил мудофаа кучлари тинч аҳолини нишонга олмаслигини ва ҲАМАСни тинч аҳоли яшайдиган ҳудудлардан ҳужум уюштиришда айблайди.
Уруш пайтида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича идораси "Исроил кучлари томонидан аҳоли зич жойлашган ҳудудларда шиддатли отишмалар содир бўлгани, натижада ноқонуний қотилликлар, шу жумладан, қуролсизлар ўлдирилгани"ни маълум қилди.
Оила Аяни мактаб ёнида дафн этди ва унинг 43 ёшли онаси Лина ал-Даба, агар қабр бузилса, уни "ёмғир ва қуёшдан ҳимоя қилиш учун" чойшабга ўради.
Исроил ҳарбийлари мактабни эгаллаб олгач, Лина жанубга қочди. У бошқа тўрт фарзанди – икки қизи ва икки ўғли билан бирга, олдинроқ бошқа болалари билан кетган эри олдига йўлга чиқди. Линанинг қизини қолдиришдан бошқа иложи йўқ эди, у қайтиб келиб, тинчлик ўрнатилгач, жасадни топиб, тегишли тарзда дафн этишга умид қиларди.
"Ая жуда меҳрибон қиз эди, ҳамма уни яхши кўрарди. У ҳаммани, ўқитувчиларини ва ўқишини яхши кўрарди, мактабда ҳам жуда яхши ўқирди. У доим ҳаммага яхшилик тиларди," дейди Лина.

Ўт очишни тўхтатиш эълон қилингач, Лина шимолда қолган қариндошларидан Аянинг жасадини кўздан кечиришни сўради. Келган хабар даҳшатли эди.
"Улар бизга унинг боши бир жойда, оёқлари бошқа жойда, қовурғалари эса яна бошқа жойда эканлигини айтишди. Уни кўргани борган одам шокка тушиб, суратларни бизга юборди," дейди у.
"Уни кўрганимда, қизимни қандай қилиб чиқариб олишганини, итлар уни қандай қилиб еганини тушуна олмадим. Асабларимни жиловлай олмаяпман."
Қариндошлари суякларни тўплашган. Яқин орада Лина ва унинг оиласи Аянинг қолдиқларини тегишли қабрга қўйиш учун шимолга йўл олишади. Лина учун бу тугамас қайғу ва жавобсиз саволдир – худди Ғазода фарзандларидан айрилган кўплаб ота-оналар сўрайдиган савол. Уруш шароитида улар бошқача нима ҳам қила оларди?
"Мен уни ўша ердан олиб чиқа олмадим, – дейди Лина. Кейин сўрайди: "Уни қаерга ҳам олиб борардим?"












