Россияда озиқ-овқат нархлари кескин ошмоқда. Уруш руслар ҳамёнига таъсир қилмоқдами?

- Author, Олга Шамина
- Author, Ярослава Кирюкина
- Author, Сергей Кагермазов
- Role, BBC News Рус хизмати
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Катта корпорацияда ишлайдиган москвалик реклама мутахассиси Александр ҳаёт қимматлашиб бораётганидан нолийди.
Бир ой ичида унинг ойлик озиқ-овқат харажати 35 000 рублдан (450$) 43 000 рублгача (555$) кўтарилди – бу 22 фоиздан ортиқ ўсиш демакдир.
Россия иқтисодиёти турғунлик ва таназзул ўртасида турган бир пайтда, оддий россияликлар Украинага қарши уруш таъсирини ҳис қила бошлади. Уруш тўртинчи йилга қадам қўймоқда.
Александр маҳаллий супермаркетларда деярли барча зарур маҳсулотлар – тухум, товуқ филеси ва мавсумий сабзавотлар нархи ошганини сезган. Ушбу мақола учун суҳбатлашган ҳар бир киши исмини ўзгартирдик.
Ҳатто унинг ишга кетаётганда канда қилмайдиган кундалик ичимлиги – маҳаллий қаҳвахонадаги Американо ҳам бирданига 230 рублдан 290 рублгача, яъни 26 фоизга ошди.

Сурат манбаси, Getty Images
Украинага қарши кенг кўламли босқин бошланганидан бери Россияда нархлар барқарор ўсиб бормоқда. Бунга федерал бюджетда уруш ва мудофаа саноатига устувор аҳамият берилгани сабаб бўлмоқда.
Бошқа томондан, бу бутун мамлакат бўйлаб жадал иқтисодий ўсиш ва турмуш даражаси ошишига олиб келди.
Шу пайтгача аҳоли юқори даражадаги инфляцияни, айниқса, Москва ва Санкт-Петербург каби йирик шаҳарларда деярли сезмаган эди. Катта харажатлар урушнинг ўсиб бораётган иқтисодий оқибатларини, Ғарб санкциялари ва Россиядан хорижий сармояларнинг чиқиб кетишини яширди.
2025 йилда иқтисодий ўсиш кескин секинлади ва маошлар инфляцияга етиб ололмай қолгач, нархлар ошиши одамлар ҳамёнига таъсир қила бошлади.
Россия статистика хизмати Росстат маълумотларига кўра, 2026 йил бошида бир ойдан камроқ вақт ичида супермаркетлардаги нархлар 2,3 фоизга ошди.
Йил бошида ҳамма нарса қимматлади: гўшт, сут, туз, ун, картошка, макарон, банан, совун, тиш пастаси, пайпоқ, кир ювиш кукуни ва кўплаб дори-дармонлар ҳам.
Ўртача озиқ-овқат савати
2019 йилдан бери ҳар икки йилда январь ойида Би-би-си Москвадаги "Пятерочка" супермаркетлар тармоғидан 59 та асосий маҳсулотнинг бир хил тўпламини сотиб олади. Саватда сабзавот ва мевалар, сут ва гўшт маҳсулотлари, консервалар, тез пишар макарон, ширинлик ва ичимликлар, шу жумладан, пиво бор.
2024 йилда сават 7 358 рубль (83$) бўлган эди. Ўтган ойда у 8 724 рублга (112$) етди – бу 18,6 фоизлик ўсишдир.
Бу Росстатнинг 2024 йил январидан 2026 йил январи охиригача бўлган умумий тўпланган озиқ-овқат инфляцияси 18,1 фоиз эканлигини кўрсатувчи маълумотига мос келади.
68 yoshli Nadejda endi mol go‘shtini sotib olishga qurbi yetmasligi va arzon baliqlar olayotganini aytadi. Oylik nafaqasi – deyarli 32 000 rubl (413$) to'liq oziq-ovqatga ketmoqda.
Саватимиздаги нархларнинг энг сезиларли ўсишларидан бири 2024 йилдан бери мева ва сабзавотлар нархининг деярли 15 фоизга ошгани бўлди.
Россия мева ва сабзавотларни асосан импорт қилади, шунинг учун дўконлардаги нархлар рубль курси ўзгариши ва етказиб бериш занжиридаги узилишларга жуда сезгир. Иккаласи ҳам Украинада уруш бошланганидан кейин содир бўлди.
Шу билан бирга, одатда маҳаллий ишлаб чиқариладиган сут маҳсулотлари нархи ҳам 41 фоизга ошди. Бу сўнгги икки йил ичида саватимиздаги энг катта ўсишдир. Россия сут саноати фермер хўжаликлари харажатларининг ошиши, қиммат кредитлар ва кадрлар етишмаслигидан азият чекмоқда.
Солиқлар ошиши ва одатлар ўзгариши
Нархлар ошишига таъсир кўрсатган энг сўнгги омил – 1 январдан бошлаб ҚҚСнинг 20 фоиздан 22 фоизгача оширилгани бўлди.
Сотувдан олинадиган солиқнинг оширилгани Украинадаги уруш билан бевосита боғлиқ, чунки Россия молия вазирлиги бу мамлакатнинг "мудофаа ва хавфсизлигини" молиялаштириш учун зарурлигини таъкидлаган.

Сурат манбаси, Getty Images
Москвадан келган Александр Би-би-сига овқатланиш одатини ўзгартирмоқчи эмаслигини айтган бўлса, бошқалар озиқ-овқат қимматлашиши уларнинг рациони ва оилавий бюджетига сезиларли таъсир кўрсатганини айтмоқда.
68 ёшли Надежда энди мол гўштини сотиб олишга қурби етмаслигини ва арзон балиқларни олаётганини айтади.
У нафақага чиққан эри билан Москвада давлат пенсияси ва эрининг қўшимча даромади ҳисобига яшайди. Надежда айтишича, унинг бутун ойлик нафақаси – деярли 32 000 рубл (413$) фақат озиқ-овқатга кетмоқда.
Бу эса бошқа харажатлар кечиктирилишига олиб келмоқда.
Улар машинани таъмирлаш учун пул йиғишарди, аммо яқинда озиқ-овқат учун ўша жамғармаларидан олишга мажбур бўлишди. Худди шундай, Надежданинг эрига янги қишки куртка сотиб олиш (бу тахминан 17 000 рубл (220$) кейинги йилга қолдирилди.
Москвалик 40 ёшлар ўртасидаги маркетинг мутахассиси Кристина ҳам ўтган ойда озиқ-овқат сотиб олиш учун жамғармасидан фойдаланишга мажбур бўлган. У шахсий мураббий бўлиб ишлайдиган турмуш ўртоғи билан яшайди ва кейинги вақтларда чегирмаларга эътибор бера бошлаганини, супермаркетларда бошқалар ҳам шундай қилаётганини пайқаганини айтади.
"Жуда прагматик ёндашяпман: нимани хоҳлайман ёки хоҳламайман эмас, балки бу маҳсулотнинг 100 граммида қанча оқсил бор, шунга эътибор беряпман", дейди Кристина.
У ва эри ташқарида овқатланмаяпти, лекин ҳатто уйда овқат пиширганда ҳам, икки кишилик кечки овқат нархи икки баравар ошган – тахминан 1000 рублдан (12,92$) 2000 рублдан кўпроққа (25,85$) етди.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
2025 йил ёзида Россия Марказий банки раҳбари Элвира Набиуллина иқтисодиёт "иқтисодий ўсишнинг мувозанатли суръати сценарийси"га яқинлигини айтган эди.
Бироқ баъзи иқтисодчилар ўтган йили сезиларли даражада секинлагандан сўнг, Россия иқтисодиёти ҳозир инқирозга учраш хавфи остида эканлигини таъкидламоқда.
Бу йилги асосий хатарлардан бири нефть бозоридан келади.
Федерал бюджет юқори нефть нархига қарам, бироқ жорий йил бошидан буён бозор нархлари пасайган ва яқин келажакда ўсиш кутилмаяпти.
Россиянинг нефть савдосига АҚШнинг сўнгги санкциялари ҳам таъсир кўрсатди, улар Москванинг асосий савдо ҳамкорларидан бири бўлган Ҳиндистонга етказиб беришни тўхтатди.
Натижада, Россия ҳукумати режалаштирганидан кўра каттароқ бюджет тақчиллигига дуч келиши мумкин.

Сурат манбаси, Getty Images
Юқори фоиз ставкалари туфайли қарз олиш қийин – уруш ҳолатида бўлган ва ишончсиз деган ном чиқарган мамлакатга қарз беришни хоҳловчилар кам.
Бу аҳволда бошқа номақбул чоралар ҳам йўлга қўйилиши мумкин – одамлар ва бизнесга зарарли солиқларни янада ошириш ёки бюджет харажатларини, аввало, давлат секторида қисқартириш. Бу иқтисодиётни секинлаштиради ва аҳоли даромадларини янада пасайтиради.
"Умуман олганда, турғунлик ва ялпи ички маҳсулотнинг мумкин бўлган пасайиши кузатилмоқда", дейди иқтисодчи, Пенсилвания штат университетининг меҳмон доценти Татяна Михайлова Би-би-си билан суҳбатда.
Ҳозирча ҳеч нарса иқтисодиётнинг пасайишидан далолат бермаяпти, лекин унинг фикрича, бундай ҳолат юз бериш эҳтимоли юқори.
"Ҳар сафар нефт нархи пасайганда, Россияда инқироз юз бериши мумкин", дейди у, гарчи иқтисодиёт бир муддат ўсишсиз давом этиши мумкинлигига ишонса ҳам.
Бу оддий руслар учун унчалик тасалли бермаслиги мумкин, чунки улар барибир бунинг таъсирини ўз ҳамёнларида ҳис қилмоқда.





























