Россия: очарчилик яқинми? Ўзбекистон Россиянинг "омбори" бўладими? Ukraina Rossiya O'zbekiston

машиналар

Сурат манбаси, TACC

Сурат тагсўзи, Европа бизнес ассоциацияси май ойида Россияда янги автомобиллар савдоси 83,5% га қулаганини ҳисоблашган.

Россиядаги иқтисодий таназзул 15 йиллик ютуқларни йўққа чиқаради. Халқаро молия институти санкциялар босими остида қолган Россия келажагини шундай тахминламоқда.

Россия иқтисодиёти 2022 йилда 15 фоизга, 2023 йилда эса 3 фоизга қисқаради. Шундай қилиб, Ғарб санкцияларининг зарбаси, хорижий компанияларнинг чиқиб кетиши, зиёлиларнинг мамлакатни тарк қилиши ва экспортнинг қулаши 15 йиллик ютуқларни бекор қилади. Бу Халқаро молия институтининг Украинада уруш бошланганидан кейинги Россия иқтисодиёти ҳақидаги ҳисоботида айтилади.

Ғарб санкциялари "30 йиллик сармояларнинг тўлиқ парчаланишига" сабаб бўлди, деди Халқаро молия институти бош иқтисодчиси ўринбосари Элина Рибакова.

Унинг фикрича, агар Европа Россия энергетика ресурсларини экспорт қилишдан бош тортса, ўрта муддатли истиқболда иқтисодиёт янада кўпроқ зарар кўради.

Ҳозирги танг вазиятида яшаб қолиш умидидаги Россия ҳукумати Марказий Осиё билан ҳамкорликнинг янги шаклларини изламоқда.

Россиядаги асли ўзбекистонлик иқтисодчи Би-би-си Ўзбек хизмати билан Россиянинг режалари борасидаги таҳлилларини ўртоқлашди.

Алоқадор мавзулар:

Россия нима қилмоқчи?

Ғарбнинг устма-уст санкциялари остида Россия ўз иқтисодини қайта қурмоқчи. Янги таъминот манбаларини топмоқчи. Постсовет ҳудудидаги энг яқин қўшниларига янада яқинлашмоқчи. Улар билан иқтисодий ҳамкорликка алоҳида эътибор бермоқчи.

Россия ўзига иқтисодий ҳамкорларни фаол равишда қидира бошлайди, бу борада жуда кўп ён босишларга ҳам тайёр бўлади.

Россия учун асосий ҳамкор - Хитойлигича қолади. Шунингдек, Ҳиндистон ва Жанубий Америкага ҳам кўз тикиши мумкин. Аммо Америка ва Ғарб бу мамлакатларга ҳам босимини ўтказиши кутилади, бу ҳамкорлик самараси оз бўлади.

Россия Евроосиё Иқтисодий иттифоқидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилади. Бу иттифоққа кирмаган, лекин душман кайфиятида бўлмаган давлатлар билан ҳам, жумладан, Ўзбекистон ва Тожикистон билан хамкорлиги давом этади.

Бу давлатлар Россия иқтисодини оёқда ушлаб туриши учун етарли даража кўмак беролмаса-да, Россия ҳар бир имкониятидан фойдаланиш режасида.

Бу борада Президент Путин аллақачон ўз таклифларини берди. У Россия Хавфсизлик Кенгаши аъзолари билан учрашувида МДҲ давлатлари билан алоқалар ҳақида ўйлашга таклиф қилди.

Йиғинда постсовет ҳудудидаги республикалар билан иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.

"Бор кучини ишга солган"

тангалар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Россиянинг Украинага босқини замонавий рус ўлкаси тарихида энг йирик иқтисодий инқирозга олиб келди.

Марказий банк раҳбари Эльвира Набиуллина "Россияда иқтисодиётни янги қайта қуриш аллақачон бошланган ёки бошланиш арафасида", деди.

Россия санкциялар босими остида вазиятга янада "ижодий" ёндошаяпти ва ҳукумати бор кучини ишга солган ҳолда янги имкониятлар, янги йўллар топишга ҳаракат қилаяпди.

Масалан, IT соҳасидаги мутахассислар учун катта имтиёзлар ваъда қилинган. Россия учун IT соҳасини сақлаб қолиш, мутахассисларнинг мамлакатдан чиқиб кетмаслиги жуда муҳим.

Россия жаҳон интернет тизимидан узилган ҳолда, ички интернетини яратишни тезлаштириш учун хам мутахассислардан фойдаланишга харакат қилади.

Умуман, Россия уруш давридаги барқарор иқтисодни ҳосил қилиш учун керакли ғоялар, фикрлар, қарорлар таклиф қила оладиган мутахассислардан фойдаланади.

Ғарб устма-уст молиявий санкциялари Россиянинг аввало иқтисодига, ижтимой ҳаётига, юқори технологик соҳалар, алоқа, компютер дастур таъминоти каби тизимларгиа каттароқ талофот етказади.

Чунки ахборот ва информацион технологиялар, юқори технологиялар ускуналари, эҳтиёт қисмлар, янгиланиб турадиган дастурларнинг лицензиялари муддати тугаши билан хориждан таъминоти тўхтайди. Бунинг ишлаб чиқариш ва давлат секторига таъсири жуда катта бўлади.

Озиқ-овқат танқислиги яқинми?

дукон

Сурат манбаси, TACC

Сурат тагсўзи, Тадқиқотчилар Россия дўконларида маҳсулотлар хилма-хиллиги қисқариб кетганини айтишмоқда.

Санкциялар озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, уруғчилик соҳаларига ҳам сезиларли таъсир килди. Маълумки, уруғлар ва кимёвий моддалар Россияга хориждан келарди.

Россия урушгача бўлган даврда Марказий Осиёдан келаётган тонналаб мева-сабзавотларни Роскомнадзорнинг сифат текширувидан ўтмади деб чегарани ўзида эзиб-ёқиб, йўқ қилиб юборарди.

Сўнгги уч ой ичида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига эҳтиёж ортиши билан, мева-сабзавотларга хам Россиянинг қўйган барча тақиқи бекор қилинди.

Шунингдек, санкция кучи фармакология соҳасида ҳам яхшигина сезилди. Дори-дармон танқислиги, нархларининг кўтарилиб кетгани кўринаяпти. Нарх нафақат дориларга, барча маҳсулотларга ошган.

Таранглашиб бораётган ҳолатдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Россия озиқ-овқат танқислигини ҳам бошидан кечириши аниқ бўлиб бораяпти.

"Мутлақо ностандарт вазият"

Россияда санкциянинг таъсири ҳали йилнинг иккинчи ярмида янада кўпроқ сезила бошланади. Чунки ҳозирда Россиянинг захиралари бор. Вақт ўтиши билан санкцияларнинг таъсири ойма-ой, тез суратларда ўсиб боради.

Марказий банк раҳбари Элвира Набиуллина Россия иқтисодиёти экстремал ва "мутлақо ностандарт вазият"га дуч келганини айтди.

Россиянинг Марказий Банки банклар шокидан осон чиқишга эришди. Аммо хорижий валюта кўп бўлгани билан унга талаб йўқ. Сабаби валютани олиб чиқишга тўсиқ бор ва экспорт/импорт амалиётлари кескин камайган. Шунинг учун жорий курсларни ҳақиқий деб бўлмайди.

Россияда таъсири кўп бўлган соҳадан кўра, таъсири озини санаш осонроқ. Бюджет, таълим, ободонлаштириш ишлари, маиший хизмат соҳаларига сакцияларнинг таъсири камроқдек кўринади. Лекин бу соҳалар ташқи санкцияларнинг таъсири тўғридан-тўғри бўлмаса-да, санкциялар сабаб аҳоли даромади тушиб кетганлиги билан зарар кўрди.

Россия учун энг "оғриқли" санкциялар - хорижий давлатлар киритган санкциялар эмас, балки ўз ташаббуси билан амалга оширган йирик ва ўрта хорижий компанияларнинг санкциялари бўлди. Яъни, ваколатхоналарини бекор қилишлари, маҳсулотни олиб кўйиш ва таъминотни тўхтатиб қўйишлари кутилмаган "зарба" бўлди.

"Айланма йўлдаги омбор"

Ҳозирда Россия иқтисодий санкцияларни Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон орқали айланиб ўтмоқчи.

Президент Путин ва Президент Мирзиёев

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларининг Россия билан "бирга бўлиш"дан бошқа чораси, танлови йўқми?

Ғарб санкциялари остида қолган Россия ширкатлари Ўзбекистонни, ўтмай қолган маҳсулотлари учун бозор ҳамда Европадан бормай қолган эҳтиёт қисмларини айланма йўллар орқали олиш учун бир база сифатида қўллай бошлади.

Тошкентдаги "Ўзэкспомарказ" кўргазмалар залида апрел ойида ўтган "Иннопром. Марказий Осиё" саноат кўргазмасида айни мазмундаги янгича ҳамкорликка оид ўнлаб келишув имзолангани хабар қилинди.

Тадбирда қатнашган расмийлар ва тадбиркорлардан олинган маълумотга кўра, Россия ширкатлари Ғарбга сота олмаётган буғдой, ёғ, фармсаноат ва бошқа маҳсулотларини Ўзбекистонда сотишни кўзламоқда.

Санкцияга тушган йирик ширкатлар, жумладан "КАМАЗ", "Лада" каби автомобил заводлари эса, Европадан бормай қолган зарур эҳтиёт қисмларини, Ўзбекистон ва унга қўшни республикаларда завод очиш орқали олишни кўзламоқда.

Россияни нима вайрон қилмоқда?

Постсовет ҳудудидаги қўшнилар билан яқинлашиш Россиянинг нажот йўлларидан асосийсидир. Путин Хавфсизлик кенгашини постсовет республикалари билан алоқалар ҳақида ўйлашга таклиф қилди.

Россия президентининг Хавфсизлик кенгаши аъзолари билан учрашувида постсовет ҳудудидаги республикалар билан иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

"Бугун постсовет ҳудудидаги энг яқин қўшниларимиз билан ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқамиз. Биринчи навбатда, иқтисодий соҳаларда", — деди Путин.

Россия қанчалик ҳаракат қилмасин, иқтисодий инқирозни четлаб ўтиши имконсиз. Россия иқтисодиёт университети олими Руслан Хасбулатов мамлакат инқирозининг илдизи ҳақида тўхталди.

"Россияни иқтисодий эмас, бошқарув инқирози вайрон қилмоқда. Халққа ватанпарварликни ўргатишнинг кераги йўқ - бошқарув синфи ватанпарвар бўлиши керак", - деди жаҳон иқтисодиёти бўйича мутахассис Руслан Хасбулатов.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek